UZ

Сўнгги янгиликлар

01:20Остон Ўрунов "Спартак"га қарши ўйинни ўтказиб юборади  0 01:00Дилшод Раҳматов: "Эртанги ўйинга юз эмас, икки юз фоиз тайёрмиз деб айта оламан"  2 00:41Ла Лига. "Кадис" - "Барселона". Асосий таркиблар аниқ  2 00:25А Серия. "Наполи" "Сампдория"га тўртта гол урди. "Торино" ва "Лацио"да эса дуранг  0 00:05Ҳусниддин Нишонов: "Биз Эрон термасини анчадан бери кутяпмиз"  8 23:45Саудия Арабистони чемпионати. "Ал Насср" ғалабага эришди. Машарипов ўйинда тўлиқ ҳаракат қилди  4 23:27Роналдо Суперлига ҳақида: "Ёмон фикр эмас. Шунчаки, буни тўғри тушунтира олишмади"  3 23:07А Серия. "Рома" - "Удинезе". Асосий тарбиклар маълум  22 22:49Жиру "Специя"га қарши ўйинда майдонга тушиши мумкин  1 22:30Лапорта: "Куманнинг келажаги бугунги натижага боғлиқ эмас"  14 22:11Футзал. ЖЧ-2021. Қозоғистон ва Аргентина рақибларини тор-мор этиб, чорак финалга чиқди  29 21:57"Барселона" туркиялик вундеркинд трансферини эълон қилди  5 21:40Анчелоттининг айтишича, "Реал"нинг келажаги порлоқ  25 21:23Кроос умумий гуруҳ машғулотларига қайтди  10 21:05"Рома" ўз стадионида вакцинация марказини очди  0

"Олимпик" бошқалардан футболчи тортиб оладиган жамоа эмас" - Тимур Кападзе билан катта интервью Янгиликлар

"Олимпик" бошқалардан футболчи тортиб оладиган жамоа эмас" - Тимур Кападзе билан катта интервью

Ёш мураббийлардан бири Тимур Кападзе сайтимиз меҳмони бўлди.

Бу йил Пролигада янги клуб иштирок этади. Бу жамоанинг номи "Олимпик". Олимпиада-2024 йўлида барпо этилган жамоага яхши ният билан шу ном берилди ва бош мураббий этиб Тимур Кападзе тайинланди. 

"Олимпик" тузилганидан бери бу жамоа нима сабабдан тузилди, жамоанинг келажаги борми, нима учун бошқалардан футболчи тортиб оляпти каби саволларни бераётганлар йўқ эмас. Тимур Тохирович сайтимизга интервью берар экан, "Олимпик" ҳақидаги саволларга бафуржа жавоб қайтаришга ҳаракат қилди, шунингдек ўзбек футболи борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.


- Тимур ака, ташриф буюрганингиздан мамнунмиз. Охирги пайтларда кўпчиликнинг оғзидан "Олимпик" жамоаси тушмай қолди. Даставвал сиз мураббийлик қилаётган клуб ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?

- Ўз навбатида мен ҳам сайт офисига келганимдан хурсандман. Энди "Олимпик" жамоаси ҳақида гапирадиган бўлсак, клубни тузиш таклифи Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасидан чиқди. Битта жамоа тузиб шу ерда ўйнайдиган болаларни Олимпия мусобақасига тайёрлаб борсак қандай бўларкин деган фикр илгари сурилди. Мен эса мураббий сифатида бу таклифга ижобий қараб, кўп фойдали томонлари борлигини кўрдим.

Суперлига клубларининг асосий таркибида тўп тепаётган ёки асосий жамоа машғулотларига жалб қилинаётган футболчиларга тегмаймиз, чунки уларда шундоқ ҳам шароит яхши дедим. Лекин шундай футболчилар борки, уларнинг кўпи асосий жамоага жалб қилинмай келмоқда, баъзилари ўринбосарларда ўйнаяпти, бошқалари ҳатто ўринбосарларга чақирилмайди. Мана шундай футболчилардан жамоа тузамиз деган фикрни илгари сурдим.

"Олимпик" клубини тузиш борасида ўтган йилдан бери гапириб келинган бўлса, футболчиларни танлаб олишда шошмадик. Негаки бошқа клублардаги ўйинчиларни кузатиш керак эди: улар асосий жамоага жалб қилинадими ёки йўқ, шунинг учун 10 февралга қадар ишга киришмай турдик. Шундан сўнг таркибни йиғишни бошладик. Бу орада 16-17 нафар Олимпия термамизга мос келадиган футболчи ўз клубларининг асосий таркибига чақирилди ва биз бу футболчиларга ҳам тегмадик.

Миллий Олимпия қўмитаси ҳар томонлама жамоага эътибор қаратяпти, шароитлар борган сари яхшиланяпти ва тез орада янада яхшироқ шароитга эга бўламиз. Суперлига клубларининг аксар ўринбосарлар жамоасида ёшларга эътибор яхши эмас. Қайси томонлама? Масалан, машғулот майдони, овқатланиш, машғулотнинг доим бир текисда олиб борилиши ҳамда улардан нима талаб қилиниши. Биз эса мақсадли жамоа тузишга ҳаракат қиляпмиз.

Тўғри, асосий мақсад барибир 2024 йилги Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш ҳисобланади, лекин Пролигада ҳам ўзимизни кўрсатишни хоҳлаймиз. Шунчаки қатнашиш фикридан йироқмиз. Бўлажак олимпиячиларга ҳозирдан пойдеворни мустаҳкам қўйиш ҳаракатидамиз. Бунинг учун фақат машғулот ўтказиш билан ўйинларда майдонга тушишнинг ўзи камлик қилади.

Футболчиларга ўз навбатида назарий билимлар бериш ва ҳатто тўғри овқатланиш учун ҳам шароит керак. Бунинг учун биз алоҳида нутрициолог ёлладик. Яъни, нутрициолог футболчининг тўғри овқатланиши, калорияга бой маҳсулотлардан истеъмол қилишини назорат қилиб боради. Спортда диетолог атамаси кўп қўлланилади. Диетолог асосан озиш учун ёрдам беради, нутрициолог эса спортчининг витаминларга тўйинишини таъминлайди. Шу боис хориждаги кўп клубларда нутрициологлар иш олиб боряпти. 


- 8 февраль куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штабини тарк этганингиз ҳақида хабар чиқди. Нима сабабдан шундай бўлди? 

- Мен аслида Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бош мураббийи эдим ва март ойидаги U-19 Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётгандик. Биз йиғинлар ўтказишни ва мусобақага жиддий тайёргарлик кўришни мақсад қилгандик. Миллий терма жамоа асосан ФИФА кунларида йиғилса, ёшлар жамоамиздаги режалар бирмунча бошқа бўлади. 

U-19 Осиё чемпионати ўтказилмайдиган бўлгач, "Олимпик" жамоаси тузиладиган бўлди. ФИФА кунларида мен бош жамоада бўлишдан кўра, ёшларни йиғишни маъқул кўргандим. "Олимпик" тузилиши ҳал бўлгач, бўш вақтим жудаям кам бўлиши маълум бўлди. Чунки ўзингиз яхши биласиз, кўпинча Суперлига ва Пролига тақвими умуман бошқа-бошқа кўринишда бўлади. Масалан, ФИФА кунларида Суперлигада танаффус юзага келса, Пролигада тур ўйинлари давом этади. Шу боис бор эътиборни "Олимпик"ка қаратишни маъқул кўрдим. 


- Шу ўринда сиз билан "Олимпик"да ишлаб келаётган мураббийлар штаби ҳақида маълумот берсангиз? 

- U-19 терма жамоасида бирга ишлаган мураббийларни жалб қилдим. Чунки клубда ҳам термадаги каби тизимда иш олиб боряпмиз. Фақат Денис Коростиченко "Локомотив"да қолди. Қолганлар мен билан "Олимпик"ка ўтишди. Коростиченко ўрнига жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийликка Артём деган ёш йигитни "Пахтакор" академиясидан таклиф этдик.

"Бунёдкор"да 2002 йил туғилган болалар билан ишлаган Сергей Чигодаев ҳам штабимизда менга яқиндан кўмак бериб келмоқда. Дарвозабонлар билан Тимур Ғаниев ишлаяпти. "Пахтакор" ўринбосарларида ишлаган Рустам Қурбонбоев селекционер сифатида иш олиб боряпти. Бундан ташқари, нутрициолог, шифокор, массажчи ва илмий гуруҳимиз бор.


- Пролига учун нечта футболчини рўйхатдан ўтказмоқчисиз? 

- Регламентга кўра, 25 нафар футболчини рўйхатдан ўтказишимиз мумкин. Бизнинг жамоада 23 футболчи ва икки нафар дарвозабон бўлиши кўзда тутилган. Менда кўп машғулотлар худди ўйиндек ўтади. Эрталаб футболчилар билан индивидуал, кечки пайт эса тактика устида ишлаяпмиз.


- Айтиш мумкинки, қўл остингиздаги футболчилар яна уч йилдан сўнг бўлажак олимпиячиларга айланади. 

- Худди шундай. U-19 Осиё чемпионати ўтказилмайдиган бўлгач, жамоа шунчаки тарқаб кетмаслиги учун ҳам "Олимпик" клуби тузилди. Чунки 2004 йил Парижда бўладиган Олимпия ўйинларида 2001 ва ундан кичиклар ўйнайди. Шу боис ҳам мана шу ёшдаги футболчиларни таркибга йиғяпмиз.


- Бир савол туғилади: "Олимпик" айнан Олимпиада-2024 учун ташкил қилинган лойиҳа деб ҳисобласак, уч йилдан сўнг бу жамоанинг тақдири нима бўлади? Ёки лойиҳа тугатиладими?

- Жамоани тузишдан мақсад - футболчиларни Олимпия ўйинларига тайёрлаб бориш эканини айтиб ўтдим. Қанча кўп яхши футболчига эга бўлсак, Олимпиадага бориш имкониятимиз шунча ошади. Бир нарсани унутмайлик, "Олимпик" тузилгани билан Ўзбекистон U-20 жамоаси алоҳида йиғилиб йиғин ўтказаверади. Халқаро турнирлар чиқиб қолиши мумкин ва ЎФА рухсат берса қатнашиб келамиз.


- Навбатдаги Олимпиада 2024 йил бўлиб ўтишини ҳисобга олсак ва сиз бошқараётган жамоа ҳозирдан мусобақага чиқиш йўлида ҳаракат қилаётган экан, демак ушбу терма жамоа бош мураббийи сиз бўласиз. 

- Ҳа, иш шунга қараб кетяпти. Лекин клубдаги ва терма жамоадаги иш тўхтаб қолмайди. Албатта, саволлар туғилиши табиий: "Олимпик" жамоасининг кейинги тақдири нима бўлади? Чиқсак нима бўлади, чиқмасак нима бўлади? Менинг ниятим бўлажак олимпия терма жамоамиз билан Олимпиада ўйинларига бориш. Ва у ерга боргандан кейин натижа кўрсатиб қайтиш. Бир нарсани ҳисобга олинг, ҳозир "Олимпик" таркибида шуғулланаётган футболчилар асло кўчада қолиб кетмайди. Вазифа бажарилса-бажарилмаса улар яхши инсон ва футболчи бўлиб етишади. Ва мен ишонаманки, бу жамоадан вақти келиб хорижда ўйнайдиган футболчилар ҳам чиқади. 


- "Олимпик" футболчилари бошқа клублардан йиғилди. Уларнинг шартномаси "Олимпик" биланми ёки олдинги жамоаси биланми?

