Ҳафта иқтибослари. Мбаппе, Роналдиньо, Тотти ва бошқалардан ажойиб фикрлар
11 сен 2017 11:58
Новости
Ҳафта иқтибослари. Мбаппе, Роналдиньо, Тотти ва бошқалардан ажойиб фикрлар
- "Мен ҳар доим "BBC Sport" учун шарҳлаган пайтимдан хурсанд бўлганман. Фаолиятим давомида кўплаб катта ўйинларни шарҳладим, ўнта жаҳон чемпионати... лекин энди ҳаммасини тугатадиган пайт келди". ("BBC Sport" шарҳловчиси Жон Мотсон 50 йиллик фаолиятдан сўнг нафақага чиқаётгани ҳақида)
- "Мени Қирол Пелега ўхшатишларини ҳеч қачон кутмагандим. Лекин мен бу ҳақда ўйлаш керак эмас, мен кўпроқ ишлашим ва ўз йўлимни ўзим белгилаб олишим керак". ("Арсенал" бош мураббийи Арсен Венгер таърифидан сўнг Килиан Мбаппенинг матбуотга айтган гапи)
- "Жамоа сифатида биз ёмон эмасдик. Евро-2004 ёки ЖЧ-2006 бизники бўлиши мумкин эди, чунки мен бошқа жамоаларга қараб биздан кучли томонларини кўрмагандим. Айниқса, ЖЧ-2006да биз чемпион бўшлишимиз шарт эди. Аммо Рунининг четлатилгани панд берган. Бир соат давомида 10 киши қолиб 11 кишига қарши ўйнаганмиз. Йўқ, бу билан ўз айбимни ювмоқчи эмасман. Катта мусобақаларда биз икки бор пенальтилар серияси туфайли ва бир марта Бразилияга ютқазганмиз". (Англия терма жамоаси собиқ бош мураббийи Свен-Горан Эрикссоннинг хотираларидан)
- "Мен Хаби Алонсони мунтазам кузатиб келаман. Доим унга ўхшашга ҳаракат қилганман. Агар у билан бирга ўйнаганимда ундан аниқ кўп нарса ўрганардим. Унинг майдонни кўриши, ақли ва заковати жуда яхши. Шунингдек, у тўпга кучли ва аниқ зараба бера олади". ("Бавария" футболчиси Себастьян Руди футбол билан хайрлашган Хаби Алонсо ҳақида)
- "Биз қачондир жаҳон чемпиони бўламиз ва бу воқеа мен ўлгунимга қадар рўй беради. Агар жамоамиз жаҳон чемпиони бўлганини кўрсам, Ер юзидаги энг бахтли одам бўламан". (Мексика термаси собиқ футболчиси Херардо Торрадо ватани жамоасининг жаҳон чемпиони бўлиш имкониятлари ҳақида)
- "Биз стадион ёнидаги майдонга чиқдик ва у ердаги манзара мени ҳайрон қолдирди. Ўйиндан бир кун олдин майдонда қўй сўйилди. Ён атрофда фақат футболчилар ва мураббийлар бор эди. Қўй бўғзига пичоқ тортилаётганда менга мўлтиллаб қаради, унга раҳмим келиб кетди, ахир ҳайвонларни жуда яхши кўраман. Мен ҳаётимда кўп нарсани кўрганман, лекин буниси бутунлай бошқача бўлди. Ўшанда этим жимирлаб кетди". (Англия терма жамоаси собиқ футболчиси Дариуш Вассел Туркиянинг "Анкарагужу" клубидаги воқеа ҳақида)
- "Мен охирги вазифани бажаришим керак. ЖЧ-2018да Бразилия қайтади. Буни ёзиб қўйинглар. Устига муҳр ҳам босинглар. Биз Тите бошчилигида жаҳон чемпиони бўламиз ва футболдаги энг катта совринни Бразилияга олиб келамиз". (Бразилия термаси ҳимоячиси Марсело жаҳон чемпиони бўлишга умид боғлаётгани ҳақида)
- "Мен Криштиану Роналдунинг ўнг оёғини, Марадонанинг чап оёғини, Мессининг майдонни кўриш қобилияти, Зиданнинг техникаси ва Тоттининг кучли зарбасини танлайман". (Франческо Тотти УЕФА учун 10-рақамли футболчи қандай бўлиши ҳақида)
- "Уни клуб учун ўйнамаётганликда айбламанг. Коутиньо - профессионал футболчи ва унинг ҳали "Ливерпул"га фойдаси тегади. Клуб мухлислари ундан хавотир олмаса ҳам бўлаверади. Тўғри, Коутиньо "Барса"га ўтишни жуда-жуда хоҳлади, лекин бу иш бугун бўлмаса, эртага рўй беради. Асосийси тушкунликка тушмаслик ва ўз ўйинини кучайтиришда давом этиш. Ахир келаси йил Коутиньони жаҳон чемпионати мусобақаси кутмоқда". (Роналдиньо "Барса"га ўтишдан ҳамон воз кечмаган Филипп Коутиньо ҳақида)
Х.Холиқов тайёрлади.
Комментарии