Миржалол Қосимов: "Кубок баҳсидан сўнг айрим футболчиларимиз учун мавсум тугагандек"

Aslanov Jasurbek
29 ноя 2026, 19:30
Суперлига 29-туридан ўрин олган "Насаф" – ОКМК (3:0) ўйинидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этди.

– Ўйин ҳақидаги фикрларингиз.
– Учрашувга тўхталадиган бўлсак, ўзимиз йўл қўйган хатолар оқибатида учта гол ўтказиб юбордик. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ иккита оддий вазиятда хатога йўл қўйдик. Ҳар доим таъкидлаб келганимдек, "Насаф" – яхши шаклланган жамоа. Бундай рақибга қарши баҳсда бу каби хатоларга йўл қўйишимиз мумкин эмас эди. Шу боис ҳақли равишда мағлубиятга учрадик. "Насаф" жамоасини табриклайман.

– Хато деганда прессингни назарда тутяпсизми? Жамоа рақиб прессингига тайёр эмасмиди?
– Йўқ, бу жиҳатни олдиндан ўрганиб чиққан ва футболчиларга тушунтирган эдик. "Насаф" иккинчи зонада яхши ҳимояланади. Схемани ҳам кўрсатиб берган эдик – икки нафар ҳужумчи билан майдонга тушилганди. Биринчи бўлимда рақиб айнан оддий вазиятлардаги хатоларимиздан унумли фойдаланиб кетди, бундай ҳолатларга йўл қўймаслигимиз лозим эди.

– Мавсум давомида "Насаф" билан икки бор тўқнаш келдингиз ва ҳар икки учрашувда ҳам ОКМК мағлубиятга учради. Ушбу рақибни енгиш учун жамоага нима етишмади?
– Олмалиқдаги баҳсда яхши имкониятларимиз бўлган эди. Аслида футболнинг ўзи шундан иборат: кимдир хатога йўл қўяди ва рақиб уни голга айлантиради, бошқа сафар эса бунинг уддасидан чиқа олмайсиз. Айнан битта шундай эпизод ўйиннинг боришини тубдан ўзгартириб юборади. Шу боис таъкидлаяпманки, бундай даражадаги жамоага қарши ўта оддий вазиятларда тўп йўқотиб қўйдик. Хоҳлаймизми-йўқми, ҳимоядан ҳужумга ўтаётганимизда ҳимоячиларимиз эркинроқ ҳаракат қилишади ва ҳужумчилар билан зич ўйнашмайди. Натижада ўша паллада қайта жойлашишга жуда қийналиб қолишади. Статистикага кўра ҳам энг кўп голлар айнан биринчи ва иккинчи зонада тўп йўқотилган вазиятлардан сўнг киритилади.

– Жамоанинг имконияти ниҳоятда катта, тажрибали мураббийи бор. Нима учун медаллар учун курашмаяпсизлар?
– Нега курашмас эканмиз? Ўз статистикамизни таҳлил қилиб чиққанимизда ҳам кўриндики, жорий йилда жуда кўп оддий вазиятларда гол ўтказиб юбордик, шу билан бирга, яратган имкониятларимизни голга айлантира олмадик. Жамоага барибир барқарорлик етишмаяпти. Албатта, ўйлаб қаралганда бу баҳона бўла олмайди. Бироқ ўтган мавсумда яхши ўйин намойиш этган кўплаб футболчиларимиз жамоани тарк этганини ҳам инобатга олиш зарур.

– 72-дақиқадаги низоли ҳолат ҳақида сўрамоқчи эдим. Ушбу вазиятда рақиб футболчиси ва жамоангиз ўйинчисига нисбатан муносабатингиз қандай бўлди?
– Бундай ҳолатлар футболда мунтазам учраб туради. Ҳеч ким мағлубиятга учрашни истамайди: майдонда кимдир ғалаба қозонаётган, бошқа биров эса ютқазаётган бўлади. Бу жараён руҳий беқарорлик билан ҳам боғлиқ. Доим таъкидлайман: футбол – кураш ва контактли спорт тури. Бундай вазиятлардан ҳеч ким холи эмас, баъзан бундан-да жиддийроқ ҳолатлар содир бўлади. Бу – оддий ҳолат, уни бўрттириб, ортиқча маъно излашга ҳожат йўқ. Барчаси ҳеч кимнинг ютқазишни истамаслигидан келиб чиқади.

– Жамоанинг кейинги мавсум учун режалари қандай?
– Аввало, жорий мавсумни якунлаб олайлик. Кубок баҳсидан сўнг кўпчилик мавсумни анча эрта тугатиб қўйгандек таассурот қолдирмоқда. Эҳтимол, кубок ўйини таъсир қилгандир – айрим футболчиларимиз учун чемпионат аллақачон якунлангандек туюлмоқда. Шунга қарамай, ҳаммаси олдинда, ҳаёт давом этади. Бу футболчилар ва уларнинг муносабати бизни йўналтириб, келгусида қайси томонга юришимизни белгилаб беради. Буларнинг барчаси ўйлаб кўриш учун яхшигина мулоҳаза мавзуси бўлади.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia