Перес Испаниядаги ҳакамлик ҳақида: "Барса" 10 йил ичида 862 дақиқа сон жиҳатдан устунликда ўйнаган"

Aslanov Jasurbek
21 ноя 2026, 20:31
"Реал" президенти Флорентино Перес Мадрид клуби ва "Барселона"га нисбатан чиқарилган ҳакамлик қарорлари статистикасини келтириб ўтди.

"Реал" аъзоларининг умумий ассамблеясидаги нутқи давомида Перес Каталония клубининг ҳакамлар техник қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейрага кўп йиллар давомида амалга оширган тўловлари билан боғлиқ "Негрейра иши"га яна бир бор тўхталди.

"Айрим манбалар хабар беришича, тўловлар ҳатто 2001 йилдан ҳам олдинроқ бошланган бўлиши мумкин. Мен ҳамма нарсани қолганлар каби 2023 йилда матбуотдан билдим. Статистика, масалан, четлатишлар билан боғлиқ аномалия шунчаки ақл бовар қилмас даражада. Сўнгги ўн йилликда "Барселона" 862 дақиқа давомида сон жиҳатдан кўпчилик бўлиб ҳаракат қилган, "Реал"да эса бу борада салбий баланс қайд этилган.

ВАР жорий этилганидан буён видеоёрдамчилар аралашувидан кейин "Реал"нинг 42 та голи бекор қилинди — бу "Барселона"никидан (19) икки баробардан ҳам кўпроқ. Ва буларнинг барчаси Ла Лиганинг ҳаракатсизлиги фонида юз бермоқда. Жорий мавсумда Негрейра даврида лавозими кўтарилган 21 нафар ҳакам фаолият юритмоқда. Шунча ишдан кейин ҳам улар яна бизнинг устимиздан шикоят қилишмоқда!" — дея баёнот берди Перес.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: As