"Навбаҳор" Туркияда Украина клубига ютқазди

Narzulla Saydullayev
14 фев 2019, 21:30
Янги мавсумга тайёргарликни Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказаётган Наманганнинг “Навбаҳор” клуби мазкур йиғин доирасидаги сўнгги назорат–синов баҳсини бугун Украинанинг “Олександрия” жамоасига қарши ўтказди.

Ўйинда "лочинлар" 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрашди. “Навбаҳор”нинг голига Зафар Тўраев муаллифлик қилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ўртоқлик учрашувида ҳисобни украиналиклар очишганди. Кейин Андрей Канчельскис шогирдлари мувозанатни тиклашди ва жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобидаги дуранг билан чиқиб кетишди.

Иккинчи бўлимда “Олександрия” клуби футболчилари яна битта гол уриб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишга муваффақ бўлишди.

Мазкур ўйинда “Навбаҳор” таркибида қуйидаги футболчилар ҳаракат қилишди: Ўткир Юсупов, Игорь Голбан, Жаҳонгир Меҳмонов, Мирзоҳид Ғофуров, Славко Лукич, Абдужамол Исроилов, Зафар Тўраев, Шаҳзод Шайманов, Аббос Ғуломов, Александр Касьян, Иван Соловьёв.
Захирадан майдонга тушганлар: Баҳодир Насимов, Азим Аҳмедов, Жасур Азимов.

Жамоа аъзолари Туркиядаги ўқув-машғулот йиғинини 17 февраль куни якунлаб, юртимизга қайтишади. Шундан сўнг, футболчиларга қисқа муддатли танаффус берилади ва янги мавсум арафасидаги сўнгги йиғин Наманганда ўтказилади.


Ўхшаш янгиликлар


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: "Навбаҳор" матбуот хизмати