Франция 1-дивизион. Яна эски чемпион, мавсум инқирози, кутилмаган юриш, кашфиёт ва бошқа қизиқарли фактлар
16 мая 2016 22:10
Новости
Франция 1-дивизион. Яна эски чемпион, мавсум инқирози, кутилмаган юриш, кашфиёт ва бошқа қизиқарли фактлар
Чемпион - ПСЖ
Парижликлар энг яқин тақибчилари "Лион"дан оз эмас, кўп эмас 31 очкога ўзиб кетишди ва ўз тарихларида олтинчи бор Франция чемпионлигини қўлга киритишди.
Мавсум инқирози
Франция чемпионатининг 2015/2016 йилги мавсумида кутилмаганда "Марсель" жамоаси қуйи ўринлар учун кураш олиб борди. Ҳар доим юқори мақсадларни кўзлайдиган, жиддий вазифаларни бажаришга ўрганган клуб учун бу йилги иштирок кўнгилдагидек кечмади. Испаниялик мутахассис Мичелнинг ишларидан қониқмаган клуб раҳбарияти мавсумнинг муҳим палласига келиб унга чиқиш эшикларини кўрсатди. Маҳаллий мутахассис Франк Пасси эса вақтинчалик бош мураббий вазифаси бажарди ва жамоани кучлилар орасида қолишини таъминлади. "Марсель" Франция 1-дивизионида 13-ўринни эгаллади.
Кутилмаган юриш
Ўтган йили қўйи лигадан 1-дивизионга чиқишга муваффақ бўлган "Анже" жамоаси дебютант бўлишига қарамасдан мавсум давомида барчани лол қолдириб келди. Стефан Мулен бошқарувидаги жамоа ПСЖ билан биргаликда жадвалда пешқадамлик қилган пайтлар ҳам бўлгани фикримизга тасдиқ бўла олади. Франция чемпионатида эндигина чиққан жамоанинг қайд этган натижалари, кўрсатган ўйинлари барчани бирдек ҳайрон қолдирди. "Анже" ушбу мавсумда Франция чемпионатида чинакамига кутилмаган юриш қилди. Турнир жадвалининг юқори учталилигида юрган пайтлари бўлган бўлсада, кейинчалик "Анже" жамоаси мавсумнинг ҳал қилувчи қисмида бироз сустлашди ва якунда 9-ўрин билан чекланди. Лекин "Анже" учун бу натижа ҳам албатта жуда яхши деб аталса муболаға бўлмайди.
Снайпер
Франция чемпионатининг ушбу мавсумдаги тўпурари кутилганидек Златан Ибрагимович бўлди. Швециялик ҳужумчи 38 ўйинда рақиблари дарвозасини 38 маротаба ишғол этди ва Франция чемпионатининг "олтин бутса"сини учинчи бор ўзиники қилиб олди.
Златан Париждан кетиши олдидан ҳам чемпионликни, ҳам "олтин бутса"ни олиб кетди.
Кашфиёт
Ушбу мавсумда Францияда қайси футболчи кашфиётга айлангани ҳақида бироз баҳслашса бўлади. Чунки барчани ҳаёлига бирдан келадиган Усман Дембеледан ташқари мавсумни инқирозда ўтказган "Марсель" жамоасидан Батшуайини ҳам унутмаслик лозим. Гарчи жамоаси мавсумни кўнгилдагидек ўтказмаган бўлсада, Батшуайи ҳақида бу фикрни билдира олмаймиз. "Марсель"ни кучлилар қаторида қолишида Батшуайининг хизматлари беқиёс бўлди. Лекин мавсум кашфиёти деб "Ренн" 18 ёшли вундеркинд футболчиси Усман Дембелени танлашга қарор қилдик. Айни пайтда "Ренн"нинг собиқ футболчисига айланиб улгурган Дембеле ёш бўлишига қарамасдан кўп вазиятларда жамоасини ўз ортидан эргаштира олди. Унинг жозибали ўйинлари, ноодатий ҳаракатлари ва фойдали иш коэффиценти юқори бўлганлиги учун бир қатор гранд жамоалар унга кўз тикишганди. Аммо Дортмунднинг "Боруссия" клуби барчадан илдамроқ ҳаракат қилди ва Франция чемпионатининг кашфиётига айланган футболчини ўз сафига қўшиб олишга эришди. Усман Дембеле мавсум якунларига кўра, Францияда энг яхши ёш футболчига топшириладиган совринни қўлга киритди.
Фактлар
- Энг кўп гол урган жамоа: ПСЖ (102)
- Энг кўп гол ўтказган жамоа: "Труа" (83)
- Энг кўп дуранг ўйнаган жамоа: "Марсель" (18)
- Энг кўпол жамоа: "Газелек Аяччо" (94 огоҳлантириш ва 6 четлатиш)
Ди Мария ўзининг ПСЖ сафидаги дастлабки мавсумини жуда кўтаринки руҳда ўтказди. Анхель ушбу мавсумда Франция чемпионатида 18 маротаба жамоадошларининг голларига ассистентлик қилди ва бу борада Франция 1-дивизионида рекорд ўрнатди.
Еврокубокларда кимлар ўйнайди?
Чемпион ПСЖ, иккинчи ўрин соҳиби "Лион" тўғридан-тўғри ўз иштирокларини ЕЧЛ гуруҳ босқичидан бошлашади. Бронза медалларига эгалик қилган "Монако" эса ЕЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш учун саралаш ўйинларида иштирок этади.
Европа лигаси гуруҳ босқичига қатнашиш учун "Ницца" йўлланмани қўлга киритган бўлса, "Лилль" жамоаси саралаш босқичи орқали Европа лигасинининг гуруҳ босқичига чиқишга уриниб кўради.
Қуйи лигага йўл олган жамоалар
"Труа", "Газелек Аяччо" ҳамда "Реймс" жамоалари кейинги мавсумдан эътиборан 2-дивизион орқали яна 1-дивизионга чиқишга ҳаракат қилишади.
Франция 1-дивизиони янгилари
Келаси мавсумдан эътиборан 1-дивизионда "Нанси", "Дижон" ҳамда "Метц" жамоалари иштирок этишади.
Комментарии