ЖЧ. Ўзбекистон мундиалдаги дебютида Колумбияга ютқазди

Оқил Абдубарноев
18 июн 2026, 09:00
Жаҳон чемпионати 1-туридан ўрин олган Ўзбекистон – Колумбия учрашуви якунланди.

Жаҳон чемпионати

1-тур

Ўзбекистон – Колумбия 1:3

Бош ҳакам: Энтони Тейлор

Ёрдамчи ҳакамлар: Гари Бесвик, Адам Нанн

Тўртинчи ҳакам: Хуан Кальдерон

VAR ҳаками: Иван Бебек

VAR ёрдамчилари: Жарред Жиллетт: Карлос Дель Серро Гранде

Захира ёрдамчи ҳаками: Хуан Карлос Мора

Ўйин директори: Луис Кастро

ФИФА комиссари: Серхио Галаверна

Голлар: 0:1 – 41, Даниэль Муньос (Луис Диас), 1:1 – 60, Аббосбек Файзуллаев, 1:2 – 65, Луис Диас (Густаво Пуэрта), 1:3 – 90+9, Хаминтон Кампас (Кучо Эрнандес)

Ўзбекистон – 1. Ўткир Юсупов, 2. Абдуқодир Ҳусанов, 5. Рустам Ашурматов (26. Жаҳонгир Ўрозов, 77), 6. Акмал Мозговой, 7. Отабек Шукуров, 11. Остон Ўрунов (17. Достонбек Ҳамдамов, 46), 13. Шерзод Насруллаев (4. Фарруҳ Сайфиев, 46), 14. Элдор Шомуродов (21. Игорь Сергеев, 90+3), 18. Абдулла Абдуллаев, 22. Аббосбек Файзуллаев (20. Азизбек Амонов, 77), 24. Беҳрузжон Каримов.

Захира – 12. Абдувоҳид Неъматов, 16. Ботирали Эргашев, 3. Ҳожиакбар Алижонов, 8. Жамшид Искандеров, 9. Одилжон Ҳамробеков, 10. Русланбек Жиянов, 15. Умар Эшмуродов, 19. Азизжон Ғаниев, 23. Шерзод Эсанов, 25. Авазбек Ўлмасалиев.

Колумбия – 12. Камило Варгас, 2. Даниэль Муньос, 3. Жон Лукуми, 7. Луис Диас (26. Андрес Гомес, 90+3), 10. Хамес Родригес (21. Хаминтон Кампас, 72), 11. Жон Ариас (5. Кевин Кастаньо, 90+3), 14. Густаво Пуэрта (6. Ричард Риос, 80), 16. Жефферсон Лерма, 17. Хоан Мохика, 23. Давинсон Санчес, 25. Луис Суарес (19. Кучо Эрнандес, 80)

Захира – 1. Давид Оспина, 24. Альваро Монтеро, 4. Сантьяго Ариас, 8. Хорхе Карраскаль, 9. Жон Кордоба, 13. Йерри Мина, 15. Хуан Портилья, 18. Виллер Дитта, 20. Хуан Кинтеро, 22. Дейвер Мачадо.

Огоҳлантиришлар – Хоан Мохика (7), Абдуқодир Ҳусанов (34)

90+12' – УЧРАШУВ ЯКУНЛАНДИ!

Ниҳоят, бош ҳакамнинг якуний ҳуштаги чалинди ва ҳақиқий драма гувоҳига айланган ушбу баҳс ўз ниҳоясига етди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар голлар, хавфли вазиятлар ва дарвоза тўсинига теккан зарба билан футбол мухлисларига катта ҳаяжон тақдим этди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси кучли рақибга қарши муносиб кураш олиб борди, аммо якунда Колумбия терма жамоаси 1:3 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди.

Майдонда бор кучини бериб ҳаракат қилган йигитларимизга раҳмат айтамиз. Кейинги баҳсларда терма жамоамизга омад ва ғалабалар ёр бўлишини тилаймиз!

