Мундиаллар тарихи. Ўзбекистон илк бор қатнашган, Эрон Бразилияни енгган, Фалькао хайрлашган ва тахтга "янги қирол" чиққан ЖЧ-2016
10 сен 2021 03:33
Новости
Мундиаллар тарихи. Ўзбекистон илк бор қатнашган, Эрон Бразилияни енгган, Фалькао хайрлашган ва тахтга "янги қирол" чиққан ЖЧ-2016
Унда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам қатнашади. Бу вакилларимиз учун иккинчи Жаҳон чемпионати бўлади. Шу кунга қадар ўтказилган барча мундиаллар ҳақида маълумотларни эътиборингизга ҳавола этиб боряпмиз.
ЖЧ-2016
Мини футбол бўйича сакккизинчи Жаҳон чемпионати Колумбияда ўтказилган. 2016 йилнинг 10 сентябрь - 1 октябрь кунлари бўлиб ўтган мусобақага Колумбиянинг Кали (12000 мухлисга мўлжалланган арена), Букараманга (7600 мухлисга мўлжалланган) ва Медельин (6000 мухлисга мўлжалланган) шаҳарлари мезбонлик қилган. Унда мухлислар "янги қирол"ни кўришга муваффақ бўлишган. Биз учун эътиборли жиҳати эса унда тарихда илк бор Ўзбекистон футзал терма жамоаси ҳам қатнашган. Бу сафар мундиаллар тарихини бир нечта мавзуларга бўлиб тақдим этишни лозим топдим. Зеро, бу гал ҳаммасини кетма-кет битта сарлавҳача остида ёзиб кетиш тўғри эмасдек туюлди.
Ўзбекистон терма жамоасининг мундиалга йўлланма олиши
2016 йилги ЖЧга йўлланма берадиган Осиё чемпионатига Тошкент мезбонлик қилгани ёдингизда. Ўшанда ярим финалга чиққанларга чоракда ютқазганлар орасида ўзаро устун келган бешинчи жамоа ҳам қўшилиш керак эди. Испаниялик таниқли мутахассис Хосе Мария Пазос Мендез (футзал оламида уни кўпроқ Пулпис номи билан танишади) бошчилигидаги терма жамоамиз ўз гуруҳи ("A")да 9 очко билан 100 фоизлик натижа қайд этди (Саудия Арабистони 5:2, Қирғизистон 2:1 ва Ливан 2:0 ҳисобида таслим этилган). Чорак финалда эса бизни Ироқ кутиб турарди. Ўртага мундиал йўлланмаси тикилган баҳсда Дилшод Раҳматовнинг иккита ва Нодир Элибоевнинг битта голи вакилларимизга йирик ғалабани тақдим этган. "Ўзбекистон" спорт мажмуаси тўла мухлислар ўша кеча қандай байрам қилишгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Кейинчалик футзалчиларимиз ярим финалда Таиландни пенальтилар сериясида мағлуб этишди. Финалда эса Эронга қарши биринчи бўлиб ҳисобни очганларига қарамасдан якунда 1:2 ҳисобида имконият бой берилди ва Ўзбекистон Осиё чемпионати кумуш медалларини қўлга киритди.
Ироқ билан ўйин тугагач.
Ўзбекистон МТЖнинг мундиалдаги иштироки
Мусобақанинг "A" гуруҳидан жой олган Ўзбекистон терма жамоаси 1-турни Панамага қарши ўтказган. 2016 йилнинг 10 сентябрь куни ўтказилган баҳсни 7352 нафар мухлис бевосита аренадан кузатиб борган. Бизнинг ўйинга бунчалик кўп ишқибозларнинг тушишига сабаб биздан кейин "Колизео эль Пуэбло"да мезбон Колумбия Рикардиньо сардорлигидаги Португалияга қарши беллашиши керак эди. Хуллас, мундиалдаги дастлабки тўқнашув биз учун у қадар омадли ўтмаган. Кучли ҳаяжон деярли бутун ўйин давомида футзалчиларимизни тарк этмаган ва 1:3 ҳисобида имконият бой берилган. 2-турда эса жаноб Мендез шогирдларининг ўзига келиб олишларини уддалай олган. Бу сафар бизни мезбонлар кутиб туришарди. Ўйинимиз кескин ўзгарган ҳолда ҳаракат қилдик, бир қарашда ҳаммаси жойида. Ҳисобда 3:1 кўринишда олдинга ўтиб олдик ва биринчи ғалабага яқиндек эдик. Аммо, Колумбия жуда катта куч билан олдинга ўтди ва ҳисобни қисқартирди. Учрашув тугашига 13 сония қолганда эса вазиятни тенглаштирувчи голни киритишган.