- Бир нарсани ҳисобга олайлик, мен чақирган болалар асосан ўз клубларида ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган, эътибордан четда ва керак бўлса клуб билан хайрлашишга турган футболчилар. Ҳозирча "Пахтакор"дан футболчи кўп, нега деганда "Пахтакор" Пролигага жамоа қўймайдиган бўлди ва бунинг оқибатида кўп болалар четда қолиб кетди.

Биз қайси футболчини таклиф этмайлик, аввалги клуби билан ўзаро келишган ҳолда иш олиб борамиз. Яъни айтмоқчи бўлганим, кимдир ижара асосида келяпти, кимдир шартномасини бекор қилиб.

"Олимпик" тузилганидан бери кўп гап-сўзлар бўлди. Клуб ўз футболчисини бермоқчи эмас, лекин "Олимпик" тортиб олишга ҳаракат қиляпти ва ҳоказо. Аслида бунақа нарса йўқ. Бемалол айтишим мумкин, биз ҳеч кимни мажбурлаб тортиб олмадик. Шу боис кимдир ижарага келяпти, кимдир жамоасиз қолганидан келяпти. Футболчи ўринбосарлар сафида ўйнаб ўсишга эришадими ёки Пролигада ўйнабми, бу ҳақда ҳам бош қотириб якуний қарорга келишга ҳаракат қиляпмиз. 


- Гапларингиздан ҳеч кимга керак бўлмай қолган "маҳсулот"дан ниманидир исботлашга бел боғлагандексиз? Албатта, бу тўғри маънода. Негаки футболчи пайтингизда ҳам доим ўз олдингизга максимал вазифа қўйгансиз, мураббийликда ҳам шунга қараб кетяпти. 

- Гап ниманидир бировга исботлашда эмас, балки нима қилиб бўлмасин Олимпия ўйинларига чиқишда. Худди жаҳон чемпионати каби Олимпиада ҳам биз учун ушалмас орзудек бўлиб қоляпти. Лекин барибир қачондир чиқишимиз керак-ку. Мен шу юрт фарзанди сифатида ўз жамоамиз Олимпиадага боришини ва муносиб иштирок этишини хоҳлайман. Болалар ўсиши учун ҳам максимал ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Тўғриси, Пролигада шунчаки иштирок этиш ниятида эмасмиз. Ўз олдимизга албатта мақсад қўямиз: Пролигада ўзимизни кўрсатиб, Суперлигага чиқишга ҳаракат қиламиз. 


- Лекин "Олимпик" чиққани билан Суперлигада ўйнай олмайди, шундайми?

- Нега энди? Суперлигага чиқсак, албатта ўйнаймиз. Биз ҳам алоҳида клубмиз. Регламент шартларини бажарсак, нима учун ўйнамаслигимиз керак? Бу ёшлар айтиб ўтганимдек, кўчада қолмайди. Ёки бизда ёки бошқа жамоада албатта ўз ўринларини топиб кетади. Биз ҳам бошқаларга ўхшаган клубмиз. Уставимиз бор, стадион бор, насиб қилса бу йил "Жар" стадионидан фойдаланамиз. Мен учун Пролига жуда қизиқ бўлиши кутиляпти. "Бухоро", "Динамо", "Нефтчи" каби бой тарихга эга клублар билан рақобатлашиш анча қизиқ бўлади деб ўйлайман. 


- Тимур ака, шу ерда мавзудан четга чиқиб бошқа саволга ўтсак. Нима деб ўйлайсиз, ўзимизнинг терма жамоалар ё клубларда ишлаб кетган ёки бўлмаса фаолият юритаётган хорижлик мураббийларга бериладиган маблағ ўзини оқлаяптими? 

- Ҳар хил мураббий бор. Кимдир яхши, кимдир ёмон. Биз мураббийларга испаниялик, португалиялик, аргентиналик деб қарашимиз керак эмас. Ўзбек футболига тўғри келадими-йўқми, шу томонлама қарашимиз керак. Мураббий бизга қанчалик тўғри келади, энг аввало шунга эътибор бериш лозим.

Ўзимиздаги мураббийларнинг деярли ҳаммасини биламиз. Лекин четдан келаётганларни обдон ўрганмасак бўлмайди. Улар қаерда ишлаган, охирги иш жойи қайси жамоа бўлган ва нима каромат кўрсатган - бу саволларга жавоб олмай туриб таваккал кимнидир олиб келсак, эртага футболимиз зарарига ишлаб қолиши мумкин.

Яна бир нарса, чет эллик мураббий барибир катта пулга келади. Шу боис ҳам чуқур ўрганиб кейин чақириш тарафдориман. Айтайлик, хорижлик мураббий йилига 1 миллион оляпти, лекин ўша ишни қила оладиган ўзимизникига 10 минг беряпмиз. Масъулият ва талаб бир хил. Шу боис мен чет эллик мураббий келган тақдирда майли, натижани юз фоиз бажармаса ҳам ўзидан нимадир қолдириб кетсин дейман. Эртага у қолдирган ўша нимадир бизга фойда берсин.

Тўғри, қанча кўп хорижлик мураббий келса, юртимиз футболига шунча фойда. Лекин бу - дуч келганини олиб келсак бўлади дегани эмас. Яна шуни айтишим мумкин, чет эллик мураббий ўз жамоасига аввало профессионализм олиб киради. Европада бу оддий ҳол. Бизда эса ҳали вақт борга ўхшаяпти. Ўзимизнинг мураббийлар нимадир сўраса, раҳбарият ҳозир пул йўқ, сал кутиб туринг ёки бўлмаса шунчалик зарилми деган гапларни айтиши мумкин. Аммо чет эллик мураббий сўраса дарҳол тайёрлаб беришади. Чунки у катта пулга келган. 

Афсуски, бизда шунақа тушунча сақланиб қолди. Мураббий биринчи навбатда жамоага жавоб бериши керак, тўғрими? Мураббий келади, майдонда ҳамма нарса тайёрлигини кўргач, машғулот ўтказиб футболчиларни ўйинга тайёрлайди. Демак, мураббий асосан шулар билан банд бўлиши керак. Афсуски, биздаги мураббийларнинг бундан бошқа муаммолари ҳам кўп чиқиб қолади.

Масалан, футболчиларнинг овқатланишини ҳал қилиш керак, майдон бўлмаса майдон топишга тушиб кетади, кимдир форма топиш билан машғул бўлади. Натижада мураббийлар асосий ишидан чалғиб қоляпти. Бунинг устига натижа кўрсатиш ва ўйинларда ғалаба қозониш масъулияти турган бўлади. Икки-учта ўйинни ютқазиб қўйса, ишдан бўшатамиз дейишади. Шу боис кўпчилик раҳбариятга кириб нимадир десам ишимдан ажралиб қолишим мумкин деган ўйга бориб жим туришни афзал билади.  


- Ўтган йил терма жамоалар мураббийларининг клубда ишлаши кўп гап-сўз бўлди. Терма жамоада ойлик кам, шу боис клубларда ҳам ишлашяпти каби гаплар айтилди. Ростан ҳам шунақами?

- Агар миллий терма жамоа мисолида оладиган бўлсак, бош мураббийнинг маоши Суперлига клублари мураббийларининг маошидан кам эмас. Тўғри, ёшлар ёки ўсмирлар жамоаларимизда бундай эмасдир, лекин миллий жамоада бош мураббий яхши маош олишини тахминан биламан. 

Албатта, Эктор Купер олган маош билан солиштирсак, бу ерда осмон билан ерча фарқи бор. Лекин ўзимизнинг маҳаллий мураббийларники билан таққослаганда орадаги фарқ унча катта эмас. Терма жамоалар мураббийларининг клубда ишлаши тўғрими деган савол кўп бора кўтарилди. Бунга икки томонлама қараш мумкин. 

Кўп жойда терма жамоалар устози фақат терма жамоа билан банд бўлади. Лекин ўзимдан мисол қилиб гапирадиган бўлсам, бизнинг шароитда ёшлар жамоамиз бир йилда 3-4 марта йиғилиб, 10 кунлик йиғин ташкил қилса, қолган кунлари мен нима қиламан? Ёш мураббий сифатида менга ҳар кунлик иш жараёни жуда муҳим. 

Ҳозир футбол жуда тез ўзгаряпти ва мураббийлардан ҳам ўзгариш талаб қилиняпти. Мен йилига уч-тўрт марта жамоани тўплаб қолган пайт бўш ўтиришни хоҳламайман. Мураббий сифатида қанча кўп ўйинларда иштирок этсам, ўз тажрибамни шунча ошириб бораман. Кейинчалик бу терма жамоа йиғилганида ҳам асқотади. Терма жамоа мураббийи келиб Суперлига ёки U-21 чемпионатини кузатиши мумкиндир, бироқ у қаерда амалиёт ўтайди? Бунинг учун эса клубда ишлаш ҳам катта ёрдам беради деб ўйлайман. 


- Пролига Суперлигадан кейинги ўринда турадиган мусобақа ва бу ерда Суперлигага чиқиш учун кураш кечади. Шуни ҳисобга олиб "Олимпик"да ҳам ғалаба учун мукофот пуллари қўйиладими? 

- Жуда катта бўлмаса ҳам албатта мукофот пуллари бўлади. Мен раҳбариятга мукофот пули барчага тенг бўлиб берилишини ва жамоада норозилик пайдо бўлмаслигини айтдим. Пролигадаги бошқа клубларнинг мукофоти қанча эканини билмайман, балки бизда бирмунча камдир, аммо бу ерда пул бирламчи эмаслигини, биринчи галдаги вазифаси Олимпиадага чиқиш эканини унутмайлик. 


- Тимур ака, ўзбек футболида сизга оғир ботадиган ҳолатлар қайси? 

- 2002 йил "Нефтчи"дан "Пахтакор"га кўчиб ўтган, сўнгра терма жамоада ўйнашга муяссар бўлган бўлсам, ўша пайт майдонлар, машғулотлар базаси билан боғлиқ муаммолар бўларди. Орадан 20 йил ўтса ҳамки, ўша муаммо ҳозир ҳам долзарб бўлиб турибди. Наҳотки ўтган 20 йил ичида ҳеч нарса қилинмаган бўлса деб ўйлаб қоламан. 

Академиялар, ёшларга шароит яратиб беришдаги муаммолар олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай қолиб кетяпти. Қачонки ёш футболчиларга вақтида керакли пойдеворни қўя олсакгина, кейинчалик асосий жамоага ўтганда қийналиб қолишмайди. Кўп мураббийлар асосий жамоага ёшларни таклиф қилади-ю, кейин улар билан алоҳида ишлашга мажбур бўлиб қоляпти. 

Ваҳоланки, мураббийда ҳар бир футболчи билан алоҳида ишлашга вақти йўқ. У жамоани тайёрлаб бориши керак. Шундай экан, бу ўринда болалар футболи мураббийларини ҳам кучайтириш керак. Австралия, Япония, Жанубий Корея доим жаҳон чемпионатига чиқади деймиз, лекин улардаги шароитларни кўринг. Бизда битта "Бунёдкор" стадиони бор, уларда эса ҳар бир шаҳарда иккитадан шундай стадион бор.

Инфратузилма ва иқтисодиётга боғлиқ жиҳатлар ҳам кўп. Бизда ҳам ҳеч бўлмаса машғулот майдонларини яхшилаб қўйса бўлади-ку. Суперлиганинг баъзи клубларида ҳатто алоҳида машғулот майдони йўқ. Кўпчилик ўйинни қаерда ўтказса, ўша жойда шуғулланади. Афсуски, шу каби ҳолатлар ҳамон ҳал қилиб бўлмас муаммодек кўринмоқда. 

Х.Холиқов ва О.Самисов суҳбатлашди.

Рейтинг: +8   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика