Умар Адҳамзода: "Навбаҳор" билан ўйинда "Нефтчи" ғалабага ҳақли эди"

Iskandarov Abdulaziz
28 июн 2023
Суперлига 13-турнинг марказий тўқнашуви шубҳасиз Фарғонада "Нефтчи" - "Навбаҳор" ўртасида кечди.

 "Навбаҳор" таркибида Остон Ўрунов, Жамшид Искандеров каби ижрочилар бўлишига қарамай майдон эгалари имконият қолдиришгани йўқ. Айниқса Умар Адҳамзода Остон Ўруновнинг эркин ҳаракат қилишига йўл қўймади ва якунда у сайтимиз томонидан тур рамзий терма жамоасига лойиқ кўрилди. 


- "Навбаҳор" билан учрашув ҳақида?

- Водий дербиси ўз номига яраша ўтди, дея оламан. Жамоалар, мухлислар зерикиб қолишмади. Вазиятларга бой ўтди. Кураш ҳам етарлича эди. Фикримча, "Нефтчи" ғалабага ҳақли ўйин кўрсатди. 

-  Шу куни Остон Ўруновга ҳеч қандай имконият қолдирмадингиз. Бу персонал ўйнаш топшириғими ёки Остон Ўруновни шахсан ўзингиз ҳам ўргандингизми?

- Персонал ўйнадим демаган бўлардим. Ҳар бир футболчи ўз позициясидаги футболчиларни таҳлил қилиб чиқади, кучли ва кучсиз томонларини ўрганади. Худди шундай мен ҳам. Остон Ўруновнинг ҳаракатларини кўриб чиққандим. 

- "Нефтчи"да дуранглар кўп бўляпти. 1 очко жамоани қониқтиряптими?

- Тўғри дуранг кўп ўйнамоқдамиз. Лекин мағлубиятга учрагандан кўра 1 очко яхшироқ.  

- Ўтган йили "Нефтчи" "Насаф"ни чемпионлик пойгасидан чиқариб юборганди. Бу сафар нима кутиш мумкин?

- Қаршида ажойиб ғалабага эришгандик. Биринчи даврани мағлубиятсиз якунлашимиз учун "Насаф"ни ютишимиз шарт. Танаффусга ғалаба кайфиятида чиқиб кетишни истаймиз. Ўйлайманки, мухлисларни хурсанд қила оламиз.


Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди


Iskandarov AbdulazizMuallif
Manba: championat.asia