Футзал. ЖЧ-2016. Мундиалдаги илк ғалабамизга 13 сония етмади
Гуруҳдан чиқиш учун бизни ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайдиган сўнгги турда ўша пайтда айни кучга тўлган ва ЖЧни ағдар-тўнтар қилаётган Рикардиньо бошчилигидаги Португалияга қарши курашишимиз керак эди. Ўйин ёмон бошланмади. 11-дақиқада бурчак зарбасини ижро этганимиздан кейин ўша Рикардиньо тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди ва ҳисоб 1:1 кўриниш олди. Аммо, мувозанатни тиклаганимиздан кейин Роналду ватандошларининг тезкор ҳужумлари ва агрессивлиги ортди. Футзалчиларимиз рақибга муносиб қаршилик кўрсатишга уринишди, аммо, энг сара жамоалар ҳам қаршисида ҳадиксираб турадиган Рикардиньога қарши чора топишнинг имкони йўқ эди ўша кеча. Футзал даҳоси автоголидан ташқари бизнинг дарвозага 3та тўп киритди. 35-дақиқада эса шундай ишчи бажарди-ки, бу билан ўзини ҳам вакилимиз Жавлон Аноровни ҳам янада машҳур қилиб юборди. Тўпни Аноровнинг устидан олиб ўтиб финт ишлатган вазиятини шериклари гол билан якунлашди ва ўша гол мундиалнинг энг чиройли голлари ўнлигида иккинчи бўлди. Рикардиньо ваЖавлон Аноров эса узоқ вақтгача футзал роликларининг юлдузига айланишди) >>>>> ВИДЕО Португалия - Ўзбекистон 5:1
Ўзбекистон МТЖнинг ЖЧ-2016даги натижалари
1-тур, 10.09.2016
Ўзбекистон - Панама 1:3
2-тур, 13.09.2016
Колумбия - Ўзбекистон 3:3
3-тур, 16.09.2016
Португалия - Ўзбекистон 5:1
Эроннинг Бразилия устидан тарихий ғалабаси
ЖЧ-2016нинг нимчорак финалида Осиё футзали байроқдори Эрон жаҳон футзали етакчиси Бразилия билан беллашди. Бу мундиал бразилиялик афсона Фалькао учун сўнгги мусобақа эди. Лекин, футзал қиролининг охирги ЖЧсига жамоаси тарихдаги энг кучсиз таркиб ва ўйин билан етиб келганди. Эронга қарши Фалькао жуда зўр ўйин ўтказди. Худди Рикардиньо бизга ургани каби учта гол урди. Аммо, унинг хет-трики ҳам жамоасига ёрдам бера олмади. Бразилия 3:1 ҳисобида олдинда бораётган форслар катта ирода ва характер кўрсатишди ва дунёнинг энг номдор жамоасига қарши ўзига хос камбэкни амалга оширишди - 3:3. Қўшимча бўлимлар тугашига 2 дақиқа қолганда Фалькао бу сафар ҳам жамоасини олдинга олиб чиқади. Аммо, шу куни форсларнинг куни эди. Ўша дақиқанинг ўзига Эрон сардори Муҳаммад Кешаварз яна мувозанатни тиклади - 4:4. Даҳшатли ўйин! Учрашувни тўғридан-тўғри эфирда томоша қилганман ва ўшанда ҳар икки жамоа ўйинчилари 4 бўлим давомида бу қадар юқори темпга қандай туриб бера олишганига ҳайрон қолганман. Ўша кеча форслар ҳам, бразиллар ҳам қаҳрамон эдилар. Сизда имкон бўлса мана шу учрашувни тўлиқ видеосини топиб кўришни тавсия қиламан. Шахсан ўзим учун Бразилия - Эрон баҳси ЖЧ-2016нинг энг зўр ўйини бўлган. Ҳамма критериялар бўйича бу тўқнашувнинг олдига тушадиган ўйин бўлмаган. Футзал лаззати ўша учрашувда мужассам эди. ЖЧ-2016 нимчорак финалидан ўрин олган Бразилия - Эрон баҳсидан лавҳаларни қуйидаги линкда томоша қилишингиз мумкин. >>>>> Бразилия - Эрон.
Футзал афсонаси Фалькаонинг хайрлашуви
Юқорида ЖЧ-2016 нимчорак финалидан ўрин олган Бразилия - Эрон баҳси ҳақида тўхталдим. Ўша учрашув якунига етгандан сўнг футзал афсонаси Фалькао профессионал фаолиятини якунлади. 1998 йил терма жамоада дебют қилган ўйинчи 18 йил давомида икки бор Жаҳон чемпиони, бир мартадан кумуш ва бронза медаллари соҳиби бўлди. 5 бор Америка кубоги ва 7 марта Либертадорес кубогини қўлга киритган. 2004 ва 2008 йилги мундиалларнинг энг яхши ўйинчиси (ЖЧ-2004да тўпурар ҳам бўлган), 4 карра дунёнинг энг зўр футзалчиси (2004, 2006, 2011 ва 2012 йиллар). Унинг ўйини мисоли санъат асари эди. Унинг ҳатти-ҳаракатларидан шунчаки завқ олиш керак эди. Афсона терма жамоадаги охирги ўйинда хет-трик қайд этди. Эронга қарши 3 бор жамоасини олдинга олиб чиқди, аммо бу Бразилия тарихдаги энг кучсизи эди. Боз устига, форслар айни шу ЖЧда жуда иродали ўйинларни кўрсатишади. Бразилия билан беллашувдан ташқари, 3-ўрин учун баҳсда Португалияга 0:2 ҳисобида ютқаза туриб вазиятдан чиқиб кета олишган эронликлар. Якунда пенальтилар сериясидаги ғалаба эвазига бронза медалларини қўлга киритишган.
Бразилия - Эрон баҳси тугади, қитъадошларимиз пенальтилар сериясида устун келишди ва тарихий сенсацион ғалабани қўлга киритишди. Ҳаммаси тугагач Фалькао кўз ёшларини тийиб тура олмади, у терма жамоа билан хайрлашаётган эди. Аренадаги мухлислар тинимсиз афсонани олқишлашарди. Ўша ўйинни ва Фалькаонинг хайрлашаётганини тўғридан-тўғри эфирда томоша қилганман. Бу умуман ўзгача ҳолат эди. Футзалда катта бир давр интиҳо топаётганди. Даҳшатли ўйиннинг кулминацияси охирига олиб қўйилган бўлиб чиқди. Эрон терма жамоасининг барча ўйинчилари тарихий ғалабани нишонлашни четга суриб туриб Фалькаони осмонга ота бошлашди. Зўрлар энг зўрини тан олиши эди бу. Фалькао мана шундай футзал даҳоси бўлган. Хайрлашув ўйинида рақиблар бутун жамоа бўлиб уни олқишлашган. Ўша лаҳзаларни кўриб бехос кўзингиз ёш келиши мумкин, менда шундай бўлган. ФИФА ҳам Фалькаога миннатдорчилик билдирувчи махсус ролик тайёрлаган ва охирига "Раҳмат Фалькао, футзал афсонаси", - деб ёзиб қўйган. Мен ўша махсус лавҳа линкини сизларга ҳам улашишни афзал билдим. >>>>> Фалькаонинг хайрлашуви
"Янги қирол"
Диего Гуистоззи бошчилигидаги Аргентина терма жамоаси футзал мундиалларига янги саҳифа очишди. Бу сафар Бразилия ва Испания совриндорлар орасига ҳам кира олишмади. Гуруҳ ("E") босқичида Қозоғистон (1:0) ва Соломон Ороллари (7:3) мағлуб этилган, Коста Рика билан эса 2:2 ҳисобидаги дуранг қайд этилган. Нимчоракда Украина катта қийинчилик билан қўшимча бўлимларда киритилган гол эвазига 1:0 ҳисобида мағлуб этилган. Чорак финалда Миср (5:0), ярим финалда Португалия (5:2) ва финалда Россия (5:4) мағлубиятга учратилади. Шу тариқа, мухлислар "янги қирол"ни кўришга муваффақ бўладилар. Аргентина жаҳонда мутлақ тенгсиз.
"Олтин бутса": Рикардиньо (Португалия) 12та гол
"Кумуш бутса": Эдер Лима (Россия) 10та гол
"Бронза бутса": Фалькао (Бразилия) 10та гол
"Олтин тўп": Фернандо Вильгелм (Аргентина)
"Кумуш тўп": Эдер Лима (Россия)
"Бронза тўп": Аҳмад Исмоилпур (Эрон)
"Олтин қўлқоп": Николас Сармиенто (Аргентина)
ЖЧ-2016нинг энг чиройли голлари Топ-10ни қуйидаги линкда томоша қилишингиз мумкин. >>>>> ЖЧ-2016нинг энг чиройли голлари
ЖЧ-2016,Финал
02.10.2016, 00:30 (Финалнинг бошланиши Тошкент вақти билан 2 октябрга ўтар кечасига тўғри келган)
Кали, "Колизео эль Пуэбло"
Мухлислар: 8559
Россия - Аргентина 4:5
Бош ҳакам: Фернандо Лумбрерас (Испания)
Иккинчи ҳакам: Даниэль Родригес (Уругвай)
Учинчи ҳакам: Нурдин Букуев (Қирғизистон)
Вақтга масъул: Ҳамис Ҳассан Ал Шамси (БАА)
Голлар: Э.Лима 16, 22, 40 (дабл пен.), Д.Лисков 39 - А.Вапораки 16, Л.Куззолино 20 (дабл пен.), А.Бранди 22, 23, К.Вапораки 39
Амалга оширилмаган дабл пенальти: Л.Куззолино 35
Россия (биринчи бешлик): Густаво, Иван Чишкала, Эдер Лима, Робиньо, Данил Давидов.
Захира: Георгий Замтарадзе, Сергей Викулов, Владислав Шаяхметов, Дмитрий Лисков, Иван Милованов, Сергей Абрамов, Артем Ниязов, Сергей Абрамович.
Аргентина (биринчи бешлик): Николас Сармиенто, Фернандо Вильгелм, Кристиан Борруто, Алан Бранди, Пабло Таборда.
Захира: Матиас Куеведо, Гуидо Мосенсон, Дамиан Стаззоне, Аламиро Вапораки, Херардо Баттистони, Максимилиано Реския, Леандро Куззолино, Сантиаго Базиле, Константино Вапораки.
Огоҳлантиришлар: С.Абрамович 20, Робиньо 34, Г.Замтарадзе 35 - Н.Сармиенто 10, А.Бранди 20, С.Базиле 30, А.Вапораки 32
ЖЧ-2016 финали доирасида ўтказилган Россия - Аргентина (4:5) ўйинидаги голлар ва хавфли вазиятларни қуйидаги линк орқали томоша қилишингиз мумкин. >>>>> ЖЧ-2016 финали
Футзал бўйича Жаҳон чемпионати-2016
Ўтказилган жойи: Колумбия
Ўтказилган шаҳарлар: 3 (Кали, Букараманга, Медельин)
Ўтказилган санаси: 10 сентябрь - 1 октябрь, 2016 йил
Иштирокчилар: 24 (6 қитъадан)
Мухлислар ташрифи: 139307 (ҳар ўйинга 2679)
Урилган голлар: 352 (ҳар ўйинга 6.77та гол)
Тўпурар: Рикардиньо (Португалия, 12та гол)
Энг яхши ўйинчи: Фернандо Вильгелм (Аргентина)
Энг яхши дарвозабон: Николас Сармиенто (Аргентина)
"Fair-Play" соврини: Вьетнам
Совриндорлар
Чемпион - Аргентина
Иккинчи ўрин - Россия
Учинчи ўрин - Эрон
Тўртинчи ўрин - Португалия
Комментарии