UZ

Сўнгги янгиликлар

03:36ЕКЛ. Ярим финал иштирокичилари маълум  2 02:01Европа лигаси. "Милан" ва "Ливерпуль" мусобақани тарк этди, "Байер" ва "Рома" эса ярим финал иштирокчисига айланди  10 01:17Мартинес ўйин давомида икки марта сариқ карточка олди, аммо майдондан четлатилмади. Бу қоидаларга зид эмасми? Йўқ!   11 00:53Аршавин: "Ливерпул"га қарши тўртта гол урган ўйиним фаолиятимдаги энг яхшиси эмас"  3 00:36Машариповнинг жамоадоши мухлисини бағрига босгани учун жазоланди  7 23:54"Барселона" мухлислари ПСЖга учралган мағлубиятдан илгари ўз жамоаси автобусига ҳужум қилишди  3 23:37Эрон Про лигаси. Ўрунов 77 дақиқа ҳаракат қилган ўйинда "Персеполис" йирик ғалабага эришди  0 23:20Футзал бўйича Осиё кубоги. Тожикистон - Жанубий Корея 2:0   0 23:10Футзал бўйича Осиё кубоги. Япония - Қирғиз Республикаси 2:3   2 23:08АПЛда дебют қилган 19 ёшли футболчи майдонга тушганидан 3 дақиқа ўтгач, ҳушидан кетди   0 22:41U-23 Осиё кубоги. Қатар ҳакам томонидан қўшиб берилган 13-дақиқада Иордания дарвозасига ғалаба тўпини киритди  17 22:22Мессини немис грандлари ўз сафига қўшиб олмоқчи  10 21:54"Барселона"да Хавининг ўрнини ким эгаллаши деярли маълум  7 21:38Жасур Жалолиддинов: "Олимпиада йўлланмаси бериладиган мусобақада қандай ҳолатда бўлишимизга қарамай, натижа кўрсатишимиз керак"   4 21:17Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган навбатдаги клублар маълум, улардан бири — "Зальцбург"  1

Таниқли шарҳловчи Ҳусан Темиров 60 ёшда! Янгиликлар

Таниқли шарҳловчи Ҳусан Темиров 60 ёшда!

Спорт мухлислари, айниқса, қашқадарёлик футбол ихлосмандлари Ҳусан Темировни жуда яхши танишади.
Овози ўткир, сўзларни чертиб-чертиб гапирадиган футбол шарҳловчиси ёдингиздами? “Рўзиқул Бердиев тўпни оширди, лекин кимга?” ёки бўлмаса “Майдон эгалари “Насаф”, кўйлаги қизил рангда” каби ўзига хос гапириш оҳанги билан ёдимизда қолган Ҳусан Темиров 7 ноябрь куни қутлуғ 60 ёшини нишонлади.

Ҳусан ака билан танишганимга 4-5 йилча бўлиб қолди. Адашмасам, баҳор ойлари эди. Иш юзасидан Қаршига борганимда ҳамкасбим Азиз Нурий билан (“Насаф” футбол клуби матбуот котиби) унинг ишхонасига бордик. Ва шу баҳонада ўша ерда Азиз мени Ҳусан ака билан таништирди. Ташқи кўриниши салобатли, нигоҳи ўткир, бақувват бу киши билан илк танишувим таҳририят биносида бўлганди. Шу-шу қачон “Насаф” марказий стадионига бормай, албатта Ҳусан Темиров билан кўришмай қўймайман.

Ҳусан Темировни мухлислар асосан “Насаф”, “Машъал”, “Шўртан” иштирокидаги ўйинларни шарҳлагани орқали билишади. У киши айниқса вилоят бош жамоаси “Насаф” ўйинларини жуда кўп шарҳлаган. Ўзлари ҳам “Насаф”нинг ашаддий мухлиси. Ҳатто “Машъал” билан “Шўртан”га ҳам “Насаф”чалик мухлислик қилмайди.

Ҳусан Темиров бугунги кунда “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг Қашқадарё вилояти бўйича мухбири лавозимида фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, “Насаф” марказий стадионининг сухандони ҳам ҳисобланади.

Ҳусан Темиров 1970-74 йилларда ҳозирги Қарши давлат университетида таҳсил олди. Талабалик даври ортда қолгач, ҳарбий хизматга кетиб, икки йил давомида Фарғона, Ленинобод, Ашхобод шаҳарларида хизмат қилди. Ҳарбий хизматдан қайтгач, вилоят радиосида диктор бўлиб ишлай бошлади. Кейинчалик эса радиода бош муҳаррир даражасига кўтарилди. Бундан ташқари, Ҳусан ака 1994 йилнинг 16 июнидан то 2007 йилнинг 9 февралига қадар вилоят телерадиокомпаниясининг раҳбари сифатида фаолият юритди.

Шундан сўнг маълум муддат Қаршидаги марказий стадион директори лавозимида иш олиб боргач, 2007 йилнинг 1 июнидан буён “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг вилоят мухбири бўлиб ишлаб келмоқда.

