UZ

Сўнгги янгиликлар

19:19"Челси" ва "Атлетико" "Атланта Юнайтед" ўйинчисига даъвогар  0 19:15Суперлига. "Қизилқум" – "Локомотив" 0:0 (матнли трансляция)  1 19:00Суперлига. ОКМК - «Бунёдкор» 0:0 (Матнли трансляция)  0 18:43"Манчестер Юнайтед" ва "Атлетико" "Болонья" ҳимоячисига қизиқмоқда  0 18:00Максим Шацких: "Украина терма жамоаси ҳозирги таркиб билан Еврода узоққа бориши мумкин"  8 17:26Про лига. "Машъал" сафарда "Олимпик-MobiUz" билан дуранг ўйнади  4 17:11АПЛ болбойларнинг ўйинга таъсирини чеклайди  1 16:45МЮ "Ювентус" футболчиси учун ўз вингерини беришга ва қўшимча тўлов қилишга тайёр  1 16:11"Барселона" тарбияланувчисини қайтармоқчи  2 15:41"Ницца" АПЛ клублари қизиқаётган ҳимоячиси учун нарх белгилади  0 15:10ПСЖнинг 2 нафар футболчиси сафга қайтди  0 14:08Шенсни "Юве"да қолиши учун маоши камайишига рози бўлиши керак  1 13:40Гризманн қайтди  1 13:21Дилмурод Назаров хотирасига бағишланган "Наврўз Кубоги-2024" мусобақаси қандай ўтди?  7 13:09"Бавария" "Штутгарт" вингерига кўз тикди  0

Юбилей. Бахтиёр Ашурматовда 100та бўлди Янгиликлар

Юбилей. Бахтиёр Ашурматовда 100та бўлди

Суперлиганинг ёш мураббийларидан бири Бахтиёр Ашурматов бош мураббий сифатида ўзининг юбилей 100-учрашувини ўтказди.

Яхши биласиз, ҳозирда ушбу мураббий АГМК клубига устозлик қилмоқда. Албатта, олий лигада 100та ўйин ўтказиш ҳазилакам иш эмас. Бунинг учун мураббийларнинг кўп тер тўкишларига тўғри келади.  Бахтиёр Ашгурматовга 100лик маррасини забт этиш учун беш ярим йил керак бўлди. Ашурматов ушбу кўрсаткичга тўртта жамоадаги фаолияти орқали эришди. Қуйида юбиляр мураббийнинг олий лигадаги кўрсаткичларига тўхталиб ўтамиз. 

2013 ЙИЛ. ОЛИЙ ЛИГАДАГИ ИЛК МАВСУМ 

2013 йилги футбол мавсуми яна бир ёш мураббийни қарши олди. Футболчилик фаолиятини тугатганига ҳали кўп бўлмаган Бахтиёр Ашурматов “Гулистон” бош мураббийи сифатида олий лигада илк қадамларини қўйди. Тўғри, ёш мураббий бунгача ҳам “Гулистон”да бўлиб, жамоани биринчи лигадан элитага олиб чиққанди. Лекин барибир олий лига ҳавоси бошқача эмасми, Ашурматов бу жиҳатдан узун ва машаққатли йўл бошида турарди.

Футбол ўйнашни бас қилган мураббий учун “Гулистон” жуда мос тушарди. Чунки Ашурматовдан натижа кўп ҳам сўралмас, энг муҳими мураббий сифатида малака ошириш ва олий лига билан танишиб олиш имконига эга эди. Кўпчилик яхши эсласа керак, Бахтиёр Аъзамовичнинг олий лигадаги илк мавсуми у қадар яхши кечмаган. Негаки мавсум якунига келиб “Гулистон”  яна ўз жойига равона бўлганди. 

2013 йилни Ашурматов тўлиқ “Гулистон” бош мураббийи сифатида ўтказган. Айтиб ўтганимиздек, дастлабки мавсум ёш мураббий учун тажриба тўплаш мактаби бўлган. Ашурматов олий лигадаги илк ғалабасини дастлабки турдаёқ қайд этади. Сафарда “Қизилқум” билан кечган баҳсда “Гулистон” мавсумнинг илк ўйинида 2:0 ҳисобида зафар қучади. Шундан сўнг кетма-кет икки учрашувда 0:0 ўйнаган жамоа 4-турга келиб дастлабки мағлубиятини қабул қилиб олади. Мағлубият Тошкентда “Бунёдкор” билан кечган баҳсда рўй беради ва сирдарёликлар 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришади. 

