

"Эртага биз учун жуда муҳим ўйин. Ҳар бир қарич ер учун курашамиз, бизда ортга йўл йўқ. Ортимизда халқимиз турибди. Ғалаба қозониб уларни хурсанд қилишга уринамиз", - дейди Самвел Бабаян.
Эртага бутун Ўзбекистон учун финал деб ўйлайман. Биз чиройли ўйин кўрсатиб ушбу "финал"да зафар қучишга уринамиз", - дейди Жалолиддин Машарипов.

- Хитой билан ўйиндан сўнг футболчиларга нима дедингиз?
- Аслида бундай ўйинлардан кейин ортиқча гап кераги йўқ. Шу пайтгача ҳакамлар ҳақидаги саволлардан қочиб келган бўлсам энди очиқ айтаман: ҳакамлик жуда ҳам паст даражада. Биз Хитойда ноҳақ тарзда ютқаздик. Йигитларга ҳали имконият борлигини айтдим. Охиригача курашамиз.
- Жанубий Корея билан муҳим ўйиндан олдин футболчилар билан ўзаро қандай суҳбат бўлди?
Машарипов: - Футболчилар олдинги ўйинни унутиб бўлишди. Финалда ғолиб чиқишга уринамиз. Йигитларнинг кайфияти яхши. Эртага худо хоҳласа ғалаба қозонишга уринамиз.

- Абдухолиқов Сергеевдан қайси жиҳат билан кучсиз?
- Ҳеч қайси томонама кучсиз эмас.
- Бу босқичда 5та мағлубиятнинг 4тасида 85 дақиқадан кейин гол ўтказиб ютқазганмиз. Бу нимадан далолат беради?
- Иккита ўйинда ҳакамлар сўнгги дақиқаларда дарвозамизга пенальти белгилашди. Сурия билан ўйинда пенальтидан олдин Ҳайдаровга нисбатан қоида бузилганди. Хитой билан баҳсда эса рақиб симуляция қилди.

- Сергеев ва Абдухолиқов масаласида яна савол: Асосий таркибда ҳужумчи танлаш учун қандай жиҳатлар эътиборга олинади?
- Замонавий футболда барча жиҳат ҳисобга олинади. Сергеев олий лига иккинчи даврасида бир нечта ўйин ўтказди. Абдухолиқов эса ҳали расмий ўйин ўтказгани йўқ. Кримец? У Хитой Суперлигаси ёшлар лигасида ўйнамоқда. Ушбу лига савияси ҳам анчагина юқори даражада. У ерда 10 миллион турадиган легионерлар ўйнашмоқда.
- Эрон ва Сурия ўйини ҳам биз учун муҳим...
- Биз фақат ўз ўйинимиз ҳақида ўйлаймиз. Бошқа ўйинга таъсир қила олмаймиз.
- Бутун Ўзбекистон икки нарсани кутмоқда. Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқишини ва Бабаяннинг истеъфога чиқишини. Сизга бўлаётган кесин танқидлардан кейин ўзингиз шу ҳақда ўйлаб кўрмадингизми?

- Терма жамоа бош мураббийи ва истеъфо синоним сўзлардир деб айтганман. Барчаси ЎФФ раҳбариятига боғлиқ. Тақдирим ЎФФ қўлида.
- Рашидов заҳарлангани ҳақида ёзилди. Унинг ҳолати қандай?
- Терма жамоамизнинг беш нафар футболчиси овқатдан заҳарланди. Рашидовда бу оғирроқ бўлди. Заҳарланганлар орасида Одил Аҳмедов ҳам бор эди. Барча йигитлар эртанги ўйинга тайёрланишмоқда.
Нарзулла Сайдуллаев


