Кўпроғини кутгандик. Бирдан порлаб, йўқ бўлиб қолган Ренату Саншеш ҳақида
30 мая 2020 15:45
Новости
Кўпроғини кутгандик. Бирдан порлаб, йўқ бўлиб қолган Ренату Саншеш ҳақида
Фаолиятининг янги даврини, илк топ клубида Карло Анчелотти қўл остида бошлаши эса футболчи сифатида ўсиш учун идеал вариантдек эди. Ренату Саншеш тақдири барчамизга яна бир бор муваффақият сири тўхтовсиз меҳнат, ўз устида ишлаш эканлигини кўрсатиб берди.
2015/2016-йилги ёрқин мавсум
Лиссабоннинг "Бенфинка" клуби 15/16-йилги мавсумни жуда омадли ўтказди, Португалия чемпионлиги, Португалия лига кубоги қўлга киритилди ва ЕЧЛ чорак финалига қадар етиб борди. Ушбу муваффақиятларга сезиларли улуш қўшган, ижодкор ярим ҳимоячи Ренату эди. У майдонда нафақат ўзига хос соч турмаги, балки тўп билан муомаласи билан ҳам ажралиб турарди.
Ренату Саншеш чемпионатда 25 ўйинда, Чемпионлар Лигасида 6 (уларнинг 4таси плей-оффда) ва Португалия лига кубогида 5 та учрашувда майдонга тушди. "Бенфика" футболчиларини яхши пулга сота олишини бутун дунё яхши билади. "Бургутлар"ни чорак финалда тўхтатган "Бавария" ярим ҳимоячини кўз остига олиб қўйди ва кейинроқ у учун 35 млн евро тўлаб берди.
Маълум даражада машҳурликка эришиб улгурган Ренату Европа чемпионатида ҳам ўзини яхши томондан кўрсата олди. Португалия бош совринни қўлга киритди, ёш ярим ҳимоячи эса 6 ўйинда майдонга тушиб, муҳим голлардан бирига муаллифлик қилди. "Бавария" босслари ўшанда қолганларга киноя билан кулиб қарашарди, сабаби Евро-2016 охирига келиб, Саншешнинг нархи сезиларли даражада ошгани ва улар керакли ҳужжатларни терма жамоалар мусобақасига қадар имзолаб улгурмаганда, бу трансфер қимматроққа тушиши аниқ эди.
Евро-2016"да Германия термаси ҳимоячиси Матс Хуммельс: "Еврода Саншешнинг ўйинини кўрганлар, у нақадар кучли футболчи эканлигини тушуниб бўлди. Бу жарима майдонидан наригисигача ўйнай оладиган ажойиб ярим ҳимоячи. У билан машғулотда тўқнаш келишни сабрсизлик билан кутяпман. Жамоамиз учун ажойиб янги вакил".
Омадсизликка дуч келганда
"Бавария" футболкасидаги дастлабки даврида футболчига Бундеслига ўйинларида мунтазам равишда имкон берилди. Карло Анчелотти аввалига Саншешни асосий таркиб футболчиси сифатида кўрарди, лекин бир неча ҳафтадан кейин Ренату захирадан майдонга тушиш билан кифоялана бошлади. Кейинроқ ўйин охиридаги ўша 15-20 дақиқа ҳам баъзан бор, баъзан йўққа чиқди. ЕЧЛ плей-оффида португалиялик бор йўғи 11 дақиқани майдонда ўтказди, у ҳам ҳаммаси ҳал бўлган "Арсенал"га қарши ўйинда. Саншеш ўз нуқтасида Видаль ва Алонсо қандай ҳаракат қилаётганини томоша қилишга мажбур эди. "Бавария"да рақобатни енгиб, асосий таркибда мунтазам ўйнаш у қадар осон иш бўлиб чиқмади. Карло Анчелотти бир неча бор футболчига ишониши ва у вақти келиб мюнхенликлар мухлисларини ўйинлари билан хурсанд қилишини айтганди, аммо бундай бўлиб чиқмади.
Маҳоратли жамоадошлари даврасида тер тўкиб, ўз устида ишлаб, кўпроқ вақтга лойиқлигини исботлашга уринишнинг ўрнига, спортчи майдондан ташқарида ҳам кўнгилсизликларга дуч кела бошлади. Немис тилини ўрганишни истамаслик, сигаралар билан тарқалган видеолар, клубдаги ҳолатидан очиқчасига норози бўлиш. Буларнинг барчаси Европа чемпионининг ўзи шундоқ ҳам қийин вазиятини янада ёмонлаштирди. Натижада, футболчини Англияга жўнатиб юборишди.
"Суонси"даги ижара умуман ўхшамади: футболчи майдонга мавсум давомида бор йўғи 12 марта тушди ва фақат бир марта ғалаба қўлга киритилди. Қолган вақтлар футболчи жароҳатларини даволаш билан банд бўлди, камдан-кам ўйинлардаги иштирокида ҳам Ренату шундай ўйин кўрсатдики, клуб раҳбарияти қандай қилиб ҳамкорликни эртароқ тўхтатиш мумкинлиги ҳақида бош қотиришди.
Ижарадан қайтгач, Ренату яна Мюнхен клубида ўз ўрнига эга бўлишга интилди, лекин мураббийнинг алмашиши ҳам ҳеч нимани ўзгартира олмади. Тақдирнинг хазилими, ЕЧЛдаги тўлиқ 90 дақиқани ҳам футболчи жонажон "Бенфика"га қарши ўтказди. Энг асосийси у гол урди! Табиийки футболчи голини собиқ жамоасига бўлган ҳурмати сабаб нишонламади. Ўша аниқ зарба футболчи учун ҳамон ЕЧЛдаги ягона гол бўлиб қолмоқда.
Фаолиятининг ҳозирги даври
"Бавария" даражасида тўп тепа олмаётганини тушунган Саншеш нисбатан камтар "Лилль"га йўл олди ва бирданига сезиларли даражада кўп ўйин амалиётига эга бўлди. Французлар сарфлаган 20 млн евроларига ҳеч ҳам ачинишмади. Ваҳоланки бу трансфер клуб тарихида рекорд кўрсаткич бўлиб қайд этилган бўлсада. Европанинг топ-чемпионатларининг исталган вакили таркибига, агар ўйин амалиёти ваъда қилишса, ўтишга тайёрлигини айтган Ренату интервьюларидан бирида ниҳоят жуда бахтли эканлигини айтганди.
Ҳа, ЕЧЛда жамоанинг омади келмади, лекин умуман олганда Лига 1"нинг ўтган мавсумини ижобий якунланди деса бўлади. Ўйинни четдан томоша қилиб чарчаган Ренату ҳар "уикенд" майдонга тушиш ва Чемпионлар Лигасида курашиш имкониятига эга бўлди.
Келжак режалари
Ўзининг жамоасида ялт этиб чиққан кпчилик иқтидорлар каби, Саншеш бирданига бир нечта даража юқорироқда турувчи, дунё футболи грандларидан бири билан шартнома имзолайди. Бундай кескин "ўсиш", аксарият ҳолларда янги жамоага мослашишдаги қийинчиликлар ва кам ўйин амалиётига сабаб бўлади. Бу эса ёш иқтидорли футболчилар учун энг ёмони.
Бунга яна майдондан ташқаридаги кўнгилсизликларни қўшинг. Тўғри, кетма-кет аҳмоқликлар қилишида футболчининг ўзи айбдор. Топ клубга катта умидлар билан олиб келинган футболчига ОАВ томонидан қаратилган алоҳида "эътибор" ва жамоадаги рақобат Ренату фаолиятига салбий таъсир қила бошлади. Португалиялик вақтида буларни тушунди шекилли, бир қадам орқага ташлади.
Ренату учун ҳозир яхшиси Лига 1"да тўртинчи ўрин учун минут курашган, Бундеслигадаги ғалабаларга ўриндиқдан қарсак чалишдан яхшироқ. Франциянинг энг яхши клубларидан биридаги 2-3 мавсум футболчи ўсиши ва тажриба тўплаши учун яхши вариант. Ренату вақти келиб, ҳали яна дунёнинг топ-клубларидан бири таркибига бориб қўшилиши мумкин, лекин бу сафар у анча тажрибали бўлади ҳамда ўз кучига ишонган, турли вазиятларга тайёр бўлади.
Нозима Зарипова таржимаси
Комментарии