RU

Последние новости

19:31Суперлига. "Нефтчи" – "Насаф" 2:0. Highlights  0 19:20Суперлига. "Қизилқум" — "Навбаҳор" 0:1 (матнли трансляция)  3 19:17Анвар Бердиев: "Мақсадимиз — Суперлигага чиқиш"  0 18:59Фарҳод Нишонов: "Ҳакам қарорини муҳокама қилишни истамайман, аммо..."  0 18:34Моуринью яна Роналду билан бирга ишлаши мумкин  0 18:08ПРО-Лига. Расман — "Шўртан" плей-оффнинг иккинчи иштирокчиси!   1 18:05Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлди  38 17:43Суперлига. "Қизилқум" - "Навбаҳор": Асосий таркиблар маълум  2 17:09ПРО-Лига. 5 та гол урилган ўйинда "Бухоро" "Арал"дан устун келди  2 16:49ПСЖ янги машғулот марказини очди  0 15:32Жорж Микаутадзе фаолиятини "Ювентус"да давом эттириши мумкин  1 15:01"Манчестер Сити" Холандга янги шартнома таклиф қилмоқчи  2 14:40Тимур Кападзе: "Ўйин томонлама "Насаф"ни эътироф этаман, мавсум ўртача ўтмоқда"  16 14:27ПРО-Лига. "Бухоро" - "Арал": Асосий таркиблар маълум!  0 14:15Эшитдик-да! Усмон Тошев ЎФАни тарк этди  14

Элгужа Григалашвили: "Бу ерга келмасимдан олдин Ўзбекистонда футбол ўйнаш осон деб ўйлардим" Новости

Элгужа Григалашвили: "Бу ерга келмасимдан олдин Ўзбекистонда футбол ўйнаш осон деб ўйлардим"

Мавсум бошида “Қизилқум” таркибига келиб қўшилган Элгужа Григалашвили тез орада ўзини кўрсата олди.

Эҳтимол “Қизилқум” натижалари туфайли қуйида юргандир, лекин бу грузиялик ҳужумкор ярим ҳимоячининг савияси пастлигини англатмайди. У ҳозирча янги жамоаси сафида олтита гол уришга муваффақ бўлди ва барча голлари чиройли чиқди.

Элгужа яхши ўйин кўрсатаётгани учун ҳам унга бир нечта клублардан қизиқиш бўлмоқда. Хўш, у мавсумни “Қизилқум”да тугатиб қўядими ёки ёзги трансфер чоғида бошқа жамоага ўтиб кетадими? Умуман унинг Ўзбекистон ва ўзбек футболи ҳақида фикрлари қандай? Яқинда футболчи билан учрашиб, бир қатор саволларга жавоб олдик.



- Элгужа, сиз билан қайси тилда гаплашиш қулай: инглизчадами ё рус тилидами?
- Инглиз тилини яхшироқ биламан, лекин русчада ҳам ёмон эмасман. Майли, русча бўлса русча бўла қолсин.

- Ўзбек тилида баъзи сўзларни ўрганган бўлсангиз керак?
- Оз-моз тушуняпман. Машғулотларда жамоадошларим ўзбекча гапиради, бу орада мен ҳам ўрганиб боряпман. Масалан, “бўлди”, “раҳмат”, “хўп”, “мен сени севаман”. Тўғри, “мен сени севаман”ни ҳозирча ҳеч кимга айтганим йўқ. (кулади)

- Уйланганмисиз?
- Йўқ, ҳали бунга вақт бор деб ўйлайман.

- Келинг, энди футболга доир саволларга ўтсак. Бу йил ҳисобидан Ўзбекистонда фаолиятингиздаги илк мавсумни ўтказяпти. Бир нечта учрашувда майдонга тушиб голлар урдингиз. Дастлабки таассуротлар қандай?
- Бунгача Кипрда тўп тепдим ва у ерда қандай футбол ўйналишини яхши биламан. Қолаверса, Грузия терма жамоаси сафида ҳам майдонга тушганман ва терма жамоа ҳавосидан хабардорман. 2014 йилдан бошлаб уч йил Кипрда ўйнадим, кейин Грузияга қайтиб бир йил “Динамо” (Батуми)да фаолият олиб бордим.

