Маоши юқори, аммо шунга лойиқ ўйин кўрсата олмаётган 5 футболчи
04 мар 2020 10:51
Новости
Маоши юқори, аммо шунга лойиқ ўйин кўрсата олмаётган 5 футболчи
Ҳар йили футбол кўп пул ва анча ҳомийларни ўзига жалб қилмоқда, шунинг учун таниқли юлдузлар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ даромад олишлари ҳозирда ажабланарли ҳолат эмас. Бундан ташқари, кўпинча агентлар ўз мижозларига анча юқори маошни белгилаб қўйишади.
Куйида маоши юқори, аммо шунга лойиқ ўйин кўрсата олмаётган футболчиларни эслаймиз.
5. Месут Озиль ("Арсенал") – ҳафтасига 350 минг фунт
Сўнгги йилларда Арсен Венгер бошчилик қилган "Арсенал" жамоаси трансфер бозоридаги сустлиги туфайли жамоатчилик ҳурматини йўқотганди.
Шу сабабли, тўпчилар Месут Озильни "Реал"дан клуб учун рекорд суммага сотиб олганларида, барча жуда ҳайрон қолди. Кўпчилик Месут лондонликларга элит клуб мақомини тиклашга ёрдам беришига амин эди, аммо Озиль Мадриддаги каби ўйин кўрсата олмади. У пайтида дунёнинг энг кучли плеймейкерларидан бири эди.
"Арсенал"даги дастлабки йилларда Озиль бир мавсумда Тьерри Анрининг паслари сони бўйича рекордини "бузди". 2018 йилда ярим ҳимоячи "тўпчилар" билан шартномасини узайтирди ва Премьер-лигадаги энг кўп маош оладиган футболчига айланди.
"Арсенал"дагилар ҳанузгача бундан афсусланишади, чунки Озиль маошини оқлай олмади. Жамоа собиқ бош мураббийи Унаи Эмери билан жанжаллашиб қолган Месут асосий таркибдан ҳам чиқиб кетди. Мухлислар футболчининг ёмон формадаги ҳолатини кўриб, унга ишонмай қўйишган.
4. Танги Ндомбеле ("Тоттенхэм") – ҳафтасига 200 минг фунт
Танги Ндомбеле "Тоттенхэм"нинг рекорд трансферига айланди - бу клубга 62,8 миллион фунтга тушди.
22 ёшли ярим ҳимоячи Лига 1 да икки муваффақиятли мавсумни ўтказди, шу вақт ичида Европанинг энг кўзга кўринган футболчиларидан бирига айланди.
"Шпорлар"нинг пул билан боғлиқ сиёсати энг юқори поғонага кўтарилди ва жамоанинг асосий юлдузи Гарри Кейн энг юқори даромадга эга бўлди.
Танги Ндомбеле доимий равишда тез-тез жароҳатларга йўлиқмоқда. Жозе Моуринью унга ишонмаяпти ҳамда бу кучайтириш ўзини оқламаганга ўхшамоқда.
3. Поль Погба ("Манчестер Юнайтед") – ҳафтасига 290 минг фунт
Тўрт йил олдин "Манчестер Юнайтед" "Ювентус" аъзоси Пол Погбани сотиб олиш орқали барча рекордларни янгилади. Бу шов-шувли йил эди. Чунки, Златан Ибрагимович ва Жозе Моринью ҳам "Олд Траффорд"га келишганди.
Французнинг ўзи Англияни тарк этишга бир неча бор уриниб кўрди, аммо унинг маошини тўлаб бера оладиганлар кам.
Ҳозирги кунда Погба дунёдаги энг кучли ярим ҳимоячилардан бири бўлиб қолмоқда, аммо жамоадаги иштиёқсизлиги ва ортиқча талаблар унинг обрўсига жиддий путур этказди. Унинг кетма-кет жароҳатлар олиши унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатишда давом этяпти.
Ушбу мавсумда у Премьер-лигада атиги 7 та ўйинда қатнашди. Погбанинг амалдаги шартномаси яна бир йил амалда, шундан кейин у ўзига бошқа клуб топиши мумкин.
2. Усман Дембеле ("Барселона") – ҳафтасига 250 минг фунт
Усман Дембеле Неймарнинг ўрнига "Барселона"га келган, бу албатта қўшимча масъулият юклайди. У клубга рекорд қиймат эвазига ўтган. Каталонияда доимий жароҳатлар туфайли ўзини кўрсата олмади. Дембеле футбол майдонига қараганда жароҳатни тиклашга кўпроқ вақт кетказди.
Ушбу мавсумда 22 ёшли ҳужумчи энди ўйнай олмайди: у янги келган Мартин Брейтуэйтга жойини бўшатишига тўғри келади.
1. Aлексис Санчес ("Манчестер Юнайтед"дан "Интер"га ижара асосида келган) – ҳафтасига 400 минг фунт
"Манчестер Юнайтед" Санчесни сотиб олиши аниқ бўлганида мухлислар жуда хурсанд бўлишди, бироқ уларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Чилилик гўё сояга айланиб қолди ва умуман таркибни кучайтира олмади.
МЮ "Манчестер Сити"ни ортда қолдиришга астойдил ҳаракат қилди ва Санчес учун ақл бовар қилмас пул таклиф қилди - ҳафтасига 400 минг фунт! Жамоада ҳеч ким бу қадар кўп пул ишлаб топмайди.
45 учрашувда Санчес бешта гол урди, бор-йўғи шу. Энди чилилик "Интер" шарафини ҳимоя қилмоқда, лекин италияликлар уни сотиб олишлари даргумон.
Шерзод Нурматов тайёрлади.
Комментарии