Рўзиқул Бердиев: "Суюнов муҳим мусобақаларда ўзини кўрсатиши керак!"

23 авг 2014, 00:31
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистлар саволларига жавоб бериб ўтди.
—   Бугун жуда оғир ўйин бўлиб ўтди. Рақиб жамоа ҳимоявий ўйин кўрсатганда гол уриш тобора қийинлашади. Ўйин бошидаги имкониятлардан фойдалана олмаганимиз футболчиларни асабийлаштирди. Муҳими уч очкони қўлга киритдик.

—  Артур Геворкян кўп хатога йўл қўйди. Бугун у ўзига ўхшамади?

—  Учрашув бошида пеналтини амалга оширолмагандан сўнг унинг кайфияти тушиб кетди. Хатолари шу билан боғлиқ.

—  Ҳужумчилар ўз вазифаларини бажара олишмаяпти?

—  Ҳар бир ҳужумчимизга имконият бермоқдамиз. Негадир гол уриш қийин кечмоқда. Яна бир томони биз уй учрашувлардан кўра сафарда яхшироқ ўйнаяпмиз. Сафарда жамоалар ҳимояда ётиб олишмайди.

—  Жарима майдончаси ташқарисидан зарбалар йўлланмаяпти?

—  Менимча, унақа футболчилар камайиб кетмоқда. Нафақат “Насаф”да, балки Ўзбекистон чемпионатида узоқдан ишонч билан зарба берадиган футболчилар жуда кам.

—  Шоҳруҳ Гадоев кеча ўринбосарлар таркибида тўп сурди. Уни қачон асосий таркибда кўрамиз?

—  Шоҳруҳ ҳали асосий жамоада ўйнашга тайёр эмас. Жароҳатдан эндигина тузалди, у ҳали тўлиқ формага кириб олгани йўқ. Уни ҳозирдан қийнаб, яна жароҳатини янгилаб қўйишни истамаймиз.

—  Ўткир Юсупов тўғрисида фикрингиз?

—  Юсупов икки ўйинда ҳам дарвозани ишончли қўриқлаб Суюновнинг йўқлигини билдирмади. У келажаги бор дарвозабон ҳисобланади.

—  Элдорбек Суюновни Нестеровга муносиб ўринбосар сифатида кўрсак бўлаверадими?

Суюнов терма жамоа таркибида муҳим турнирларда қатнашгани йўқ. Муҳим мусобақалар унинг келажагини белгилайди. Ҳозирдан хулоса чиқаришга эрта!


Манба: voha.uz