Азиз Ҳайдаров: «Футболда натижа инобатга олинади»
07 сен 2016 09:00
Новости
Азиз Ҳайдаров: «Футболда натижа инобатга олинади»
Қатарликлар эса аксинча, Теҳронда Эрон терма жамоаси билан куч синашиб, қўшимча бўлимларда қўйиб юборилган голлар туфайли аламли мағлубиятни тан олишди. Ўз таркибини «маҳаллийлаштирилган» футболчилар ҳисобига кучайтириб олган Қатар термаси учун бугунги ўйиннинг қадри ниҳоятда баланд. Буни терма жамоамиз етакчиларидан бири Азиз Ҳайдаров ҳам алоҳида таъкидлади.
- Азиз, таъкидлаб ўтиш лозим, жамоамизнинг кичик, аммо муҳим ғалабаси билан якунланган Сурия термасига қарши ўйиндаги ҳаракатларингиз ўртача чиқди. Умуман, мазкур учрашув ҳақидаги фикрларингиз қандай?
- Энг аввало, бу ғалаба ҳамда истиқлолимизнинг 25 йиллик тантанаси билан мухлисларни, халқимизни табриклайман. Ишқибозлар ўша куни бизни ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришди. Очиғини айтсам, анчадан бери бундай ёқимли муҳитда тўп сурмаган эдик. Ўйинга келсак, биз чиндан ҳам қийин, лекин муҳим ғалабани қўлга киритдик. Ҳар бир мусобақа, ҳар бир босқичнинг илк ўйини ҳамиша шундай мураккаб кечади. Боз устига, жамоамизда масъулият ҳисси жуда юқори эди. Шу боис, кучли босим остида ҳаракат қилишимизга тўғри келди. Сурия термаси эса кўпчилик ўйлаганидек, кучсиз жамоа эмасди, аслида. Меҳмонлар ҳимояда деярли бехато ўйнашди. Эътибор берган бўлсангиз, ҳисобни очиб олганимиздан кейингина майдонда бўш ҳудудлар кўзга ташланди. Унгача эса айнан шу жиҳатдан анча қийинчиликка дуч келдик. Аслида тезкор гол вазифамизни енгиллаштиришини билардик. Аммо меҳмонлар бунга имкон беришмади. Эҳтимол, босим ҳисси кучлилигидан мухлислар кутган ўйинни кўрсатолмагандирмиз, лекин муҳими - натижага эришдик. Тасаввур қилинг, жуда ҳам чиройли, мазмунли ўйин кўрсатиб, мағлубиятга учрадик... Менимча, бундан ҳеч ким қувонмасди. Чунончи, футболда ҳамиша ўйин эмас, натижа ёдда қолади.
- Тан олиш керак, «Бунёдкор» стадионидаги майдоннинг ҳолати идеал даражада эмасди. Маълумки, бундай чим устида техникага асосланган футбол намойиш этишнинг имкони йўқ, ҳисоби. Балки бош муаммо шундадир?
- Бу ҳақда аввал ҳам кўп фикрлар айтилган. Ҳақиқатан, майдоннинг ҳолати яхши эмас. Шунинг учун биз қайсидир рақибдан тажриба бобида икки бош устун бўлсак ҳам, чимнинг «оғир»лиги икки хил савиядаги жамоа кучини тенглаштириб қўймоқда. Бундай вазиятларда ўзимиз истаган ўйинни намойиш этолмаслигимиз турган гап. Футболчи ўз имкониятларини тўла намойиш қилиши учун энг аввало, майдон сифатли бўлиши керак.
- Сизнинг муҳим учрашувда захирага олинишингиз кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди. Ўйиндан кейин эса жароҳат орттириб олганингиз ҳақида маълумотлар тарқалди...
- Ҳа, чиндан ҳам, рақибнинг 11-рақамли ҳужумчиси билан тўқнашиб кетиб, оёғимни шикастлаб олдим. Ўйин вақти оғриқ кучайиб боравергани сабаб, захирага олишларини ўзим илтимос қилдим. Негаки, шу аҳволда яна 5-10 дақиқа майдонда ҳаракат қилганимда, оёқ пайлари жиддий жароҳатга учраши мумкин эди. Афсуски, Қатар термасига қарши учрашувда жамоамизга ёрдам беролмайман, чоғи. Чунки оғриқ ҳали ҳам безовта қилмоқда. Мен эса ҳал қилувчи мазкур босқичнинг ҳар бир ўйинида жамоамизга наф келтиришни чин дилдан истагандим...
- Гуруҳдаги асосий рақибимиз - Жанубий Корея терма жамоасининг бугунги имкониятлари, ўйинлари ҳақида нима дея оласиз?
- Корейслар илк турда Хитой термасини 3:2 ҳисобида мағлуб этишганидан хабарим бор. Ҳисобни инобатга олсак, ўйин тенг курашлар остида кечганга ўхшайди. Бироқ Жанубий Корея термаси барибир, бу учрашув фаворити эди. Менимча, майдон эгалари 3та гол уриб олишганидан сўнг хотиржамликка берилишди ва бундан хитойликлар унумли фойдаланишди. Шахсий фикримча, биз ҳозир гуруҳдаги рақиблар ҳақида ўйламаслигимиз керак. Яъни энг аввало, ўз ўйинимиз ҳақида қайғуриб, бирин-кетин ғалабаларга эришишимиз лозим.
- Клубдаги ишларингиз қандай кетмоқда?
- Тўғрисини айтсам, терма жамоа ихтиёрига келишим олдидан клуб раҳбарияти, хусусан, бош мураббийимиз имкон қадар ортга жароҳатсиз қайтишимни илтимос қилганди. Лекин «аяган кўзга чўп тушади», деганларидек, кутилмаган жароҳатга йўлиқдим. Аммо нима ҳам дердим, бу - футбол. Умид қиламанки, жамоадошларим ҳам, мураббийлар ҳам, клуб раҳбарияти ҳам буни тўғри тушунишади.
- Аввалги суҳбатларимизнинг бирида клубингизни алмаштиришга боғлиқ режалар хусусида гап очгандингиз...
- Аслини олганда, «Ал-Шабаб» билан тузилган бир йиллик шартномам ҳамон ўз кучини сақлаб турибди. Лекин муаммо шундаки, орттирилган янги жароҳат сабаб, менга бошқа келишув таклиф қилмасликлари ҳам мумкин. Яхши биласиз, араб клублари асосий эътиборни легионерларга қаратишади ва айнан хорижликлар ўйиннинг бориши ҳамда натижани белгилаб беришлари лозим. Билмадим, балки кейинги тақдиримга шу омиллар асосида ойдинлик киритилар?.. Хуллас, келажагимга доир ҳамма гап жароҳатимнинг нечоғли жиддийлигига боғлиқ. Умид қиламанки, ҳаммаси ижобий якун топади.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Комментарии