MLS. Ибра ва Вела "жанги"да швед мағлуб ёхуд кучлилар кейинги босқичда

Narzulla Saydullayev
25 окт 2019, 16:56
АҚШ миллий чемпионатининг плей-офф раунди 1/4 финали доирасида ўйинлар бўлиб ўтди.

Бугун бизнинг маҳаллий вақт билан тонгда қолган иккита учрашув ўтказилди ва унда мусобақа чемпиони таҳмин қилинаётган жамоалар кутилганидек муваффақият қозонишди.

Шарқ чемпиони армонда

Бутун мавсум давомида стабил ўйин намойиш этиб келган ва жимжимадор ғалабалари орқали ўз минтақасида тенгсиз деб топилган "Нью-Йорк Сити" жамоаси сўнгги пайтларда жуда юқори савияли футбол кўрсатиб келиб, қаршисида чиққан рақибни тор-мор қилаётган хавфли рақибга айланган "Торонто"га ўз мухлислари қаршисида аламли тарзда мағлубиятга учради. Барча голлар иккинчи бўлимда киритилди. Аввалига меҳмон жамоа бош тўпурари Алехандро Посуэло ҳисобни очди. Бироқ, бўлим ўрталарида нью-йоркликларнинг легионер ўйинчиси Исмаэль Таджури мувозанатни тиклади. Лекин, оҳирги сониялар ўтиб бораётган бир алфозда яна ўша тиниб-тинчимас Посуэло юзага келган пенальтидан унумли фойдаланди ва торонтоликларни ярим финалга олиб чиқди.





Ашаддий рақиблар жанги

Ғарбий зонада мавсум бошиданоқ, чемпионлик учун кураш интригаси йўққа чиққанди. Табиийки, бунинг бош сабабчиси Лос-Анжелес шаҳри бош жамоаси. Ушбу клуб рақибларига заррача имконият қолдирмади. Кумуш медалларни қўлга киритиш йўлида эса, "Сиетл Саундерс" ва "Реал Солт-Лейк" жамоалари жиддий баҳс олиб боришди ва якунда тегишлича 2-3 ўринларни банд этишди. Азалий рақиблар ўртага ярим финал йўлланмаси тикилган учрашувда тўқнаш келишди ва унда кутилганидек, бронза медали эгаси ютқазди. Голларга келсак, Густав Свенссон ва Николас Лодейроларнинг ўйиннинг иккинчи ярмида киритган тўплари Вашингтон шаҳри жамоасига ғалаба келтирди.



Кумуш ва бронза соҳиблари беллашуви

Шарқий минтақада ҳам "Нью-Йорк Сити"дек гигант клубдан кейин, 2-3 поғоналарни бўлишиб олган мучобақанинг кучли жамоалари "Атланта" ва "Филадельфия" ўзаро жангга киришди ва бу сафар ҳам кумуш медал совриндорларига омад кулиб боқди. Мамлакатнинг чемпиони ишончли ҳисобда зафар қучган учрашувда ҳал қилувчи голларга Жулиан Грессел ва Европанинг бир қатор топ-клублари қизиқиш доирасида турган жамоа бош тўпурари Хосеф Мартинеслар муаллифлик қилишди.





Лос-Анжелес дербисида мезбонлар ғолиб

Чиройли ва бетакрор азим шаҳарнинг икки бир-биридан дахшатли қудратга эга бўлган жамоалари ярим финал йўлида ўзаро муросасиз жанг олиб боришди. Супер учрашув кутилганидек, кескин ва қизиқарли курашлар остида ўтди. Ўйинга тўхталадиган бўлсак, биринчи бўлимда жорий мавсумни фантастик даражада ўтказаётган Карлос Вела "дубль"ни расмийлаштирди. Унинг голларига Кристиан Павон битта голи жавоб қайтарди. Ўйиннинг иккинчи ярми эса, "голлар шоуси"га айланиб кетди. Олдинига Златан Ибрагимович "шедевр" голи билан ҳисобни тенглаштирди. Бу голга мезбонлардан Диего Росси дарҳол муносиб жавоб берди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасидан иккала жамоада ҳам захирадан майдонга тушган "жокер"лар Адама Диоманде ҳамда Рольф Фельтшер вазифаларини аьло даражада уддалашди ва биттадан тўп киритишди. Кейинчалик, ўйин сўнггида Диоманде ўз номига "дубль"ни ёздириб қўйиш билан баҳсга оҳирги нуқтани қўйиб берди. Шундай қилиб, Боб Брэдли шогирдлари рақибларига ким аслида ким эканлигини кўрсатиб қўйишди.





Ўхшаш янгиликлар


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia