Ўртоқлик ўйини. Ўзбекистон Сурияни йирик ҳисобда мағлуб этди

Оқил Абдубарноев
1 окт 2026, 20:50
Ўзбекистон ҳамда Сурия ўртасидаги ўртоқлик баҳси якунланди.

Ўртоқлик учрашуви

Ўзбекистон – Сурия 4:1

Тошкент. “Пахтакор” стадиони. 19:00

Ҳакамлар: Сайёджон Зайниддинов, Исмоил Нуралиев, Фарҳод Куралов

Голлар: 1:0 – 27, Шерзод Эсанов (Ҳусайн Норчаев); 2:0 – 45, Акмал Мозговой; 3:0 – 49, Ҳусайн Норчаев (Аббос Файзуллаев); 4:0 – 90, Ҳусайн Норчаев (Диёр Холматов); 4:1 – 90+2, Маҳмуд ал-Мавос.

Ўзбекистон: 12.Абдувоҳид Неъматов, 2.Абдуқодир Ҳусанов (26.Нурмуҳаммад Абдуғаниев, 86), 4.Беҳруз Каримов (3.Ҳожиакбар Алижонов, 63), 5.Жаҳонгир Ўрозов (27.Муҳаммад Ҳакимов, 86), 6.Акмал Мозговой (24.Диёр Холматов, 78), 9.Одил Ҳамробеков (7.Умарали Раҳмоналиев, 63), 20.Азиз Амонов (11.Азиз Холмуродов, 78), 21.Ҳусайн Норчаев, 22.Аббос Файзуллаев (8.Жасурбек Жалолиддинов, 63), 23.Шерзод Эсанов, 25.Маҳмуд Маҳамаджонов.

Захира: 1.Владимир Назаров, 16.Эдем Неманов, 10.Азиз Ғаниев, 13.Шерзод Насруллаев, 14.Элдор Шомуродов, 15.Эдем Неманов, 16.Достонбек Ҳамдамов, 17.Беҳруз Ўктамов, 18.Русланбек Жиянов.

Сурия: 22.Элиас Ҳадая, 2.Аҳмад Фақа, 4.Айҳам Ҳанз Усу, 5.Абдуллоҳ аш-Шомий (6.Холид Курдогли, 58), 7.Жан Яҳё Мустафо (10.Маҳмуд ал-Мавос, 58), 11.Маҳмуд ал-Асвад (16.Элмар Абраҳам, 46), 14.Муҳаммад Усмон (17.Висом Духон, 88), 15.Аҳмад Ёсин ад-Дали (19.Закариё Ҳаннон, 46), 18.Йоҳаннес Данҳо (13.Абдурраззоқ ал-Муҳаммад, 58), 20.Нуҳ Леон (9.Умар ас-Сома, 58), 21.Алоуддин Ёсин ад-Дали (8.Муҳаммад ал-Ҳаллоқ, 46)

Захира: 1.Аҳмад Мадания, 23.Шоҳир ас-Сакер, 3.Жумаа аз-Злит, 12.Мустафо Абдуллатиф.

Огоҳлантиришлар: Маҳмуд ал-Асвад (11), Маҳмуд Маҳамаджонов (77)

🏁 Учрашув якунланди!

Бош ҳакам Сайёджон Зайниддиновнинг финал ҳуштаги янгради. Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида кечган қизиқарли ва голларга бой дўстона баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сурия терма жамоаси устидан 4:1 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.

Учрашувда вакилларимиздан Шерзод Эсанов ва Акмал Мозговой биттадан, Ҳусайн Норчаев эса дубль қайд этиб жамоамизнинг ғалабасини таъминлади.

⚽ 90+2'. ГОЛ. Сурия терма жамоаси орадаги фарқни қисқартирмоқда. Ўнг қанотдан Маҳмуд ал-Мавоснинг жарима майдончаси ичига узатган тўпи дастлаб Муҳаммад Ҳакимовнинг оёғига тегиб, йўналишини кескин ўзгартирди ва дарвозабон Абдувоҳид Неъматов тўпни қайтаришга улгурмай қолди – 4:1.

⏱️ 90'. Иккинчи бўлимнинг асосий вақтига бош ҳакам томонидан 3 дақиқа қўшиб берилди.

⚽ 90'. ГООООООООЛ! Ҳисоб йирик кўриниш олди – 4:0! Чап қанотдан Диёр Холматов жарима майдончаси ичига жуда аниқ узатмани амалга оширди. Тўпга чаққонлик билан етиб келган Ҳусайн Норчаев бош билан аниқ ва кучли зарба йўллаб, дарвоза тўрини ишғол этди ҳамда учрашувдаги ўзининг иккинчи голини урди!

🔄 88'. Сурия терма жамоасида ўзгариш: жамоа сардори Муҳаммад Усмон ўрнига Висом Духон майдонга тушди.

🔄 86'. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида навбатдаги ўзгаришлар рўй берди: Жаҳонгир Ўрозов ўрнига Муҳаммад Ҳакимов, Абдуқодир Ҳусанов ўрнига эса Нурмуҳаммад Абдуғаниев майдонга туширилди.

⚠️ 82'. Сурия терма жамоасидан хавфли вазият! Муҳаммад Усмон жарима зарбасидан тўпни усталик билан олдинга узатди. Қулай позицияга чиқиб борган Абдурраззоқ ал-Муҳаммад дарвоза томон зарба йўллади, бироқ тўп тўсиннинг бироз юқорисидан ўтиб кетди.

🔄 78'. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида яна икки ўзгариш: Акмал Мозговой ўрнига Диёр Холматов ҳамда Азиз Амонов ўрнига Азиз Холмуродов баҳсга қўшилди.

🟨 77'. Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Маҳмуд Маҳамаджонов рақиб футболчиси Айҳам Ҳанз Усуга нисбатан қўполлик ишлатгани сабабли бош ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди.

76'. Сурия терма жамоаси стандарт вазиятга эга бўлди. Маҳмуд ал-Мавоснинг жарима зарбасидан узатган хавфли тўпини дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ишончли ҳаракат қилиб, муштлари билан уриб юборди ва хавфни бартараф этди.

⚠️ 72'. Майдонда кескинлик кучайиб, икки жамоа футболчилари ўртасида жиддий жанжал келиб чиқди. Дастлаб Шерзод Эсанов билан тўқнашувдан сўнг Муҳаммад ал-Ҳаллоқ майдонда қолди, бироқ бош ҳакам ўйинни давом эттиришга рухсат берди. Ҳужумнинг давомида шеригидан тўпни қабул қилиб олган Маҳмуд Маҳамаджоновга нисбатан Закариё Ҳаннон қасддан жуда қўпол ҳаракат қилди. Бу вазиятдан сўнг майдонда футболчилар ўртасидаги тортишув оммавий тўқнашувга айланиб кетди. Ҳакамлар эҳтиросларни жиловлашга ҳаракат қилмоқда.

69'. Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумни давом эттирмоқда. Умарали Раҳмоналиев олис масофадан кучли зарба йўллади, бироқ рақиб ҳимоячиси тўп йўлига тўғаноқ бўлиб, зарбани қайтаришга эришди.

🔄 63'. Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сафда кетма-кет учта ўзгаришга қўл урди: Одил Ҳамробеков ўрнига Умарали Раҳмоналиев, Аббос Файзуллаев ўрнига Жасурбек Жалолиддинов ҳамда Беҳруз Каримов ўрнига Ҳожиакбар Алижонов майдонга туширилди.

🔄 58'. Сурия терма жамоаси сафида бирданига тўртта ўзгариш амалга оширилди: Жан Яҳё Мустафо ўрнига Маҳмуд ал-Мавос, Нуҳ Леон ўрнига Умар ас-Сома, Абдуллоҳ аш-Шомий ўрнига Холид Курдогли ҳамда Йоҳаннес Данҳо ўрнига Абдурраззоқ ал-Муҳаммад майдонга тушди.

⚽ 49'. ГООООООООЛ! Ҳисоб йирик кўринишга келмоқда! Чап қанотдан Аббос Файзуллаев жарима майдончаси ичига жуда аниқ узатмани амалга оширди. Тўпга биринчи бўлиб етиб келган Ҳусайн Норчаев бош билан кучли ва аниқ зарба йўллаб, тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди – 3:0!

▶️ 46'. Иккинчи бўлим бошланди!

Сурия терма жамоаси таркибида танаффусдаёқ кетма-кет учта ўзгариш юз берди: Алоуддин Ёсин ад-Дали ўрнига Муҳаммад ал-Ҳаллоқ, Аҳмад Ёсин ад-Дали ўрнига Закариё Ҳаннон ҳамда Маҳмуд ал-Асвад ўрнига Элмар Абраҳам майдонга туширилди. Жамоалар яна курашга киришди.

⏸️ Биринчи бўлим якунланди!

Бош ҳакам Сайёджон Зайниддинов жамоаларни танаффусга чорловчи ҳуштагини чалди. Дастлабки 45 дақиқалик тўлиқ Ўзбекистон миллий терма жамоасининг устунлиги остида ўтди ва Шерзод Эсанов ҳамда Акмал Мозговой томонидан киритилган голлар эвазига вакилларимиз танаффусга 2:0 ҳисобидаги ишончли устунлик билан йўл олишмоқда.

Танаффус.

⚽ 45'. ГООООООООЛ! Азиз Амонов узун ва кесма пас билан Акмал Мозговойни рақиб посбони билан бирга-бир вазиятга чиқарди. Мозговойнинг дастлабки зарбасини Элиас Ҳадая қайтаришга эришди, бироқ қайтган тўпга Акмал иккинчи уринишда қайта зарба йўллади – тўп устунга тегиб тўрдан жой олди! Ҳисоб йириклашмоқда – 2:0!

⚠️ 42'. Ўзбекистон терма жамоасидан хавфли вазият! Азиз Амонов жарима зарбасидан тўпни усталик билан олдинга узатди. Ҳужумга қўшилган Акмал Мозговой бош билан дарвоза томон зарба йўллади, бироқ тўп устуннинг бирозгина ёнидан ўтиб кетди.

⚠️ 33'. Ўзбекистон терма жамоасидан навбатдаги хавфли вазият! Акмал Мозговой жарима майдончаси ичига аниқ узатма амалга оширди. Маҳмуд Маҳамаджонов тўпни тўхтатмасдан, чап оёқда кучли зарба берди, бироқ тўп дарвоза тўсини устидан бироз ноаниқ ўтиб кетди.

⚽ 27'. ГООООООООЛ! Ҳисоб очилди! Чап қанотдан тўп аут орқали ўйинга киритилди, Ҳусайн Норчаев бутсасининг ташқи томони билан тўпни орқароққа узатди. Жарима майдончасида тўпни қабул қилиб олган Шерзод Эсанов айланма зарба йўллаб, дарвозанинг узоқ пастки бурчагини аниқ нишонга олди – 1:0!

⚠️ 19'. Ўзбекистон терма жамоасидан хавфли ҳужум! Чап қанот орқали уюштирилган ҳужум давомида Маҳмуд Маҳамаджонов жарима майдончаси ичига аниқ пас узатди. Қулай нуқтада бўлган Акмал Мозговой дарвоза томон зарба йўллади, бироқ тўп устун ёнидан ўтиб кетди.

🟨 11'. Сурия терма жамоаси аъзоси Маҳмуд ал-Асвад қоидани бузди: у Маҳмуд Маҳамаджоновни либосидан тортиб қолгани учун бош ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди.

⚠️ 3'. Сурия терма жамоасидан жуда хавфли вазият! Бурчакдан узатилган тўпни ҳимоячиларимиз бартараф этишди, аммо қайтган тўпга Жан Мустафо чап оёқда кучли зарба йўллади – тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Ҳужумнинг давомида қайтган тўпни Айҳам Усу дарвозага йўллади, Абдувоҳид Неъматов катта қийинчилик билан хавфни бартараф этди.

2'. Ўзбекистон терма жамоаси чап қанот орқали олдинга интилди. Қанотдан узатилган тўпни Сурия ҳимоячилари қайтаришди, қайтган тўпга Азиз Амонов зарба берди. Бироқ йўл-йўлакай тўп жамоадоши Акмал Мозговойга тегиб, ўз йўналишини йўқотди.

▶️ 1'. Бош ҳакам Сайёджон Зайниддиновнинг ҳуштаги чалинди ва учрашувга старт берилди. Тўпни майдон марказидан Сурия терма жамоаси футболчилари ўйинга киритишди.

Жамоалар майдонга тушиб келишди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси кўк, Сурия терма жамоаси эса оқ рангли либосларда тўп суради. Дўстона учрашув старт олиш арафасида.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia