Италянча услуб: Хитой термаси Осиё Кубогида
20 янв 2019 16:20
Новости
Италянча услуб: Хитой термаси Осиё Кубогида
Лекин бу иш ҳали ўзини оқлагани йўқ. Хитой терма жамоаси тарихида бир маротаба Жаҳон Чемпионатига чиққан. Бироқ мамлакат футболи ривожланишига бу қанчалик туртки бўлди?! Ўшандан бери Ари Хан, Хосе Антонио Камачо, Ален Перрен каби мураббийлар Хитой термасини ЖЧга олиб чиқишга уриниб кўрди. Аммо, уларнинг ҳеч қайси бирига бу ишнинг уддасидан чиқиш насиб этмади. Ҳокимият вакиллари ишга бу сафар мантиқий томондан ёндашди. Ҳозирда терма бош мураббийи бўлмиш Марчелло Липпи бунга қадар "Гуанчжоу Эвергранд" клубини бошқарган. Липпи мамлакат чемпионатини 3 маротаба ютган. Шунингдек, у жамоа билан АФК Чемпионлар Лигасида ҳам ғалаба қозонганди. Россияда бўлган мундиалда Хитой термасига иштирок этиш насиб этмади. Жамоа аслида йўлланмани қўлга киритишга даъво ҳам қилмаганди. Липпи эса терма учун бундан ортиғини бера олмаслигини ва Осиё Кубогидан сўнг, жамоани тарк этишини маълум қилди. Терманинг кейинги мураббийи Хорхе Сампаоли бўлиши мумкин.
Бироқ Липпи ҳали ўз лавозимида экан, турнирда ғалаба қозонишга ҳаракат қилиши табиий. Яна шуни таъкидлаш лозимки, Хитой термаси таркибида чет эл клубларида ўйнайдиган бирорта футболчи йўқ. Липпи бу катта муаммолардан бири экани ва футболчилар ўзларини бошқа лигаларда ҳам синаб кўришлари зарурлигини таъкидлаганди. Лекин ўйинчиларнинг аксарият қисми чемпионатдан кетишни хоҳламайди. Чунки уларга яхшигина маош беришади. Бундан ташқари, легионерлар учун чекловлар ҳам мавжуд. Ҳа, тўғри, истисно ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Н’голо Канте услубида ҳаракатланадиган ажойиб таянч ярим ҳимоячи Нан Сонг Осиё Кубогига бориши керак эди. Сонг Жанубий Корея чемпионатида ўйнайди, бироқ у Европага кетиши ҳам мумкин. Афсуски, у ҳам Хитой ёшлар терма сардори Лю Роуфан каби жароҳатланган ва таркибга киритилмади.
Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, Хитой Суперлигасида ўйнаётган легионерлардан баъзилари аллақачон терма либосини кийиб кўриши мумкин эди, аммо мамлакат футбол федерациясининг танлаган йўли қатъий ва истиснолар бўлиши мумкин эмас.
Албатта, италиялик мутахассис қўл остидаги терма ўйинларини кузатиш мароқли бўлади. Аслини олганда, Хитой термаси яхши тайёргарлик кўргани ва исталган рақибга қарши ўйнай олишини сезиш қийин эмас. Липпи 4-4-2 тактикасидан фойдаланади: ҳужумда энг яхши бомбардирлар Гао Линь ва Ву Лей ҳаракатланади. Турнир вақтида Гаодан кўп нарса кутишган эди, лекин "Гуанджоу Эвергранд" ҳужумчиси ҳали ўзини кўрсата олгани йўқ. Ву Лей эса 2та гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, 2 бор захирадан майдонга тушган Ю Дабао ҳам иккита гол урди. Умуман олганда, Липпи турнирга ўртача ёши анчайин катта жамоа билан келди. Термадаги энг ёш ўйинчи 23 баҳорини қаршилаган. Лекин Хитой ёшлар жамоаси ҳам ёмон ўйнамайди ва улардан иқтидорли футболчиларни танлаб олиши мақсадга мувофиқ бўларди. Бироқ Липпи ёш ўйинчилар билан ишлашда ўзига хос жиҳатлари билан бошқа мураббийлардан ажралиб турмаган.
Хитой термаси гуруҳдан ишонч билан чиқа олди. Плей-оффда жамоани БАА, Бахрайн ва Хиндистон билан бир гуруҳда кураш олиб бориб, иккинчи ўринни эгаллаган Таиландга қарши беллашув кутиб турибди. Жанубий Кореяга қарши баҳсда 2-0 ҳисобдаги мағлубият уларга салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим. Липпи шогирдлари натижа муҳим бўлмаган ўйинларнинг деярли барчасида енгилишган. Шунингдек, кореяликлар асосий таркиб билан майдонга тушганида, Липпи захирадагиларга имкон берди ва учрашувда тўлиқ иккинчи таркиб билан ҳаракат қилди. Филиппин термасига қарши ўйинда хитойликлар ўзларини яхши намоён этиб, тезкор ҳужумлар ташкил қила олдилар. Липпининг бошқа жамоалари каби Хитой термаси ҳам ҳимояда ишончли ўйин кўрсатиб, тезлик билан тўпни олдиндаги футболчиларга етказиб беришга ҳаракат қилиб ўйнамоқда.
Таиланд Раевац қўл остида гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Хитой термаси учун бугунги рақиб жуда қулай ва Таиланд уларга чинакамига қаршилик кўрсатиши қийин бўлиши мумкин. Бироқ хитойликлар бугунги ўйинда ғалаба қозонсаларда, олдинда уларни Эрон/Уммонга қарши учрашув кутиб туради. Ана ўша ерда жамоанинг асли кучини кўришимиз мумкин бўладигандек.
Сергей Румянцев
(Нозима Зарипова таржимаси)
Комментарии