Миржалол Қосимов: "Қаршида бизни "олти очко"лик баҳс кутмоқда"
17 окт 2020 18:39
Новости
Миржалол Қосимов: "Қаршида бизни "олти очко"лик баҳс кутмоқда"
"Учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик. Лекин пандемия туфайли тўхталишлар, ФИФА кунлари сабабли юзага келган танаффуслар футболчиларни ритмдан чиқариб юбораётганини барча кўриб турибди. Бугунги баҳсни жуда ҳам қийин бошладик. Курашларга бой, жанговор ўйин бўлди. Биринчи таймда рақиб хатосидан кейин ҳисобда олдинга чиқиб олдик. Ҳар доим ҳам катта танаффуслар ўйин ритмига таъсир қилади. Лекин "Машъал" жамоаси ҳам яхши ҳаракат қилди, йигитлар ўйинга чанқоқ эди. Бироқ якунда тажриба ўз сўзини айтди. Кейинги ўйинларда "Машъал"га омад тилайман", - дейди Қосимов.
- АГМК кейинги турда "Насаф" меҳмони бўлади. Биламизки "Насаф" ОФК лицензиясидан ўта олмаган ва қайси ўринни эгалласа ҳам ОЧЛга чиқа олмайди. Бу нарса АГМКга биринчи ва иккинчи ўрин учун курашда устунлик берадими?
- Йўқ, бу ҳолат ҳеч кимнинг хаёлида ҳам йўқ. "Насаф" билан ўйин - навбатдаги тур. Ҳар бир учрашувга тайёргарлик кўрганимиздек бу баҳсга ҳам тайёрланамиз. ОЧЛ ва бошқа нарсалар кейинги йил бўлади, биз эртани ўйлашимиз керак. "Насаф"га қарши баҳс жуда қизиқарли бўлади. Негаки бу жамоа ёш, ўйинга чанқоқ йигитлардан иборат. Медаллар учун кураш бўлади, бошқача айтганда Қаршида бизни "олти очко"лик баҳс кутмоқда.
- АГМК бугун кам ҳужум қилиб ғалабани илиб кетди. Ҳужум чизиғи, умуман ўйиндан кўнглингиз тўлдими?
- Айтдимку, бугун биринчи таймда ҳам, иккинчи таймда ҳам курашларга бой бўлди, аммо ақлни ишлатмадик. Бунга кетма-кет мажбурий танаффуслар таъсир қилмоқда. Агар ўйинлар бўлаверса футболчилар ритмда бўлишади. Исталган мураббийдан сўрашингиз мумкин, футболчиларга ҳам қийин бўлмоқда. Курашда ютқазганимиз йўқ, футболда фақат кураш эмас ақлни ҳам ишлатиш керак.
- Футболчилар майдон ҳолатидан норози бўлишмадими?
- Йўқ, бундай бўлмади. Бу ерда ўзим ҳам ўйнаганман. Муборакда доим яхши майдон бўлган. Ҳозир юртимизда куз, ёғингарчилик кўп ва совуқ, шу боис майдон юмшоқ, майдон ҳолати яхши.
Комментарии