

Тур сенсацияси Мюнхенда кузатилди. Мамлакатнинг охирги 6 йилдаги чемпиони ва жорий мавсум ҳам пешқадамлик қилаётган "Бавария" ўз майдонида иккинчи ўнталикда бораётган "Аугсбург"ни мағлуб эта олмади.
Таркибда ротацияга қўл урган, айниқса чап қанот ҳимоясида аслида ярим ҳимоячи ҳисобланган Горецкани бир бўлим ўйнатган Ковач, иккинчи таймда Алабани туширишга мажбур бўлди. Чунки Горецка ўзи учун буткул янги нуқтада киришиб кетолмади. Шунингдек, Роберт Левандовскига ҳам дам берилди. Франк Рибери ва Тиаго Алькантара эса захирадан ўйинга қўшилди. Айнан шу жиҳатлар ва тиғиз тақвим туфайли жамоа шу куни ўзининг ҳақиқий футболини намойиш этишга қийналди. Қайсидир жиҳатдан рақибни муносиб баҳолай олинмагани ҳам жамоага якунда қимматга тушди. Гарчи жамоа кутилганидек ўйнолмаган бўлишига қарамасдан, гол уриш ва ҳисобни йирик кўринишга келтириш учун керагидан ортиқ вазиятлар содир этди. Аммо вазиятлардан фойдаланишда келганида жамоа оқсади. Ҳисоб қалтис бўлишига қарамасдан "Бавария" жуда ортиқча ишонч билан ўйнагани якунда ўзига панд берди. Жамоа тўпни керагидан ортиқ кўп ўз жарима майдончаси олдида назорат қилди. Ўйин якунланишига 3 дақиқа қолганида рақиб бурчак зарбасидан унумли фойдаланди. Нойернинг тўпга чиқишдаги хатосидан сўнг "Бавария" тарбияланувчиси Феликс Гётце собиқ жамоасини жазолади. Натижада жамоа ўз уйида қимматли 2 очкони қўлдан чиқарди.
Ковач қўл остида жамоа илк маротаба ғалаба нашидасини суролмади. Аммо шунга қарамай жамоа 13 очко тўплаган ҳолда биринчи поғонадан ўрин олган. Мюнхенликларнинг энг яқин таъқибчиси "Вердер" ҳисобида 11 очко мавжуд. Учинчи ўринда эса "Герта" бормоқда.
Айнан шу кучли-учликни якунлаб турган жамоалар кеча ўзаро беллашишди. Бременда меҳмон бўлган пойтахтликлар қизиқарли кечган баҳсда 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Дастлаб биринчи бўлим стартида Мартин Харник таблодаги ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Танаффус олдидан эса Милош Великович орадаги фарқни иккитага оширди.
Иккинчи бўлимда меҳмонлар ўйинга анча жаҳл қўшишди ва ўртадаги фарқни қисқартирувчи голни уришди. Явайро Дилросун томонидан киритилган гол "Герта"га ўйинни сақлаб қолиш учун умид бағишлаганди. Бироқ "Герта" дарвозаси томон белгиланган пенальти ҳаммасини чиппакка чиқарди. Макс Крузе "нуқта"дан адашмагани якунда "Вердер"га муҳим ғалабани тақдим этди. Натижада жамоа 11 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўринга жойлашиб олди.
Ганноверга меҳмон бўлган "Хоффенхайм" мезбонларни аяб ўтирмади. Юлиан Нагельсманн жамоаси ўйинда катта устунликка эга бўлди ва биринчи бўлимда буни ҳисобда ҳам акс эттиришни уддалади. Танаффусдан сўнг "Хоффенхайм" тезкор гол уриб, мезбонларни ўйиндан чиқариб юборди. "Ганновер" фақатгина 55-дақиқа белгиланган пенальти туфайли рақиб дарвозасига йўл топди. Ундан ортиғини уддалашга уларни кучи етмади. Учрашувга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Ишак Белфодил томонидан киритилган гол ўйинга охирги нуқтани қўйди. Шу тариқа "Хоффенхайм" мавсумдаги иккинчи ғалабасини нишонлади ва вақтинча 5-ўринга кўтарилиб олди.
Ўтган мавсумни ажойиб тарзда ўтказган, жорий йилни жуда муваффақиятсиз бошлаган "Шальке" кетма-кет бешинчи мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Доменико Тедеско бошқарувидаги гельзеркирхенликлар "Фрайбург" майдонида мезбонларга таслим бўлишди.
Мамлакатнинг номдор жамоаларидан бири ҳисобланган, аммо ҳозирча ишлари унчалик юришмаётган "Байер" сафарда "Фортуна Дюссельдорф"ни кичик ҳисобда мағлуб этди. Кевин Фолланднинг дубли леверкузенликларга жуда зарур бўлган 3 очкони тақдим этди. "Фортуна" эса ўз майдонида учта ўйинлик мағлубиятсиз сериясига барҳам берди.
Мавсумни иккита ғалаба билан бошлаган "Вольфсбург" охирги 3 турда ютуқ нималигини билмай келмоқда. Бу сафар "бўрилар" ҳудди ўзлари каби стартни яхши олган, аммо сўнгги турда енгилган "Майнц" меҳмони бўлишди. Бу тўқнашув Бундеслиганинг 6-турида гол киритилмаган ягона учрашув бўлди. Натижага мос равишда ҳар икки жамоа турнир жадвалида ёнма-ён 6 ва 7-ўринларда боришмоқда.
"Боруссия Д" ўз майдонида элитага қайтган "Нюрнберг"ни қабул қилди. Бир кун олдин "Бавария"нинг очко йўқотгани дордмундликларнинг кайфиятларини кўтариб юборган кўринади. Люсьен Фавр шогирдлари рақиб дарвозасини оз эмас, кўп эмас нақд 7 маротаба аниқ нишонга олишди ва ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишди. Учрашувда жамоанинг "юраги" Марко Ройс иккита гол урди ва битта голга ассистентлик қилди. Шу тариқа, "сариқ-қоралар" Ковач бошчилигидаги "Бавария" билан фарқни иккита га қисқартиришди. Тўплар нисбатини эса асосий рақобатчилариникидан яхшироқ қилиб олишди.
Ўтган ҳафта Европа лигаси доирасида "Ред Булл"га ўз майдонида имкониятни бой бериб қўйган, кетидан дам олиш кунлари Бундеслига доирасида "Айнтрахт Ф" билан дуранг (1:1) ўйнаган "Лейпциг" бу сафар "Штутгарт"ни қабул қилди ва чемпионатдаги иккинчи ғалабасини тантана қилди.
Турнинг сўнгги учрашуви "Боруссия М" ва "Айнтрахт Ф" жамоалари ўртасида ўтказилди. Унда мюнхенгладбахликлар Плеа, Торган Азар ва Эльведиларнинг голлари эвазига 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Бундеслига 5-турида қайд этилган натижалар.
Бундеслига 5-тури рақамларда:
- Бундеслиганинг амалдаги кумуш медал соҳиби "Шальке-04" кетма-кет 5та ўйинда мағлубиятга учради;
- "Герта" дарвозасига кетма-кет бешинчи ўйиндирки ҳакамлар пенальти белгилашмоқда;
- Бу турга келиб чемпионатда очко йўқотмаган жамоа қолмади;
- Ортда қолган турда жами 27та гол урилди. Бу ҳар бир баҳсга ўртача 3тадан гол дегани.

Бундеслига турнир жадвали.

Бешинчи турдан сўнг тўпурарлар рўйхати.



