

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Нима дейишим мумкин, учрашувни ҳамма кўрди. Яхшиси, саволларга ўтайлик.
- "Насаф"га ютқазиш уятли эмас, лекин охирги дақиқада гол ўтказиш аламли. "Динамо" ютишни жуда хоҳлаганди, аммо хатолар мағлубиятга олиб келди. Бу ҳақда нима дейсиз?
- Бугун ҳар икки жамоа ғалабани хоҳлади. Тактик тўғри ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик, чунки "Насаф" бизнинг хатомизни кутиб турганди. Ўз навбатида биз ҳам рақибнинг ўйин услубини билардик. Уларнинг киритган голи биз учун янгилик бўлмади. "Насаф" одатда шундай ҳужумлар орқали тўп киритади. Лекин бизга иккита хато қимматга тушди.
- Баҳс охирида ҳакамларга эътироз билдирдингиз.
- Ҳа, шундай бўлди, чунки футболда қоидалар ҳамма учун бир хил бўлиши керак. Ҳакам биз томонга ҳамма жарималарни берди. Биринчи таймдаги вазиятни ҳамма кўрди, бу пенальти эди. Лекин янги қоида бор экан, пенальти беришмади. Агар ўйинчи олдин тўпга, кейин оёққа ўйнаса, бу қоида бузилиши - доим шундай бўлган. Рақиб ўйинчиси футболчимизга орқадан ўйнаяпти, бу пенальти. Бизда негадир қоидалар ҳар гал ўзгаради. Дарвозабон ўз жарима майдончасидан чиқиб бемалол келиб гапиряпти, ҳакам унга "сариқ" бермаяпти. Бизга эса йил бошида семинарда дарвозабон ўз жарима майдончасида ташқарига чимаслиги керак деб айтишганди. Қоидалар ҳар куни ўзгаряпти, биз эса улгурмай қоляпмиз.
- Аксар жамоалар сафарда ҳимоявий ўйинни маъқул кўришади. Сизда эса бугун жамоангиз очиқ футболга ўтди.
- Чунки ғалаба қозонишни хоҳладик. Дуранг биз учун ҳам, "Насаф" учун ҳам очко йўқотиш бўларди. Афсуски, омад юз ўгирди. Бир вазиятда икки футболчимиз битта ҳимоячига қарши чиқди, тўпни узатганида олам гулистон эди.
- Анча вақт ўтиб уч нафар футболчи - Амонов, Ҳожимирзаев ва Абдураҳмоновни бир пайтда майдонга кўрдик. Улардан икки нафари терма жамоадан қайтган бўлса, Ҳожимирзаев икки ойлик танаффусдан сўнг яна майдонга қайтди. Протоколда ҳаммаси чиройли, бироқ ўйинда уларнинг бир-бирини тушуниб ҳаракат қилиши унчалик кўзга ташланмади.
- Ҳа, шундай бўлди. Икки нафар футболчимиз кеча терма жамоадан қайтиб келишди. Мен уларни ўйинолди машғулотда кўрдим. Тўғри, бирданига улардан зўр ўйин кутиш қийин, лекин футболчиларимиз ҳаракат қилишди. "Насаф"да ҳам бунгача иккита йўқотиш бор эди: дарвозабон ва массажчи.



