Интервью. Абдулла Абдуллаев: “Миржалол Қосимов танлаган беш футболчидан бириман”
10 апр 2020 11:10
Новости
Интервью. Абдулла Абдуллаев: “Миржалол Қосимов танлаган беш футболчидан бириман”
Гарчи, ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқа олмаган бўлсада ўйин томонлама рақибларга ютқазмади. Бор эътиборини Суперлигада муваффақиятли қатнашишга қаратган «қалдирғочлар» дастлабки турларда ёмон натижа қайд этишмади. Биз шу муносабат билан жамоанинг иқтидорли футболчиси Абдулла Абдуллаевни суҳбатга чорладик.
- Биламиз, сиз «Бунёдкор» академияси тарбияланувчиси ҳисобланасиз. Асосий таркибга жалб этилишингиз қандай бўлган?
- 2017 йил «Бунёдкор» ўринбосарлари билан чемпионликни қўлга киритдик. Шундан сўнг бош мураббий Миржалол Қосимов тўрт, беш болани қишки йиғиндаги машғулотларга жалб қилганлар. Уларни орасида мен ҳам бор эдим. Шуҳрат Мақсудов ёшлар жамоаси мураббийи эди. 2018 йил кўпроқ захирадан майдонга туширдилар. Бундан хурсанд бўлдим. Олимпия терма жамоасидан таклиф олдим.
- Барибир шу даражага ўз-ўзидан чиқиб қолмагансиз. Қандайдир синовлардан ўтишга, тўсиқларни бартараф қилишга тўғри келган. Айрим мухлислар орасида пули ёки таниши бор деган қабилидаги гаплар кўп учрайди...
- Қийинчиликсиз бирор нарсага эришиш мушкул. Ўзим ҳам икки йил ўринбосарлар жамоасига қабул қилинмаганман. Буни пулга ёки таниш, билишга боғлаш нотўғри. Керак бўлса уйдан узоқда, Фарғоналада тўп тепганман. Яқинларни соғинасиз барибир. Лекин, профессионал футболчи бўлишни истаган ўйинчи ҳамма нарсага кўникиши керак. Мен меҳнат ва иқтидорни тенг қўйган бўлардим. Қанчалик иқтидорли бўлманг, меҳнат қилиб тер тўкмасангиз ҳеч нарса ўхшамайди. Қанчалик кўп меҳнат ва ҳаракат қилсанг мевасини кўрасан. Футболда шундай.
- Миржалол Қосимовни қўл остидаги илк машғулотни эслай оласизми? Босим, ҳаяжон бўлмаганми?
- Албатта эсимда. Машғулотдан олдин академия йўлагида кўриб қолганимда роса ҳаяжонланганман. Биринчи бор футбол ўйнашдан қўрқмасликни ва кўпроқ меҳнат қилишим кераклигини айтганлар. Асосий таркиб билан машғулот кутганимданда яхшироқ ўтган.Чунки, жамоа аҳил ва иноқ эди. Биринчи голимни «Навбаҳор»га урганман. Ўшанда захирадан майдонга тушиб имкониятдан унумли фойдалангандим.
- Дебют йилингизда жамоа бир қатор қийинчиликларни бошидан кечирганди. Мавсум сўнгида ҳатто ёпилиб кетиши ҳақида гаплар тарқалди. Ёш футболчи сифатида нималарни ҳис қилдингиз?
- Бундай гаплар кўп бўлган. Қизиғи, машғулот олиб борадиган майдонимизни ёпиб қўйишганди. Бош мураббий қанчалик оғир вазият бўлишига қарамасдан биз фақат футбол ва ўйинимиз ҳақида ўйлашимизни айтганлар. Бор эътиборимизни бўлажак ўйинларга қаратишимизни тушунтирганлар.
- Ўтган йилни жамоа кучли учликда якунлашга эришди. Айнан ниманинг эвазига, қайси омиллар ҳисобига бронза медаллари қўлга киритилди?
- Кўпчилик буни кутмаганди. Айрим жамоалар бизга менсимасдан муносабатда бўлишди. Бу эса бизга қўл келди. Лекин, мураббийимизнинг салоҳияти ва меҳнати, бизга бўлган ишончини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур.
- Бироқ, мавсумнинг Охирги палласига келиб футболчиларда куч қолмагандек кўринди. Сўнги учта турда эса жамоа яна ўзини тиклаб олди. «Навбаҳор», «Пахтакор», «Суғдиёна» билан ҳал тилувчи ўйинларда жамоа ирода кўрсатди. Балки, мавсум бошида кучни тўғри тақсимлашда камчилик ва хатолар юзага келгандир...
- Бутун бир мавсумни барқарор ўтказиш қийин. Охирида истайсизми, йўқми жисмоний томондан пасайиш бўлади. Бунга табиий қараш керак. Иккинчи ўринни эгаллашимиз мумкин эди. Баъзи бир учрашувларда омад етишмади. Масалан, «Андижон» билан ўйинда сўнги сонияларда ғалабани қўлдан бой бердик. «Пахтакор» билан ўйин ҳақиқатдан дерби мақомига мос тарзда ўтди дея оламан. Рақибга қараганда бизда хоҳиш ва мотивация юқори эди. Бу ўйинни келишилган деган хаёлга боришни ўзи нотўғри. Бў ўйиндаги ғалаба бизни ОЧЛ йўлланмасига яқинлаштирарди. Охирги турлар эса параллел равишда ўтказилган.
- Кўрдик жамоа муваффақиятга яраша мукофотланди, тақдирланди. Аммо, Эшитишимизга қараганда ушбу йил ҳисобидан ҳали маош ва мукофот пуллари берилмаган. Молиявий томондан кичик муаммолар бор. Бу футболчиларни ташвишга солмаяптими?
- Ҳа. Тўғри, бу йил ҳали бирорта ҳам маош олмадик. Ҳаммаси яхши бўлишига умид қиламан.
- Танлов имконияти юзага келганда катта маош эвазига «Пахтакор»га ўтишини танлармидингиз ёки хориж жамоасининг чорловини қабул қилармидингиз?
- Хориждан юқори мақсадларни қўйган жамоадан таклиф тушса кетардим.
- Карантин пайтида кўплаб футболчилар турли машғулотларни уйда бажаришмоқда. Сиз бўш вақтни қандай ўтказяпсиз?
- Ростдан ҳам сўнги ўн йил ичида бунчалик кўп дам олмагандим. Ҳамма қатори оилам даврасидаман. Мураббийлар томонидан берилган топшириқларни бажармоқдаман. Иложи борича кўпроқ китоб ўқимоқдаман. ўрни келганда мухлисларимизга миннатдорчилик билдириб қоламан.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди.
Комментарии