

Немис мутахассиси "Пахтакор"га қарши учрашувда ғалаба қозониш муҳимлигини таъкидлаб, жамоаси ғалабали йўлга қайтиш ва мухлислари қаршисида яхшироқ ўйин намойиш этишни мақсад қилганини билдирди.
Виссинг "Ал-Иттиҳод" сўнгги учрашувда кутилган ўйинни намойиш эта олмаганини тан олди. Унинг таъкидлашича, жамоа "Пахтакор"га қарши баҳсда ўз майдони ва мухлислари омилидан фойдаланиб, уч очко жамғаришга интилади.
Мураббий халқаро танаффус давомида футболчиларни тайёрлаш бўйича самарали иш олиб борилгани ва жамоа ўз ишончини тиклаганини қайд этди. Саудия Арабистони терма жамоаси аъзолари клуб ихтиёрига яхши жисмоний ва руҳий ҳолатда қайтган.
Виссинг жамоанинг сўнгги вақтларда икки марта мағлубиятга учрагани ҳақида ҳам тўхталди. Бироқ у мавжуд шароитларни натижалар учун баҳона сифатида келтиришни истамади. Мутахассис асосий эътиборини жамоа ўйинини яхшилаш ва футболчиларни навбатдаги учрашувларга тайёрлашга қаратаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Виссинг "Ал-Иттиҳод"нинг қитъа миқёсидаги мусобақада қайд этаётган натижаларидан қониқмаётганини яширмади. Унинг фикрича, жамғариш мумкин бўлган 12 очкодан атиги 4 тасини қўлга киритиш жамоанинг мақсадларига мос келмайди. Шу сабабли клуб кейинги учрашувларда бошқа хато қилишга ҳақли эмас.
Мутахассис машғулотлар ва учрашувлар давомида футболчиларнинг жиддий ёндашуви ҳамда жанговар руҳини кўриб, уларга ишонаётганини билдирди.
Виссинг қишки трансфер ойнасида жамоа таркибини кучайтириш эҳтимоли ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, асосий вазифаси жамоани бошқариш, ғалабаларга эришиш ва футболчиларнинг маҳоратини оширишдан иборат. Трансфер масалалари эса мураббийлар штаби ва клуб раҳбарияти билан ҳамкорликда ҳал этилади.
Немис мутахассиси ёзги ва қишки трансфер ойналарида таркибни кучайтириш футболда табиий жараён эканини, бироқ бу муайян футболчиларни сотиб олиш талаби билдирилганини англатмаслигини қайд этди.
Виссингнинг қўшимча қилишича, мураббийлар штаби ва клуб раҳбарияти ҳар ҳафта жамоанинг ҳолатини таҳлил қилиб, ўйин сифатини яхшилаш ва таркибни кучайтириш масалаларини муҳокама қилади.
"Ал-Иттиҳод" – "Пахтакор" учрашуви 23 ноябрь куни Жидда шаҳридаги "Ал-Инмо" стадионида бўлиб ўтади.