Азиз футбол ишқибозлари, матнли трансляциямизни кузатиб борганингиз учун ташаккур! Хайр, саломат бўлинг!

90+11' – Оҳ, қандай вазият! Драматик дақиқалар давом этмоқда! Беҳруз Каримов жарима майдончаси ташқарисидан, жуда узоқ масофадан кучли ва кутилмаган зарба йўллади. Тўп рақиб дарвозабонининг устидан учиб ўтиб, дарвоза тўсинига тегиб орқага қайтди!

Сал қолди, жуда чиройли гол бўлиши мумкин эди. Омад вакилларимиздан очиқчасига юз ўгирмоқда.

90+9' – ГОЛ! Колумбия ўйинга нуқта қўйди – 1:3.

Ўнг қанотдан жарима майдончамиз ичига ҳавода аниқ узатма амалга оширилди. Захирадан майдонга тушган Хамильтон Кампас қулай позицияда тўпни кутиб олди ва бош билан дарвозамизга аниқ зарба йўллаб, гол урди. Ўткир Юсупов бу вазиятда жамоани қутқара олмади.

90+7' – Аттанг! Достонбек Ҳамдамов жарима тўпидан узатмани амалга оширди, бироқ тўп рақиб майдончаси ичидаги шерикларига етиб бормади ва ҳеч кимга тегмасдан майдонни тарк этди. Бугун стандарт вазиятлардан унумли фойдалана олмаётганимиз панд бермоқда.

90+7' – Вакилларимизда ҳисобни тенглаштириш учун сўнгги ва балки энг охирги имконият! Жарима майдончаси атрофида рақиб футболчиси қоидани бузди ва ҳакам Ўзбекистон фойдасига хавфли жарима зарбаси белгилади.

90+3' – Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ҳар икки терма жамоа таркибида ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Колумбия терма жамоаси бош мураббийи вақтни чўзиш ва ҳимояни кучайтириш мақсадида бир йўла иккита ўзгаришга қўл урди: бугунги ғалаба голи муаллифи Луис Диас ҳамда ҳозиргина пенальти вазиятида диққат марказида бўлган Жон Ариас майдонни тарк этди. Уларнинг ўрнига Андрес Гомес ва Кевин Кастано ўйинга қўшилди.

Ўзбекистон терма жамоасида ҳам ўзгариш: чарчаб қолган сардоримиз Элдор Шомуродов ўрнига ҳужумни кучайтириш учун Игорь Сергеев майдонга тушди. Вакилларимиз бор кучлари билан олдинга ташланишмоқда!

90+2' – Баҳсли вазият! Фарруҳ Сайфиев чап қанотдан жарима майдончаси ичига навбатдаги узатмани амалга оширди. Тўп Колумбия терма жамоаси аъзоси Жон Ариаснинг қўлига теккандек кўринди, вакилларимиз ҳакамга эътироз билдиришмоқда. Бироқ бош ҳакам Энтони Тейлор ўйинни давом эттиришни сўради ва пенальти йўқлигини маълум қилди. ВАР ҳакамлари ҳам вазиятга аралашишмади. Вақт эса ўтиб бормоқда.

90' – Учрашувнинг асосий вақти тугади. Тўхталишлар ва тиббий ёрдамлар ҳисобига, тўртинчи ҳакам иккинчи бўлимга нақд 8 дақиқа вақт қўшиб берилганини кўрсатди.

Ҳали имконият бор, вакилларимизда ҳисобни тенглаштириш учун бутун бошли 8 дақиқа мавжуд! Олға, Ўзбекистон!

90' – Жуда чиройли ҳужум ташкил қилинди! Вакилларимиз қисқа узатмалар билан рақиб ҳимоясини ёриб кириб, ажойиб комбинация уюштиришди. Ҳужум якунида Акмал Мозговой қулай позициядан кучли зарба йўллади, бироқ тўпга бироз аниқлик етишмади. Ҳисобни тенглаштириш учун жуда қулай имконият бой берилди.

88' – Вакилларимиздан хавфли ҳужум! Достонбек Ҳамдамов рақиб дарвозаси томон кучли зарба йўллади, бироқ тўп ҳимоячига тегиб, рикошет ҳолатида майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бош ҳакам бурчакка ишора қилди. Стандарт вазиятдан унумли фойдаланиш вақти келди, йигитлар!

86' – Дарвозамиз олдида жуда хавфли вазият! Колумбияликларнинг ҳужуми вақтида Жефферсон Лерма жарима майдончамиз ичидан кучли зарба йўллади. Бахтимизга, тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.

84' – Вакилларимизда стандарт вазиятдан унумли фойдаланиш учун яхши имконият юзага келганди. Отабек Шукуров жарима тўпини рақиб майдончаси ичига узатиб берди, бироқ бу сафар ҳам узатма кутилганидек чиқмади – тўп ҳеч кимга тегмасдан майдонни тарк этди. Вақт эса соат сонияларидек тез ўтиб бормоқда.

80' – Энди Колумбия терма жамоаси бош мураббийи ҳам таркибда бир йўла иккита ўзгаришни амалга оширмоқда.

Ўйиннинг сўнгги дақиқалари яқинлашмоқда, баҳс кескин тус олди!

77' – Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи таркибда бир йўла иккита ўзгаришни амалга оширмоқда. Ҳимоя ва ҳужум чизиғи янгиланмоқда:

Жароҳат олган Рустам Ашурматов майдонни тарк этди, унинг ўрнига Жаҳонгир Ўрозов ўйинга қўшилди. Шунингдек, бугунги голимиз муаллифи Аббосбек Файзуллаев ҳам захирага олинди, унинг ўрнини Азизбек Амонов эгаллади. Йигитлардан янги куч ва фаоллик кутиб қоламиз!

76' – Майдонда тўхталиш. Ҳимоячимиз Рустам Ашурматовга рақиб билан тўқнашувдан сўнг шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилди. Бахтимизга, ҳаммаси жойида ва у ўйинни давом эттиришга тайёр.

75' – Ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусанов Луис Диасни тўхтатиб қолди. Бироқ ҳакам бу вазиятда қоида бузилди деб топди. Дарвозамиз яқинида хавфли стандарт вазият юзага келмоқда, вакилларимиздан диққатни максимал даражада ошириш талаб этилади.

72' – Колумбия терма жамоаси таркибида ўзгариш. Жамоа сардори ва етакчиси Хамес Родригес ўз ўрнини Хаминтон Кампасга бўшатиб берди. Меҳмонлар ҳужум чизиғини янгилашмоқда.

Жамоаси ютаётган пайтда алмаштирилаётган футболчини кўрганмисиз? У бирданига юришни унутиб қўяди. Саксон яшар чолга айланади. Стадиондаги ҳар бир мухлисга қараб қарсак чалиб чиқади. Лекин жамоаси ютқазаётган бўлса-чи? Усэйн Болтга айланиб қолади!

69' – Бош ҳакам Энтони Тейлор учрашувдаги иккинчи техник танаффус – «кулинг-брэйк» (cooling break) эълон қилди.

Футболчилар майдон четида сув ичиб, нафас ростлаб олаётган бир пайтда, шифокорларимиз дарвозабонимиз Ўткир Юсуповга (1) тиббий ёрдам кўрсатишмоқда. Умид қиламизки, посбонимизнинг жароҳати жиддий эмас ва у ўйинни давом эттира олади.

65' – ГОЛ! Аттанг, афсуски, дарвозамиздан иккинчи тўпни олиб чиқмоқдамиз. Марказда тўп йўқотилди. Тезкор ҳужум натижасида Луис Диас жарима майдонимиз ичига кириб борди ва кучли зарба йўллади. Дарвозабонимиз Ўткир Юсупов тўпни қайтаришга бор кучи билан уринди, бироқ унга тегган тўп барибир қайсарлик қилиб, дарвоза тўридан жой олди. Ҳисоб – 1:2.

60. ГОООООООООООООООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Аббос!!! Аббос!!! Аббос Файзуллаев!!!

Ҳамдамов чап қанотдан бошлаган ҳужумни Шомуродов зарба билан давом эттирди, дарвозабондан қайтган тўпни Файзуллаев бош билан бўш қолган дарвозага тўғрилаб қўйди!


Аббослар шундай тиниб-тинчимас бўлади: бири қозонни тузга тўлдирса, бири дарвозани тўпга тўлдиради.

52' – Иккинчи бўлимда майдонга тушган Фарруҳ Сайфиев ўз қанотини анча фаоллаштирди. Ҳозиргина у чап қанотдан яна катта тезликда олдинга ўтиб, жарима майдончаси ичига хавфли узатма амалга оширди. Бироқ Колумбия ҳимоячиси тўп йўлига ғов бўлиб, уни қайтариб юборди.

50' – Вакилларимизда бурчак зарбасидан фойдаланиш учун яхши имконият юзага келганди. Аббосбек Файзуллаев тўпни жарима майдончаси ичига узатди, бироқ узатма бироз кучлироқ чиқди шекилли, тўп ҳеч кимга тегмасдан майдонни тарк этди.

46' – Бош ҳакам Энтони Тейлорнинг ҳуштаги янгради. Иккинчи бўлим бошланди! Таркибимизда икки ўзгариш: Насруллаев ўрнига Сайфиев, Ўрунов ўрнига Ҳамдамов майдонга туширилди.

Хабарингиз бўлса керак, айни дамда юртимизнинг турли нуқталарида мазкур учрашув катта экранларда намойиш этилмоқда.

Кўпчилик шинаванда мухлислар эмоцияларга шу қадар берилиб кетадики, ўзини мураббий сифатида тасаввур қилиб юборади. "Шеригингга ошир! Тезроқ югур! Нега уни майдонга туширдинг?" Энг қизиғи шундаки, улар бу гапларни телевизорга шунчалик бақириб айтадики, гўёки экран ичидаги Каннаваро уни эшитиб, "Раҳмат, Абдуманнон, ҳозир айтганингдек қиламан!" дейдигандек.

45+5' – Бош ҳакам Энтони Тейлорнинг ҳуштаги чалиниб, биринчи бўлим якунланганини билдирди. Жамоалар танаффусга йўл олишмоқда.

Дастлабки 45 дақиқаликдан сўнг ҳисоб – 0:1, Колумбия терма жамоаси фойдасига. Вакилларимиз майдонда муносиб кураш олиб боришмоқда, иккинчи бўлимда мураббийларнинг кўрсатмалари эвазига ўйинни ўз томонимизга оғдира оламиз деган умиддамиз. Қисқа танаффус қиламиз.

45+2' – Колумбияликларнинг навбатдаги хавфли қарши ҳужуми. Луис Диас чап қанотда катта тезлик билан олдинга қочиб кетишга уринди. Унинг хавфли юришини қайтариш учун Беҳрузжон Каримов тактик фол ишлатиб, рақибни тўхтатиб қолишга мажбур бўлди.

45' – Биринчи бўлимнинг асосий вақти якунланди. Бош ҳакам Энтони Тейлор жароҳатлар ва тўхталишлар учун биринчи бўлимга 5 дақиқа вақт қўшиб берди. Олға, йигитлар, танаффусгача ҳисобни тенглаштириш учун ҳали имконият бор!

41' – ГОЛ. Афсус, дарвозамиздан тўп олиб чиқмоқдамиз. Диаснинг суперузатмасидан сўнг Даниэль Муньос жарима майдончамиз ичига ёриб кирди ва Юсупов дарвозасини ишғол қилди. Ҳисоб очилди – 0:1. Мухлислик қилишда давом этамиз, йигитлар ҳали вазиятни ўнглашларига ишонамиз!

Бироқ бир нарса бизга таскин беради: Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги ўйинлар тарихидаги илк гол муаллифи Муньос эмас, Жавлон Аноров ҳисобланади. Фақатнинг футболнинг укаси бўлган спорт турида.

38' – Вакилларимиздан тезкор қарши ҳужум! Сардоримиз Элдор Шомуродов катта тезликда рақиб дарвозаси томон қочиб кетаётган эди. Бироқ Колумбия ҳимоячиси Жон Лукуми тактик қўполлик ишлатиб, Элдорни тўхтатиб қолди. Футболчиларимиз ҳакамдан жазо талаб қилишди, аммо Энтони Тейлор бу вазиятда карточка кўрсатмасликка қарор қилди.

34' – Абдуқодир Ҳусанов қанотда Луис Диасга қарши жуда кескин курашга киришди ва рақиб билан бирга майдон четидаги операторни ҳам йиқитиб юборди. Бош ҳакам Энтони Тейлор бу қўполликни эътиборсиз қолдирмади ва Ҳусановга сариқ карточка кўрсатди.

photo_2026-06-18_07-58-59.jpg

32' – Хавфли вазият! Дарвозамиз олдида ўта хавфли вазият юзага келди. Колумбияликларнинг юлдузли футболчиси Луис Диас чап қанотдан тезлик билан жарима майдончамиз ичига ёриб кирди ва чап оёқда кучли зарба йўллади. Бахтимизга, тўп дарвоза устунига тегиб, майдонга қайтди!

photo_2026-06-18_07-59-46.jpg

30' – Элдор Шомуродовдан ажойиб ҳаракат! Сардоримиз тезкор ҳужумда Колумбия ҳимоячисини чиройли алдаб ўтди ва хавфли вазият юзага келтирди. Бироқ рақибнинг бошқа бир ҳимоячиси – Жон Лукуми ўз вақтида ёрдамга етиб келиб, хавфни бартараф этди. Вакилларимиз босимни оширмоқда!

30' – Колумбия терма жамоаси навбатдаги ҳужумга ўтаётган эди, бироқ уларнинг ҳаракати қоида бузилиши билан тўхтатилди. Рақиб футболчиси ҳимояга ёрдам бераётган Аббосбек Файзуллаевга нисбатан фол ишлатди. Тўп вакилларимизда.

23' – Бош ҳакам Энтони Тейлор учрашувда техник танаффус – “кулинг-брэйк” эълон қилди. Футболчилар майдон четига чиқиб, сув ичиб олишмоқда. Мураббийлар эса ушбу қисқа танаффусдан фойдаланиб, ўз шогирдларига кейинги дақиқалар учун керакли кўрсатмаларни бериб ўтишмоқда.

22' – Колумбияликларнинг навбатдаги ҳужуми муваффақиятсиз якунланди. Густаво Пуэрта ўнг қанотдан жарима майдончамиз ичига тўпни узатган эди, бироқ унинг паси ўта ноаниқ чиқди. Тўп ҳеч кимга тегмай, майдон ташқарисига чиқиб кетди.

18' – Колумбия терма жамоаси ўнг қанот орқали яна олдинга интилди. Бироқ ҳимоячимиз Абдулла Абдуллаев позицияни тўғри танлаб, рақиб футболчисига имконият қолдирмади ва тўпни чиройли тарзда майдон ташқарисига чиқариб юборди. Хавф бартараф этилди.

17' – Марказда кутилмаган хато! Вакилларимиздан бири тўпни рақибга олдириб қўйди ва Колумбия тезкор қарши ҳужумга ўтди. Жон Ариас қулай позицияга чиқиб бориб, дарвозамиз томон хавфли зарба йўллади. Бахтимизга, тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.

16' – Рақибнинг хавфли узатмасидан сўнг, дарвозабонимиз Ўткир Юсупов тўпни эгаллаш учун олдинга чиқиб келди ва ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусановбилан тўқнашиб кетди. Юсуповга майдоннинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

14' – Беҳрузжон Каримов ўз қанотида жуда фаол ва ишончли ҳаракат қилмоқда. Рақибнинг юлдузли вакилларига қарши кечаётган яккакурашларнинг барчасида Беҳрузжон устун келиб, Колумбия ҳужумларини чиройли тарзда йўққа чиқармоқда. Баракалла!

13' – Колумбия терма жамоасининг ўнг қанотдан ташкил этган навбатдаги ҳужуми узилиб қолди. Даниэль Муньос шеригидан тўпни қабул қилиб олаётган вазиятда ёрдамчи ҳакам байроқчасини кўтарди – офсайд.

12' – Колумбияликлар чап қанотдан хавфли ҳужум уюштиришди. Тўп жарима майдончаси марказига узатилди, бироқ ҳимоячимиз Абдулла Абдуллаев тўпга биринчи бўлиб етиб келди ва уни узоқлаштириб, хавфни бартараф этди.

7' – Вакилларимизнинг тезкор ҳужуми! Аббосбек Файзуллаев ўнг қанотда чиройли ҳаракат билан Хоан Мохикани ортда қолдириб, олдинга интилди. Колумбиялик ҳимоячи Аббосбекни фақат қўполлик эвазига тўхтатишга мажбур бўлди. Баҳсдаги илк огоҳлантириш – Хоан Мохикага сариқ карточка кўрсатилди.

5' – Хамес Родригес жарима зарбасидан тўпни дарвозамиз томон хавфли тарзда узатди. Бироқ дарвозабонимиз Ўткир Юсупов ишончли ҳаракат қилиб, тўпни муштлари билан уриб юборди ва хавфни бартараф этди.

4' – Ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусанов рақиб вингери Хоан Мохикага нисбатан қоидани бузди. Энтони Тейлор ўйинни тўхтатди. Колумбия терма жамоаси фойдасига жарима зарбаси белгиланди.

3' – Колумбия терма жамоаси илк хавфли ҳужумини ташкил этди. Рақиблар ўнг қанотдан олдинга ўтишди, бироқ Даниэль Муньос шеригининг узатмасига ета олмади. Тўп майдон ташқарисига чиқиб кетди.

2' – Аббосбек Файзуллаев жарима зарбасидан тўпни рақиб жарима майдончаси ичига узатди. Бироқ Колумбия терма жамоаси ҳимоячиси бош билан ишончли ўйнаб, хавфни бартараф этди ва тўпни қайтариб юборди.

1' – Ўйиннинг илк дақиқасидаёқ майдонда кескинлик. Колумбиялик футболчилар сардоримиз Элдор Шомуродовга нисбатан қўполлик ишлатишди. Бош ҳакам қоида бузилишини қайд этди. Вакилларимиз фойдасига стандарт вазият – жарима зарбаси!

1. Ўйин бошланди. Гарчи либосимиздаги бренд остида музқаймоқ ишлаб чиқарилса ҳам тарихнинг янги саҳифасидаги ҳисоб Ҳасанбой Дўсматов ва Юберхен Мартинес ўртасидаги жанг натижасига ўхшашини истаб қоламиз.

photo_2026-06-18_07-24-08.jpg

Жамоалар яшил майдонга чиқиб келишди. Ҳар икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради. Трибуналар ва майдонда ҳақиқий байрам муҳити. Ҳамма нарса тахт, старт ҳуштагини кутамиз!

Ассалому алайкум, қадрли футбол ихлосмандлари! Бугун Ўзбекистон футболи тарихининг янги саҳифасига қайд этиладиган ўйин гувоҳига айланамиз. Миллий терма жамоамиз Жанубий Американинг энг кучли грандларидан бири – Колумбияга қарши саф тортмоқда. Бугун стадионга йиғилган ва экран қаршисида турган миллионлаб ватандошларимизнинг нигоҳи яшил майдонга қаратилган. Футболчиларимиздан ижобий натижа кутиб қоламиз!

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia