"Кўҳна қитъа"даги энг қиммат ака-укалар
22 июл 2020 13:42
Новости
"Кўҳна қитъа"даги энг қиммат ака-укалар
Футболда ўз ўрнига эга бўлган кўплаб сулолалар мавжуд. Бундан ташқари, аксарият ака-укалар бир вақтда муваффақият қозонганликларига ҳам кўп марта гувоҳ бўлганмиз.
Масалан, ўтган ёзда Эден Азар 125 миллион евро эвазига "Реал"га, укаси Торган Азар (трансфер нархи очиқланмаган, лекин ўша вақтдаги нархи - 45 млн евро эди) эса "Боруссия Д"га ўтди. Улар учун ҳаммаси бўлиб 170 миллион евро тўланди. Келинг, энди бошқа қиммат нархдаги дуэтлар ҳақида гаплашамиз.
6. Поль ва Флорентин Погба – 105,5 млн евро
Бир муддат Поль Погба дунёнинг энг қиммат футболчиси (105 млн евро) эди - бу учун "Манчестер Юнайтед"га раҳмат, чунки бу жуда катта харид бўлганди. Унинг Флорентин исмли акаси борлигини кўпчилик эслай олмайди, ҳозирда у Лига 2 вакили "Сошо" клубида ўйнайди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, Полнинг яна бир акаси бор - бу Матиас (Флорентиннинг эгизаги).
5. Лукас ва Тео Эрнандес – 124 млн евро
Лукас Эрнандес – "Атлетико" тарбияланувчиси. У бу ерда асосий таркиб ўйинчисига айланди ва тўрт йил ичида ўз позициясидаги энг яхшилардан бири мақомига эришди. Натижада у 80 миллион евро эвазига "Бавария"га кўчиб ўтди.
Унинг укаси Тео ҳозирча "энг яхши" мақомини олиш учун "ариза топширмаган", аммо у бундан ҳеч ҳам хижолат чекмаса бўлади: "Реал" футболчининг хизматлари учун "Атлетико"га 24 миллион тўлаган. "Матрасчилар" Эрнандес туфайли яхшигина соққа ишлаган. Тео ҳозирги кунда "Милан" билан муваффақиятли "юриш" қилмоқда.
4. Гонсало ва Федерико Игуаин - 161,48 миллион евро
Гонсало Игуаин ва унинг 90 миллионлик трансфери ҳақида кўпчилик билади, бироқ Аргентина терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Федерико Игуаин ҳақида камчилик эшитган.
Ҳозирги кунда "Ди Си Юнайтед"да ўйнаётган Федерико фаолиятининг кўп қисмини АҚШ ва Жанубий Америкада ўтказган, 2007 йилда "Бешиктош" шарафини ҳам ҳимоя қилган.
3. Эден ва Торган Азар – 170,5 млн евро
Эден Азар – дунёдаги энг яхши футболчилардан бири ва "Реал" у учун бекорга 100 миллион евро тўламади. Эден Лондонда жуда яхши ўйнади, унинг иқтидорига тан берган "Челси" дарҳол укаси Торган Азарни сотиб олди. Афсуски, у клубга тўлиқ киришиб кета олмади ва 2015 йили "Боруссия М" сафига бориб қўшилди. Хабарингиз бор, ҳозир у бошқа бир "Боруссия", Дортмунднинг "Боруссия"си юлдузи.
Маълумот учун, уларнинг яна икки укалари бор - Килиан ва Итан.
2. Килиан Мбаппе и Жирес Кембо-Экоко – 183,7 млн евро
180 миллион евро турувчи ПСЖнинг асосий юлдузи Килиан Мбаппени ҳамма танийди, албатта. Қизиғи шундаки, бир вақтлар унинг отаси Килиандан 11 ёш катта бўлган Жирес Кембо-Экокони асраб олган.
Исми машҳур ярим ҳимоячи Ален Жирес шарафига қўйилган Жирес Кембо-Экоко ўз фаолиятини "Клерфонтен"да бошлаган, кейинчалик бир неча йил давомида "Ренн" асосий таркибида ўйнаган. Жирес эндиликда Туркиянинг "Бурсаспор" жамоасида тўп тепмоқда.
1. Ромелу ва Жордан Лукаку – 207,56 млн евро
Ромелу Лукаку "Манчестер Юнайтед" учун 88,4 миллионга тушган, у ўшанда тарихдаги энг қиммат бельгияликка айланганди. Умуман олганда, клублар кучли ҳужумчи учун ҳар доим йирик сумма тўлашган.
2016 йилда унинг укаси Жордан 4 миллион евро эвазига "Лацио"га кўчиб ўтди. Айни дамда у келажакдаги клуби ҳақида ўйламоқда. Аслида Жордан ўтган йили "Ньюкасл" аъзосига айланиши мумкин эди, бироқ тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтолмаганди.
Шерзод Нурматов тайёрлади.
Комментарии