Шундан сўнг Ўзбекистондан таклиф тушди ва бу менга жуда қизиқ туюлди. Негадир ўзимни Осиёда синаб кўргим келди. Таассуротлар ҳақида гапирадиган бўлсам, менга ўзбек футболи ёқди. Ўйинларда кўплаб кутилмаган натижалар қайд этиляпти. Бу ерда ҳамма охиригача ўйнайди. Шу кетишда яна икки-уч йилдан сўнг чемпионат савияси ошса керак.

- Ўтган йил акангиз Шота Григалашвили “Олмалиқ”да ўйнаганди.
- Бу ерга келишимда акамнинг ҳам маслаҳати роль ўйнади. Акам менга Ўзбекистонга боравер, у ернинг одамлари яхши, футбол ҳам жойида деди. Келишдан олдин ўзбек халқи биз грузинларга ўхшамаса керак, одатлар ҳам бошқача бўлса керак деб ўйлагагандим. Аммо келиб кўрдимки, ҳар икки миллат бир-бирига жуда ўхшар экан. Асосан менталитет томонлама ўхшашмиз. Грузияда одамлар гапирадиган ҳар бир сўз аҳамиятга эга. Биз бирорта гапни шунчаки ҳавога айтмаймиз. Айтилган сўз берилган ваъдадек гап. Сизларда ҳам оғиздан чиққан сўзнинг аҳамияти юқори экан.

- Бизнинг чемпионатда сизга ёқмайдиган ҳолатлар кўзга ташландими?
- Менга ёқмаганими? Ҳозирча умуман ёқмаётган нарса бу баъзи жамоаларнинг фақат “югур-теп” усулида футбол ўйнаётгани. Менга кўпинча комбинацион, тўпни назорат қилиш ва ҳужумкор футбол ёқади. Аммо бу ерда баъзи жамоалар фақат ҳимояда туради ва тўп келиши билан шунчаки олдинга тепиб юборади. Албатта, “Пахтакор”, “Локомотив”, “Бунёдкор”, “Насаф”, “Бухоро”га ўхшаш кучли клублар бор. Ҳозирча менга ўйини энг кўп ёққан жамоа “Бунёдкор” бўлди. Уларда таркиб анча ёш экан ва ҳамма футбол ўйнашга ҳаракат қиляпти.

- “Қизилқум” намойиш этаётган футбол ҳақида нима дея оласиз?
- Мавсумни жуда ёмон бошлаганимизни тан оламан. Биринчи турда “Локомотив”га қарши ҳеч нарса қила олмадик, бунда ўзим ҳам ёмон ўйнадим. Аммо 3-4 турларга келиб ўйинимиз қовуша бошлади, ҳозир бўлса анча яхши ўйин кўрсатяпмиз деб ўйлайман. Тўп билан қанча кўп ҳаракат қилсанг, шунча кўп ҳужум уюштирасан ва гол уриш учун вазиятга эга бўласан. Шу боис орқада тургандан фойда йўқ.


- Сизнингча, ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг энг кучли клуби қайси?
- Менимча, бу “Пахтакор” бўлса керак. Акамдан ўтган йилги “Локомотив” анча кучли эканини эшитгандим. Лекин негадир бу йил жамоа ўзини кўрсата олмаяпти. Улар билан Тошкентда ўйнаганимизда сал қолса биз ютиб қўйишимиз мумкин эди.

- “Югур-теп” усулида ўйнаётган жамоалар кимлар?
- Буни очиқ айта олмайман, чунки мен ҳам футболчиман ва қайсидир жамоани танқид қилишим этикага тўғри келмайди. Аммо бундай футбол ўйнаётганини ўша жамоалар яхши билади. Фақат шуни айтишим мумкин, Ўзбекистон Суперлигасида жамоалар орасидаги фарқ унчалик катта эмас. Яхши ўйнаб исталган жамоани мағлуб этиш мумкин.

- “Локо”га қарши Тошкентдаги дуранг кайфиятингизга таъсир қилдими?
- Ҳа, таъсир қилди. Чунки ўйин тугашига саноқли сониялар қолганида тўп ўтказиб юбордик. 2:1 ҳисобида олдинда бораётгандик. Бир томондан сафарда “Локомотив” билан дуранг яхши натижа, иккинчи томондан тайёр ғалабани қўлдан чиқариш барибир алам қилади. Мен 80-дақиқадан кейиноқ ғалаба чўнтакда деб ўйладим. Чунки рақиб унчалик ҳужум қилмаётганди, биз эса анча хотиржам эдик. Ўтказиб юборилган гол эса умуман кутилмаганда юз берди.

- Янги жамоага тўлиқ мослашиб кетдингизми?
- Шундай деса ҳам бўлади. Менга бу борада Геворкян, Йованович, Квесиешвили, Бойдуллаев каби футболчилар яқиндан ёрдам беришди. Жамоамиз аҳил, таркибда тажрибали ўйинчилар, шу билан бирга ёшлар ҳам бор. Ўйлайманки, иккинчи даврада яхшироқ натижа қайд этамиз.

- Нима деб ўйлайсиз, “Қизилқум” кучли олтиликка кира оладими?
- Имкониятлар яхши, лекин бу жуда қийин бўлади. 6-ўриндаги “Металлург” билан очколаримиз фарқи унчалик катта эмас. Бизни олти очко ажратиб турибди. Ҳаракат қилсак, албатта кирамиз деб ўйлайман.

- Бўш пайтда ҳамюртингиз Шота Арвеладзе билан учрашиш имкони бўлдими?
- Ҳозирча алоҳида кўришмадик. Ҳар ҳолда Арвеладзе энди мураббий ва унинг шундоқ ҳам ишлари кўп. Мен фақат “Локомотив”даги Кахи Махарадзе билан кўришдим.

- Сизга пойтахт клублари жиддий қизиқаётгани ҳақида эшитдик. Трансфер ойнаси очилганидан кейин нима қиласиз?
- Бу ҳақда аниқ бир гап айта олмайман. Ҳозирча ҳуқуий жиҳатдан “Қизилқум”га тегишлиман ва ҳаммаси клуб раҳбарининг нима дейишига боғлиқ. Қолаверса, ўзим ҳам шартномамни охиригача етказиб қўйишни хоҳлайман. Ҳозир ўй-фикрим мавсумни “Қизилқум”да тугатишга қаратилган. Ундан кейин нима бўлишини кўрамиз. Балки Грузияга қайтиб кетарман, балки шу ерда қоларман.


- “Қизилқум” нима учун бошқаларга қараганда кўп гол ўтказяпти?
- Бунинг учун фақат ҳимоячилар ва дарвозабонни айблаш хато. Ҳаммамиз айбдормиз: мен ҳам, бошқалар ҳам. Ўтказиб юборилган голларга қаранг, доим қандайдир хато туфайли шу нарса рўй беряпти. Худди ёш болаларча хатолар. Наманганда 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйганимиз ҳаммасидан ошиб тушди. Мен ҳалигача йирик мағлубиятни тушунмаяпман, ваҳоланки ўйинимиз ёмон чиқмаганди. Нима учун кўп гол ўтказяпмиз? Чунки эътиборни фақат ҳужумга қаратяпмиз, натижада орқада бўшлиқ пайдо бўляпти. Ҳечқиси йўқ ҳали ҳаммаси яхши бўлади.

- Сиз учун қаерда ўйнаш қулай: ҳужумдами ё қанотдами?
- Мен ҳеч қачон марказий ҳужумчи бўлмаганман. Доим ҳужумчи ортида ўйнаб келганман. “Қизилқум”да эса чап қанот ярим ҳимоячиси вазифасини бажаряпман. Ҳозир қанотда ўйнашга кўникиб қолдим ва ўзимни яхши ҳис қиляпман.

- Суперлигада урган голларингиз ичида энг ёққани қайси?
- Менга кўпроқ АГМК дарвозасига киритган тўпим ёқди.

- Жамоангиз мағлубиятга учраса ўйиндан кейин нима қиласиз?
- Кайфиятим жуда тушиб кетади, чунки ютқазишни ёқтирмайман. Жамоам ютқазса танишларим хабар топиб менга қўнғироқ қилмай қўйишади. Негаки бундай пайтда қўнғироқларга жавоб бермаслигимни билишади. Одатда ўйиндан кейин икки-уч соат дам оламан ва бўлиб ўтган воқеаларни таҳлил қиламан.

- Ўзбекистонга келишдан олдин футболимиз ҳақида қандай тасаввурга эга эдингиз?
- Тўғрисини айтсам, акамнинг гапларидан бошқа ҳеч нимани билмасдим. Олдимда иккита вариант бор эди: Грузия ва Кипрдан. Орадан сал ўтиб Ўзбекистон варианти юзага келди. Мен кўп ўйлаб ўтирмадим ва дарҳол “Қизилқум” таркибига келиб қўшилдим. Келмасимдан олдин бу ерда футбол ўйнаш осон деб ўйлардим. Аммо кўрдимки, Ўзбекистонда футбол савияси мен ўйлагандан анча баланд экан. Тўғрисини айтишим керак, бу ерда ҳаммаям ўйнаб кетавермайди.


- Охирги пайтларда Ўзбекистон терма жамоасида яхши ҳужумчилар йўқлиги ҳақида кўп гапириляпти. Легионер сифатида нима дея оласиз, бошқа клубларда кучли ҳужумчиларни кўрдингизми?
- Тўғрисини айтсам, ярқ этиб ажралиб турган ҳужумчини ҳали кўрмадим. Чунки бир ўйинда жамоалар рақиб дарвозаси томон тўрт ё беш марта аниқ зарба беришяпти. Ўзим кўрган футболчилар орасида “Навбаҳор”даги Азиз Турғунбоев ёқди, унинг ҳаракатлари яхши-ю, лекин у ҳам соф ҳужумчи эмас. Шунингдек, “Металлург”дан Забихилло Ўринбоев билан “Локомотив”даги Марат Бикмаевнинг ҳам ҳаракатлари чакки эмас. Айниқса Бикмаевда ҳужумчида бўлиши керак бўлган ҳамма хусусият бор экан.

- Ўзингиз ўйнаган майдонлар ҳақида нима дейсиз?
- Биргина “Навбаҳор” майдонини айтмаганда қолган ҳамма жойда яхши майдонларни кўрдим.

- "Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе ҳақида фикрингиз?
- Арвеладзе ўз вақтида жуда кучли футболчи бўлган. Айтишим мумкинки, Грузия тарихидаги энг яхшилардан бири. Энди бўлса мураббий сифатида ном чиқаришга ҳаракат қиляпти. Бизда Арвеладзени жуда қаттиқ ҳурмат қилишади.

- Ўзбек миллий таомлари ёқдими?
- Ҳаммаси эмас. Лекин энг кўп ёққани палов билан сомса бўлди. Ишонасизми, зўр сомса бўлса бемалол 10та ея оламан.

- Ўзингиз борган шаҳарлар орасида қайси бири кўпроқ ёқди?
- Биринчи навбатда Тошкент. Чунки Тошкент ҳар ҳолда пойтахт ва жуда чиройли шаҳар. Ундан кейин Бухоро ҳам чиройли экан. Менга тарихий шаҳарлар ёқади, Бухорога борганимизда кўплаб тарихий жойларни кўрдим.


- Бу мавсум нечта гол уришни мақсад қилгансиз?
- Ўзбекистонга келишдан олдин бир грузин танишим билан бу ҳақда гаплашгандим. У мендан нечта гол урмоқчисан деб сўради. Шунда мен 10та урсам керак деб айтдим. У бўлса ўнтаям голми, камида 15та уришинг керак деди. Мен хўп дедим ва камида 15та гол уришга ваъда бердим.

- Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз?
- Оилада беш фарзандмиз, уч опа-сингил ва икки ака-ука. Дадам бундан йигирма йил олдин 38 ёшида вафот этган. Ҳозир онам билан биргамиз. Акам Шота иккаламиз футболни танладик. Бунга дадам сабабчи бўлган. Акам ҳозир фаолиятини Қозоғистонда давом эттиряпти.

- Элгужа, суҳбат учун раҳмат. Кейинги фаолиятингизда сизга ва жамоангизга омад тилаймиз.

Хайрулла Холиқов ва Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашишди.
Суратлар муаллифи: Толибжон Қосимов.
Интервьюни ташкил этишда яқиндан ёрдам берган "Қизилқум" ПФК матбуот котиби Азиз Нурийга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.

Рейтинг: +68   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика