RU

Последние новости

10:55Қоил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  1 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  3 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  0 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  1 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  4 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2 07:31Янги мавсумда Про лигада ўйнамайдиган «Дўстлик» етакчисини сотувга қўйди  1 05:09АПЛ. "Ливерпуль" ўз уйида иродали тарзда "Лестер"ни мағлуб этди  6 01:20АПЛ. "Бўрилар" "Қизил иблислар"ни ғажиб ташлади  32 00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  3 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  23 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  4

Асрор Алиқулов: "Вильянуэва мен учун энг ноқулай ҳужумчи эди" Новости

Асрор Алиқулов: "Вильянуэва мен учун энг ноқулай ҳужумчи эди"

Таниқли собиқ футболчи Асрор Алиқулов билан суҳбатимиз давом этади.

22 ноябрь куни суҳбатнинг биринчи қисмини бергандик. Унда ёш мураббий “А” лицензияси учун ўқув курслари қандай ўтгани ҳамда “Шўртан”даги фаолияти ҳақида гапириб берганди. Интервьюнинг иккинчи қисмида Алиқулов Про лига ва Суперлига формати ҳақида ўз фикрларини билдиради ҳамда футболчилик даврини ёдга олади.

- “Қашқадарё Бразилияси” - Косондан ҳозир ҳам иқтидорли футболчилар етишиб чиқяптими?
- Тўғрисини айтсам, Косонга бормаганимга ҳам анча бўлибди. Футболчилик пайтимда ўйинлардан кейин кўпинча бўш бўлардим. Аммо мураббийлик соҳасини бошлагандан кейин вақт бирмунча кам бўлиб қолар экан. Асосан ўзингиз ишлаётган жамоа билан овора бўласиз. Охирги икки йилдан бери Косон футболини яқиндан кузатганим йўқ. Лекин тумандан ҳалиям яхши футболчилар етишиб чиқмоқда ва улар “Насаф” ўринбосарлари таркибида тўп тепяпти.

- “Шўртан”дан кетгач нималар билан шуғулландингиз? Оддий бир кунингиз қандай ўтди?
- Тошкентга келиб кўп ўйинларни кузатдим. Болалар футболи билан яқиндан танишдим. Болалар ўртасидаги турли учрашувлар ва мусобақаларни кўрдим. Суперлига ўйинларини имкон қадар таҳлил қилиб боряпман. Қолаверса, ҳозир “Машъал” футбол клубида селекционер-мураббий бўлиб ишлаб келаётганим учун бир нечта ёшларни кузатдим. Мен учун селекционер бўлиб ишлаш бирмунча зерикарли бўляпти. Кўпроқ бирорта жамоани майдонда бошқарсам дейман.

- Агар “Машъал” келаси йил Суперлигада ўйнаса ўринбосарлар таркибига ҳам эга бўлади. Айтайлик, сизга ўринбосарларни топширишса ишлайсизми?
- Жон-жон деб ишлаган бўлардим. Чунки менга жамоани бошқариш ёқади. Ёшлар билан ишлаш эса янада қизиқарли деб ўйлайман.

- Мураббийлик соҳасида ҳали ёшсиз. Айтинг-чи, сизга қандай футбол ёқади? Кўпроқ қайси услубдан фойдаланишни хуш кўрасиз?
- Ўзим ҳимояда тўп тепганим учун ҳимоявий футболни афзал кўраман деб айта олмайман, бироқ менга ҳимояда тартибли футбол ёқади. Қисқа муддат “Шўртан”да ишлаган бўлсам ҳам тартибли ўйнашга ҳаракат қилдик. Мен ишлаган пайт 0:3, 0:4 каби ҳисоблар кузатилмади. Ҳар доим жамоам мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этишини хоҳлайман. Чунки ишқибозлар стадионга чиройли футбол кўриш учун келади. Шу билан бирга ҳужумни ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Лекин буни рақиб жамоа кучидан келиб чиқиб ҳал қилиш керак. Агар сизга рақиб эркинлик берса бундан фойдаланиб ҳужумга ўтиш лозим. Мабодо рақиб сиздан кучли бўлса унда анча эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишга тўғри келади. Ҳозирги футболда фақат ҳужумкор ёки фақат ҳимоявий деган тушунча йўқ. Ҳаммаси вазиятдан келиб чиқиб амалга ошириляпти. “Шўртан” ўринбосарлари билан ишлаганимда қайсидир усулларни амалга тадбиқ қила олгандим. Аммо асосий таркибда бунга вақт камлик қилди. Тўғрисини айтсам, менга ҳимояда ётиб рақибнинг хатосини пойлаш ёқмайди.


- “Шўртан” бош мураббийи сифатида энг эсда қолган ўйинингиз?
- Сафарда “Андижон” билан кечган баҳс. Бунгача уйда дуранг ўйнагандик. Клубда шароит оғир эди, қарама-қаршиликлар ҳам юзага келганди. Шунга қарамай, “Андижон”га қарши жиддий тайёргарлик кўрдик. Машғулотда футболчиларни ҳам аямадим, бусиз ғолиб чиқа олмасдик. Ўзим ҳимоячи бўлганим учун кўпроқ рақибнинг ҳимоядаги ўйинига эътибор қаратдим. Сафарда тартибли ҳимояланмасак бўлмасди. Шу боис қарши ҳужум вариантини танладик. Ўйин битта голгача давом этадиган баҳсга ўхшади. Гол уриб олганимиздан сўнг мезбонлар кўпроқ ҳужумга ўтишди, бу эса бизга қўл келди. Рақибни ўрганаётганда уларнинг ҳимоячилари тез эмаслигига эътибор қаратгандим. Натижада ҳужумчиларга янада тезроқ ҳаракат қилишларини уқтирдим.

- Айтайлик, ўйин зерикарли ўтди, бироқ жамоанингиз ғалабага эришди. Бу сизни хурсанд қиладими?
- Йўқ. “Шўртан” ўринбосарлари “Машъал” ёшларига қарши ўйнаганида шундай бўлганди. Гарчи ғалаба қозонган бўлсак-да, ўша учрашувда 50га 50 вазиятда урилган гол ҳисобга олинган. Голни ҳисобласа ҳам, ҳисобламаса ҳам бўларди. Бу ҳакамнинг виждонига ҳавола эди. Ўйин ниҳоясига етгач, кийим алмаштириш хонасига кирсам ҳамма футболчилар хурсанд. Шунда мен уларга айтдим: бундай ғалабадан кейин кўп қувониш керак эмас. Майдонга чиқинглар, яхши ўйнаб ғалаба қозонинглар, ана ундан кейин хурсанд бўлса арзийди. Биз ғалабага кимнингдир ёрдами билан эмас, балки ўз кучимиз билан эришишимиз керак.

- Ёшлар билан ишлаб шундай футболчиларга дуч келдингизми: яъни иқтидори зўр, аммо характери оғир. Масалан, гапга кирмайди ёки ўта қайсар.
- Ўзбекистонда бундай футболчилар ниҳоятда кўп. Фақат катталар орасида эмас, болалар футболида ҳам тез-тез учраб турибди. Ҳатто 8-9 ёшли болакайлар орасида ҳам бор. Характери оғир футболчиларга бошқача муомала керак. Мураббий уларнинг кўнглини топа олиши лозим. Бундай футболчилар жамоага керак. Замонавий футболда кўряпмиз, ҳамма яхши ҳимояланишни ўрганиб олди. Фақат мураббийнинг айтганига қараб ўйнайдиган футболчи шундан ортиғини бажара олмаслиги мумкин, аммо иқтидорлилар жамоани қийин вазиятдан олиб чиқиб кета олади.

- Бу йил Про лига ва Суперлига янгича форматда ўтказилди. Про лига форматини қандай баҳолайсиз? 18та жамоанинг 9тадан икки гуруҳга бўлиниши нима берди?
- Про лига тақими жуда зич тузилган. Ҳар 4-5 кунда ўйин ўтказишга тўғри келди. Оралиқ масофалар узоқ, аксар жамоаларда молиявий ҳолат яхши эмас. Бу йил шундай бўлдики, кўп жамоалар футболчиларни ўйинга тайёрлаш билан эмас, балки ўйиндан ўйинга тиклаш билан вақтни ўтказишди. Шу томонлама кўп ноқулайлик келтирди. Ким декабрь ва январда йиғин ўтказган бўлса, унчалик қийналмади. Аммо февралда йиғилган жамоалар учун оғир бўлди. Авваллари биринчи лига иккита минтақага бўлиб ўтказиларди ва жамоалар йўл азобини унчалик ҳис қилмасди. Лекин бу йил кўп вақт йўлда ўтиб кетди. Фараз қилинг, водийдан Нукусга ёки Сурхондарёга бориб келиш осон эмас. Битта ўйин ўтганидан сўнг кейинги учрашувга тайёрлашга ҳаракат қиласиз, аммо вақт камлигидан фақат тикланиш билан кифояланиб қоласиз. Энди Суперлига ҳақида гапирадиган бўлсам, битта жамоа билан қисқа вақт ичида тўрт марта, агар Кубокка ҳам тушиб қолса, беш марта ўйнаш руҳий томонлама жуда қийин. Футболчиларга кўпроқ ҳар хил жамоаларга қарши тўп тепиш ёқади. Ўзим ҳам футболчилик пайтимда бу нарсани кўп марта бошимдан ўтказганман.

- Нима деб ўйлайсиз, балки Про лигани яна аввалгидек иккита минтақага бўлиб ўтказган маъқулдир?
- Бу аввало жамоаларга йўл томонлама қулайлик туғдиради. Агар масаланинг шу томонлари ҳам ҳисобга олиниб қарор чиқарилса яхши бўларди.

- Суперлиганинг биринчи босқичидан кейин жамоалар икки гуруҳга бўлиниши қанчалик қизиқ бўлди?
- Бу фақат баъзи жамоалар учун қизиқ бўлди: асосан чемпионлик учун курашган ҳамда Суперлигадан тушиб кетмаслик учун ўйнаганлар учун. Ўртада юрган жамоалар бетараф бўлиб қолишди. Масалан, кучли олтиликка кириб олганидан кейин “Металлург” ҳартугул қаршилик кўрсатди-ю, лекин “Бухоро”нинг ўйини чиқмади. Натижада клуб биринчи босқичга нисбатан пасайиб кетди. Билмадим энди бу формат қанчалик тўғри ёки нотўғри.

- “Олтин очколар” борасида нима дейсиз?
- Бу ўзига хос сюрприз бўлди. “Олтин очколар” ҳеч бир ўйин шунчаки эмаслигини кўрсатиб берди. Мана “Пахтакор”нинг қандай ҳолатга тушиб қолганини ўзингиз кўрдингиз. Токи биринчи босқич якунига етмагунига қадар ҳамма ўйинларга жиддий муносабатда бўлишга тўғри келди. Мен Суперлигада жамоаларни кўпайтириш тарафдориман. Биз катта ҳудудга эга давлатмиз, футбол клублари ҳам кўп, шу боис 12та жамоа бироз камроқ деб ўйлайман. Аммо менга бу йилги Кубок формати ёқди. Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида биз доим кейинги ўйинлардан умид қилиб келамиз. Битта ўйинни юта олмасак, кейингисини кутамиз. Ўзбекистон Кубоги баҳслари битта учрашувдан иборат бўлган кейинги ўйин йўқлигини ва ҳар бир жамоа фақат шу бугунги баҳсни ютиши шартлигини кўрсатиб берди. Эртага жавоб учрашуви бўлмайди: ё бугун ютасиз ёки мусобақани тарк этасиз. Мана шу формат футболчиларга ҳам ўз таъсирини ўтказди.


- Сизни футболчилик фаолиятдан тўлиқ қониққан инсон деса бўладими?
- Йўқ. Баъзан янада яхшироқ ўйин кўрсатишим мумкин эди деб ўйлаб қоламан. Шу боис ҳозир мураббий сифатида ичимда қолиб кетганларни ёш футболчиларга беришга ҳаракат қиляпман.

- Қониқмаслик сабаби нимада? Ахир олий лигада энг кўп ўйин ўтказган футболчилардан бирисиз. Ё совринлар кам бўлиб қолганми?
- Йўқ, мен бу ўринда совринларни назарда тутаётганим йўқ. Чунки совринга ҳар доим жамоа сифатида эришасиз. Мен фақат ўз ўйиним ҳақида гапиряпман. Айтайлик, терма жамоада янада яхшироқ ҳаракат қилишим мумкин эди.

- Эсимда, ўз вақтида сиз билан ўйнаган энг яхши тўртлик ҳақида сўрашганди.
- Ҳа, эсимда. Ўшанда Алиқулов – Ашурматов – Гочгулиев - Николаев деб жавоб берганман. Лекин ўзим терма жамоада кўп нарсани Андрей Фёдоровдан ўргандим. Қолаверса бошқа ҳимоячилардан ҳам яхши фазилатларини олишга ҳаракат қилганман.

- Ҳозир Ўзбекистон чемпионатида тўп тепаётган энг яхши ҳимоячи ким?
- Мен истиқболи порлоқ деб Рустам Ашурматовни айтган бўлардим. Агар ўз устида ишласа келажакда ундан яхши футболчи чиқади. Рустам - марказий ҳимоячи, ўйин пайтида унинг елкасига кўп юк тушади. Фақат ҳамма гап қанчалик кўтара олишида. Шунингдек, Анзур Исмоилов ҳам алоҳида мақтовга лойиқ.

- Адашмасам, бир марта қанот ҳимоясида ўйнаш менга ёқмайди дегандингиз.
- Йўқ, аксинча марказий ҳимояда тўп тепишни ёқтирмайман деганман. Чунки ёшлигимдан қанот ҳимоясида ўйнаганим учун кўп ҳаракат қилардим: олдинга бориб яна орқага қайтардим. Ашурматов ва Гочгулиев “Пахтакор”да пайтида марказда ўйнашимга ҳожат қолмаганди. Аммо улар “Бунёдкор”га ўтиб кетгач, мураббийлар мени марказий ҳимояга қўйишди. Ўшанда мен учун марказда ҳаракат қилиш қандайдир зерикарли кўринганди.

- Ўша пайтлари “Пахтакор” ва “Бунёдкор” ўртасидаги баҳслар чинакам дерби мисолида кечарди, тўғрими?
- Худди шундай. Ўзиям ҳақиқий дербилар бўлган. Тўғриси, ўша ўйинларни ҳозирги бирорта учрашувга қиёслай олмайман. Тўпни дарвозабон ўз жамоадошига ошириб бергани заҳоти тўп учун кураш бошланарди. Ҳозир Ўзбекистон чемпионатида бунақа тўқнашувлар умуман кузатилмаяпти.

- “Бунёдкор”га қарши энг эсда қолган ўйин?
- Ҳар бир баҳс ўзига яраша аҳамиятга эга бўларди. Эсингизда бўлса, МҲСК стадиони одамга тўлиб кетарди. Ўйин чиройли бўлса халқ келаверар экан. Ҳамма гап футбол тезлигида, ўйин тез кечиб савия баланд бўлса, одамларни яна қайтарса бўлади.


- Бизда мазмунли фаолият олиб борган футболчилар кўп. Аммо футболдан кетаётганини кимдир билиб кимдир билмай қоляпти. Хайрлашув учрашувларини ўтказиш ҳам анъанадан чиқиб кетди. Бу борада нима дея оласиз?
- Энди бу ўзбек халқининг ўзига хос камтарлиги бўлса керак. Биз қаранглар мен футбол билан хайрлашяпман дея олмаймиз, бироз камтарлик қилиб жим ўтирамиз. Ҳар ҳолда ота-боболаримиз шунга ўргатган.

- Сиз қарши тўп сурган энг кучли ва энг эсда қолган ҳужумчи?
- Бундай ҳужумчилар кўп бўлган. Кимдир жисмоний томондан, кимдир тезлик бўйича. Кимдир бош билан ўйнаш бўйича кучли эди. Масалан, Зайниддин Тожиевни олайлик. Ундан тўп олиб қўйиш ниҳоятда қийин эди, қолаверса йиқилмасди ҳам. Тожиев доим оёқда тура оларди. Рақиб ҳимоясини ёриб киришини айтмаса ҳам бўлади. Уни фақат тўғри жой танлаб енгиш мумкин эди, агар бирга бир югураман десангиз, тамом ютқазасиз. Анвар Бердиев, Гейнрих, Солиев кабиларни эса битта имкониятдан фойдаланиб кетадиган ҳужумчилар деган бўлардим.

- Сиз учун энг ноқулай ҳужумчи?
- Шундай ҳужумчи бўлган. Бу - “Бунёдкор”да ўйнаб кетган Хосе Луис Вильянаэва эди. Уни ҳарқанча ёпмайлик, барибир битта бўш жой топиб гол уриб кетарди. Шу ўринда бир гапни айтиб кетсам, агар ҳимоячи ўйинга яхши тайёргарлик кўрмаса ҳар бир ҳужумчи ноқулайлик туғдиради.

- Охирги савол. Фаолиятингиз давомида сизга энг кўп таъсир кўрсатган мураббийни айтиб ўтсангиз?
- Мен билан ишлаган ҳар бир мураббийга ҳурматим баланд. Болалик пайтимдаги биринчи мураббийимдан бошлаб то охиргисигача. Чунки ҳар бир мураббий нимадир беришга ҳаракат қилган. Аммо фаолиятимда катта бурилиш ясаган деб Тачмурод Агамуродовни айтган бўлардим. Тачмурод Шамакович мени “Насаф”дан “Пахтакор”га олиб келганди. Бу мураббий қўл остида ўйнаб кўп нарсани ўргандим дея оламан.

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Интервьюнинг биринчи қисми бу ерда: Асрор Алиқулов: "Қашқадарёда футбол мавқеи пасайгани рост"

Рейтинг: +16   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика