Фарғона давлат университетининг "ФарДУ" футбол клуби мавсумолди тақдимот маросими ўтказди ГАЛЕРЕЯ

Mirjalol Normatov
1 июн 2023, 19:46
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги "Ўзбекистонда футболни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5887 сонли Фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида худудларда ёшларни спортга кенг кўламда жалб этиш, хусусан футбол спорт турининг оммавийлигини ошириш борасида бир қатор самарали ишлар олиб борилмоқда.

Яна бир неча кунлардан сўнг, аниқроғи 3-июнь санасидан Фарғонада футбол бўйича вилоят биринчилиги - Иккинчи лига баҳсларига старт берилади. Шу муносабат билан бугун мазкур чемпионат иштирокчиси - Фарғона давлат университетининг "ФарДУ" футбол клуби мавсумолди расмий тақдимот маросимини ўтказди.

Тақдимот маросимида Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов, университетнинг "Жисмоний маданият факультети декани Икромжон Юлдашев, Фарғона вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Носир Отақўзиев ва бир қатор мутасадди раҳбар-ходимлар иштирок этдилар. Жорий мавсумда ўз олдига Иккинчи лига ғолиблигини мақсад қилиб қўйган университет жамоасининг мавсумолди тақдимот маросими кўтаринки руҳда ташкил этилди. Маросим давомида сўзга чиққанлар "ФарДУ" футбол клубига мавсум давомида омад ва ғалабали онлар ёр бўлишини, якунда жамоанинг вилоят биринчилигида ғолиб бўлган холда Биринчи лига мусобақаларига йўлланмани қўлга киритишларига тилак билдирдилар.

Бекзод Толибов, Фарғона шаҳридан Championat.asia учун махсус





Mirjalol NormatovМуаллиф
Манба: championat.asia