Жамшидлар куни, қўполликлардан бенасиб қолмаган ҳакам, қулоқлари "дазмол" бўлган Бабаян, халоскор Ҳошимов — "Олимпик" ва "Навбаҳор" учрашуви нимаси билан ёдда қолди?
23 авг 2022 22:48
Новости
Жамшидлар куни, қўполликлардан бенасиб қолмаган ҳакам, қулоқлари "дазмол" бўлган Бабаян, халоскор Ҳошимов — "Олимпик" ва "Навбаҳор" учрашуви нимаси билан ёдда қолди?
Қуёшбобо ўз тирикчилигини якунлаб, дам олгани уйи томон равона бўлиш арафасида Тошкентдаги "ЖАР" стадионига анча-мунча футбол ишқибози ташриф буюрди. Мен ҳам анча вақтдан бери ўйинлари мақтовга сазовор бўлаётган ёш "Олимпик" ҳамда тажрибага асосланган "Навбаҳор" қарама-қаршилигини бевосита стадиондан мухлислар ичра кузатдим. Гарчанд мазкур баҳс голлар борасида хасислик қилган бўлса-да, 90 дақиқа давомида зериктирмади. Математика фанидан одам ҳавас қилгулик баҳога таҳсил олмаган бўлсам ҳам, замонавий футболда статистика билан келишиб ишлашни маъқул кўраман. Бугунги баҳсда ўзим учун қизиқроқ бўлган ҳодисалар билан ўртоқлашмоқчиман.
Лабиринт
4-5-1 тактикасида ўйинни бошлаган Тимур Кападзе шогирдлари дастлабки дақиқаларда зич жойлашув туфайли марказни тўлалигича ўз назоратига олди. Рақиб эса фақатгина тўпни тепиб юбориш ҳамда қанотлар орқали тезкор қарши ҳужум ташкиллаштиришга ҳаракат қилди, бироқ мезбон ҳимоячилар бу вазиятларга ҳам шай бўлиб турибди. Уларга муносиб тарзда наманганлик мудофаачилар ҳам, айниқса, ҳаводан узатилаётган тўпларда қарсакка арзигулик ҳаракатлар амалга оширишди. Биринчи бўлимда Кападзе шогирдлари кўплаб ҳужумларга қарамай, рақиб дарвозаси томон бирорта аниқ зарба йўллай олмади, яъни "Олимпик" футболчилари лабиринтдаги киши сингари ҳар қандай йўлга юришди-ю, унинг охирини тополмади. Аксинча, "Навбаҳор" дастлабки таймда йўллаган ягона зарбаси билан Назаров қўриқлаётган дарвозани савалашга муваффақ бўлишди. Иккинчи бўлим, ҳарқалай, бундан мустасно тарзда ўтди, айниқса, ўйин сўнги кўпчилик томошабинлар учун юрак ҳовучлайдиган ҳужумлар билан ёдда қолди. Ўйин давомида тўпни эгаллаб туриш кўрсаткичи бўйича 60 фоиздан деярли пасаймаган мезбонларнинг гол уриш кўрсаткичига келганда, афсуски, юқоридаги 6 сони ғойиб бўлиб қолди. Ўйин тарафлама эса "Олимпик" жуда кўп жабҳаларда устунлик қилди. Статистика ҳам буни исботлайди.
Ҳужумлар 79-61
Хавфли ҳужумлар 47-27
Аниқ зарбалар 3-1
Тўп назорати 63-37
Жамшидлар куни
Биринчи бўлим, умуман, ўйин давомидаги ягона голни иккала Жамшид ҳамкорликда киритди. Искандеровнинг ақлли пасини "адаш"и ақлли зарба билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Қолаверса, учрашув давомида ҳам Искандеров ҳужумларни бошлашда, Болтабоев эса рақиб ҳужумларини бузишда кўзга кўринарли ҳаракатлар амалга оширди. Шунингдек, биринчи бўлим якунига етар палласида ҳам яна Жамшидлардан бири (Искандеров) саҳнага чиқди ҳамда ҳакам томонидан эсдалик сариқ карточкаси билан тақдирланди. Қисқаси, учрашув ҳарқанақасига Жамшидларга аталди.
Қўполликлардан бенасиб қолмаган ҳакам
Учрашувнинг жанговар тус олиши бошланмасидан аввал маълум эди ва шундай бўлди ҳам. Биринчи бўлимни шиддатли ҳужумларга қараганда кўпроқ ўрганиш билан ўтказган футболчилар ўйин услубидан тортиб бир-бирларининг оёқлари, бутсаларининг тишлари билан ҳам яқиндан танишиб олди. Ҳакамнинг қўллари илк таймнинг ўзидаёқ тўрт марта чўнтагига борди, ваҳоланки, бундан ҳам кўпроғи бўлиши мумкин эди. Ўйин авжига чиққан бир паллада қўполликлардан ҳакам ҳам бенасиб қолмади. "Олимпик" футболчиси мана бу вазиятда ўзи билмаган ҳолда майдондагилардан бошқа рангли либосда ажралиб турган кишини "айлантирди". Ҳар ҳолда бу ҳолат учун мезбонлар футболчиси жазоланмади.
Халоскор Ҳошимов
Учрашув якунланиш арафасида ҳужумга зўр берган "Олимпик" кетма-кет ҳужумлар ва зарбалар ёмғирини ёғдирди. Уларни эса челак-челак тер тўккан наманганлик ҳимоячилару, Ўткир Юсупов амаллаб бартараф этишди. Бироқ Юсупов ҳам бир вазитда жамоага ёрдам беролмай қолган паллада саҳнага Даврон Ҳошимов чиқди. Ўнг қанот ҳимоячиси дарвозасига кириб кетаётган тўпни оёқлари билан олиб чиқди. Жамшидлар чиққан шоҳсупанинг яна бирига мана шу футболчи муносиб бўла олади.
Қулоқлари "дазмол" бўлган Бабаян
Мухлислар бор экан, зерикарли ўйин ҳам зерикарсиз ўтади. Қизиқарли ўйин эса ловуллайди. Мен ўтирган сектор томошабинлари "Навбаҳор" гол урганидан сўнг деярли ўйин сўнгига қадар майдонда жавлон ураётган футболчилар қолиб, меҳмонлар устози Самвел Бабаянга қарата "Ўзбек қарғишлар луғатида"га жамиики таърифларни йўллашди. Ҳайқирувчилар орасида наманганликлар устозининг отаси тенги одамлардан тортиб, "футбол" сўзини айтишга ҳам қийналадиган, аммо отасига ёки атрофдагиларга қўшилиб, уларнинг қийқириқларини такрорлаётган жажживойлар ҳам бор эди. Ҳеч бўлмаса, мана шундай болакайларни келгусида футболдан бездирмаслик мақсадида ҳам айтилаётган сўзларни шахсиятга тегиштирмасдан, ўйлаб сўйлаган маъқул, менинг назаримда. Мураббийнинг кимлиги-ю, қандай даражада эканлиги ўз йўлига.
"Олимпик" учун хурсандман, яъни улар мардонавор ўйин намойиш этишди ҳамда кучли рақибга қарши устунлик билан ҳаракат қилди. Ўйлашимча, учрашувни томоша қилган мухлисларда ҳам клуб ижобий таассурот қолдирмоқда. Жамоа устози Тимур Кападзега ҳам ҳурматим жуда баланд. Сабаби, мураббий мағлубиятни ҳакамдан эмас, аввало, ўзидан излайди ва уни тўғрилашга ҳаракат қилади. Шундай мураббийлар ва шундай ўйин кўрсатадиган жамоалар кўпаяверсин.
Комментарии