

"Сўғдиёна" – "Қўқон-1912" 2:2
Тошкент вилояти. “Дўстлик” стадиони. 18:00
Ҳакамлар: Акобирхўжа Шукуруллаев, Алишер Усмонов, Аваз Абдуллаев, Сардор Миродилов
VAR: Фирдавс Норсафаров
AVAR: Эдита Миробидова
Назоратчи: Бахтиёр Тагаев
Комиссар: Даврон Иброҳимов
Голлар: Фейсал Мулич 14, - 1:0 (Ислом Қобилов). Люпчо Дориев 40, - 2:0 (Жавоҳир Қаҳрамонов). Шоҳруҳ Гадоев 48, - 2:1. Шота Гвазава 88, - 2:2 (Жавоҳир Сидиқов).
"Сўғдиёна": 1.Шоҳруҳ Исоқов, 2.Зоир Жўрабоев, 3.Ислом Қобилов, 4.Отабек Аҳадов, 8.Суҳроб Иззатов (42.Сардорбек Эркинов, 55), 9.Фейсал Мулич (29.Амирбек Саидов, 84), 10.Жавоҳир Қаҳрамонов (7.Александр Болевич, 84), 14.Люпчо Дориев, 32.Нодиржон Сойибов, 70.Жасурбек Жалолиддинов (11.Отабек Жўрақўзиев, 55), 77.Ойбек Нурматов (22.Абдулазиз Абдурашидов, 86).
Захира: 18.Никола Миркович, 13.Филип Иванович, 17.Оллаберган Каримов, 21.Тохир Тўхтасинов, .
"Қўқон-1912": 1.Рустам Нартажиев, 4.Аслиддин Тоштемиров, 6.Алишер Салимов (8.Шота Гвазава, 46), 9.Жавоҳир Ҳусанов (7.Жавоҳир Сидиқов, 46), 10.Шоҳруҳ Гадоев, 11.Сильванус Нимели (22.Тома Табатадзе, 66), 19.Шаҳзод Акрамов, 20.Иқболжон Маликжонов, 21.Ғулом Ҳайдар Гулямов (99.Муҳаммаданас Ҳасанов, 66), 44.Андро Гиоргадзе, 69.Егор Кондратюк.
Захира: 13.Азизхон Исақов, 5.Жасурбек Ёқубов, 15.Зафар Ҳакимов, 18.Муҳриддин Пазилдинов, 30.Иброҳимжон Мухторов, .
Огоҳлантиришлар: Шоҳруҳ Исоқов 69, Фейсал Мулич 74, Ойбек Нурматов 85, Тома Табатадзе 86
Улуғбек Бакаев: "2:0дан кейин икки гол ўтказиб, дуранг ўйнаш - ёқимли эмас"
- Ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужумда тартибли ўйин орқали бошлагандик. Барчаси яхши кетаётганди, 2:0 ҳисобида олдинда эдик.
Иккинчи бўлимда эса, балки, футболчиларнинг жисмоний ҳолати пастлик қилгандир, дуранг ўйнадик. Бу ёқимли эмас. Бугунги ўйин учун йигитларга раҳмат айтаман. Энди навбатдаги учрашувга тайёрланамиз.
- “Сўғдиёна” биринчи бўлимда кўп ҳужум қилди ва катта куч йўқотди. Жамоанинг 2та гол ўтказиб юборишига ўзгаришлар ҳам сабабчи бўлмадими?
- Биринчи бўлимни биз иккинчи бўлим бошида ўтказиб юбордик. Ўша пайтгача хеч қандай ўзгаришлар бўлмаганди. Бунда Гадоевнинг ижросини эътироф этиш лозим. Шу сабабли бир нима дейиш қийин. Иккинчи бўлимда эса бироз эътиборсизлик сабабли иккинчи голни ҳам қўйиб юбордик. Ачинарли, албатта. 2:0, шунча куч ишлатиб 2:2… Йигитлар учун ҳам афсусдаман.
- Бугун майдонга тушган 11 нафар футболчидан кейинги баҳсда қанчаси тушмаслиги мумкин? Зеро бу ойда Суперлига жамоаларида ўйинлар кўп.
- Ротация доимо керак. Барчаси футболчиларнинг ўзига боғлиқ. Кўп эътиборни машғулотларга қаратиш керак. Барча нарса бўлиши мумкин. Ўз навбатида ротация ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Андрей Шипилов: "Танаффусда кийим алмаштириш хонасида эркакча суҳбат бўлди"
- Мана 5-турга ҳам келдик. Бу учрашувга жиддий тайёргарлик кўрдик. “Сўғдиёна” мураббийлар штабидаги ўзгаришларни ҳам билардик. Улуғбек Бакаевнинг жамоаларига қарши ўйнаш доимо қийин бўлган. Шунингдек, у билан мураббий сифатида яхши муносабат ўрнатганман.
Тўлиқ биринчи бўлимни ёмон ўтказдик. Нега бундай бўлганини кўриб чиқамиз. Рақибларга қойил, улар биринчи бўлимда ўз имкониятларидан фойдаланишди ва иккита гол уришди. Иккинчи бўлимда эса ўзгаришлар бўлиши аниқ эди. Танаффусда кийим алмаштириш хонасида эркакча суҳбат бўлди. Йигитларга мухлисларимиз қаршисида иккинчи бўлимда ҳам бундай ўйнашга ҳаққимиз йўқ эди. Иккинчи бўлимда 2та гол урдик. Натижани адолатли деб ҳисоблайман. “Сўғдиёна” ҳам биз ҳам ғалабани истагандик. Иккала жамоа учун ҳам дуранг қизиқарли эмасди. Ўз навбатида дуранг ҳам жадвалда ўзгариш қилиб бермайди. Кетма кет учинчи ўйин биз 2-бўлимда гол ўтказиб юбормадик. “Сўғдиёна”га, Улуғбек Бакаевга ва ўз навбатида ўзимизга ҳам кейинги ўйинларда омад тилайман.

"Бунёдкор" – "Локомотив" 2:0
Тошкент. "Бунёдкор" стадиони. 19:00
Бош ҳакам: Аҳрол Рисқуллаев
Ёрдамчи ҳакамлар: Александр Буров, Шавкат Раҳматов
Захира ҳаками: Умиджон Раҳимжонов
VAR: Рустам Чориев
AVAR: Шоҳнур Йўлдошев
Назоратчи: Бобур Ҳайдаров
Комиссар: Қудрат Мадраимов
Голлар: 1:0 – 14, Бобурбек Йўлдошев (Билолхон Тошмирзаев), 2:0 – 44, Марко Бугарин
"Бунёдкор": 16.Федерико Ботти, 4.Нажмиддин Нормуродов, 6.Бобурбек Йўлдошев, 9.Матия Кривокапич (47.Садриддин Ҳасанов, 70), 15.Марко Бугарин, 18.Наримонжон Аҳмаджонов, 21.Носиржон Абдусаломов (11.Сардор Абдунабиев, 80), 23.Асадбек Раҳимжонов, 28.Самандаржон Мавлонқулов, 66.Азизбек Тўлқинбеков (10.АмирТўрақулов, 90+3), 77.Билолхон Тошмирзаев.
Захира: 1.Абдумавлон Абдужалилов, 13.Муҳаммад Ҳакимов, 17.Музаффар Олижонов, 27.Ислом Анваров, 33.Элдор Наимов, 88.Миркамол Аннаматов.
"Локомотив": 1.Алексей Козлов, 9.Суҳроб Нуруллоев (71.Лазизбек Мирзаев, 80), 10.Шодиёр Шодибоев (8.Билол Туплиев, 64), 11.Темурхўжа Абдухолиқов, 14.Николай Иванов, 15.Александар Шушняр, 18.Олександр Кучеренко, 23.Диёр Туропов (99.Муҳриддин Зоиров, 90), 26.Абдуллоҳ Йўлдошев, 33.Олег Зотеев (22.Суннатилла Поёнов, 64), 45.Йован Нишич (70.Муҳаммадали Реимов, 64).
Захира: 12.Никита Шевченко, 5.Анзур Исмоилов, 7.Қувончбек Абраев, 28.Шуҳрат Муҳаммадиев
Огоҳлантиришлар: Александар Шушняр (20), Матия Кривокапич (40), Билолхон Тошмирзаев (48), Самандаржон Мавлонқулов (57), Сардор Абдунабиев (83)
Илёс Зейтуллаев: "Урата жамоани тарк этган тўртинчи футболчи бўлди"
"Нима ҳам дердим. Ўйин биз жамоа сифатида яшаб ўтаётган воқеийликларга ўхшади. Қийин вазиятларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш. Бугун ҳам натижага шу орқали эришилди. Йигитлар бу ҳақда кўп маротаба гапирдим. Сўнгги тўрт ой давомида клуб билан рўй бераётган ҳодисаларга қарамай, мен йигитлардан фахрланаман", - деди Илёс Зейтуллаев баҳс якунлангач.
- Кеча ОАВ Итсуки Урата жамоани бир неча ойдан буён маош тўланмаётганлиги туфайли тарк этгани маълум қилинди. Ҳар бир ўйиндан сўнг сизга молиявий ҳолат ҳақида савол берилмоқда. Клубдаги аҳвол футболчилар жамоани тарк этишга бораётганчалик оғирми? Ҳолат ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз...
- Барчангиз нима бўлаётганини кўриб турибсиз. Мен эса мураббий сифатидаги назарим билан бўлишмоқчиман. Урата жамоани тарк этган тўртинчи футболчи. Дастлаб жамоани Дилшод Аҳмадалиев тарк этди. Кейин эса италиялик таҳлилчимиз. У ҳозир Б Сериянинг "Падова" клубида ишламоқда. Яхшиямки, таҳлилчи жамоа билан яхши кайфиятда хайрлашди. У жамоани тарк этаётганидан афсусда эди, аммо ҳозирги ҳолатимизда бошқа ечим йўқ. Мартин Шролер ҳам шу сабабли жамоани тарк этди. У ФИФАга мурожаат қилган. Мана энди Урата жамоамизни тарк этди ва ФИФага хат ёзди. Мен жамоамдан хавотирдаман. Мен бош мураббийман. Бундай жиддий саволлар, айниқса молиявий ҳолатимиз билан боғлиқ саволларни раҳбариятга берсангиз тўғрироқ бўлади. Улар саволингизга батафсилроқ жавоб бера олишади. Бош мураббий сифатида эса бир нечта футболчилар ва ходимлар клубни тарк этишини катта йўқотиш деб қабул қиламан. Ҳар бир йўқотиш биз қураётган лойиҳага таъсир ўтказади. Бу бизнинг касбимиз, ахир. Биз қанчалик профессионал бўлмайлик, тўрт ойдан буён маош олмаётган ҳар бир инсон ўзгаради. Ҳаммамизнинг оиламиз бор. Мен мураббий сифатида шу нарса ҳақида кўп ўйлаяпман ва хавотирдаман. Ривалдо билан бўлган ҳолат қайтарилмаса бўлгани деб ўтирибман. Билмадим. Бу ҳақда раҳбариятдан сўраганингиз маъқул.
- Навбатдаги 30 кун давомида Суперлигада 7та тур ўйинлари ўтказилади. Бундай зич тақвим МТЖнинг мундиалдан олдинги йиғинлари сабабчи бўлмоқда. Демак, Суперлига клублари апрель ойи давомида ҳар тўрт кунда ўйин ўтказади. Бу ўзига хос "Бохинг дай" клубларга қанчалик ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин? Жароҳатлар кўпайиб кетишидан қўрқмайсизми? Бундай зич тақвимдан олдин футболчилар жамоани тарк этиши сизни анча қийин ҳолатга тушириб қўйса керак...
- Журналист сифатида бундай ҳолатларга эътибор бериб, бу ҳақда сўраб суриштираётганингиздан хурсандман. Биласизми, футболимиз барча жабҳада ривожланмоқда. Журналистлар ўз соҳасида, биз мураббийлар эса ўз йўлимизда. Сиз айтаётган давр қийин кечади. Ўзингиз биласиз, кўпчилик инсонлар футболчилар кўп ойлик олишади ва ҳоказо деб гапиришади. Сизлар эса футболчиларнинг нималар ўтиб келаётганини биласиз ва бу ҳақда савол беряпсиз. Эртага биз тикланиш машғулотларини олиб боришимиз керак. Бир неча кундан сўнг "Машъал" билан ўйнаймиз. Базада бир неча ойдан буён иссиқ сув йўқ. Профессионал жамоа учун ғалати ҳолат. Эртанги машғулотни қандай ўтказиб олишимизни билмайман, очиғи. Бундай давр мобайнида ўйинчилар жароҳат олиши мумкин.
Биласизми, худо бизга ёрдам бермоқда. Биз бир жамоа бўлиб олдинга интиляпмиз. Эртага бир амаллаб тикланиш машғулотларини ўтказиб олиб, "Машъал"га тайёргарлик кўришни бошлаймиз. Кундан кунга худо бизга ёрдам беришига ишонишда давом этамиз.
- Дастлабки уч ўйинда Абдумавлон Абдужалилов асосий таркибдан ўрин олди. Сўнгги икки учрашувда эса Федерико Ботти майдонда ҳаракатланяпти. "Бунёдкор" ким асосий дарвозабон?
- Икки дарвозабонимиз шунчаки супер. Бизда яна ёш Юсуф ҳам бор. Қишда италиялик дарвозабонлар мураббийни жамоага жалб этдим. У ўзбек футболидаги дарвозабонларга ёрдам бера олиши мумкин. Федерико бошида қийналди. Футболчилар билан коммуникация қилишда. Дарвозабон ҳимоячиларга кўп кўрсатма бериши керак. Шу сабабли Абдумавлон Федерикога ёрдам берди. Абдумавлон шунчаки ажойиб инсон. Ҳозир эса икки дарвозабон ўртасида рақобат кетмоқда. Абдумавлон ҳам бугун асосий таркибдан жой олишга лойиқ эди, аммо Хоразмдаги ишончли ўйиндан сўнг Боттига яна имконият бермасак бўлмасди. Ботти чемпионатимизда ҳаракатланаётгани футболимизга фойда келтира олади деб ўйлайман.
- Замонавий футболда марказий ҳимоячиларнинг ўрни қанчалик катта? Бугун икки голга ҳам марказий ҳимоячилар муаллифлик қилишда. "Сўғдиёна" - "Қўқон-1912" баҳсида ҳам ҳимоячи гол урди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳам ҳимоячи дарвозани ишғол этди...
- Футбол - даврий ўйин. Барчаси ўз ўрнига қайтади. Замонавий футболда катта баланс. Ҳозирги кунда яхши жамоалар позицион ҳимоялана оладиган ва шу вақтдаёқ яхши техникага эга бўлиши керак бўлган даврга келдик. Аввалги ҳимоячилар билан солиштирганимизда фарқ шунда. Ҳозир ҳимоячилар фақатгина ҳимояланишни эмас, балки оёқда ҳам жуда яхши ўйнай олишлари талаб этилмоқда. Бобур Йўлдошев, Бугаринлар яхши ўйнашмоқда. Нажмиддин сўнгги икки мавсумда катта ўсишга эришди. Сардор ОКМКдан келиб бизни кучайтирди. Тўлқинбеков ва Наримон каби ёш ва иқтидорли футболчиларимиз ҳам бор.
- Италия кетма-кет учинчи бор ЖЧга чиқа олмади. Шу ҳақда нималар дея оласиз?
- Аёлим итальян, ўғлим эса ярим итальян ва ярим ўзбек. Эрталаб уйғонганимда оиламдагилар жуда хафа эди. Уйимизда икки кундан буён мотам. Бу жуда катта муаммо. Италияда ушбу муаммони муҳокама қилишмоқда. Италия футбол тарихига эга мамлакат. Италия ўзининг ишончли ҳимояси билан танилган эди. Неста ва Малдини каби афсонавий ҳимоячилар бор эди. Ҳозирги кунда эса ўз принципларидан воз кечиб, бошқа мамлакатларнинг футбол фалсафасини такрорлашга ҳаракат қилишди. Энди "учинчи фожиа"дан сўнг катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Ўз вақтида Белгия ва Германия футболида шундай инқилоб рўй берган. Паоло Малдини ва Роберто Баджо каби инсонларга қулоқ тутган яхши деб ўйлайман. Собиқ футболчилар кўпроқ футбол ҳақида ўйлаб, сиёсий масалаларни четга суришади. Фақатгина шундай йўл тутилса, яна яхши ва иқтидорли авлод пайдо бўлади.
- Ўйинни томоша қилмадингизми?
- Мен ҳигҳлигҳтс кўрдим. Биласиз, телевизорда Европадаги ЖЧ саралаш мусобақасини кўрсатишмади. Интернетдан кўришга ҳаракат қилдим, ёрдамчиларим Маркос ва Алекс эса базада бирга кўрайлик деган таклиф беришди. Ростини айтаман, ухлаб қолдим.

Мирко Еличич: "Футбол - адолатсиз ўйин. Биз учун натижадан ҳам муҳим мақсадлар бор"
"Футбол - адолатсиз ўйин. 95 дақиқа давомида футбол ўйнаб, иккита стандарт вазиятда оддий гол ўтказиб юбориш аламли. Жамоам майдонда намойиш этган ўйин менга ёқди. Рақибни уч очко билан қутлайман. Бугун рақибимизнинг услуби иш берди", - дея фикр билдирди Мирко Еличич баҳс якунлангач.
- "Локомотив" кетма-кет иккинчи мағлубиятга учради. Жамоанинг мавсумнинг дастлабки уч турида қайд этган натижаси тасодиф эди, "Локомотив" энди ўзининг ҳақиқий ўрнига қайтди деган фикрларга қанчалик қўшиласиз?
- Биз чемпионатдаги ҳар қандай рақибни мағлуб этишимиз мумкин. Шунингдек, ҳар бир рақиб ҳам бизни енгиш эҳтимоли йўқ эмас. Бизнинг мақсадимиз ва йўлимиз бошқа. Биз ҳар бир ўйинда қайси жиҳатдан кучлироқ бўлишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб майдонга тушамиз. Менимча, бугун унчалик ёмон ўйнамадик. Футбол шундай ўйин. Айрим вазиятларда режалар ўхшамайди қолади. Статистикага қарасангиз, бугунги ўйин кимнинг устунлиги остида ўтганини кўрасиз ва саволингизга жавоб топа оласиз.
- Навбатдаги 30 кун давомида Суперлигада 7та тур ўйинлари ўтказилади. Бундай зич тақвим МТЖнинг мундиалдан олдинги йиғинлари сабабчи бўлмоқда. Демак, Суперлига клублари апрель ойи давомида ҳар тўрт кунда ўйин ўтказади. Бу ўзига хос "boxing day" клубларга қанчалик ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин? Жароҳатлар кўпайиб кетишидан қўрқмайсизми?
- Аксинча, бу яхши. Биз янги жамоа йиғдик. Тезроқ дастлабки 5-6 ўйинимизни ўтказиб олиб, майдонда бир-биримизни яхшироқ тушуна бошлаймиз. Жамоа анча шаклланиб, барқарор бўлиб олади. Жамоа барқарорлашиб олганидан сўнг таркибда ўзгариш қилса ҳам бўлади. Ҳар 4-5 кун ичида ўйин ўтказиш масаласига келадиган бўлсак. Бу сиз ўйлаётгандек катта муаммо эмас. Шунчаки бошқача режа бўйича тайёргарлик олиб бориш керак. Энг қулай ечим бу схемани ўзгартириш. Энг яхши прогресс ўйинда қайд этилади. Жамоа икки ёки уч ҳафта давомида машғулот олиб бориши мумкин, аммо майдондаги ўйин билан тенглаша олмайди. Энг яхши тайёргарлик - ўйинда иштирок этиш. Мен учун бу аксинча яхши янгилик.
- Ўтган мавсумда Про Лиганинг энг яхши тўпурари бўлган Муҳриддин Зоиров жорий мавсумда жуда кам ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Зоиров бугун сўнгги дақиқаларда майдонга тушди ва бунга қадар фақатгина "Машъал"га қарши ўйинда 12 дақиқа майдонда ҳаракатланганди. Зоировга имконият берилмаётганининг сабаби нимада? Мен Зоировни жорий янада кўпроқ гол уришини тахмин қилгандим, аммо ҳозирча майдонга тушаётгани ҳам йўқ...
- Мен биринчи навбатда барқарорлик истайман. Темурхўжа Абдуҳолиқовнинг ажойиб формада эканлиги Зоировнинг зарарига ишламоқда. Мен эса ҳозирги ҳолатда энг яхши спорт формада бўлиб турган футболчини ўйнатишим керак. Абдуҳолиқовсиз қандай ўйин қуришимиз ҳақида ҳам ўйлашим керак. Дастлабки 5 турда Абдуҳолиқовдек ўйин намойиш этган футболчини захирага олиш мантиқсиз.
- Биринчи бўлим сўнгида ўтказиб юборилган иккинчи гол жамоангизга қанчалик таъсир қилди?
- Тайм сўнгида 1:0 ҳисобида рози бўлиб қўйгандек туюлди. Кейин эса гол ўтказиб юбордик. Голдан сўнг кайфият ўзгарди. Биз ҳар бир ўйинда ўзимизнинг олдимизга қўйган мақсадларимизга эришишга интиламиз. Таблодаги ҳисобдан ташқари бошқа мақсадларимиз ҳам. Ўйин сифатини яхшилаш, интенсивликни ошириш. Табиийки, натижа муҳим. Лекин биз учун натижадан ҳам мақсадлар бор.
- Ўзбекистон Кубогининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. "Локомотив" жой олган гуруҳ ҳақида гапириб ўтсангиз?
- Ҳар клуб Кубок баҳсларига энг максимал натижани кўзлайди. Про Лига клубими ёки Биринчи Лига фарқи йўқ. Кубок шундай мусобақа. Барча жамоаларда имкониятлар тенг бўлади ва ҳар қандай мусобақада ғолиб бўлишга интилади.

Бобурбек Йўлдошев: "Голларни тасодиф десак ҳам бўлади. Уратанинг қарорини ҳурмат қиламиз"
Темурхўжа Абдухолиқов: "Молиявий муаммо? Менимча айбни ўзимиздан қидиришимиз керак"
"Хоразм" – "Динамо" 2:1
Урганч. “Хоразм” спорт мажмуаси. 18:00
Гол: Азизбек Пирмуҳаммадов (Рафаэль Сабиньо) 44’, Равшанбек Ягудин автогол 75’ – Тил Мавретич (Анвар Ҳожимирзаев) 72’
Бош ҳакам: Аскер Нажафалиев
Ёрдамчи ҳакамлар: Руслан Серазитдинов, Бахтиёрхўжа Шавкатов
Захира ҳаками: Ферузбек Ҳидоятов
VAR: Жасур Мухторов
AVAR: Насибабону Тошмуҳаммедова
Назоратчи: Тимур Галеев
Комиссар: Диёр Хотамқулов
"Хоразм": 33.Никола Стошич, 5.Аббос Отахонов, 8.Нодирбек Абдухолиқов (15.Диёрбек Ортиқбоев, 74), 10.Янис Лери (97.Бубакар Траоре, 74), 13.Элзио Лоҳан (11.Данила Ежов, 90+5), 22.Суннатуллоҳ Ҳамиджонов, 25.Матия Ром, 55.Азизбек Пирмуҳаммадов, 79.Азизжон Ахроров (17.Даниил Нугманов, 90+3), 94.Рустам Абдуҳамидов (7.Темурбек Исмоилов, 74), 96.Рафаэль Сабиньо.
Захира: 1.Машҳур Муҳаммаджонов, 3.Равшанбек Султонов, 6.Шоҳжаҳон Султонмуродов, 88.Аброр Хўсинов.
"Динамо": 13.Равшанбек Ягудин, 4.Нурилло Тўхтасинов (97.Тил Мавретич, 56), 5.Маҳамаду Дембеле, 6.Жаҳонгир Ўрозов, 8.Азизбек Амонов, 10.Анвар Ҳожимирзаев, 15.Расул Йўлдошев (44.Кингсли Сарфо, 56), 20.Жалолиддин Жумабоев (99.Улуғбек Ҳошимов, 84), 21.Жаҳонгир Абдусаломов, 22.Улуғбек Абдуллаев (7.Санжар Қодирқулов, 64), 37.Фирдавс Абдураҳмонов (11.Хислат Халилов, 56).
Захира: 1.Эдем Неманов, 16.Драмане Салоу, 19.Мауро Бразил, 31.Сальвадор Санчес.
Огоҳлантиришлар: Улуғбек Абдуллаев (35), Азизжон Ахроров (37), Жалолиддин Жумабоев (47), Элзио Лоҳан (85), Никола Стошич (90+4).
Сергей Токов: "Пул олмаётган футболчининг миясида футбол бўлмайди"
- Оғир ўйин бўлди, айниқса, руҳий томондан. Ўтган сафар уйимизда мағлуб бўлгандик, шу сабабли бу сафар бизда мағлуб бўлиш ҳуқуқи йўқ эди. Шунча мухлис келиб қўллаб турар экан, қанақасига ютқазишимиз керак. Умуман олганда мухлислар сонининг ортиши орқали ўзбек футболи ҳам ривожланади. Чунки мухлисларга тўла трибуна остида футбол ўйнаш футболчиларга ҳам қизиқ, улар ҳам ўсишга эришади. Бу ҳам руҳан босим берди ва бундан йигитлар ажойиб тарзда чиқиб кетишди. Биринчи бўлимда нималардир ўхшади, нималардир йўқ. Иккинчи таймда эса футбол ўйнашга, ҳимояда тартибли бўлишга ҳаракат қилдик.
Фақатгина бир хатога йўл қўйдик. Гол ўтказиб юборгандан кейин ўз вазиятимиздан фойдаландик. Баҳс якуни арафасида яна бир гол уришимиз мумкин эди. Муҳими - қийин ўйинда ғалаба.
"Динамо"ни яхши биламиз, таркибида ўз олдига юқори мақсадларни қўйган яхши футболчилари бор жамоа. Кучли жамоани мағлуб этиш янада ёқимлироқ.
- Футбол шундай ғалати спорт турики, доим ҳам яхши ўйнаб ғалаба қозониб бўлмайди.