Ҳусан Темиров – футболнинг ашаддий ишқибози. Бу борада ўзи шундай дейди: “Футболга ёшлигимдан бери қизиқаман. Мактабда ўқиб юрган кезлардаёқ стадионга бориб ўйинлардан репортаж тайёрлашга ошиқардим. Менда шарҳловчиликка қизиқиш устозимиз Ахбор ака Имомхўжаевнинг овозларини эшитгач уйғонган. Мен Ахбор ака билан илк бор 1980 йилда танишганман. Ўшанда у киши Қаршига бир ўйинни бошқариш учун қанот ҳаками бўлиб келгандилар. Шу-шу таниш бўлиб кетдик. Ахбор Имомхўжаевдан ташқари Шоабдулла Муҳаммаджонов, Азим Алимов ва Қурбон Эгамбердиевни ҳам устозлар ўрнида кўраман”.

Ҳусан Темировнинг ТВдаги илк иши 1995 йилга тўғри келди. Яъни, “Машъал”нинг ўз майдонида “Навбаҳор”га қарши кечган баҳсини Ҳусан ака телевидение орқали шарҳлаб борди. “1987 йил “Пахтакор” Россиянинг “Шинник” клуби билан ўйнаганди, - деб хотирлайди таниқли шарҳловчи. – Ўша учрашувни Роман Турпишчев иккаламиз радио орқали шарҳлаганмиз. Ўшанда Турпишчев менга “Овозинг яхши экан, шарҳ пайтида бошқа нарсаларга чалғима, эътиборингни фақат ўйинга қарат. Тингловчи сендан ўйин ҳақидаги маълумотларни кутади” деб маслаҳат берганди”.

-   “Насаф”га мухлислик қилишингиз қай даражада? – деб сўрайман Ҳусан акадан.

-   Жуда юқори. Мен бу жамоа иштирокидаги деярли ҳеч бир ўйинни ўтказиб юбормаганман. “Насаф” – Қашқадарё аҳлининг энг севимли жамоаси ҳисобланади.
 
-   Маълумки, шарҳловчи шарҳ пайтида бетараф бўлиши керак. Бу сизга ортиқча муаммо келтириб чиқармаганми?
-   Мен ҳам барча ҳамкасбларим сингари шарҳ пайтида бирор жамоага ёнбосмасликка ҳаракат қилганман. Тўғри, ўзим билмаган ҳолда “Насаф”ни кўпроқ мақтаб юборгандирман. Лекин жамоа ўйинини имкон қадар объектив шарҳлардим.
 
-   ТВ орқали охирги марта қайси ўйинларни шарҳладингиз?
-   2012 йилги мавсумда “Насаф” – “Нефтчи” ҳамда “Машъал” – “Олмалиқ” баҳсларини шарҳлаб бордим.
 
-   Сиз учун шарҳловчиликнинг қизиқ томонлари нимада?
-   Энг муҳими, шарҳловчи майдонда юз бераётган воқеаларни экран қаршисида ўтирган томошабинга ҳис-ҳаяжон билан етказиб бериши лозим. Токи томошабин худди стадионда ўтириб ўйинни кўраётгандек бўлсин. Бундан ташқари, шарҳловчи ҳар доим мухлислар дардига шерик бўлиши, уларни тушуниши, уларнинг ташвишини ўзиники деб билиши лозим. Бунда футболни яхши тушуниш ҳам муҳим роль ўйнайди. Баъзи ҳамкасбларим хафа бўлишмасин-у, шарҳ пайтида нуқул оддий гапларни қайтараверишдан қочиш керак. Қолаверса, ҳадеб ҳакамнинг қарорларини муҳокама қилиш ҳам шарҳловчининг ишига кирмайди. Яъни, шарҳ пайтида ҳакамларнинг ишига баҳо бериш бизнинг вазифамиз эмас.
 
-   Ўйинни яхши шарҳлаш учун тилдан унумли фойдаланиш зарур, тўғрими?
-   Албатта. Шарҳловчи кўпчиликка тушунарли бўлган сўзларни айтиб ўйинни шарҳлагани маъқул. Масалан, “аут”, “офсайд”, “рекошет” каби сўзлар инглиз тилидан кириб келган. Шундай экан, ҳадеб бу сўзларни қайтаргандан кўра уларни ўзбекчалаштириб айтган маъқул эмасми? Мен сизга айтсам, ўзбек тилининг имкониятлари ниҳоятда катта. 2007 йил халқ ёзувчимиз Тоҳир Малик Қаршига келганида мен билан кўришган ва самимий оҳангда “Сизнинг шарҳларингиз менга ёқади, жайдари тилда гапирасиз, сўзларни ишлатишингиз ҳам жойида” деб мақтаб қўйганди. Тўғриси, улуғ адибдан бундай гапларни эшитиш каминага ғурур бағишлаганди.

-   Яхши шарҳловчи бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак?
-   Аввало одам ўз касбини севиши лозим. Касбга меҳр қўймай туриб юксалиш қийин. Шарҳловчи сўз масъулиятини ниҳоятда ҳис қилиши, сўздан унумли фойдаланиши, адабий тилни мукаммал билиши ҳамда футбол қоидаларидан бохабар бўлиши шарт. Бундан ташқари, билмаганларини сўраб ўрганиш, ёши катталардан маслаҳат олиш зиён қилмайди. Иложи борича ўйинни футбол мутахассислари билан ёнма ён ўтирган ҳолда шарҳлаб бориш керак.
 
-   Шу ўринда шогирдлар ҳақида тўхталсангиз.
-   Энди шогирдлар бор-у, лекин уларда иштиёқ йўқ. Кўпчилиги шунчаки ҳавас билан юрибди. Қашқадарёлик спорт журналистлари орасида Баҳриддин Эсонов ярқ этиб порлади-ю, кейинчалик кўринмай қолди. Ҳусниддин Илёсов деган укамиз футболда баъзи-баъзида кўриниб қолади. Шунингдек, Азиз Нурийда ҳам катта салоҳият бор бўлиб, ундан келажакда ажойиб шарҳловчи чиқиши мумкин эди. Аммо у “Насаф” футбол клубида ишлашни маъқул кўрди. Нима ҳам дердим, бу ҳаётда ҳамма ўз йўлини ўзи белгилайди.

-   Ҳозирги шарҳловчилардан кўпроқ кимларни мириқиб эшитасиз?
-   Биринчи навбатда Даврон Файзиевни. Шарҳни жуда эркин олиб боради, кишида гўёки томошабин билан фикр алмашаётгандек тасаввур уйғонади. Бундан ташқари, Комил Жумаевнинг ҳам шарҳлаши жойида. Шарҳлашда меъёр бўлиши керак. Иложи борича томошабинни зериктирмасдан ва энг асосийси ҳеч кимнинг жиғига тегмасдан ўйинни шарҳлаш лозим. Баъзи шарҳловчиларни кўряпмиз, қаёқдаги гаплар билан томошабиннинг асабига ўйнаб ўтиришади.

-   Ҳусан ака, 60 йиллик умрнинг катта қисмини футболга бағишлабсиз, тўғрими?
-   Шундай десам ҳам бўлади. 1972 йилдан бери футбол ичидаман. Ҳисоблаб чиқсак, 41 йиллик ҳаётим футболда ўтибди.

-   Айтинг-чи, “Насаф” таркибида тўп сурганлардан кимлар сизда илиқ таассурот қолдирган?
-   Бундай ўйинчилар жуда кўп. Энг аввало Зафар Холмуродовни айтмасам бўлмайди. Футбол тили билан айтганда, мен унинг фанати бўлганман. Ўз вақтида Зафар жуда кучли ҳужумчи эди. Бош билан гол уришларини айтмайсизми. Холмуродовнинг кўплаб голларида Рўзиқул Бердиевнинг ҳиссаси катта. Менга шунингдек, Вали Келдиевнинг ҳам ўйинлари доим ёққан. Унинг айниқса яқин масофадан жарима зарбаларидан қандай устамонлик билан фойдаланиши ҳамон кўз олдимдан кетмайди.

-   Сиз билан футболчилардан “Насаф”нинг рамзий жамоасига кимларни киритган бўлардингиз?

-   Дарвозага шубҳасиз Пётр Гизимчукни қўярдим. Майдондаги ўйинчилар сифатида эса Бахтёр Қамбаралиев, Шуҳрат Раҳмонқулов, Мурод Отажонов, Рустам Абдуллаев, Вали Келдиев, Рўзиқул Бердиев, Баҳодир Аннаматов, Нурали Султонов, Асрор Алиқулов, Нўъмон Ҳасанов, Зафар Холмуродов, Шуҳрат Тошпўлатов, Илёс Қурбонов ҳамда Баҳром Ҳайдаров кабиларни танлаган бўлардим.

-   “Насаф”да ҳозир тўп сураётганлардан кимларнинг ўйини ёқяпти?

-   Жамоа сардори Ботир Қораев, шунингдек, Артур Геворкян, Шоҳрух Гадоев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Элдор Суюнов ва Азамат Алланиёзов.  

Ҳусан Темиров суҳбатимиз анча узоқ давом этди. Тўғрисини айтсам, у киши билан гаплашиб сира зерикмайсиз. Менга айниқса, Ҳусан аканинг соф ўзбек тилида гапириши жуда ёқади. Шевага хос сўзлардан иложи борича камроқ фойдаланишга ҳаракат қилади. Шубаҳсиз, у киши журналистика бўйича катта тажриба соҳиби. Шу ўринда барча футбол мухлислари ҳамда газетхонларимиз номидан Ҳусан Темировни 60 ёшга киргани билан самимий муборакбод этамиз ҳамда у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

Хайрулла ХОЛИҚОВ.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика