

- Ўйин биз кутгандек бўлди. Шунга яраша юқори даражада тайёрландик. Агрессив ўйин бўлди. "Насаф" ҳар доим чиройли ўйин кўрсатади. Уларнинг ўз маданияти, ўйин услуби бор. Ўзбекистонда ҳар доим юқори даражада бўлиб турадиган жамоанинг борлиги, ёқимли. Бугун ҳам шундай баҳс бўлди. Вазиятларни ҳисобга олсак, ўйин тенг ўтди. Чунки иккала жамоа яхши вазиятлар яратди. Бундай учрашувларни битта хато ёки супергол ҳал қиларди. Бироқ бундай бўлмади. Шу сабабли ўйин 0:0га мос ўтди.
- Ўйин сифатидан мамнунмисиз?
- Ҳа. Айни дамда "Насаф" яхши ҳолатда. Сўнгги ойларда жамоа буни кўрсатмоқда. Ўз навбатида бизда ҳам шундай. Лекин ҳар доим жамоани янада яхшилаш кераклигини тушуниб етаверасан. Камчиликлар устида ишлаймиз. Мавсум шу билан якунланмайди. Бугун биз вазиятни якунлашда бироз оқсадик. Ўйинни биз назорат қилдик, десак ҳам бўлади. Лекин ишни ҳал қила олмадик.
- "Насаф" уч кун олдин ОЧЛда ўйин ўтказди. Рақибда босим бор эди ва шу сабабдан бироз ёпиқроқ ўйин бўлди, деб ҳисоблайсизми? Уч кундан кейин "Локомотив"нинг "Нефтчи"га қарши ўйини бор ва жамоа шу учун куч асради, десак ҳам бўладими?
- Сен ўйинга уч кундан кейин ҳам тайёр эмасмисан, десак, ниманидир нотўғри қиляпсан. Менимча 3 кун - стандарт тайёрланиш учун етарли. Ушбу мавсумда деярли 3 кунда ўйин ўтказган пайтларимиз кўп бўлди. Ўйинни юқори темпда ўтказасан ва куч тўплаш учун уч кун вақт бўлади. Кўп жойларда мавсум давомида ҳар уч кунда ўйин ўтказишади. Бизда ҳозирча бундай эмас. Аксинча, мен учун бу яхши.
- "Локомотив" матбуот хизмати асосий таркибни эълон қилганида биз 5 ҳимоячини кўргандик. Бироқ жамоа ўйинни тўлиқ 4 ҳимоячи билан ўтказди ва айрим вазиятларда, ҳатто, уч киши бўлиб ҳам ўйнашди.
- Аслида бундай нарсалар рақибнинг ҳимоя ва ҳужумда қандай ўйнашига қараб белгиланади. "Насаф" 5 ҳимоячи бўлиб ўйнамаганидан кейин бизнинг ўзимиз тезкорлик билан ўзгартиришлар киритдик. Биз ҳужумлар орқали кенгроқ ўйнамоқчи эдик ва комиссардан таркибга ўзгартириш киритишни сўраганимизда, энди кечлигини айтишди. Чунки асосий таркибдан тушириб қолдирилган футболчини захирадан майдонга тушириб бўлмас экан. Демак, биз ўзгариш қилиб бўлган бўларканмиз. Биз ўйинни режамиздагидек бошлай олмадик, десак ҳам бўлади.
- Барча журналистлар жамоалардан мавсумдаги вазифалар ҳақида сўрашни яхши кўришади. Мавсум бошидаги гап-сўзлардан кейин айни дамдаги турнир жадвалидаги ҳолатга қараб, балки, кучли тўртлик ёки бешликка кириш учун иштиёқ ҳам кучайгандир. Айримлар ёш футболчиларни кашф қилишни истаймиз деса, кимлардир ўйин сифатини муҳим ўринда кўрсатади.
- Ҳа, бу борада кўплаб жиҳатлар бор. Кўплаб жамоаларда ҳозир иқтидорли футболчилар кўп. Мавсум давомида ишлар экансан, нималарни излаётганингни секин-секин билиб борасан. Балки клуб сифатида тўғри ишлаяпман, деб ўйлашинг ҳам мумкин. Лекин энг асосийси - бу ерда маҳсулот бор, иқтидор бор. Осиёда иқтидорлар жуда кўп. Биз бу борада ҳам яхшиланиш борасида кўп ишлаяпмиз. Жамоанинг бугунги куни, клубнинг ўтмиши ва ҳоказолар ҳам жуда муҳим ва барча томондан ишлашни давом эттиравериш керак. Ҳар доим ҳам сен ўйлагандек бўлавермайди ва шу боисдан қаерлардадир яхшиланиш бўлавериши керак. Камчиликнинг бори яхши, чунки сен бунинг устида ишлашинг керак бўлади. Ўйинлар бўлавергани сари эса шу камчиликлар юзага чиқади. Агарда буни вақтида тўғриламасак, ишлар ёмонлашиб кетади. Шунда базавий футбол келиб чиқади. Бу ерда эса футболчиларнинг сифати орқали исталганча тажрибалар қилиб кўрса бўлади. Мураббий сифатида бу барчага маъқул келади.