Умуман олганда, ўша йили “Гулистон” олий лигада 26та ўйин ўтказган бўлса (чемпионатда 14та жамоа қатнашган), шундан олтитасида ғалабага эришган, икки бор дуранг ўйнаб, 18та ўйинда мағлуб бўлган. Тўплар нисбати 28-62. Жамоа 23 очко жамғарган ҳолда 13-ўринни эгаллаган ва яна биринчи лигага йўл олган. “Гулистон” чемпионатдаги олтита ғалабасини сафарда “Қизилқум” (2:0) ва уйда “Бухоро” (1:0), “Шўртан” (2:1), “Металлург”, “Сўғдиёна” (2:0) ва “Навбаҳор” (2:1) клублари билан кечган баҳсларда қўлга киритган. Бундан ташқари, ўша мавсум бирорта ўйинда йирик ҳисобда зафар қучмаган, қайтанга уч марта йирик ҳисобда ютқазиб қўйган. 

Ашурматовнинг 2013 йил “Гулистон”даги фаолияти ҳақида қисқача:
Илк ғалабаси: “Қизилқум” - “Гулистон” 0:2 (1-тур).  
Илк мағлубияти: “Бунёдкор” - “Гулистон” 1:0 (4-тур).
Йирик мағлубият: “Гулистон” - “Локомотив” 1:5 (11-тур), “Гулистон” - “Насаф” 0:4 (13-тур), “Локомотив” - “Гулистон” 6:2 (16-тур).  
Голларга бой ўйин: “Металлург” - “Гулистон” 5:3 (18-тур), “Олмалиқ” - “Гулистон” 5:3 (24-тур).
Чемпионатдаги кўрсаткичи: 26 ўйин, 6 ғалаба, 2 дуранг, 18 мағлубият. Тўплар нисбати 28-62. Очко: 20. 14та жамоа орасида 13-ўрин. 


2014 ЙИЛ. “НАВБАҲОР” БИЛАН ДАСТЛАБКИ МАВСУМ 

Гарчи “Гулистон” олий лигадаги бир йиллик иштирокидан сўнг яна биринчи лигага тушиб кетган бўлса-да, Бахтиёр Ашурматов ишсиз қолмади. Ёш мутахассисга бу сафар “Навбаҳор” қизиқиш билан чиқди ва Ашурматов Наманган томон йўл олди. У “Навбаҳор” бош мураббийи сифатида икки мавсум тўлиқ ишлаб, олий лигада 56та ўйин ўтказган. Ашурматов учун ҳар иккала мавсум ўртача кечган. Хусусан “Навбаҳор”даги илк мавсумида жамоа еттинчи ўринни банд этади, кейинги йил эса 8-ўрин билан кифояланган. 

Албатта, Наманганда ишлаш осон эмас. Чунки бунда доим мухлислар босимини ҳис қилиб туришга тўғри келади. Ашурматов буни жуда яхши билгани учун доим ишқибозлар билан тил топишишга ҳаракат қилган. Ашурматов биринчи йил “Навбаҳор”да тўққизта ўйинда ғалабага эришган. Худди “Гулистон”да бўлгани каби “Навбаҳор”да ҳам илк ғалабасини сафарда қўлга киритган. Жамоа 2-турда “Бухоро” майдонига сафар қилади ва меҳмондан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтади. Дастлабки мағлубият эса 1-турда (яъни мавсумнинг очилиш ўйинида) “Локомотив”га қарши баҳсда рўй берганди. 

Ўша йил Ашурматов қўл остидаги жамоа жами 30 очко тўплайди. Буни раҳбарият ўртача баҳолаб мураббийга яна ишлаш имконини беради. Шундай қилиб Бахтиёр Аъзамович кейинги йилни ҳам Наманганда ўтказади. 2014 йил “Навбаҳор” Ашурматов қўл остида 9та ўйинда ғалабага эришган. Жамоанинг уч очколи бўлиши сафарда “Бухоро” (2:0) ҳамда ўз майдонида “Насаф” (1:0), “Сўғдиёна” (4:2), “Андижон” (3:0), “Олмалиқ” (3:1), “Бухоро” (4:1), “Металлург” (4:2), “Қизилқум” (2:0), “Машъал” (3:0) билан кечган баҳсларда рўй берган. 

Ашурматовнинг 2014 йил “Навбаҳор”даги фаолияти ҳақида қисқача:
Илк ғалабаси: “Бухоро” - “Навбаҳор” 0:2 (2-тур).
Илк мағлубияти: “Навбаҳор” - “Локомотив” (1-тур).
Йирик ғалаба: “Навбаҳор” - “Андижон” 3:0 (8-тур), “Навбаҳор” - “Бухоро” 4:1 (15-тур), “Навбаҳор” - “Машъал” 3:0 (24-тур).    
Йирик мағлубият: “Бунёдкор” - “Навбаҳор” 3:0 (7-тур).  
Голларга бой ўйин: “Навбаҳор” - “Сўғдиёна” 4:2 (6-тур), “Навбаҳор” - “Металлург” 4:2 (18-тур), “Сўғдиёна” - “Навбаҳор” 5:4 (19-тур).
Чемпионатдаги кўрсаткичи: 26 ўйин, 9 ғалаба, 3 дуранг, 14 мағлубият. Тўплар нисбати 38-41. Очко: 30. 14та жамоа орасида 7-ўрин. 


2015 ЙИЛ. НАМАНГАНДАГИ ИККИНЧИ МАВСУМ 

Бахтиёр Ашурматов 2015 йилни ҳам “Навбаҳор”да ўтказади. Мураббий учун биринчи мавсум асосан жамоа ва муҳит билан танишиш учун кетган дейлик, лекин иккинчи йил тўлиқ мустақил ишлаш имконига эга бўлади. 2015 йилдан олий лигада клублар сони иккитага кўпайиб 16тага етказилди. Бу эса миллий чемпионатнинг янада қизиқ ўтишидан дарак берарди. Чиндан ҳам ўша йил олий лига анча қизиқ кечган дея оламиз. “Навбаҳор” юқорига астойдил ҳаракат қилади-ю, лекин кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқа олмайди. Шу боис жамоа 30та ўйиннинг фақат 11тасида ғалаба қозонади. Тўрт марта дуранг ўйнаб, 15 учрашувда мағлуб бўлади. 

Энг қизиғи, бир йил аввал содир бўлган воқеа каби “Навбаҳор” яна ўз майдонидаги мавсумнинг очилиш ўйинида ютқазиб қўяди. Бу сафар 1-турдаёқ Муборакнинг “Машъал” клуби Намангандан уч очко билан қайтиб кетади. Ўшанда “газчилар” 2:0 ҳисобида зафар қучишганди. Дастлабки ғалаба эса 4-турда “Сўғдиёна” устидан қўлга киритилади ва бунда “лочинлар” ўз уйларида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишади. 

Яна бир маълумот шуки, ўша йил “Навбаҳор” бирорта ўйинда йирик ҳисобда ғалабага эришмаган. Жамоа олий лигадаги 11та ғалабасини ўз майдонида “Сўғдиёна” (1:0), “Динамо” (2:1), “Бухоро” (3:1), “Шўртан” (4:2), “Нефтчи” (1:0), “Андижон” (1:0), “Қўқон-1912” (2:1), “Қизилқум” (2:1) ҳамда сафарда “Қўқон-1912” (1:0), “Металлург” (3:2) ва “Бухоро” (1:0) клублари устидан қўлга киритган. Эътибор берган бўлсангиз, Ашурматов шогирдлари ўша йил “Қўқон-1912”ни ҳар иккала учрашувда мағлуб этишган. 

Ашурматовнинг 2015 йил “Навбаҳор”даги фаолияти ҳақида қисқача:
Илк ғалабаси: “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” 1:0 (4-тур)
Илк мағлубияти: “Навбаҳор” - “Машъал” 0:2 (1-тур)
Йирик мағлубият: “Локомотив” - “Навбаҳор” 5:1 (15-тур), “Насаф” - “Навбаҳор” 5:1 (23-тур)
Голларга бой ўйин: “Андижон” - “Навбаҳор” 3:2 (9-тур), “Қизилқум” - “Навбаҳор” 3:2 (13-тур), “Навбаҳор” - “Шўртан” 4:2 (14-тур), “Металлург” - “Навбаҳор” 2:3 (17-тур), “Навбаҳор” - “Локомотив” 2:3 (30-тур).
Чемпионатдаги кўрсаткичи: 30 ўйин, 11 ғалаба, 4 дуранг, 15 мағлубият. Тўплар нисбати 40-51. Очко: 37. 16та жамоа орасида 8-ўрин. 


2016 ЙИЛ. АНДИЖОНДА АТИГИ 13 ТУР

“Навбаҳор”даги иккинчи мавсумдан кейин Бахтиёр Ашурматов истеъфога чиқади ва янги чемпионатни “Андижон” бош мураббийи сифатида бошлайди. Маълумки, андижонликлар мураббий алмаштириш бўйича устаси фаранг. Яхши ниятлар билан Андижонга борган Ашурматов ўзининг янги жамоасида кўп ишлай олмайди. Балки 13-турдан кейиноқ истеъфо беришга мажбур бўлади. Мана шу 13 тур ичида Ашурматов қўл остидаги жамоа атиги учта ўйинда ғалаба қозониб, 10 марта мағлубиятга учрайди. Албатта, 10та ўйинда ютқазиб қўйиш кўп дегани. 

