Бироз узоқдан олиб келаман...
01 июн 2016 11:56
Новости
Бироз узоқдан олиб келаман...
Ўйинга икки кун қолганида жавобни олдим. Қоида бўйича шундай. “Кечирасиз, сизнинг сўровингиз қабул қилинмади”.
Евро-2016да журналист сифатида ишлашни режалаштирдим. Ҳомийлар йўқ эмас. Барчасини қоида бўйича бажардим. Январь ойининг бошида жавоб келди – “йўқ”. Нафақат менга, яна 4 нафар ҳамкасбимга ҳам худди шундай жавоб келди.
Uff.uz ва сайтимиз аъзолари, яна икки нафар журналист акамизга ҳам рад жавоби берилган. Балки, “Copa America”дан ижобий жавоб оларман дедим. Уларга ҳам қоида асосида керакли барча маълумотларни тақдим этган ҳолда “заявка” бердим. Икки ҳафта аввал рад жавоби келди. Шу мақолани ўша куни ёзишни ният қилгандим, шу керакми дедим.
Кеча Экваториал Гвинея терма жамоаси билан бўлиб ўтиши лозим бўлган, кимлардир довон ошиб, кимлардир узоқ вилоятлардан харажат қилиб такси орқали чипта сотиб олиб бўлган ўйин бекор бўлгач қалам тебратишга қарор қилдим.
Қисқа қилиб айтганда, жаҳон футболида Ўзбекистон футболининг ҳурмати Япония, Эрон, Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Жанубия Корея, Хитой даражасида эмас. Шарқий осиёлик журналистлар учун Евро ареналарида аккредитация олиш муаммо эмас. Араблар-ку, таг-туги билан сотиб оляпти. Кимдир бунга пул билан эришади, кимдир ҳурмат билан. Яна кимдир дипломатик алоқалар билан. Дипломатик алоқалар дегани, бу фақат иккита терма жамоани кўриштириб, юлдузи – юлдузига тўғри келса ўйнатиш дегани эмас.
Дипломатик алоқалар, булар: Аввало болалар футболи, миллий лига, маркетинг, матбуот, илмий гуруҳ сифатини ошириш, турли туман семинарлар, футзал, аёллар футболи, ОАВ... Давом эттирсангиз, чегараси йўқ. бири бўлмаса иккинчиси, иккинчиси бўлмаса учинчиси билан алоқа қилиб, кейин тўртинчисига ўтади. ЎФФда бугунги расмийлар борми-йўқми, улар эртага ишлайдими ёки йўқ, фарқи йўқ. 20 йиллик дастур тузадиган пайт аллақачон етиб келди. Бугундан бошлаш қийинов, лекин қачондир бошланиши керак бўлган Европа ва Осиёнинг деярли барча давлатлари билан, у ким бўлишидан қатъий назар алоқаларни мустаҳкамлайвериш керак. Дастурни эса бизникилар туза олмайди. Буниси аниқ. Четдан мутахассис олиб келиб, аввал уни бир йил ўзбек футболига ғарқ эттириш керак. Агар ботқоқдан ўз режаси билан чиқа олса, ана марҳамат кейин дастуримизга эга бўлайлик ва режа асосида фаолият олиб борайлик.
Ишласа бўлади... Ўзбекистон Республикасининг минтақа, Осиё, МДҲ ва жаҳонда тутган беқиёс ўрни бор. Мен юқорида футболимизни ҳурмат қилмай қўйишди дедим, лекин давлат сифатида биз жуда кучли сиёсатга эга, ўз йўналишидан тўхтамай одимлаётган мамлакатмиз. Лекин футбол томонидан биз давлатимиз яратиб бераётган шароитлардан оқилона фойдалана олмаяпмиз. Сўнгги йилларда Япония ва Жанубий Кореянинг турли соҳа бўйича катта раҳбарларини Ўзбекистонга келиши одат тусига айланди. Шундай экан, нима учун футболни ривожлантириш борасида улар билан алоқаларни мустаҳкамламаймиз.
Юртбошимиз, бекорга, ўрганишдан уялманг демаганлар. Ўрганиб муваффақиятга эришсак, бунда бизнинг фарзандларимиз манфаатдор бўлса, келажак учун яхши эмасми? Мамлакатимизда саноатга берилаётган эътиборни бир қаранг. Водийда тикилаётган кийим-кечак махсулотлари Европа стандарти асосида ташқи бозорга экспорт қилиняпти. Шу тадбиркорлар ҳам ўқиди, ўрганди, изланди ва ечимини топди. Футболимизда ўқимаганлар кўпайиб кетди. Енгил-елпи қўлга киритилган лицензиялар иш учун асосий қурол бўлиб қолди, билим эмас. Шунга сўнгги йилларда биздан чет эл даражасидаги футболчи чиқмай қўйди. Бу кетишда Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов келаётган ўн йилда ҳам энг кучли легионер мақомини ушлаб тураверишади, чунки бошқасини кўрмаяпмиз.
Футбол - бу саноат! Футболда фаолият олиб бораётганлар ойликдан ойликкача ишлашни эмас, ёзда тупроқ босиб кетмон чопадиган фермер каби мамлакат бойлигини оширишга ҳаракат қилиши керак. Бунинг учун ватанпарвар бўлиш лозим. Битта футболчининг хорижга кетиши ва уни йиллар давомида у ерда фаолият олиб бориб, давлатимизга чет эл валютасини олиб келишининг ортида катта гап бор. Худди ўз чўнтагидан пул тикиб тарбиялаб қўйгандек, арзон нархга футболчиларни сотмайдиган клубларимиз тўлиб ётибди. Бер имконият кетсин, пул топиб ҳеч бўлмаса ўз қишлоғини ободонлаштирсин. Фикрлаши ўзгарсин, профессионал бўлсин. Жуда бўлмаса, иккига бўлиб ўйнатиш имконияти бўлади.
Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимиз истаган пайтда ўзлари учун кучли рақиб топяптилар. ЎФФ ва Марказда ҳам мақтанишга арзигулик ишлар йўқ эмас, бор. Лекин улар нега рақиб топяптилар, боиси улар ғалаба қозоняптилар. ЖЧнинг мунтазам иштирокчилари улар, асосий МТЖ биронта жаҳон чемпионатига чиқмас экан, ҳеч ким биз билан текинга ўйнаб кетмайди. Маркетинг бошқараётган янги аср футболида пул биринчи ўринда, бошқасига йўл йўқ. Лекин гап шунда-ки, биз ЖЧга чиқадиган жамоага ўхшамаяпмиз. Ҳаммасини “0”дан бошлашга ғуруримиз етмаётгандек. Керак бўлса, Малайзия билан келишиш керак, турнирларни ташкиллаштириш йўлида. Индонезиядан иш ўрганишимиз керак, маркетинг соҳасида. Японияга мутахассисларни юборайлик, ПФЛни кучайтиришни ўйласинлар. Йил давомида билсангиз эди, кучли мутахассислардан иборат қанчадан-қанча семинарлар бўлади. 10та семинардан битта яхши гап эшитиб, биттасига амал қилишни ўргансак шуни ўзи бизга фойда бўлади. Сабаби, бизда болалар тўғри йўлдан кетяпти. Лекин уларни катта бўлганида йўқотишимиз алам қилмаяптимикин? Бирон техникага 10 йил давомида пул тикаверсангиз-у, ишлаш муддати тугамай бузилаверса, ўзингизга алам қилмайдими? Бунга ҳам меҳнат кетяпти-ку... Ҳа, лекин пул чўнтакдан эмас. Бу худди ижарага машина олиш билан тенг. Машина ўзингизники бўлса уни қандай ҳайдайсиз-у, ижарачиники бўлса қандай? Бундан ортиқ таъриф бера олмадим.
Қирғизистон билан ўйинни бекор бўлгани хато эмас. Лекин, бекор бўладиган шартномани тузиш, бу катта хато эди! Тезкорлик билан рақиб топилди. Маълумот ўрнида эслатиб ўтай, маҳаллий футболчилардан иборат терма жамоамизни йиғинга жалб этар эканмиз, Таиланддаги “Қирол Кубоги”га рад жавобини бериш ҳам бу йилги хатолардан бири бўлганининг бугун гувоҳи бўляпмиз.
Куни кеча Камбоджа терма жамоаси ўз майдонида Шарқий Тиморни қабул қилди. Қуйидаги сурат ўйин бошланишига 3 соат қолганида олинган. Стадион тўлиб бўлган, аммо унга ташриф келаётганлар сони камаймаяпти. Мен аллақачон ўзимизни Жанубий Корея, Эрон ёки Японияга солиштирмай қўйганман. Аллақачон уларни ўзимиздан ўтказиб юборганмиз.
Камбоджа терма жамоаси ўз ўйинида 200 минг АҚШ долларидан ортиқ даромад кўрди. Реклама тўсиқларининг ўзидан 150 000 АҚШ долларига яқин пулни ишлади. Ён бошдаги рекламаларнинг нархи 7-10 мингни ташкил этди, дарвоза ортидаги кўримли жойлари 15 000 АҚШ долларигача борди. Чипта ва атрибутикалар сотувидан 50 000 “кўкат” ишланди.
Кеча “Оқ-Тепа” жамоасининг биринчи лигадаги иштирокини тўхтатиши ҳақидаги хабар чиқди. Тизим тўғри ишлаб турган ташкилотда бундай муаммолар бўлмайди. Ҳар йили биринчи лигани кимдир эрта тарк этади. Олий лига эса қарз билан мавсумни тугатади. Аслида муаммо жуда кенг. Марказ, ЎФФ ва ПФЛни ўртасида боғлиқлик йўқ. Шу кунгача учта ташкилот вакиллари, барча ходимларини қўшган ҳолда якка мажлис ўтказмаган, ўз дастури билан. Йилда бир бўладиган одатий йиғилишни инобатга олмаяпман. Уч ташкилот ҳам кемани уч томонга тортади. Ваҳолангки, манзил сари битта йўл бўлади. Тўғрига, ўнгга ё чапга бурилиш керак. Уч ташкилот, уч томондан айланиб боргунича, Қатар, БАА, бугунги ҳолатидаги Ироқ битта йўл билан ЖЧ томони боришни уддасидан чиқади.
Бу кетишда ҳали биз жуда кўп “яма”ларга тушадиганга ўхшаймиз, тайёр турамиз, ҳар доимги гапим, ота – онангиз учун, ўзингиз ота – она бўлсангиз фарзандларингиз учун асабларингизни асранг, ҳаёт - бу футбол эмас!
Нодирхўжа Юлдашев
Комментарии