Пуралиганжи Ўзбекистондаги тиббий шароит сабаб Қатар ёки Эронга кетиши мумкин

Aslanov Jasurbek
30 ноя 2026, 00:13
Тошкентнинг “Пахтакор” клуби ҳимоячиси Муртазо Пуралиганжи жароҳатини даволатиш учун Қатар ёки Эронга йўл олиши мумкин.

Эроннинг Fars News агентлиги хабар беришича, “Персеполис”нинг собиқ футболчиси ҳамон жароҳат асоратларидан азият чекмоқда ва оптимал жисмоний ҳолатига қайта олмаяпти.

Бир муддат аввал жароҳат олган ҳимоячи ҳозирда тикланиш жараёнини давом эттирмоқда. Бироқ у ҳали машғулотларга қайтиш ва расмий учрашувларда иштирок этиш учун зарур жисмоний ҳолатга келмаган.

Нашрнинг ёзишича, Пуралиганжи даволанишни давом эттириш учун Қатарга йўл олиши ёки Эронга қайтиши мумкин. Fars News бунга Ўзбекистондаги тиббий имкониятлар ва шароитлар тажрибали ҳимоячининг жароҳатини даволаш учун етарлича қулай эмаслиги мумкинлигини сабаб қилиб кўрсатган.

Шу боис футболчи тикланиш жараёнини давом эттириш учун мақбулроқ вариант излаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, агентлик “Пахтакор”да жароҳат олган футболчилар фақат Пуралиганжи билан чекланмаслигини таъкидлаган. Ҳозирда жамоанинг яна тўрт нафар асосий таркиб футболчиси ҳам жароҳат билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. Улардан бири ироқлик ярим ҳимоячи Башар Расан ҳисобланади.

Ҳозирча Пуралиганжининг даволаниш учун қайси мамлакатга йўл олиши ва қачон майдонга қайтиши маълум эмас.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia