

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Авваламбор стадионга бизни қўллаш учун келган мухлисларга раҳмат айтмоқчиман. Стадионимизда ажойиб муҳит бўлди, бу ҳаммага маъқул келди. Мухлислар бизни охиригача қўллаб туришди. Осон ўйин ўтказмадик, 1:2 ҳисобида ортда бориб, кейин 3:2га ўзгартира олдик. Сўнгра рақиб яна гол уриб ҳисобни тенглаштирди ва олдинга ҳам ўтиб олди. Баҳс охирларида тўртинчи голни урдик ва ўйин дуранг билан ниҳоясига етди. "Лочин" жуда яхши жамоа, кучли рақибга қарши муҳим учрашувни ўтказдик деб ўйлайман.
- Футболчи сифатида "Ювентус"да ўйнаганингизни биламиз. Мураббийлик фаолиятида "Бунёдкор"да ҳам яхши иш олиб бордингиз. Асосан ёшлар билан ишладингиз ва қўл остингизда ёшлар яхши ўсишга эришди. Буёғига "Каттақўрғон"да ҳам шу тартибда ишлашда давом этасизми?
- Мураббийнинг қисмати шундай: қайси жамоага бормасин ўзидан из қолдиришга ҳаракат қилади. Чунки мухлислар ва раҳбарият олдидаги масъулият юқори. Ишқибозлар чиройли футбол кўришни хоҳлайди, ўз навбатида биз ҳам шунга ҳаракат қиляпмиз. Лекин бу жуда оғир жараён ҳисобланади, ҳаммаси бирданига зўр бўлиб қолмайди. Аввало футболчиларни яхшилаб ўрганасиз, уларнинг характеристикаси билан танишасиз. Машғулотлар ва ўйинлар орқали ҳаммасини билиб борасиз. Ҳозирги пайга келиб жамоамизнинг умумий ҳолати мени қониқтиряпти ва бунинг бугунги натижага алоқаси йўқ.
- "Арал" тўғридан тўғри Суперлигага чиқди. Энди буёғига плей-офф орқали бошқа иштирокчилар аниқланади. "Каттақўрғон" жамоасининг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Биз ҳам умидни йўқотмаймиз. Бугун "Лочин" бизга нисбатан чиройли ўйин кўрсатгандир, лекин биз ғалаба қозонишни хоҳлагандик. Ўйлайманки, плей-офф баҳсларида бизга қайси рақиб тушмасин жидлий қаршилик бера оламиз. Бунинг учун қўлдан келган ҳамма ишни қилишимиз керак.