“Андижон” янги мураббий билан илк ғалабасини 4-турда “Нефтчи”га қарши баҳсда қўлга киритган. Ўйинда майдон эглари 2:1 ҳисобида зафар қучишганди. Дастлабки мағлубият эса 1-турда рўй берган. Жамоа Тошкентда “Пахтакор” меҳмони бўлиб, 1:2 ҳисобида ютқазиб қўяди. Ашурматов бошчилигида “Андижон” 10та ўйинда ютқазган бўлса, шундан иккитаси йирик мағлубият бўлган. Жамоа ўз дарвозасидан Бухорода бешта, Қаршида “Насаф”дан учта гол ўтказиб юборади. 

Лекин учта ғалабадан биттаси йирик бўлганини ҳам айтиб ўтиш керак. Чунки “Сўғдиёна” билан кечган баҳсда “бургутлар” 3:0 ҳисобида зафар қучишганди. Шунингдек, иккита ғалаба ҳам Андижонда “Нефтчи” (2:1) ва “Машъал” (1:0)га қарши баҳсларда қўлга киритилган. Айтиб ўтганимиздек, 2016 йил Бахтиёр Ашурматов “Андижон”га фақат 13та ўйинда мураббийлик қилган. 

Ашурматовнинг 2016 йил “Андижон”даги фаолияти ҳақида қисқача:
Илк ғалабаси: “Андижон” - “Нефтчи” 2:1 (4-тур).
Илк мағлубияти: “Пахтакор” - “Андижон” 2:1 (1-тур).  
Йирик ғалаба: “Андижон” - “Сўғдиёна” 3:0 (6-тур)
Йирик мағлубият: “Бухоро” - “Андижон” 5:2 (5-тур), “Насаф” - “Андижон” 3:0 (7-тур).
Голларга бой ўйин: “Бухоро” - “Андижон” 5:2 (5-тур).
Чемпионатдаги кўрсаткичи: 13 ўйин, 3 ғалаба, 0 дуранг, 10 мағлубият. Тўплар нисбати 13-27. Очко: 9. 16та жамоа орасида 14-ўрин. 


2018 ЙИЛ. АГМК УЧУН “ТЕЗ ЁРДАМ” 

Бахтиёр Ашурматов 2016 йилнинг 13-туридан сўнг “Андижон”дан кетганидан бери қарийб икки йил ҳеч бир клубда бош мураббий бўлиб ишламади. Фақат ўтган йил “Бухоро”да ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб борди. Бу йил ҳам токи АГМКга келгунига қадар “Бухоро” жамоасида Улуғбек Бақоевга ёрдам бериб келаётганди. Қизиғи шундаки, Ашурматов 2016 йил 13-турдан сўнг аввалги жамоасидан кетган бўлса, 2018 йил 14-турдан янги жамоада иш бошлади. Гўёки тўхтаб қолган жойидан давом эттирганидек. 

Маълумки, АГМКнинг Суперлигадаги иштироки клуб раҳбариятини унчалик қониқтирмади, шу боис Виктор Кумиковга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Сўнгра Бахтиёр Ашурматов “тез ёрдам” сифатида жамоага таклиф этилди. Лекин Ашурматов келгани билан бирданига вазият ўнгланиб кетгани йўқ. Чунки АГМКнинг янги мураббий қўл остида илк ғалабасини нишонлаши учун бешта ўйин керак бўлди. Ва бу ғалаба Бахтиёр Аъзамовичнинг собиқ жамоаси “Бухоро”га қарши учрашувда рўй берди. Суперлиганинг 18-турида АГМК ўз майдонида “Бухоро”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Бунгача ўтказилган тўрт ўйинда учта мағлубият ва бир дуранг қайд этилганди. 

РАҚАМЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Шундай қилиб Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган АГМК - “Бухоро” учрашуви Бахтиёр Ашурматовнинг бош мураббий сифатида 100-ўйини бўлди. Умумий рақамларга тўхталадиган бўлсак, Ашурматов қўл остидаги жамоалар мана шу 100та ўйиннинг 30тасида ғалабага эришиб, 10 марта дуранг ўйнашган ва 60 бор мағлуб бўлган. Жами тўплар нисбати 124-189. Энг қизиғи, 100та ўйинда 100 очко қўлга киритилган. 

Лекин шу ўринда кишининг диққатини тортадиган бошқа жиҳат ҳам бор. Ашурматов футболчилик пайтида ҳимоячи бўлган эмасми, негадир мураббий сифатида унинг қўл остида ўйнаган жамоаларда тўплар нисбати доим минус бўлиб келган. Масалан, 2013 йил “Гулистон” -34, 2014 йил “Навбаҳор” -3, 2015 йил яна “Навбаҳор” -11, 2016 йил “Андижон” -14 ва бу йилги АГМКда бу кўрсаткич -3. Аммо Ашурматовда АГМК билан тўплар нисбатини ижобий ҳолатга келтириш учун вақт ҳам, имконият ҳам етарли. Буни эса кейинги беллашувлар давомида билиб оламиз.

Х.Холиқов. 

Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика