Бугун Ўзбекистон Лига кубоги финали
04 дек 2019 08:16
Новости
Лига Кубоги деб ном олган мусобақада жами 16та клуб иштирок этди. Бу мусобақанинг финал учрашуви 4 декабрь куни бўлиб ўтади. Ҳал қилувчи баҳсда аввал ўқувчиларимизга мусобақа ҳамда финалчилар босиб ўтган йўл ҳақида маълумот берамиз.
МУСОБАҚА ҲАҚИДА
Бу йилги Лига Кубогида Суперлиганинг 14та, шунингдек, А Про-лиганинг “Машъал” ҳамда “Шўртан” клублари иштирок этишди. 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон кубоги мусобақасида иштирокчилар сони айнан лицензиялаш талабларидан келиб чиқиб белгиланади, Лига кубогида эса ЎзПФЛ тасарруфидаги мусобақаларда иштирок этаётган барча футбол клублари ўйнаш имкониятига эга бўлади. Зеро, Ўзбекистон кубогида ғолиб чиққан жамоада Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини ютиб олиш имконияти мавжуд. Шундай экан, лицензиялаш талабларига жавоб бера олмайдиган клубларнинг мазкур мусобақада иштирок этишига келаси мавсумдан бошлаб йўл қўйилмайди.
Лига кубогида 16та клуб 4та гуруҳга ажратилди. Жамоалар гуруҳ босқичида 3тадан учрашувда иштирок этишди. Беллашувларнинг қайси майдонларда ўтишини қуръа жараёни аниқлаб берди. Ҳар бир гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар чорак финал йўлланмасини қўлга киритишди. Бу мусобақада Чорак ва ярим финал беллашувлари битта ўйиндан иборат бўлди. Финал ҳам битта бўлади. Ҳал қилувчи беллашув 4 декабрь куни Тошкентдаги "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтади. Унда худди Ўзбекистон Кубогида бўлгани каби "Пахтакор" ва АГМК клублари тўқнаш келишади. Биз ҳар иккала клубнинг финалга қадар қандай етиб келишгани ҳақида сўр юритамиз.
"ПАХТАКОР"
Шота Арвеладзе бошчилигидаги "шерлар" учун мазкур мусобақада жуда ҳам омадсиз тарзда бошланган эди. Илк турда "Пахтакор" ўз майдонида "Қўқон-1912"ни қабул қилганди. Ўша вақтда Ўзбекистон терма жамоаси Туркия билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун сафарга учиб кетганди. Шу боис "шерлар" "Қўқон-1912"га қарши баҳсни деярли ёшлар таркибидаги футболчилар билан ўтказишди. Бу эса ҳисобда ўз аксини топди ва "Қўқон-1912" Тошкентда "Пахтакор"ни 4:0 ҳисобида тор-мор этди. Мухлислар Мурод Холмуҳаммедовнинг деяри 60 метрлардан урган голини ҳамон эслашса керак.
Иккинчи турни "Пахтакор" Бухорода "Бухоро"га қарши ўтказди. Бу сафар кўплаб асосий футболчилар билан ўйнаган "шерлар" 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Тошкентликлар сафида Ҳумоюнмирзо Иминов ва Игорь Сергеев гол уришган эди.
Гуруҳ босқичининг сўнгги турида "Пахтакор" ўз майдонида "Локомотив"ни қабул қилди. Бу баҳсда "шерлар" асосий, Самвел Бабаян бошчилигидаги "темирйўлчилар" эса ёшлар таркиби билан иштирок этишди. Бу ўйинда тажриба барибир ўз сўзини айтди ва якунда Шота Арвеладзе шогридлари 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб чорак финалга чиқишди. Бу учрашувда Сардор Собирхўжаев ва Игорь Сергеев "Локомотив" дарвозасини ишғол қилишганди.
Чорак финалга ташланган қуръага кўра "Пахтакор" ўз майдонида А ПРО-лига вакили Ғузорнинг "Шўртан" клубини қабул қилди. Шерзод Аъзамов битта, Достонбек Ҳамдамов иккита гол уриб "шерлар"нинг йирик ғалабасини таъминлашган эди - 3:0.
Финалга чиқиш учун "Пахтакор" Қўқонга сафар қилди. Арвеладзе шогирдларида гуруҳ босқичидаги йирик мағлубият учун реванш олиш имконияти пайдо бўлди. Қизиқарли кечган баҳсда стадионга келган мухлислар жами олтита голнинг гувоҳига айланишди. Шундан тўрттасига "Пахтакор" аъзолари муаллифлик қилишди - 2:4. Драган Черан, Одилжон Ҳамробеков, Игорь Сергеев ва Достонбек Ҳамдамов қўқонликлар дарвозасига гол уришганди.
"Пахтакор" Лига кубогида 5та ўйин ўтказиб 4та ғалабага эришди ва 1та мағлубият қайд этди. "Шерлар" ушбу мусобақада 11та гол уриб, ўз дарвозаларидан 8та гол ўтказиб юборишди. Игорь Сергеев ва Достонбек Ҳамдамов учта гол билан бу мусобақада клубнинг тўпурари бўлиб туришибди.
АГМК
"Пахтакор" мусобақани 0:4 ҳисобидаги мағлубият билан бошлаган бўлса, Миржалол Қосимов шогирдлари Лига кубогини 4:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлашганди. Олмалиқда "Қизилқум" билан баҳсда Миржамол Қосимов дублга эришган, Шаҳзодбек Нурматов ва Шохназар Норбеков биттадан гол уришган эди.
Иккинчи турда Тошкент вилояти дербисида АГМК Бекободнинг "Металлург" клуби билан тўқнаш келганди. Олмалиқда кечган учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Мезбонлар сафида Жасур Ҳакимов ўз номини таблога ёздириб қўйган эди.
Гуруҳ босқичининг энг сўнгги турида олмалиқликлар Вадим Абрамов бошчилигидаги "Бунёдкор" билан ўйин ўтказишди. Қизиқарли кечган учрашувда стадионга келганлар дарвозаларга урилган 7та голнинг гувоҳига айланишганди. Майдон эгалари сафида Бобурбек Юлдашев, Миржамол Қосимов, Зафар Полвонов ва Санъат Шихов гол уришганди - 4:3.
Қизиғи Лига кубоги регламентига кўра чорак финал учун ташланадиган қуръа вақтида бир гуруҳдан чиққан клублар бир-бирига тўқнаш келиб қолиши мумкин дейилган. Шу боис ҳам бир гуруҳда ўйнаган АГМК ва "Металлург" қуръа туфайли чорак финалда ҳам тўқнаш келиб қолишганди. Бу баҳс тақдирини Зафар Полвонов томонидан урилган ягона гол ҳал қилганди - 1:0.
Ярим финални ҳам АГМК ўз майдонида Самарқанднинг "Динамо" клубига қарши ўтказди. Суперлигада қолиш учун курашаётгани боис "Динамо" бу ўйинга ёшлар жамоаси аъзолари билан ташриф буюрди. Натижада АГМК 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб финалга чиқди. Учрашувда Жасур Ҳакимов, Жасур Умаров (иккита) самарқандликлар дарвозасига тўп киритишганди.
АГМК Лига кубогидаги 5та ўйиннинг 4тасида ғалаба қозонди ва 1 марта дуранг ўйнади. Жамоа 13та гол урди ва ўз дарвозасидан 4та тўп олиб чиқди. Учта гол урган Миржамол Қосимов бу мусобақада АГМКнинг тўпурари бўлиб турибди.
ФИНАЛЧИЛАР БОСИБ ЎТГАН ЙЎЛ
1-тур:
ПАХТАКОР – ҚЎҚОН-1912 0:4
Голлар: Марко Милич, 24 (0:1). Тимур Усмонов, 43 (0:2). Мурод Холмуҳаммедов, 45 (0:3). Суҳроб Бердиев, 90 (0:4)
АГМК – ҚИЗИЛҚУМ 4:0
Голлар: Миржамол Қосимов, 51 (1:0). Миржамол Қосимов, 67 (2:0). Шаҳзод Нурматов, 82 (3:0). Шохназар Норбеков, 89 (4:0)
2-тур
АГМК — МЕТАЛЛУРГ 1:1
Голлар: Жасур Ҳакимов, 72 (1:0) – Станислав Андреев, 90+2 пенальти (1:1)
"БУХОРО" — "ПАХТАКОР" 1:2
Голлар: Ҳумоюнмирзо Иминов 42 (0:1). Игорь Сергеев 71 (0:2). Андрей Сидоров 89, (1:2)
3-тур
ПАХТАКОР — ЛОКОМОТИВ 2:1
Голлар: Сардор Собирхўжаев, 18 (1:0), Азизбек Омонов, 66 (1:1), Игорь Сергеев, 75 (2:1)
АГМК (Олмалиқ) — "Бунёдкор” (Тошкент) 4:3
Голлар: Бобурбек Юлдашев, 7 (1:0). Миржамол Қосимов, 20 (2:0). Санжар Риҳсибоев, 27 (2:1). Зафар Полвонов, 55 (3:1). Хуршид Ғиёсов, 71 пенальти (3:2). Миржаҳон Мираҳмадов, 72 (3:3). Санъат Шихов, 75 (4:3)
Чорак финал
АГМК – «МЕТАЛЛУРГ» 1:0
Гол: Зафар Полвонов, 37 (1:0)
«ПАХТАКОР» - «ШЎРТАН» 3:0
Голлар: Шерзод Аъзамов, 50 (1:0), Достонбек Ҳамдамов, 65 (2:0), Достонбек Ҳамдамов, 90+3 (3:0)
Ярим финал
ҚЎҚОН-1912 – ПАХТАКОР 2:4
Голлар: Драган Черан, 5 (0:1), Суҳроб Бердиев, 7 пенальтидан (1:1), Одилжон Ҳамробеков, 45+2 (1:2), Игорь Сергеев, 59 (1:3), Достонбек Ҳамдамов, 79 (1:4), Шахбоз Эркинов, 80 (2:4)
АГМК – ДИНАМО 3:0
Голлар: Жасур Ҳакимов, 6 (1:0), Жасурбек Умаров, 83 (2:0), Жасурбек Умаров, 85 (3:0)
ЎЗБЕКИСТОН ЛИГА КУБОГИ-2019. ФИНАЛ
4 декабрь 16:00, "Пахтакор" стадиони
АГМК - "Пахтакор"
Комментарии