- Бу ерда гап яхши ўйинда эмас. Бир жамоа доим ҳам ҳужуда ўйнай олмайди. Уларнинг рақиблари ҳам ўйинга тайёрланади ва жамоа сифатида ўйнайди. Буни ҳам ҳисобга олиш керак. Аксинча, ўзига вазифа қўйган футболчиларни ёки терма аъзоларини таклиф қилсак, кейин улардан катта босимни талаб қилишимиз мумкин. Бу рақиб жуда кучли эди. Биринчи бўлимни улар жуда яхши ўтказишди. Иккинчи бўлимда эса тактик томонлама ўзгаришлар қилишди: бизга ҳудудлар очиб бериб, қарши ҳужумларда ўйнашди. Бизнинг режамиз ишлагани кўринди. Асосийси мухлисларга қувонч туҳфа қила олдик.
- Бугунги ўйинда ўзгаришларни кеч амалга оширдингиз. Ўтказиб юборилган голнинг сабаби нимада?
- Ким билади, балки эртароқ ўзгариш амалга оширганимизда иккита гол ўтказиб юборардик. Агарда бундай бўлса, нималар бўлиб кетишини ҳеч ким билмайди. Кўрганингиздек ҳужумда футболчилар чарчагандан кейин тўп йўқотишни бошлашди. Шундан кейин ўзгариш қилдик. Бу футбол. Ўзгаришлар тезда ўйинга киришиб кетишди. Улар яхши вазиятлар яратишди. Шунда ҳам вазиятлардан фойдаланиш бизнинг оғриқли нуқтамиз бўлди. Иккинчи голни урган футболчи эса ўйинга тушиши биланоқ дарвозани ишғол қилди. Демак ўзгаришларни топа олдик.
- Диёр Ортиқбоевни асосий таркибда майдонга туширмадингиз. Бу олдиндан ўйланганмиди?
- Бундай пайтда, ҳа, атай уни майдонга туширмай, ғалаба голини уришини билгандек, дейишим ҳам мумкин. Ҳолатдан, рақибнинг тактикасидан келиб чиқиб, уни захирада қолдиргандик. Ўйинда эса биз бундан фойдаландик. Ротация доимо фойдали бўлган. Жамоадаги рақобат борлиги сезилади. Ўз навбатида футболчилар ҳам рақобатни ҳис қилиб туришлари ва майдондаги жойи учун курашишлари керак.
- Суперлиганинг барча жамоаларига 35 миллиарддан пул берилиши ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Айрим клубларнинг бюджети бундан анчагина катта эди ва улар бундан нолишди. "Хоразм" каби жамоалар учун бу сумма яхшими?
- Ҳозирча бу ҳақида гапириш жуда қийин. Клуб раҳбарияти, вилоят раҳбарларига раҳмат айтаман. Улар биз учун қанчадир пул ажратишди, лекин буни билмайман. Пуллар тушиб, футболчиларга тарқатилгандан кейин бир нима дейиш мумкин. "Динамо", "Бунёдкор" каби жамоалар 4 ойдан буён маош олмаётганини эшитдим. Ҳозирча ҳеч кимда пул йўқ. Биз эса бундай ҳолатда эмасмиз. Бизни яхши қўллаб-қувватлашмоқда. Бу эса бугунги натижада ҳам кўринди. Бизда футболчилар маош олишмоқда, уларнинг кайфияти яхши, ишлари ўнгидан келмоқда. Маош олмаётганлар эса миясида футбол бўлмайди, улар оиласини ўйлайди. Кимдир уйга пул тўлайди, кимдир кредит олган, уйга овқат олиб кириш учун пул топиш керак бўлади. Бу футболчининг маош олишига ҳалақит қилади. Балки жамоалар пулларини қўлга киритгандан кейин бу муаммолар бартараф қилиниши мумкин.

Вадим Абрамов: "Жамоада пул бўлмас экан, кейинчалик нималар бўлишини билиш ҳам қийин"
- Нима ҳам дердим... "Хоразм" жамоасида ғалаба учун кўпроқ хоҳиш бор эди ва улар шу сабабли ғалабага эришишди, деб ўйлайман. Баъзида шундай ўйинлар ҳам бўлиб туради, барчаси сенга қарши ишлайди. Афсуски биз дурангга лойиқ баҳсимизда иккита гол ўтказиб юбордик. Ушбу ғалабани рақибга бермаслигимиз керак эди. Лекинн барибир гол ўтказиб юбордик. Шундай ғалати голлар ўтказиб юбордик, бугун омад "Хоразм" томонида бўлди. Шунингдек, уларда истак-хоҳиш юқори бўлгани учун шундай ўйинни кўрсата олишди. Биз эса буни уддалай олмадик.
- Бугун дарвозабоннинг қўпол хатолари сабабли жамоа мағлуб бўлди.
- Бу футбол. У барчасини назорат қилиб турибман деб, тўпни ушлагунча ҳужумни бошлашни ўйлади. Афсус, бундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Бунинг барчаси юқори хоҳишдан деб ўйлайман.
- "Динамо"да муаммолар катта. Ушбу муаммолар Президентимиз томонидан амалга оширилаётган умумий фонддан кейин бартараф бўлармикин?
- Тўғриси бу ҳақда мен билмайман. Менинг ишим - жамоани шуғуллантириш. Фонд ҳақидаги гаплар борасида бир нима дея олмайман. Жамоада пул бўлмас экан, кейинчалик нималар бўлишини билиш ҳам қийин.
- Билишимизча, «Динамо»га ойлик маошлар берилмаётганининг 5-ойи бошланган. Масалан, «Хоразм»да ойлик маошлар бўйича қарздорлик йўқ, дейишди. Апрел ойида эса жамоангизни кетма-кет яна 5та муҳим ўйин кутиб турибди. Бу ҳолатда қийин вазиятдан қандай чиқиб кетмоқчиcиз?
- Бу ҳолат ҳақида гапириш мен учун жуда қийин. Майдонга чиқиш ва ўйнашда давом этиш керак. Бизнинг бошқа ишимиз йўқ. Хатоларни кўриб чиқишимиз керак. Айтганингиздек, барчанинг ўз муаммолари бор. Клубларда нималар бўлаётганини барча билиб турибди. Буни таърифлаш учун сўзлар ҳам бор. Лекин буни ҳаммага айтиб бўлмайди.

"Навбаҳор" – "Машъал" 2:1
Тошкент. “Олимпия” стадиони. 19:00
Бош ҳакам: Рустам Чориев
Ёрдамчи ҳакамлар: Абдулҳамид Абдураимов, Жамшид Бакиров
Захира ҳаками: Никита Мустафин
VAR: Рустам Лутфуллин
AVAR: Санжар Шоюсупов
Назоратчи: Маъмур Саидқосимов
Комиссар: Владимир Назаров
Голлар: 1:0 – 37, Диёр Холматов (Муҳаммадали Усмонов), 2:0 – 42, Муҳаммадали Усмонов (Умар Адҳамзода), 2:1 – 61, Влатко Стояновски
🟦"Навбаҳор": 1. Ўткир Юсупов, 2. Саидазамат Мирсаидов (70. Аббосжон Ғуломов, 90+3), 4. Исломбек Маматказин, 7. Русланбек Жиянов, 8. Диёр Холматов (20. Қувондиқ Рўзиев, 90+3), 9. Забиҳилло Ўринбоев (28. Кати Катулонди, 57), 10. Шоҳмалик Комилов (97. Алекс Нассименто Фернандес, 63), 13. Опейеми Теиди Бенжамин, 22. Умар Адҳамзода, 34. Гиорги Жгереная, 77. Муҳаммадали Усмонов (23. Ваня Илич, 63)
Захира: 16. Шукрон Йўлдошев, 3. Зафарбек Раҳимжонов, 6. Шоҳруҳбек Абдураҳмонов, 18. Исохон Мусохонов.
🟥"Машъал": 1. Азамат Сойибов, 7. Влатко Стояновски (97. Августин Чиди Квем, 80), 8. Сардор Абдураимов (18. Илҳомжон Абдиғаниев, 46), 10. Ҳумоюн Муртозаев (13. Нуриддин Нуридинов, 70), 14. Абдул Рашид Абубакар (5. Самандар Очилов, 70), 15. Муҳаммадали Алиқулов, 22. Нуржаҳон Музаффаров, 34. Шаҳбоз Жўраев (28. Эргаш Исмаилов, 82), 37. Шерзод Файзиев, 45. Суҳробжон Пармонқулов (4. Асадбек Хабибуллаев, 82), 69. Роман Хаджиев.
Захира: 35. Достонбек Тўхтабоев, 3. Асан Ваниев, 99. Виашима Рапайел Аягва.
Огоҳлантиришлар: Муҳаммадали Алиқулов (53), Абдул Рашид Абубакар (61), Шаҳбоз Жўраев (65), Исломбек Маматказин (78), Кати Катулонди (90+4)
Тимур Кападзе: "80% таркибимиз янги. Майдондаги ўйин PlayStation эмас, фақат бир жамоа устунлик қиладиган"
"Мухлисларни ғалаба билан табриклайман. Яхши ўйин бўлди. ФИФА кунлари давомида яхши тайёргарлик олиб борган эдик. Олдинда қилишимиз керак бўлган ишлар кўп. "Машъал"нинг вазиятини тушуниб турибмиз. Шу сабаб бундай ўйин намойиш этдик. Биринчи бўлимда айниқса. "Машъал" иккинчи бўлимда катта куч билан олдинга борди. Шунда ҳам вазиятларимиз бор эди ва фақатгина гол уриш талаб этиларди. Энди кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. Олдимизда "Андижон"га қарши ўйин кутиб турибди", - деди Тимур Кападзе баҳс якунлангач.
- Эндигина бешта тур ортда қолганига қарамай кўплаб футболчилар "лазарет"га тушиб қолишди. Олдинда ҳали "Boxing day" бор. Жароҳатланганларнинг сони кўплигидан хавотирдамисиз?
- Хавотирдамиз. Ҳар бир футболчи биз учун йўқотиш. Кимдир қайтади, кимдир яна даволанади. Бор ресурс билан олдинга ҳаракат қиляпмиз. Жароҳатлар футболнинг бир қисми. Барча тезроқ тузалиб, сафга қайтишини истаймиз. Бу ҳақда кўп гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бундай ҳолатлар мураббий учун бош оғриқ.
- Қишда трансфер қилиниб, пул тўланиб сотиб олинган Ваня Илич дастлабки икки ўйинда асосий таркибда эди. "Бухоро"га қарши ўйиндан сўнг эса асосий таркибдан тушиб қолди. Дастлаб у қанотда ўйнади, бугун эса ҳужумчи ортида ҳаракатланди. Иличнинг ўйинидан кўнглингиз тўляптими? Бразилиялик Алекс Фернандес эса дастлабки ўйинларда захирада қолиб кетди, аммо "Пахтакор" ва "Қўқон-1912"га қарши баҳсларда асосий таркибда тушиб, гол ва ассист қайд этди. Шунингдек, Муҳаммадали Усмонов мавсум бошида захирада қолиб кетаётган эди. Бироқ "Пахтакор"га қарши ўйинда асосий таркибда тушиб, яхши ўйин кўрсатди. Кейин "Қўқон-1912" билан яна захирада қолиб кетди. Бугун эса ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан майдонда бошлаб, гол урди. Ҳужумда кўп ротация қилишингизга нима сабаб бўлмоқда? Ушбу футболчилар намойиш этаётган ўйиндан қанчалик қониқяпсиз?
- Биз янги жамоамиз. Буни тушунишингиз керак. Биз ҳар бир футболчини кузатиб боряпмиз. Машғулотларда кўрамиз, ким ўзини қандай тутяпти. Ротация қилиш имконияти борлигидан хурсандмиз. Барча футболчилар асосий таркибда ўйнашга муносиб. Кимгадур вақт керак. Ваня "Динамо"га қарши яхши ўйнади. "Бухоро"га қарши эса ўйини чиқмади. Шу сабаб бошқа футболчиларни майдонга туширдим. Улар эса ўзини яхши кўрсатди. Шу сабабли ротация қилиб боряпман. Ҳозирча барқарорлик йўқ. Мураббийлар штаби билан барчани кузатиб боряпмиз. Ким қандай характерли, қандай ечим топса бўлади. Ҳужумдаги футболчиларимиз кўп ва ҳар бирига имконият бериб кўришимиз керак. Муҳаммадали Ғиёсов жароҳатланган. У сафга қайтса ҳали кўп ёрдам беради. Барчаси янги жамоа бўлганимиз учун содир бўляпти. Жамоа бир тонусга тушиб олса, кимдир асосийда ўйинни бошлаб, қолганлар эса иккинчи бўлимда майдонга тушиб ўйинни кучайтирадиган бўлади. Мен учун майдондаги кўрсатмаларни тўғри бажаришса бўлди. Жамоа фойдасига ҳаракат қилиши асосий мезон. Камчиликлар эса ҳар ўйинда бор. Камчиликлар устида ишласак, жамоа ўйиндан ўйинга ўсиб боради. Жароҳатлар ҳам ўзига яраша таъсир қилмоқда.
- Ҳужумчиларни ўйин давомида алмаштириш осон. Марказий ҳимоячилар билан ротация қилиш эса бироз хавфлироқ. Бугун Чичинадзе ўйнамади, аммо аввалги тўртта учрашувнинг барчасида тўлиқ ҳаракатланган эди. Гиорги Жереная бугун ўйнади, аммо "Қўқон-1912"га қарши баҳсни ўтказиб юборганди. Исломбек Маматказин эса бугун ва "Қўқон-1912"га қарши ўйнади. Унга қадар эса ўйинларда иштирок этмаганди. Дилшод Комилов фақатгина "Динамо"га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида майдонда туширилди ва шундан сўнг майдонга қайтмади. Жамоада кимлар асосий марказий ҳимоячи?
- Дилшод Комиловнинг жароҳати бор. У эндигина жамоа машғулотларига қўшилмоқда ва ҳозирча индивидуал тарзда машғулот олиб бормоқда. "Пахтакор"дан кейин эса уч нафар футболчимиз жароҳатланди. Кати Катулонди, Гиорги Жереная ва Саидазамат Мирсаидов. "Қўқон-1912"га қарши ўйиндан кейин эса Анри Чичинадзе сафдан чиқди. Биз учун яна бир синов. Шу орқали бошқа футболчиларга имконият берамиз. Айтяпман-ку, жамоа ҳали янги. Барчаси оптимал даражага келиб олгунча вақт талаб этилади. Барча жамоаларда ҳолат шундай. Захира ўриндиғи қанчалик кучли бўлса, жамоа шунчалик яхши деб бекорга айтишмайди. Чемпионат энди бошланди. Олдинда ўйинлар кўп. Энг муҳим ўйинлар иккинчи даврада кутиб турибди. Энг асосийси ҳар бир ўйинда максимал тарзда ҳаракат қилиб, кўпроқ очко тўплашга ҳаракат қилишимиз керак.
- "Навбаҳор"га барқарорлик етишмаётгандек. "Бухоро"дан енгилиб, "Пахтакор" рақибга ҳеч қандай имконият бермай ютуққа эришилди. "Қўқон-1912"га мағлуб бўлиб, бугун "Машъал" устидан ғалаба қозонилди. Бундай натижаларга ва барқарорлик йўқлигига нима сабаб бўлмоқда?
Айтганимдек, биз янги жамоамиз. Бир футболчига имконият беряпмиз. У ўзини яхши кўрсатмоқда ва кейинги ўйинда кутилганидек ўйнамаяпти. Шунинг учун ротация қилиб боряпмиз. Жамоа ҳали шаклланиб бормоқда. "Бухоро" билан ўйинда мағлубиятга лойиқ эмас эдик. Ўйин бўйича энг камида дуранг қайд этилиши керак эди. Аслида дуранг ҳам бизни қониқтирмайди. Битта стандарт вазият ва рақиб гол урди. Икки тайм давомида ҳам рақибга босим қилгандик. Қўқонда эса умуман бошқача ҳолат бўлди. 1:0 ҳисобида олдинда эдик. Пенальтига тортадиган баҳсли вазият бўлди, аммо ҳакам ўйинни тўхтатмади. Биз жавоб ҳужумида гол урдик ва ҳисоб 2:0 кўринишига келди. Шундан сўнг биз урган гол бекор бўлди ва дарвозамизга 11 метрлик зарба белгиланди. 2:0 ҳисобида ютиб турган вазиятда, рақиб пенальтидан гол урди ва ҳисоб тенглашиб кетди. Рақиб ҳиссиётларга берилиб, яна олдинга ўта бошлади. Шундай қийинчиликларга дуч келяпмиз, лекин барчаси вақтинчалик. Ҳар бир муаммони таҳлил қилиб чиқяпмиз. Қаерда, қандай хато қилдик, барчасини ўрганиб чиқмоқдамиз. Кейинги сафар яна шундай ҳолатга тушсак, футболчилар тўғри реакция билдиради. Буларнинг барчасига сабаб янги таркиб йиғилган. 80% таркибимиз янги. Туркиядаги йиғинларни ҳам тўлиқ таркибимиз билан ўтказа олмадик. Январда МТЖ йиғин ўтказди ва бир нечта футболчиларимиз жамоа билан бирга эмас эди. Ундан кейин эса 2-3та легионеримиз сафимизга кеч қўшилди. Мана шундай ўйинлар орқали футболчиларни кўриб боряпмиз. Ўйиндан ўйинга барчаси ойдинлашиб бормоқда. Назаримда, турдан турга ўйинимиз яхшиланиб бормоқда. Шу орқали ўзимиз истаётган мукаммал ўйинни топамиз.
- Жамоага гол керак бўлганда умуман бошқача футбол кўряпмиз. Таблодаги ҳисоб жамоани қониқтираётган паллада эса ўйин сустлашиб қоляпти ва устунлик рақиб томонга ўтмоқда. Бунинг сабаби нимада?
- Бу инсонга хос ҳолат. Ҳисоб бизга керакли вақти хотиржамликка берилади. Яна гол уриб оламиз, деган хаёллар бўлади. Айниқса 2:0 ҳисоби шундай. Иккинчи бўлимда ўйинимизда узилишлар бўлди. Аслида яна гол уришимиз керак эди. Танаффусдан сўнг "Машъал" "Вабанк"га қўл урди. Кўпчилик бўлиб ҳужумга ўтиб, ҳаводан тўп узатишни бошлади. Эпизодларни ютиб чиқиб, битта гол ҳам уриб олишди. Биз қарши ҳужумда яна гол уришимиз керак эди. Ўзи ҳар бир ўйинда имкониятларимиз бўлмоқда. Улардан фойдаланишимиз керак. Ҳимояда камчиликлар бор. Асосий икки ҳимоячимиз жароҳатда. Камчиликлар йўқ эмас. Ҳар бир баҳс бизга ўсиш учун пойдевор бўлмоқда. Қаерда камчилигимиз борлигини билиб оляпмиз. Футболда пасайиш ва ўсиш тез-тез кузатилиб туради. Сиз айтганингиздек, жамоа 90 дақиқа бир хил ўйин намойиш этиши керак. Рақиб жамоа борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Майдондаги ўйин Playstation эмас, фақат бир жамоа устунлик қиладиган. Иккинчи таймда айрим футболчиларимизнинг томири тортишиб қолди. ФИФА кунлари туфайли ўйинлар орасидаги пауза катта бўлгани учун шундай бўлди. Захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинга қўшилиб кета олди. Биринчи бўлимда яхши ўйнагандик. Бугун ғалабани қийналмасдан қўлга киритдик дея оламан.Тўғри, иккинчи бўлимда кичик эпизодларга асабийлашдик.
- "Машъал" дастлабки бешта турда 12та сариқ карточка ва 2та қизил карточка билан жазоланган экан. Бутун ўйин давомида "Машъал" футболчилари қўпол ўйин намойиш этгандек таассурот уйғонди. Айниқса бир нечта қоидабузарликлардан сўнг "Навбаҳор" футболчилари жиддий жароҳат олиши мумкин эди. "Машъал" шундай ўйин намойиш этишидан хабардормидингиз?
- Рақиб ўйинларини кўриб чиққанман. "Локомотив" ва "Андижон"га қарши ўйинларда қизил карточка олди. Жамоа қўпол ўйин намойиш этиши биринчи навбатда жамоанинг зарарига ишлайди. Ҳар бир огоҳлантириш ва четлатиш футболчининг кейинги ўйинни ўтказиб юборишига олиб келади. Бу "Машъал"нинг муаммоси. Айрим вазиятларда ҳакам қаттиққўллик қилиши мумкин эди. Умуман олганда, бугун ҳакамлар ўйинни яхши бошқарди.
- Кетма-кет бир неча йилдан буён клуб ва терма жамоаларда ишлаб келдингиз. Дастлаб, ОТЖ ва "Олимпик". Кейин эса миллий терма жамоа. Бир неча йилдан буён сизда умуман дам олиш имконияти бўлмаганди. Март ойидаги ФИФА кунларини эса биринчи маротаба фақат клуб бош мураббийи сифатида ўтказдингиз. Клуб ҳамда терма жамоани бошқариш билан фақат клубда ишлаш фарқи қандай экан? Балки бу сафар кўпроқ дам олгандирсиз ёки клуб ҳеч қачон иш тўхтамайди деган ибора тўғри эканми?
- Клубда ҳеч қачон иш тўхтамайди. ФИФА кунларида жамоа тайёргарлик кўриб, назорат ўйинларида иштирок этди. Айрим кунлари бир маҳал, бошқа кунлари эса икки маҳал машғулот олиб бордик. Мураббийлар ўзи дам олмас экан. Мавсум тугаса, кейинги мавсумга тайёргарликни бошлаймиз. Бу бизнинг ишимиз. Ишимизни яхши кўрамиз. Клубда ишлаш ҳар куни ҳаракатда бўлиш дегани. Қаердадир ўзгариш қиласан, синаб кўрасан ва натижани кутасан. Бош оғриқлари кўп. Ҳар бир рақибга қарши ҳар хил ўйнаш керак. Бир жамоага қарши прессинг билан, бошқасига қарши бошқача. Буларнинг барчаси мен учун қизиқ. Ҳар бир рақиб ҳар хил ўйнайди. Жамоани ҳар бир рақибга қарши тайёрлаб бориш ва бошқа жиҳатлар. Ушбу жараён мени ва жамоани ҳам ўстирмоқда. Ютишимиз керак, схемани ўзгартиряпман. Мураббийлар штаби билан тўлиқ ишлаб боряпмиз. Энг асосий мақсадимиз мухлисларимизни хурсанд қилиш.
- Забиҳилло Ўринбоевнинг ҳолати ҳақида нималар дея оласиз?
- Тез ёрдам машинаси уни олиб кетди. Ҳолати яхши дейишди. МРТ орқали қанчалик жиддий жароҳат олганини билиб оламиз.
- Олдинда 7та тур учрашувлари бор ва учрашувларнинг ораси яқин бўлиб қолди. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Бу фақатгина биз учун эмас-ку. Барча жамоалар учун шундай тақвим тузилган. Ҳаракат қиламиз. Олдимизда "Андижон"га қарши "водий дерби"си бор. Биз учун ҳар бир ўйин муҳим. Энг аввало кейинги ўйинга тайёргарлик кўриб, уч очкони қўлга киритишимиз керак. Ҳар бир ўйинга максимал ёндашув билан чиқишимиз талаб этилади.
- "Навбаҳор"дан МТЖга фақатгина Ўткир Юсупов чақирилди. Бошқа футболчилар бу сафар таркибдан тушиб қолди. Ушбу ҳолатга изоҳ бериб ўтсангиз...
- Руслан Жиянов ва Қўвондик Рўзиев рўйхатда бор эди, менимча. МТЖ таркибига фақатгина 23 нафар футболчи кира олади. Танлов бўлса катта. МТЖ мураббийлар штаби барчани кузатиб, ўзига керакли футболчиларни чақиришган. Уларда ҳам ротация қилиш имкониятлари бор. Ҳар бир футболчи максимал тарзда ҳаракат қилиб, МТЖдан чақирув олишга интилиши керак. МТЖ мураббийлар штабига ҳам осон эмас. Танлов кўп, аммо барчани чақириб бўлмайди. Мен ҳам буларни ўз бошимдан кечирганман. Уни чақирайми ё буни чақирайми деб ўтирасан. Нафақат Руслан Жиянов, балки номзодлар ҳам бор эди. Бу бош мураббийнинг қарори. Бугунги кунда энг муносиб футболчиларни чақирди. Балки қайсидир футболчини кўриб олмоқчи бўлгандир. Жияновни таниши мумкин ва шу сабабли янги футболчини чақириб, унга имконият бериб кўришни ўйлагандир. Ҳар бир футболчи ўзини яхши кўрсатса, мураббийлар штабининг назарига тушади.
Отабек Нарзуллаев: "Хорижлик мураббий билан бундай ёмон натижа қайд этилаётгани яхши эмас. Суров базада даволанмоқда"
"Ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик ва қийин бўлишини билардик. "Навбаҳор" яхши футболчиларга эга кучли жамоа. Биз схемани ўзгартиргандик. Шу туфайли биринчи таймда қийинчиликка учрадик. Айрим вазиятларда футболчиларимиз қийналишди. Айниқса ҳужумга чиқишга. Шунинг учун дастлабки бўлим биз учун оғир кечди. Танаффусдан кейин тактикамизга бироз ўзгартириш киритдик. Кейин эса ҳужумкорроқ ўйнадик ва гол уришга эришдик. Ҳаракат қиламиз ўйинимизни яхшилашга. Ҳозирги ҳолатимиз яхши эмас. Ўтган мавсумда ҳам шундай ҳодиса рўй берганди. Якунда қийин ҳолатдан чиқиб кета олгандик. Жамоада яхши футболчилар тўпланган. Мағлубиятлар футболчиларнинг руҳиятига таъсир ўтказмоқда. Ушбу жабҳани яхшиласак барчаси яхши бўлиб кетишига ишонаман. Яхши шаклланган жамоамиз. Ҳозирча кичик тушунмовчиликлар бўлмоқда. Ушбу муаммо йиғиндаги ҳолатимиз билан боғлиқ деб ўйлайман. Қишки йиғинларимизнинг иккинчи босқичида жуда кўп нарсани ўтказиб юбордик. Тайёргарлигимиз кўнгилдагидек бўлмади. Мавсумга тўғри ва яхши тайёргарлик кўра олдик деб ўйламайман. Шунинг учун ҳам шундай муаммоларга дуч келмоқдамиз. Бундай жараёндан ўтиб олишимиз керак. Жамоага интенсивлик керак. Тезроқ қарши ҳужумларга ўтишимиз керак. Ушбу жиҳатни яхшилаб олсак, ҳозирги ҳолатимизни яхшилаб оламиз ва қийин аҳволдан чиқиб кета олишимизга ишонаман", - деди Отабек Нарзуллаев баҳс якунлангач.
- "Андижон"га қарши ўйиндан сўнг Игорь Суров вазиятларимиз бор, аммо гол ура олмаяпмиз. Асосий муаммомиз шунда деб айтиб ўтган эди. Табиийки, "Машъал"га "Навбаҳор" каби кучли рақибларга қарши ўйнаганида кўплаб вазиятларга эга бўла олмайди. Бугунги учрашувдаги хавфли вазиятлардан фойдаланишдан қанчалик кўнлингиз тўлди? Жамоа бугун жорий мавсумдаги илк голини киритишга мувофиқ бўлди.
- Биринчи голдан хурсандмиз, аммо бу аянчли ҳолат. Ҳужумчиларимиздан кўпроқ гол уриш ва зарба беришни талаб қиламиз. "Навбаҳор" билан ўйинда кўпроқ қарши ҳужумларга таянишни режа қилгандик. Қарши ҳужум орқали ўйнаганимиз учун айрим вазиятларда йигитлар бир-бирини тушунмай қолди. "Навбаҳор"дек жамоага гол уриш яхши.
- Бугун клуб матбуот хизмати бош мураббий Игорь Суров сурункали касаллик туфайли яна бир нечта ўйин давомида жамоага ёрдам бера олмаслигини эълон қилди. Март ойининг бошида ҳам Суров бир нечта ўйинни ўтказиб юборган эди. Ушбу ҳолат жамоага қанчалик таъсир қилмоқда?
- Таъсири катта. Бош мураббий, барибир бош мураббий. Ёрдамчи мураббий эса ёрдамчи мураббий. Бош мураббий бўлсагина футболчилар ўз ишини яхшилашга ҳаракат қилади. Суровнинг соғлигида муаммо бор. Андижондаги ўйиндан сўнг жамоа самолётда ортга қайтган бўлса, Суровни таксида ортга жўнатиб юбордик. Кутилмаганда қон босими билан боғлиқ муаммо бўлгани учун уни таксида жўнатдик. Суров жамоа билан бирга, базада даволанмоқда. Якуний қарорни эса раҳбарият қабул қилади. Ким бош мураббий бўлиши ёки ким ёрдамчи бўлишини билмаймиз. Агар соғлиги яхши бўлса балки қайтар. Балки раҳбарият жавоб берар. Ҳозир жамоанинг натижалари ҳам яхши эмас. Агар маҳаллий ёки ёш мураббий шундай натижа қайд этганида, бундай ҳолатни тўғри қабул қилсак бўлар эди. Бироқ хорижлик мураббий билан бундай ёмон натижа қайд этилиши яхши эмас. Раҳбарият бу ҳақда ўйлаб кўрса керак.
- Ҳумоюн Муртазоев иккинчи бўлимда захирага олинганида юзида икки маъноли табассум бор эди. Муртазоев алмаштирилгач, захира ўриндиғида ўтирмай дарҳол кийиниш хонасида йўл олди. Муртазоев захирага олинганидан норози бўлдими?
- Ҳумоюн кейинги ўйинларга керак бўлади. Биз ҳар бир ўйинга алоҳида режа тузамиз ва ҳар бир футболчи қанча вақт ўйнаши белгиланган. Уни кейинги ўйинга асрадик. Муртазоев бугун кўп куч йўқотди. Феъл-атвори яхши футболчи, ҳеч қачон мураббий сўзини икки қилмаган. Майдондаги ва майдондан ташқаридаги ҳақиқий сардор.
- Бугун "Машъал" таркибида дебютантлар бўлди. Асосан U21 таркибида тўп тепадиган ва ҳали асосий жамоада дебют қилмаган футболчиларни майдонга ташладингиз. Бугун дебютантлардан қониқдингизми?
- Авваламбор, бу яхши ҳолат. Ҳеч бир мураббий бундай катта ўйинларда ёшларга имконият бермайди. Мен кўпроқ ёшларни ўйнатишни яхши кўраман. Бу футбол, ким тезроқ ва яхшироқ ўйнаса, ўша таркибдан жой олди. Ёш ёки тажрибаси йўқ деб ўтирмайман. U21 ҳам катта футбол ҳисобланади. Суҳроб Пармонқулов яхши ҳаракат қилди. Унинг ўйинидан қониқдим. Кейинги турларда яна ўринбосарлар жамоасидан футболчиларни жалб этамиз. Ёшларга имконият бериш керак. Улар ҳам ўйнаши керак-ку.
- Аввалги тўрт ўйинда Достонбек Тўхтабоев дарвозани қўриқлаганди. Бугун эса Азамат Сойибов дебют ўйинини ўтказди. Дарвозабонлар ўртасидаги рақобат ҳақида гапириб ўтсангиз…
Бу рақобат. Достон тўртта ўйинда ўтказиб юборган голларининг барчасида жамоавий хатолар бўлган. Посбон ёки фақатгина ҳимоячиларнинг хатоси эмас. Бутун жамоа ўша вазиятда яхши ўйнамаган. Гол ўтказиб юборилса, мураббийлар штаби ҳам хатога йўл қўйган ҳисобланади. Достонга бироз дам бердик. Руҳий томондан тикланиб олиши керак. Ҳар бир ўйинчи мен учун керакли. Олдинда ҳар уч-тўрт кунда ўйнашимиз керак бўлади.
- "Машъал" Суперлиганинг дастлабки беш ўйинида 12та сариқ ва 2та қизил карточка билан жазоланди. Бугунги учрашувда ҳам футболчилар жуда берилиб ва бироз қўполроқ ўйнагандек. Айрим тўқнашувлардан сўнг "Навбаҳор" футболчилари жиддий жароҳат олиши мумкин эди. Футболчиларни дисциплинар жиҳатдан бироз тинчлантириб қўйиш керак эмасми?
Фикрингизга қўшиламан. Бу ҳолат дисциплина билан боғлиқ. Футболчилар кетма-кет ўйинларда мағлуб бўлаверса, кайфиятга таъсир ўтказади. Концентрация йўқолади. Биз айтганимиз билан фойдаси йўқ. Футболчилар майдондаги "жангчи" бўлиши керак. Сариқ ва қизил карточка олаётган футболчилар майдонда курашаётган бўлади. Бундай ҳолатларда биз қарши эмасмиз. Бизга "жангчи"лар керак. Жамоанинг ўйини чиқмаса ҳам шундай агрессив футбол орқали натижани қўлга киритиш мумкин. Ўйинда кўп курашлар бўлади ва шундай вазиятларда сариқ ва қизил карточкалар кўрсатилиши мумкин.
Русланбек Жиянов: "Машъал" кутганимиздек ўйнади"
Диёр Холматов: "Машҳур футболчининг ўғли бўлиш осон. Тожикистон терма жамоасидан таклиф бўлмаган"
"Насаф" – "Андижон" 1:0
03 апрель 2026 йил. Самарқанд, "Динамо" стадиони. 20:15
Ҳакамлар: Ильгиз Танташев, Андрей Цапенко, Тимур Гайнуллин, Жаҳонгир Норалиев
VAR: Иброҳим Исмоилов
AVAR: Акмал Ғиёсов
Назоратчи: Александр Попов
Комиссар: Бекзод Арипов.
Гол: Муродбек Раҳматов 77, - 1:0 (Зафарбек Абдираҳматов).
❤️ "Насаф": 1.Абдувоҳид Неъматов, 2.Алибек Давронов, 5.Ғолиб Ғайбуллаев, 6.Сардор Баҳромов, 7.Аденис Шала (10.Бобир Абдихолиқов, 65), 8.Зафармурод Абдирахматов, 14.Шароф Муҳитдинов, 15.Ойбек Рустамов, 17.Мурод Раҳматов, 27.Яшнарбек Бердираҳмонов (22.Диёр Абдуназаров, 86), 92.Умар Эшмуродов.
Захира: 21.Самандар Муратбаев, 4.Акрамжон Комилов, 20.Юсуф Отубанжо, 23.Дилшод Муртозаев, 32.Қувонч Хушвақтов, 33.Баҳодир Халилов, 76.Зафар Садуллаев.
🤍 "Андижон": 35.Раҳимжон Давронов, 4.Игорь Голбан, 6.Александре Андроникашвили, 8.Жамшид Болтабоев (19.Сайфиддин Содиқов, 82), 9.Имеда Ашортиа (18.Дамир Темиров, 82), 10.Драган Черан (7.Пўлатхўжа Холдорхонов, 70), 15.Неманья Чаласан, 17.Азизбек Турғунбоев (11.Ҳумоюнмирзо Иминов, 82), 20.Ислом Тўхтахўжаев, 27.Мартин Боакье (22.Усмонали Исмоналиев, 82), 77.Маҳмуджон Маҳамаджонов.
Захира: 1.Элдор Адҳамов, 2.Одилбек Абдумажидов, 3.Иброҳим Йўлдошев, 14.Абдураҳмон Комилов, .
🟨 Огоҳлантиришлар: Ислом Тўхтахўжаев 15, Ҳумоюнмирзо Иминов 87.
Рўзиқул Бердиев: "Жамоавий ўйинни шакллантиришга урғу бердик"
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Йигитлар майдонда сифатли ва тартибли бўлишга ҳаракат қилишди. Бугун майдонга тушган барча кўп меҳнат қилди. Шунинг эвазига ишончли ғалабага эришдик. Рақиб бизга асосан стандарт вазиятлар орқали қийинчилик туғдирди, лекин позицион ва қарши ҳужумларда биз мазмунли кўриндик. Ғалаба жуда ёқимли, ушбу ютуқ билан узоқ йўл босиб келган мухлисларимизни, клубимиз вакилларини ҳамда раҳбариятни табриклайман.
- Муродбек Раҳматов ҳақида ярим ҳазил, ярим чин савол бермоқчиман. Адашмасам, бугун Муродбек "Насаф" либосида 8-голини урди. У гол урган ўйинларда "Насаф" етти бор ғалаба қозониб, бир марта дуранг қайд этган экан. Бу дегани Муродбек Раҳматов бундан кейин жамоанинг асосий ҳужумчиси бўлиб қоладими? Унинг қанчалик юксалаётгани ҳақида гапириб ўтсангиз.
- Тўғрисини айтсам, статистикани кузатиб боришингиз менга қизиқ туюлди. Мен бу ҳақда билмас эканман. Муродбек универсал футболчи. У ҳужумда, ярим ҳимояда, қанотларда, керак бўлса қанот ҳимоячиси сифатида ҳам ўйнай олади. Умуман ҳар қандай позицияда жамоага ёрдами тегади. Мурод бугун ғалаба келтирувчи голни урди, фақат ўйин охирларида толиқиб қолгани охирги бир ҳафта умумий гуруҳда шуғулланмагани таъсир қилди. Бундан ташқари, Алибек Давронов, Ғолиб Ғайбуллаевда жароҳат борлиги сабаб уларни охирги назорат баҳсида майдонга туширмадик. Айтиб ўтганимдек, Муроднинг универсаллиги биз учун жуда муҳим. У асосий таркиб футболчиси сифатида кўп меҳнат қиляпти, бу ёшда ҳали кўп тажриба орттириб, жамоа етакчисига айланиши керак.
- Мавсум аввалида, қишки йиғин пайтида "Насаф" ҳақида ҳар хил гапларни эшитдик. Кўп футболчилар жамоани тарк этди. Шунга қарамай дастлабки беш турда жамоангиз 10 очко тўплади. Ҳатто "Сурхон" билан ўйиндан кейин ҳам танқидий фикр янгради. Яқинда ниҳоясига етган ФИФА кунлари сизга ва жамоага қандай таъсир қилди?
- Энди танқидий гаплар ҳар доим бўлган. Лекин бунга кўп эътибор бермаймиз ва жамоани шакллантириш устида ишлаймиз. Ўн нафарга яқин футболчи жамоамизни тарк этгач, турли гап-сўзлар янгради, шунга қарамай ишлашда давом этяпмиз, чунки клуб ўз мавқеини сақлаб қолиши керак. Ўз имкониятимиздан келиб чиқиб жамоавий ўйинни шакллантиришга урғу бердик. Агар жамоавий ўйин яхши йўлга қўйилса ва футболчиларни тартибга ўргатсак, бу натижа беришини биламиз. Мақсадларимиздан яна бири - ёшларнинг тажрибасини ошириш. Бугунги ўйинимиз таҳсинга лойиқ деб ўйлайман. "Сурхон"га нима учун ютқазганимизни футболчилар яхши билади, биз бу ҳақда гаплашиб олдик. Ҳар бир ўйинда чиройли футбол ва натижа учун майдонга чиқамиз.
Самвел Бабаян: "Ҳисоб ўйинга мос бўлмади"
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун миллий чемпионатдаги 5-турни ўтказдик. Афсуски, ютқазиб қўйдик. Ҳисоб ўйинга мос бўлмади. Баъзи вазиятларда "Насаф" тўп билан кўпроқ муомала қилган бўлса-да, деярли хавфли вазият ярата олмади. Биз учун бу аламли мағлубият бўлди. Бир вазиятда тезкор ҳужумни ўтказиб, бунинг натижасида гол ўтказдик.
Рақиб тезкор ҳужумларда яхши ҳаракат қилишини билардик, айниқса стандартдан сўнг дарвозабон тўпни ўйинга киритса. Битта хато голга олиб келди. Хатога йўл қўйдик ва мағлуб бўлдик. Янги жамоа тузаётганда бундай мағлубият алам қилади. Футболчилар руҳиятига ҳам қаттиқ таъсир ўтказади. Албатта, хатоларни таҳлил қиламиз ва олдинга ҳаракат қилишда давом этамиз.
Мен мухлислар учун қаттиқ афсусдаман. Шунча узоқ йўл босиб бизни қўллаб туришди, бироқ мағлубиятга учраб уларни хафа қилдик. Бунинг учун ишқибозлардан узр сўрайман. "Насаф" биз учун принципиал рақиб эди, шу боис ютқазганимиз жуда алам қиляпти. Лекин биз ҳам кучли жамоамиз ва бу мағлубият бизни синдириб қўймаслиги керак. Ўйинни таҳлил қиламиз, хатоларни ўрганамиз.
- Бугун "Андижон" рақибга яхши қаршилик кўрсатди, бироқ Черан, Боаке каби яхши футболчиларга вақтида "снаряд" етказиб берадиган футболчи кўринмади. Шу боис бу икки футболчи кўп ҳолларда тўпсиз қолиб кетди.
- Позицион ҳимояланишда ҳамма яхши ўйнади. Биз тўпни анча орқада қабул қилиб олдик. Шу боис Черан - Боаке боғлами биргаликда иш бермади. "Снаряд" етказиб берувчига келсак, таянч ярим ҳимоямизда муаммолар бор. Бизни таняч ярим ҳимоядаги ўйин қониқтирмаяпти. Ҳужумни ривожлантиришда ҳам динамика кўринмаяпти. Гол ўтказиб юборилган вазиятда тўлиқ ҳимояланишга улгурмадик. Сабаблар кўп, айтганимдек таҳлил қилишимиз керак. Ўйлашимча, вазият ҳам ярата олмадик, анча орқада тўпни қабул қилиб олдик ва рақиб дарвозаси томон 50-60 метр босиб ўтиш осон бўлмади. "Насаф" ҳимояда жуда тартибли ўйин намойиш этди, бу ҳам уларга қўл келди.
"Пахтакор" – ОКМК 3:1
⚽️ Гол: 21 - Фламарион (Ҳожиакбар Алижонов), 45+1 - Достонбек Ҳамдамов, 46 - Азиз Холмуродов, 62 - Муҳаммадқодир Ҳамралиев (Фламарион)
Бош ҳакам: Шавкат Насибуллаев
Ёрдамчи ҳакамлар: Шоҳруҳ Мақсудов, Абдурашид Эркинов.
Захира ҳаками: Диас Галеев
VAR: Жасур Мухторов
AVAR: Ринат Серазитдинов
Назоратчи: Владислав Цейтлин
Комиссар: Абдулбосит Валихонов
"Пахтакор": 35. Санжар Қувватов, 55. Муҳаммадрасул Абдумажидов, 7. Ҳожиакбар Алижонов, 5. Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 34. Шерзод Насруллаев, 17. Достонбек Ҳамдамов (Ҳожимат Эркинов, 72), 50. Фламарион (23. Абдурауф Бўриев, 81), 27. Сардор Собирхўжаев (21. Башар Ресан,72), 77. Ойбек Бозоров (Иброҳим Ибрагимов,72), 10. Акмал Мозговой, 14. Рустам Турдимуродов (19. Пётр Пажишек,64).
Захира: Владимир Назаров, 77. Дилшод Саитов, 15. 3. Шаҳзод Азмиддинов, 20. Дилшод Абдуллаев.
ОКМК: 23. Ҳамидулло Абдунабиев, 6. Авазбек Ўлмасалиев (3. Шаҳзод Тоиров,59), 7. Дилшодбек Аҳмадалиев, 22. Саидафзалхон Аҳроров, 44. Аброр Каримов, 5. Гиорги Папава, 9. Азиз Холмуродов, 28. Ариҳиро Сентоку (11. Али Абдураҳмонов, 77), 17. Нодирбек Абдураззоқов (21. Ҳазратжон Турсунқулов, 87), 10. Асадбек Собиржонов (18. Риан Исломов,77), 88. Сиаваш Ҳақназарий (27. Урош Койич.77).
Захира: 35. Жавоҳир Илёсов, 13. Элдор Бегимов, 4. Миржамол Қосимов, 8. Абубакр Ризо Турдалиев
Камолиддин Тожиев: "Ўтказилган голда фақат ҳимоянинг айби бўлмайди"
– Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи бўлимни яхши ўтказдик, яхши бошладик, иккита гол урдик. Танаффусдан кейин майдонга чиқиб, тезкор гол ўтказиб юбордик. Бу озгина руҳиятимизга таъсир қилди. Кейин учинчи голни урдик. Барибир ўйиннинг охирида озгина чарчоқ ҳам сезилди. 10 та футболчимиз терма жамоаларда эди. Бизда машғулотлар бироз кам бўлди. Шунинг учун ўйин охирида чарчоқ билинди.
– Ҳимоячилар ҳақида сўрамоқчи эдим. Бугун ҳимоя марказида Ҳамралиев билан Абдумажидов ўйнади. Умуман олганда, Азмиддинов бор, Ҳамралиев, Абдумажидов каби зўр ҳимоячилар бор. Лекин "Қизилқум"га қарши ўйиндан кейин қаторасига ҳар ўйинда гол ўтказяпсизлар. Марказий ҳимоя ҳақида қандай фикрдасиз?
– Гол ўтказилса, фақат ҳимоянинг айби бўлмайди-ку, бу бутун жамоанинг хатоси бўлади. Масалан, бугунги голли вазият ҳақида сўрадим, ҳужумчи офсайддан чиқиб урди, дейишди. Нима ҳам дердик, бўлиб туради. Таркибни тўлиқ қарайдиган бўлсак, барибир ҳаммага ўйин амалиётини бериш керак. Бу камчиликлар устида ишлаймиз ва меҳнат қилишда давом этамиз.
– Ўтган мавсумларда ўнг қанот жуда ҳам ёрқин эди, масалан, Ҳожиакбар Алижонов. Тўғрисини айтиш керак, жуда ҳам ёриб кирарди. Чап қанотга шерзод Насруллаев жалб этилди. Шунингдек, Бозоров келди. Лекин барибир асосий ҳужумлар ўнг қанотдан ташкил этилмоқда. "Нефтчи"га қарши ўйинда чап қанот қанот оқсаб қолмайдими? Ҳужумда демоқчиман.
– Йўқ, оқсамайди. Бугун Насруллевнинг ўзи ҳам биринчи бўлимда 7-8 марта ичкарига тўп оширди. Фақат ўнг томондан эмас, чап томондан ҳам вазиятлар яратяпмиз, шунчаки якуний зарба етишмаяпти. Бунинг устида ишлаймиз, чап томондан ҳам, ўнг томондан ҳам кўпроқ ҳужум қиламиз.
– Кейинги саволим Ҳожимат Эркинов ҳақида. Яқиндагина Ҳожиматни терма жамоага чақиришганда жуда фаол эди, ҳозирги кунда унга нимадир етишмаяпти. Ўша тезкорлиги, шиддати йўқ бўлиб қолгандек. Ҳожимат билан нималар бўляпти?
– Ҳозирги ҳолати ҳам ёмон эмас. Ўз формасига қайтишини кутяпмиз, у билан ҳам ишлашда давом этяпмиз. Ўзи билан ҳам гаплашяпмиз, формасига кириб, яна ўша ёрқин ўйинини кўрсатади.
– Яна битта савол. "Пахтакор"га қарасак, бу Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркиби каби. Шунинг учун дарвозабон Владимир Назаров ҳақида сўрамоқчи эдим. Суперкубокда ҳаммамиз кўрдик, битта хато туфайли рақиб ғалаба қозонди. Ҳозир Назаров майдонга чиқмаяпти, терма жамоага ҳам чақирилмади. Қанақадир муаммолар борми?
– Йўқ, муаммо йўқ. Санжар Қувватов ҳам бор. Ўтган ўйинда ғалабага эришдик, шунинг учун бугун дарвозабонни алмаштирмасликка қарор қилдик. Назаров ҳам, Санжар ҳам ўйин амалиётига эга бўлишади.
– "Пахтакор"нинг голларини ўтган йил билан солиштирсак, бу йил ҳужумчиларнинг гол уриш фоизи камайиб кетгандек. Масалан, Рустам Турдимуродов бошида иккита ўйинда иккита гол урди, лекин умуман олганда қанот вингерлари ва яримҳимоячилар кўпроқ гол уряпти. Ҳужумчиларнинг гол урмаётгани сизни қанчалик ўйлантиряпти?
– Бунинг устида ҳам ишлаймиз. Машғулотларда ҳам меҳнат қиляпмиз. Барибир йигитлар ҳаракат қилишяпти. Рустам Турдимуродовнинг ҳам, Достон Ҳамдамовларнинг ҳам ўйини қовушяпти. Уларнинг устида яна ишлаймиз.
– Шу жойда яна битта савол берса бўладими? Бугунги миш-мишларга кўра, ФИФА томонидан Россиядаги легионерларга рухсат берилибди ва улар бизнинг Суперлигамизда ҳам ўйнаса бўлар экан. Бугун стадион трибунасида Рустам Ашурматовни кўрдик. Сергеев трансфери устида ишлаяпмиз деяпсиз-ку, балки кейинги турлардан бошлаб "Пахтакор" таркибига кимдир, ўша легионерлар қўшилар?
– Бу борада ҳам ишлаяпмиз.
– Фламарионнинг ҳолати ҳақида сўрамоқчи эдим. Мавсум бошида шамоллаб қолди деб иккита ўйинда майдонга тушмади. Кейин захирадан тушиб ўтган ўйинда ҳам ассист қилди, бугун ҳам ассист қилди. Умуман, формасига қайтдими? Асосий таркибга қайтди деса бўладими?
– Ҳа, ўтган мавсум охирида тиззасини операция қилдирган эди. Йиғинда ҳам ўйнамаганди. Чемпионат бошланганда захирада ҳам бўлмади, шамоллаб қолди. Ҳозир мана ўз формасига кириб олди.
– Бир-иккита сайтларда яқинда "Пахтакор"да молиявий муаммолар кузатилаётгани сабабли етакчилар кетиши мумкин деб ёзилди. Бу "Пахтакор"га қанчалик тааллуқли, шунақа гаплар борми энди?
– Ойлик маошлар кечикиши ҳаммада бўлади. Кетаман деганлар йўқ, ҳаммаси жойида.
Миржалол Қосимов: "Футболчи югураётган пайт кўзидан олов чиқиши, курашиши керак"
– Ўйин ҳақидаги умумий таассуротларингиз?
– Таассуротим шуки, йигитлар олдига қўйилган мақсадни бажара олишмади. Биринчи бўлимда бошқа схемада ўйнадик – бешта ҳимоячи билан. Ўшанинг учун ҳам "Пахтакор"га имконият яратиб берилди. "Пахтакор"ни ҳаммамиз биламиз – яхши жамоа. Биринчи бўлимда олдига қўйилган мақсадни тўлиқ бажаришгани йўқ. Сабаби, йигитларда ҳаракат тўғри бўлди-ю, лекин югураётганда кўзидан олов чиқиши керак-да, курашиш керак! Курашиш керак ўзи учун, ўзининг ғурури учун, жамоаси учун. Бу нарса биринчи бўлимда кўринмади ва албатта бунда "Пахтакор" яхши жамоа деб бекорга айтмаяпман, бунақа нарсадан фойдаланиб биринчи голни уриб кетишди. Иккинчиси ўша – рикошет. Иккинчи бўлимда озгина схемани ўзгартирдик, бу ўз фойдасини берди. Тезкор гол урдик... Ва албатта, футболда яна битта нарса бор, яхши вазиятлар яратилди, биринчи бўлимга қараганда иккинчи бўлимда рақиб дарвозаси яқинига келганда гол уришимиз мумкин эди. Ҳисоб 2:1 пайтида... энди ўйинни тўлиқ кўриб чиқиш керак. Қанақадир квадрат ўйнашди, балким рақиб жамоаси ҳам бунга имкон бермагандир. Шу вазиятдан кейин стандартдан гол ўтказиб юбордик. Хуллас, "Пахтакор"ни табриклаймиз. Шунақа, ўйин икки хил таассурот қолдирди.
– Менга ҳам шундай туюлди, икки хил тайм кўрдик. Ўзингиз ҳам айтиб ўтдингиз: биринчи таймда 5 та ҳимоячи билан, иккинчи таймда бошқа схемага ўтиб олдинглар. Менга шундай туюлдики, ОКМКнинг жисмоний ҳолати "Пахтакор"га нисбатан яхшироқ кўринди. Уларда деярли терма жамоанинг асосий таркиби ҳаракат қилди. Иккинчи таймда ҳужумкор футбол жуда ҳам кўп бўлди. Футболчиларнинг 90-дақиқагача жисмоний ҳолати яхши эди. Саволим шундай: биринчи таймдан бошлаб ўша жисмоний ҳолатдан келиб чиққан ҳолда шунақа ўйнаганингизда, балки вазиятлар ҳам кўпроқ бўлармиди, деб ўйлайман?
– Албатта. Русларда битта гап бор-ку: "После драки кулаками не машут" дейди. Қолаверса, менга шу нарса ёқмади. Схема... ҳаммаси яхши, агарда тўлиқ ва тўғри бажарилса. Менга ёқмаганини ечиниш хонасида йигитларга айтдим. Ўйинни ҳар хил ҳаракат қилиб ютқазиш бор. Ютуқ-ютқазиқ ҳам бор-да. Масалан, жонингни бериб, ҳалигидек кўзингдан олов чиқиб ўйинни ютқазиб қўйилдими, қанақадир рикошет ёки стандартдан уриб кетилдими – бунақа ўйинни ютқазиб уялманглар, дейман-да. Тушунаман, лекин биринчи бўлимда кўз ёнгани йўқ-да. Майдонда 11 киши югуряпти, лекин майдонга чиқиб югуришдан ташқари, ичида шижоат бўлиши керак, жонкуярлик бўлиши керак. Мисол тариқасида айтишим мумкин, 90-дақиқада Насруллаев қилаётган ишни. У бир жойда қараб турса ҳам бўлади, лекин 3:1 вазиятда ҳам тезликни олганда камида 60 метр югуряпти ўйиннинг охирида. Одам ўзини мажбур қилмаса, футболда ўсиш бўлмайди. Шунчаки ўтиб кетадиган ўйин йўқ, рақиб ҳам бор. Шунинг учун ҳам менда икки хил таассурот. Биринчи бўлимдаги ҳолат – бу ҳам менинг қанақадир айбимдир. Масалан, руҳий томондан етарлича тайёрлай олмагандирман. Лекин майдонга чиққандан кейин хатони ҳамма қилади, жонини бериб ўйнаш керак-да. Ўхшаши бор, ўхшамаси бор, хато бор – бу нормал ҳолат. Лекин мана шу иштиёқсизлик асабимга тегди. Мана шу нарса биринчи бўлимда яққол кўриниб қолди. Схема ёмон эмас, энди "жисмонан зўр эканмиз" деб очиқ югуриб кетиш ҳам "Пахтакор"га қарши қандай бўлишини биламиз, бунинг неча марта жабрини кўрганмиз. Биринчи бўлимни ушлаб туриб ҳаракат қилиш режаси бор эди, лекин ўхшамай қолди.
– Статистика кўрсатяпти: ОКМК бу мавсумда мана шу 4-5 турдан кейин xG (кутилган голлар) бўйича кучли учталикдасиз. Яъни ҳужумлар бор, вазиятлар бор...
– Энди футбол шунақа нарса-да: кимдир хато қилади, кимдир шундан фойдаланади. Хато қилганда бундан фойдаланмаса, тескариси бўлиши мумкин. Ўша биринчи турда ҳам, иккинчи турда ҳам имкониятларимиз бўлган. Гол нима қилади? Рақиб жамоасини янада шошилишга, кутилмаган тўп йўқотишларга, хато қилишга олиб келади-да. Айрим ҳолларда ўша нарса бизга панд бериб қўйди бошида. Мен буни йигитларнинг ўзига ҳам айтдим. Лекин ютиш учун яратилган шароитдан, ҳатто яримта яратилган вазиятдан ҳам унумли фойдаланишни билиш керак-да. Бизда шу нарса пасайиб кетди. Шунинг учун ҳам Абдураззоқовга ҳам, Асадга ҳам масалан, эътирозларимиз кўп. Ёки охирги ўша вазиятда, 16 метрликда (жарима майдончасида) Алида яхши вазият бўлди, тўпни яхши ошириб берди. Энди кечирасиз-ку, жарима майдончаси ичида тўпни 10 марта тўхтатиб ўйнашга ҳеч ким қўйиб бермайди-да. Бунақа нарсалар энди интеллектга боғлиқ. Ҳар доим айтаман: тўп қабул қилишдан олдин сизда аллақачон қарор тайёр бўлиши керак, манзил аниқ бўлиши керак.
– "Пахтакор" ҳимоясига қарасак, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари: марказда Абдумажидов ва Ҳамралиев. Бунга қарамай вазиятларни яратяпсизлар. Аммо ижрочилар... Холмуродов, Абдураззоқов кабиларнинг келажаги зўр бўлса-да, яққол тугатувчи етишмаётгандек. Балки ОКМКга ўша соф ҳужумчи бўлганида, яна икки-учта, тўрттага кўпроқ гол урармидинглар?
– Йўқ, энди ҳаммаси "балким" бўляпти-да. Ҳозирги кунга келиб тушунарли: Хуршид йўқ, бошқаси йўқ, Ойбек йўқ масалан. Лекин биз талаб қиламиз, юқори мақсад қўйилади. Улар ўз устида ишлаб, тўғри фикрлаб, тўғри хулоса чиқаришлари ўзига керак-да. Қолаверса, миллий терма жамоага номзодлар бор. Улар майдонда охиригача ўйнамаса, ўзини кўрсатмаса, мураббийлар ҳам чақирмайди. Имкон бор-да яхшигина. Бекорга Холмуродов, Абдураззоқов Дубай йиғинларида бўлишмади. Ҳеч кимга эшик ёпиқ эмас. Шунинг учун ҳам Насруллаевни мисол келтирдим.
– ОКМКнинг бугунги мағлубияти 2023 йил баҳори, яъни уч йилдан бери илк мағлубияти бўлди чемпионатда "Пахтакор"га қарши. Кўрганмизки, ўтган мавсумда ҳам ўйин бўйича ютқазаётган бўлса-да, лекин натижани ўз фойдангизга ҳал қилгандингиз. Натижага ва таркибга қарайдиган бўлсак, бугунги ОКМК сўнгги уч йилдаги энг кучсиз ҳолатидами? Шу фикрга қўшиласизми?
– Энг кучсизими? Мен бошқачароқ айтардим: кучсиз эмас-у, фақат малакали футболчилар камроқ бўлиб қолди-да. Тўхтахўжаев, Рубен, Ойбек, Хуршид... Мен ҳозир ҳар бирига тўхталмайман. Малака ва сифат бўйича айтяпман. Лекин бунга ҳам озгина вақт керак-да. Вақт-соати билан шаклланиб келади. Лекин ўша-ўша гапим: ҳеч кимга иродасизларча ютқазишга кафолат бермайман. Ундан кўра ўйнамаган яхши. Юрак бўлиши керак ҳаммасида. Ҳаёт ўзи шундай, бепарво бўлсанг, оёқости қилиб, топтап ташлайди. Футбол ҳам худди шунақа. Кимга қарши ўйнашингдан қатъи назар, футболда ўз ўрнингни олишинг керак.
– Етакчилар жамоани тарк этгани ҳақида айтиб ўтдингиз. Қишки селекцияда уларнинг ўрнини тўлдириш ҳақида ўйланмадими?
– Ёшроқларини таклиф қилдик, лекин бизга тўғри келмади. Шунинг учун ҳам ўзимизда бори билан қолишга қарор қилдик.
– Ўзбекистон тарихида бунақаси бўлмаган: апрель ойида бизни 6-7 та тур кутяпти. Бундай тиғиз тақвимда ўйнашда кўпчиликда тажриба йўқ. Сизда мураббий сифатида қанақадир стратегия бордир? Масалан, ҳар 3 кунда ўйин бўляпти, кучларни қандай тақсимлайсизлар?
– Ротация. Ротация қиламиз. Олдинлари айтишарди-ку, захира ўриндиғига қарагин деб. Ҳозир захираси кучли бўлганлар кўпроқ ютади-да. Бир хил футболчилар асосий таркибда бўлса, захирада ўтирадиган болалар бор-ку. Олдин шундай тенденция бор эди: "Менга захирада ўтирган ўйинчиларингни кўрсат, мен сенинг жамоанг қанақалигини айтаман" дейишарди. Мана шунга кўпроқ боғлиқ бўлиб қолади ҳозир – бир-бирини тўлдириб ўйнашга. Ҳозир апрель ойигача 7 та ўйин бўляптими? Болаларнинг ўзи ҳам машғулот қилишни ёмон кўради, футбол ўйнашни яхши кўради. Мана, федерация ҳам имкон яратиб берди. Кўрамиз, нормал ҳолат бу. Энди бу ерда тикланиш жараёни энг кераги. Бу ҳам нормал ҳолат.
"Қизилқум" – "Нефтчи" 0:4
04 апрель 2026 йил. Навоий, "Ёшлар" спорт мажмуаси. 2850 томошабин.
Ҳакамлар: Найим Қосимов, Элнур Дониёров, Зуфар Элибоев, Алишер Раҳимқулов
VAR: Равшан Абдувоҳидов
AVAR: Зилола Раҳматова
Назоратчи: Константин Смирнов
Комиссар: Шерзод Ражабов.
Голлар: Зоран Марушич 18, - 0:1. Алишер Одилов 41, - 0:2 (Зоран Марушич). Зоран Марушич 51, - 0:3 (Алишер Одилов). Икром Алибоев 59 пенальти, - 0:4.
❤️ "Қизилқум": 1.Фарҳод Раҳматов, 8.Шаҳзод Раҳматуллаев, 9.Шаҳзод Туропов (14.Алишер Шукуров, 60), 11.Олексей Шчебетун, 15.Никола Кумбурович, 20.Бобомурод Бозоров (4.Илҳомжон Ваҳобов, 64), 23.Самандар Шукуруллаев (44.Ғиёсжон Ризақулов, 75), 31.Жамбули Жигаури (30.Озодбек Мўйдинов, 75), 34.Григол Чабрадзе (7.Файзуллобек Жуманқўзиев, 60), 70.Шоҳруз Норхонов, 77.Диёр Раҳматуллаев.
Захира: 99.Ҳумоюншоҳ Сайётов, 6.Муродали Усмонов, 10.Ислом Кенжабоев, 19.Илҳом Кенжаев, .
🤍 "Нефтчи": 1.Ботирали Эргашев, 4.Боян Цигер, 5.Икром Алибоев, 6.Иброҳимҳалил Йўлдошев, 7.Аброр Исмоилов (11.Асилбек Жумаев, 71), 10.Жамшид Искандеров (8.Владимир Йовович, 71), 20.Анвар Ғофуров (15.Нурмуҳаммад Абдуғаниев, 64), 22.Алишер Одилов (9.Хуршид Ғиёсов, 64), 23.Йован Жокич (77.Ратиньо, 64), 32.Зоран Марушич, 34.Фарруҳ Сайфиев.
Захира: 16.Иброҳим Шокиров, 18.Стипе Перица, 21.Муҳсин Убайдуллаев, 30.Рустамбек Фомин, .
🟨 Огоҳлантиришлар: Алишер Одилов 35, Григол Чабрадзе 35.
Акмал Рустамов: "Гол урганимизда, ўйин бошқача кечарди"
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- "Нефтчи"га қарши яхши тайёргарлик кўриб, жамоани ўрганиб чиққандик. Биринчи бўлимда ҳаммаси яхши кетаётганди, лекин учта вазиятни голга айлантира олмадик. Агар гол урганимизда ўйин бошқача кечарди. Вазиятлардан фойдаланишда қийналяпмиз. Шунга қарамай, йигитларга раҳмат айтмоқчиман, бугун ҳамма борини бериб ўйнади. Хатолар бор, ўйинни таҳлил қилиб чиқамиз ва "Бухоро" билан бўладиган навбатдаги баҳсга тайёргарлик кўрамиз.
- Бугун эътибор бердикки, узоқ масофага тўп узатишларнинг аксари нотўғри чиқди. Кўп жамоалар шундай тўп узатиш билан ҳужумни йўлга қўяди. "Қизилқум"да эса бунинг акси кўринди.
- Саволингизни тушундим. Биз ҳам узоқ масофага тўп узатиб ҳужум ташкил қилишни ўрганганмиз. Бироқ Ислом Кенжабоев билан Асрор Ғофуровнинг йўқлиги билинди. ОКМК билан ўйинда Асрор Ғофуровни йўқотгандик, кеча учрашувга бир кун қолганда Кенжабоев жароҳат олиб қолди. Бунинг ҳам таъсири бор албатта.
- Биринчи бўлимда жамоангиз чиндан ҳам вазиятлардан фойдалана олмади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
- "Нефтчи"дек кучли рақибга қарши битта голли вазият ҳам яхши кўрсаткич деб ўйлайман. Биринчи таймда биз учта юз фоизли голни ура олмадик. Буни таҳлил қилиб кўриб чиқамиз.
- Дарвозабонларни ҳам ўзгартириш керакмикин?
- Буни ҳам таҳлил қиламиз. Жамоамизнинг дарвозабонлар мураббийи билан маслаҳатлашиб, бу борада иш олиб борамиз.
- Бугун Озодбек Мўйдинов асосий жамоада дебют қилди. Адашмасам, ушбу футболчи сизнинг шогирдингиз. Унинг ўйини ҳақида нима дея оласиз?
- U-21 жамоамизнинг барча ўйинларини кузатиб келмоқдамиз. Ким ўзини кўрсатса асосий жамоада имконият бериш керак деб ҳисоблайман. Шу орқали футболчилар ўсиб боради.
- Бугун ҳимоядаги кўплаб хатоларни қандай изоҳлайсиз?
- Барча ҳимоячиларда хатолар бўлди. Айтиб ўтганимдек, ўйинни таҳлил қилсак, хатолар кимдан ўтгани аниқ бўлади.
- Жамоангиз зич тақвимга тайёрми?
- Таркибимизда 23 нафар футболчи бор. Ҳамма ўзини кўрсатадиган пайт келди. Буёғига ротация қилиб, футболчиларни алмаштириб ўйинларни ўтказамиз.

Исломбек Исмоилов: "Омад доим кучлиларга кулиб боқади дейишади"
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Авваламбор қўлга киритилган ушбу ғалаба билан жамоамизни, мухлисларни ва узоқ йўл босиб келган ишқибозларимизни табриклайман. Ўйинга тўхталадиган бўлсак, "Қизилқум" жуда яхши жамоа, улар "Пахтакор"га қарши ҳам ажойиб ўйин кўрсатишганди. Сўнгра кейинги баҳсларда ғалаба қозонди, яхши мураббийлар штаби жамланган. "Қизилқум" яхши футбол намойиш этишга ҳаракат қиляпти.
Биз ҳар бир ўйинга бўлгани каби бу учрашувга ҳам режа бўйича тайёргарлик кўрдик. ФИФА кунларидан кейин асосий урғуни жамоа ҳолатини бирхиллаштиришга ва ўйин услубимизни такомиллаштиришга қаратдик. Биринчи бўлимда жамоа яхши ўйин кўрсатиб, иккита гол уришга муваффақ бўлдик. Танаффусдан кейин ҳам икки бор тўп киритишнинг уддасидан чиқдик ва якунда ғалабага эришдик.
Ҳар турда турли антирекордларни бузишга ҳаракат қиляпмиз. Мана, 18 йилдирки "Нефтчи" Навоийда ғалаба қозона олмай келаётган экан, бугун шунга чек қўйганимиз бизни янада хурсанд қилди. Қолаверса бунгача ҳар ўйинда учтадан гол урган бўлсак, бугун тўртта гол уришнинг уддасидан чиқдик. Бу ҳам хурсанд қилди. Албатта, ғалаба доим ёқимли, лекин бу билан овора бўлиб қолишимиз керак эмас. Чунки кейинги турда бизни жиддий рақиб "Пахтакор" кутяпти. Бугунги ютуқни тезроқ эсдан чиқариб навбатдаги баҳсга ҳозирлик кўрамиз.
- Стипе Перицанинг захирада қолгани нима билан боғлиқ?
- Стипе биз учун муҳим ўйинчилардан бири. Ҳисоб ишончли кўриниш олгач, бошқаларга имкон беришни маъқул топдик. Ҳар бир ўйинимиздан сўнг футболчилар ҳаракатини таҳлил қилиб чиқамиз ва ким қанча дақиқа ҳаракат қилиши лозимлигини шунга қараб белгилаймиз. Шу режа асосида иш олиб боришга тўғри келяпти, чунки тақвим анча зич. Кам амалиётга эга футболчиларга имкон беришни лозим топдик. Бугун 2007 йил туғилган Нурмуҳаммад Абдуғаниев ўз дебютини ўтказди. Албатта, у ҳам жуда иқтидорли футболчи, U-20 терма жамоамизга номзод ўйинчи ҳисобланади. Агар Нурмуҳаммад шу темпда давом этса ва ишлашдан тўхтаб қолмаса келгуси йилларда яна бир сифатли ҳимоячига эга бўламиз.
- Бу савол ғалати туюлиши мумкин, балки қулоғингизга ҳам чалингандир. "Нефтчи"нинг ҳозирги таркиби билан исталган мураббий натижага эриша олади" каби гапларга муносабатингиз қандай?
- Тўғриси, мен учун бу каби гаплар оддий ҳол бўлиб қолди. Таркибга келадиган бўлсак, сифатли яхши савиядаги футболчиларимиз кўп, лекин уларнинг ҳаммаси бир пайтда майдонда ўйнамайди. Ўтган йилги ўзакни сақлаб қолган ҳолда жамоани кучайтириш устида иш олиб боряпмиз. Ўтган йил билан солиштирганда жамоамиз ўйинида ўзгариш бор деб ўйлайман. Футболчилар ўша-ўша бўлиши мумкин, лекин услубимиз сал бошқача. Ўзингизга шундай савол берсам: ўтган йилги ўйин билан бу йилгиси ўртасида фарқ борми?
- Ҳа бор.
- Кўрдингизми, ҳаммаси ҳаракат ва мақсадга боғлиқ. "Нефтчи"дек жамоани бошқариш менинг омадим деб ўйлайман. "Нефтчи"дек клубни бошқаришни ҳар бир ўзбекистонлик мураббий хоҳлайди десам янглишмаган бўламан. Шу боис буни ўзим учун бахт деб биламан ва сизнинг саволингизни оддий қабул қиламан.
- "Қизилқум" бугун бир нечта вазиятлардан фойдалана олмади. Агар рақиб гол урганида ҳисоб бу қадар йирик кўриниш олмасди деб ҳисоблайсизми?
- Айтиб ўтганимдек, "Қизилқум" ҳам яхши шаклланган жамоа. Йирик ҳисобдаги ютуқни осонликча қўлга киритдик дея олмайман. Рақиб ҳам астойдил қаршилик кўрсатди. Жамоада мураббий имзоси кўриняпти. Лекин иккинчи ва айниқса учинчи голдан кейин мезбонлар руҳан синиб қолишди. Агар рақиб тўп киритганида ўйин картинаси ўзгариб кетиши ҳам мумкин эди. Омад доим кучлиларга кулиб боқади дейишади, ўйлашимча, биз бугун ғалабага ҳақлироқ эдик.
- Шимолий Корея U-16 терма жамоаси билан баҳсда рақиб ўйинчисига атайин қизил карточка олдириш ҳолати кузатилганди. Бугунги жанжал ҳам шунинг мантиқан давоми бўлдими?
- Йўқ, бундай демаган бўлардим. Биз доим жамоа футбол намойиш этишини истаймиз ва ўйин сифати янада яхшироқ бўлишини хоҳлаймиз. Нега охирги баҳсларда кўп гол уряпмиз? Чунки мақсадимиз ўйин сифатини яхшилашга қаратилган. Биз ҳеч қачон жанжал чиқаришга алоҳида тайёргарлик кўрмаймиз, бунга ҳаракат қилмаймиз ҳам. Мақсадимиз футбол ўйнаш, ғалаба қозониш ва мухлисларни хурсанд қилиш. Жанжалли ҳолат ўйиннинг бир қисми, ўша вазиятда ҳар икки футболчи қизишиб кетди деб ўйлайман. Алишер Одилов қизишиб кета бошлагач, ўнг қанотга ўтказдик, ваҳоланки бу режамизда йўқ эди.
- Сиз бошқарган U-17 терма жамоамиз футболчиларини негадир клублар асосий таркибида кўрмаяпмиз?
- Терма жамоада иқтидорли футболчилар кўп ва ҳамманинг секин-аста ўз пайти келади. Клублар ҳам секин-секин ёшларга имкон беради. Бирданига катта оқимга қўшилиб кетиш осон эмас. Шунга қарамай, Садриддин Ҳасанов, Сайфиддин Содиқов, Нурбек Сарсенбаев каби футболчилар майдонга тушяпти. Менимча, май ойида бўладиган бўладиган Кубок ўйинларида кўплаб ёшларни кўрамиз.
- Саволим йўғ-у, лекин бир илтимос билан чиққандим. Тўртинчи голни 90-дақиқада уринглар, одамлар зерикиб қолмасин деб айтгандим. Лекин барибир бугун 60-дақиқага келиб ҳисоб 4:0 бўлди. Шунга тилак билдираман, "Пахтакор" билан бўладиган баҳснинг 90-дақиқасида бешинчи голни урсанглар. Кейин яна бир гап бугун ўйинни кўраман деб Фарғонадан бир мухлис "Москвич"да йўлга чиқиб 800 километр йўл босди. Энди яна шунча йўл босиб ортга қайтиб кетади. Ғалабадан сармаст бўлиб ўзини "Жентра"да кетаётгандек ҳис қилса ажаб эмас.
- Албатта, бундан хабаримиз бор. Шахсан вилоятимиз ҳокимининг ҳам хабарлари бор. Насиб қилса, Фарғонага қайтиб борганимиздан сўнг шу мухлис билан биргаликда чиройли тушлик қиламиз.

"Сурхон" – "Бухоро" 3:1
⚽️ Гол: 6 - Суннатулла Абдуллажонов (Сарвар Абдуҳамидов), 9 - Чинеду Стефен, 32 - Шаҳзодбек Убайдуллаев (.Шaхбоз Жўрабеков), 45+4 - Чинеду Стефен
Бош ҳакам: Фирдавс Норсафаров
Ёрдамчи ҳакамлар: Шоҳнур Йўлдошев, Сардор Умирзоқов
Захира ҳаками: Маъмуржон Илҳомов
VAR: Аскер Нажафалиев
AVAR: Бахтиёрхўжа Шавкатов
Назоратчи: Вадим Агишев
Комиссар: Шоҳруҳ Саид
“Сурхон”: 86.Даврон Мерганов, 2.Беҳрузжон Каримов, 4.Нодирхон Неъматхонов, 5.Жамалдин Хожаниязов (3.Беҳруз Жуматов, 60), 6.Беҳзод Шамсиев (с), 7.Достонбек Турсунов (11.Ричард Эмека Фрайдей, 69), 8.Ҳумоюн Шербўтаев (14.Тоҳиржон Ашурбаев,60), 9.Чинеду Стефен (33. Умидбек Қувондиқов, 82), 10.Суннатулла Абдуллажонов (21.Торнике Жебниаури, 46), 17.Сарвар Абдуҳамидов, 66.Беҳруз Шайдулов
Захира: 25.Отабек Боймуродов, 18.Беҳруз Ўктамов, 19.Фаррухжон Қодиров, 22.Жавоҳир Жўраев,
“Бухоро”: 12.Умиджон Ҳамроев, 2.Велько Филипович, 7.Хуршидбек Мухторов (с), 10.Шаҳзодбек Убайдуллаев (9.Ника Качарава,57), 11.Темур Мамасидиқов, 17.Жавоҳир Рўзиев (22.Асадбек Жўрабоев, 73), 21.Михеил Башелеишвили (6.Равшан Ҳайруллаев, 46), 25.Шерзод Эсанов, 27.Муҳаммад Юлдашев, 88.Доминик Бегич (78.Владимир Родич, 46), 97.Шaхбоз Жўрабеков
Захира: 1.Ширинбой Абдуллаев, 5.Сардор Қулматов, 8.Анваржон Жўраев, 30.Боян Младович, 42.Кирилл Тодоров,
🟨 Огоҳлантириш: 40 - 4.Нодирхон Неъматхонов,, , 42 - Хуршидбек Мухторов, 42 - Шаҳзодбек Убайдуллаев, 45+1 - Шaхбоз Жўрабеков, 56 - Жамалдин Хожаниязов, 84 - Беҳруз Жуматов
Анвар Ғофуров: "Чемпионатда осон жамоанинг ўзи йўқ — ҳар бир учрашув қийин кечади"
Ўйин ҳақида фикрларингиз?
— Осон ўйин бўлмади. Умуман олганда, чемпионатда осон жамоанинг ўзи йўқ — ҳар бир учрашув қийин кечади ва ҳар бир жамоанинг ўзига хос ўйин услуби бор. Бугунги баҳснинг биринчи бўлимида ҳисобни ишончли кўринишга келтириб олганимиз сабабли футболчилар майдонда эркинроқ ҳаракат қилишди. Шунингдек, Сурхондарёлик мухлисларга алоҳида миннатдорчилик билдираман — улар стадионда бизни фаол қўллаб-қувватлашди.
Биринчи бўлимда Достон Турсунов қанот ярим ҳимоясида ҳаракат қилган бўлса-да, кўп ҳолларда марказда кўринди. Бу тактик режа эдими?
— Албатта, ҳар бир мураббий ўйин учун турли режа ва ечимларни тайёрлайди. Биз ҳам бугунги учрашув учун турли вазиятларга мос тактик ишланмаларни олдиндан тайёрлаб қўйган эдик.
Асосий жамоага мураббий бўлганингиздан сўнг ижобий натижалар қайд этилди. Эшитишимизча, бу икки ўйин сиз учун синов тариқасида берилган. Кейинги фаолиятингиз қандай бўлади?
Бу масала бўйича раҳбарият билан ҳали гаплашганимиз йўқ. Якуний қарорни раҳбарият қабул қилади. Менинг вазифам эса жамоани ҳар бир ўйинга яхши спорт формаси ва юқори кайфиятда тайёрлашдан иборат.
“Сурхон” жамоасининг ҳозирги натижалари унинг ҳақиқий кучими ёки бу вақтинчалик ҳолатми?
Бу футбол. Жамоа баъзан ютади, баъзан ютқазади. Ҳар бир учрашув учун аниқ режа ва вазифа бўлади. Агар режа ишласа, натижа ҳам ижобий бўлади. Агар нимадир ўхшамаса, ўз вақтида ўзгартириш киритиш мураббийнинг вазифаси.
Бугун жамоа Дилшод Йўлдошевнинг футболкаси билан суратга тушди. Унга нима бўлди?
— 2–3 кун аввал у операцияни муваффақиятли ўтказди. Ҳозир унинг аҳволи яхши. Бутун жамоа Дилшоднинг тезроқ соғайиб, сафимизга қайтишини кутмоқда. Бугунги ўйинда ҳам унинг кайфиятини кўтариш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида шу ишни амалга оширдик.




