Туркия Суперлигаси. 8-тур превьюси ёхуд ўртамиёналар ва аутсайдерлар жанги

Narzulla Saydullayev
18 окт 2019, 17:29
Бугун, кечаси Туркия маҳаллий чемпионатининг навбатдаги турига старт берилади ва унда ушбу мусобақага бефарқ бўлмаган футбол ихлосмандларини бир қатор қизиқарли учрашувлар кутиб турибди.

Сивас шаҳри жамоаси Галатада меҳмон

Ўзига ярашмаган ўринни эгаллаб турган ва ўтган турда ҳам қуйи поғона вакили майдонига сафар қилиб, қимматли 2 очкони бой берган "Галатасарой" энди ўз уйида сўнгги вақтларда "кетмони учаётган" "Сивасспор"ни қабул қилади. Меҳмонлар оҳирги ўтказилган тур баҳсида яьни қарийб икки ҳафта олдин муҳлислари қаршисида кимсан анқараликларни ер тишлатишганди. Ҳа, икки жамоа ўртасида муросасиз учрашув бўлиши кутилмоқда.



Аутсайдер Антальяга учади

Жорий мавсумда ҳали ғалаба шарбатидан тотиб кўрмаган иккита клубдан бири бўлиб турган "Генчлербирлиги" клуби эртанги ўйинларни бошлаб берувчи баҳсда якунланган турда мусобақанинг узоқ йиллик кучли иштирокчиларидан бири "Фенербахче"ни мағлуб этган "Антальяспор" майдонига сафар қилади.



Рақобатчилар баҳси

Сўнгги ўтказилган турда бир-биридан чиройли жимжимадор ғалабаларни қўлга киритган икки жамоа "Истанбул Башакшеҳир" ва "Гёзтепе" ўзаро жанг олиб боришади. Агар учрашувда меҳмонлар муваффақият қозонишадиган бўлса, рақибларини жадвалда ортда қолдиришлари мумкин. Истанбулликлар эса, назарий жиҳатдан хаттоки биринчи ўрингача кўтарилиб олиш имкониятига эгалар.



Ажойиб беллашув

Деярли ҳар мавсумда фақат бош соврин учун даьвогар бўладиган клублардан бири "Трабзонспор" ўтган турда "Ризеспор"ни енгганди. Бу сафар, улар истанбулликларга ютқазган аламзада "Газиантеп"ни ўз уйларида меҳмон қилишади. Ҳар иккала томонда ҳам бу турдан кейин карвонбоши бўлиб олиш учун яхшигина имконият юзага келган.



Анқара ва Истанбул қарама-қаршилиги

Аста-секин ўзига кела бошлаган ва якунланган турда мусобақа жадвалининг айни пайтдаги яққол етакчиси бўлиб турган "Аланьяспор"ни ўз муҳлислари қаршисида маҳв этган "Бешиктош" меҳмонда азалий рақибларидан бири бўлиб келган Анқаранинг "Анқарагюжю" клуби билан беллашади. Кўрамиз, супер дербида кимнинг қўли баланд келаркин.



Қуйи поғоналардагилар тўқнашуви


Турнир жадвалида қизил чизиқда изғиб юрган мавсумнинг старт босқичидаги энг омадсиз жамоалари "Қайсариспор" ва "Қосимпошо" ўртасидаги учрашув қизиқарли курашларга бой ўтиши аниқ. Чунки, иккала томон ҳам қуйи зонадан узоқлашиш мақсадида фақат ва фақат 3 очкони кўзлаб майдонга тушади. Тўғри, қосимпошоликлар мусобақа бошидан бери икки бор ғалаба нашидасини суришди. Лекин, мезбон клуб ҳали бирон марта муваффақиятга эришишмаган.



Карвонбошига қарши омадсиз

Мавсум бошидан бери олдинги турга келибгина, мамлакатнинг кўп карра чемпиони ва байроқдор жамоасига ютқазиб қўйган ҳозирги мутлақ етакчи "Аланьяспор" ўз уйида сўнгги уч ўйиннинг барчасида мағлубиятга учраб, жадвалда 15-поғонагача шўнғиган "Ризеспор" жамоасини меҳмон қилади. Бу сафар ҳам аланьяликлар имкониятни бой берадиган бўлишса, унда биринчи ўринни бошқа бир клубга бўшатиб беришларига тўғри келади. Меҳмонлар эса, ғалаба орқали яна етакчилар қаторига қайтишлари мумкин.



Дебютант ва етакчи учрашуви

Жуда узоқ йиллик танаффусдан кейин, олий лигага қайтишга муваффақ бўлган ва ҳозирча чакки таасурот қолдирмаётган "Денизлиспор" Малатьядаги қақшатқич мағлубиятдан сўнг, яна бир кучли клуб "Фенербахче"ни ўз муҳлислари қаршисида енгишга ҳаракат қилиб кўради. "Фенер" ҳам ўтган турда ўз майдонида антальяликлардан қабул қилиб олинган мағлубият кетидан ғалаба қозониш учун астойдил курашади.



Рақобатчилар беллашуви

Ўтган турда, йирик ҳисобдаги чиройли ғалабаларни расмийлаштирган ва жорий мавсум совринли ўринларни мақсад қилган икки жамоа "Коньспор" ва "Йени Малатьяспор" ўзаро кескин баҳс олиб боришлари кўпчилик мухли-у мутахассислар томонидан таҳмин қилинмоқда. Ха, бизни супер учрашув кутиб турибди.



Хондамир Ҳакимов тайёрлади

Ўхшаш янгиликлар


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia