Де ла Фуэнте Англияга қарши ўйин олдидан: "Жамоаларимиз жаҳон футболи чўққисида турибди"

14 ноя 2026, 22:35
Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте унинг жамоаси Англияга қарши дуранг учун ўйнамаслигини маълум қилди.

Миллатлар Лигаси доирасидаги Испания ҳамда Англия ўртасидаги баҳс 15 ноябрь куни Мадриддаги "Метрополитано" стадионида бўлиб ўтади. А Лигаси 3-гуруҳидаги 5-турдан сўнг Испания 15 очко билан пешқадамлик қилмоқда, Англия эса 12 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринда бормоқда.

— Учрашувнинг қайсидир палласида жамоа дуранг учун ўйнашга қарор қилиши эҳтимоли борми? — Кафолат беришим мумкин: ҳеч қачон. Биз ғалаба қозонишни истаймиз. Қолаверса, эртага кетма-кет ўн учинчи ғалабамизни қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Ишонтириб айтаманки, биз фақат ғалаба ҳақида ўйлаяпмиз.

— Эртага жаҳон футболидаги энг устун икки ўйин модели тўқнаш келадими? — Билишимча, ФИФА рейтингида биринчи ва учинчи ўринларни эгаллаб турибмиз. Инглиз услубига келсак... Мен испанча услубни афзал кўраман. У жуда ўзига хос ва футболчиларимиз унга идеал даражада мос тушади. Инглиз модели ҳам ажойиб, бироқ унинг учун маълум тоифадаги ўйинчилар керак. Англия Испания каби ўйнай олмайди, Испания эса — Англиядек.

— Англия сиз дуч келган энг қийин рақибми? — Франция, Англия, Португалия — улар орасидаги фарқ унчалик катта эмас. Ҳар қандай алоҳида олинган ўйинда уларнинг ҳар бири сени мағлуб этиши мумкин. Иккала жамоамиз ҳам жаҳон футболи чўққисида турибди. Ҳозир биз узоқ вақтдан бери энг яхши формамиздамиз.

— Тухель ушбу учрашув улар учун мустаҳкамлик синови бўлишини ва ҳозир қайси даражада эканликларини кўрсатиб беришини тахмин қилди. Сизнингча, рақиблар Испанияга қарши ўйнаганда кўпроқ мотивация олишадими? — Бу жиҳатга тўхталадиган бўлсак: қайси даражада эканлигингни тушуниб олиш ҳақидаги фикрлар одатда юқори умидлар мавжуд бўлиб, лекин ҳали совринлар қўлга киритилмаган пайтда пайдо бўлади. Бундай баҳслар лойиҳани мустаҳкамлаш учун зарур. Сўнгги бешта ўйинда бизга нисбатан талаб даражаси ниҳоятда юқори бўлди. Ҳозир рақиблар бизни аввалгидан кўра анча тажовузкорроқ тарзда мағлуб этишга интилишмоқда. Бу ёқимли босим — демак, ҳаммасини тўғри бажаряпмиз. Бироқ бу биз учун ҳеч нарсани ўзгартирмайди: ҳар бир рақибга бир хил интенсивлик билан ёндашамиз. Майдонда энг яхши ўйинимизни кўрсатамиз.

— Испания "Уэмбли"дагига қараганда тўп устидан кўпроқ назорат ўрнатишни хоҳлайдими? Педри ҳал қилувчи ролни ўйнайдими? — Англия терма жамоаси таркибида бўш зоналарга ёриб киришда ўзини ажойиб ҳис қиладиган ва очиқ, қарши ҳужумларга асосланган ўйинда қулай ҳаракатланадиган футболчилар бор. Ўзаро сўнгги ўйинимизда иккинчи бўлимда тўп назоратини ушлаб туриш бизга осон кечмаганди. Шу билан бирга, Педри — буюк истеъдод соҳиби. Лекин бизда шунга ўхшаш услубдаги ўйинчилар кўп — Фабиан, Мерино... Майдонга ким тушишидан қатъи назар, уларнинг барчаси ниҳоятда кучли. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам танловда адашмаймиз, — деди де ла Фуэнте.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: AS