UZ

Сўнгги янгиликлар

01:55ЖЧ-2022. Гонсало Рамоснинг бенефисига айланган ўйин ёхуд Португалия Швейцарияни тор-мор этиб, чорак финалга йўл олди  79 00:45Реграги - ЖЧ 1/4 босқичига чиққан илк африкалик мураббий!  6 00:26Унаи Симон: "Марокашга мағлуб бўлиб, турнирдан чиқиб кетишимизни кутмагандик"  7 23:51Это'О футбол мухлисларидан узр сўради  1 23:29Роналду 2008 йилдан буён илк марта йирик турнирларда асосий таркибда эмас  12 23:15Марокаш "учириб юборган" испанлардан бир қанча антирекордлар  16 22:47ЖЧ-2022. Марокаш Испанияни турнирдан чиқариб юбориб, тарихда илк марта чорак финалга чиқди!  184 22:35ЖЧ-2022. Португалия - Швейцария. Асосий таркиблар маълум!  37 22:19"Барселона" ҳужумчиси "Рома"га ўтиши мумкин  3 21:56Луи ван Гал: "Чорак финал билан кифояланмаймиз"  2 21:15Бельгия термаси бош мураббийлиги учун номзодлар эълон қилинди  5 20:54Де Лаурентис: "Италия футболида оғриқ бор"  1 20:36Эшитдик-да! Шоҳруз Норхонов "Навбаҳор"га ўтди   33 20:31"Барселона" ЖЧда Бразилиянинг қайси футболчисини кузатаётгани маълум  7 20:15Рангник Германия термасида иш бошлаши мумкин  2

Егор Кримец: «Хориж клуби скаутлари учун чемпионатимиз қизиқ эмас…» Янгиликлар

Егор Кримец: «Хориж клуби скаутлари учун чемпионатимиз қизиқ эмас…»

Маълумки, Ўзбекистон 23-миллий чемпионати якунланишига икки тур қолган бир пайтда «Пахтакор» жамоаси ўз тарихида 10-бор шоҳсупага кўтарилди.
Албатта, бу тарихий ғалабада футболчиларнинг ягона мақсад йўлидаги интилишлари муҳим роль ўйнади. Шунингдек, муваффақиятда жамоа метин ҳимоясининг ўрни ҳам катта бўлди. Зеро, «Пахтакор» мавсум давомида энг кам гол қўйиб юборган жамоа бўлди. Биз мавсум якунлари юзасидан «Пахтакор» марказий ҳимоячиси Егор Кримецдан интервью олдик.

- Мавсум жуда оғир ўтди,-дея гап бошлади «Пахтакор»нинг 2-рақамли футболчиси. - Анча мураккаб тус олган чемпионат якунида олтин медални қўлга киритганимиздан хурсандмиз. Энг муҳими, клубимиз 10-марта шоҳсупага кўтарилди.



- Қайси ўйинлар нисбатан қийин кечди?
- Осон ўйиннинг ўзи бўлмади. Мухлислар эслашса керак, биринчи даврадаги аксарият учрашувларда кичик - 1:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Гарчи ўша баҳсларда ҳам устунликка эришган бўлсакда, рақиб дарвозаси олдида юзага келтирилган қулай вазиятларни голга айлантиролмадик. Бундай ҳисобдаги ўйинларда охирги сонияларгача тер тўкишга тўғри келади. Албатта, чемпионлик масаласини узил-кесил ҳал қилган ўйинни биринчи ўринга қўяман. Очиғи, ўша куни «Локомотив»дан бундай ўйин кутмагандик. Шахсан мен «темирйўлчилар» ҳужумкорликка зўр беришларини тахмин қилгандим. Билмадим, балки уларда ғалабага иштиёқ камлик қилдими ёки биз кучли ўйин намойиш этдик, ҳарқалай, 3 очко жамоамизга тегди. Муҳими, мураббийлар томонидан олдимизга қўйилган вазифани бажардик. Яна «Навбаҳор»га қарши ҳар икки ўйин жуда-жуда қийин кечди.

- Сиз айтган ўша кичик ҳисобли ғалабалардан сўнг жамоа мухлисларида шубҳа, ишончсизлик кайфияти туғилганди. Бунинг сабабини излаб кўрдингларми?
- Ҳар бир ўйиндан кейин бу масалада гаплашардик. Видеоёзувни кўриб, қаерда хатога йўл қўйдик, нималар устида ишлашимиз кераклигини ўрганардик. Ўйлашимча, қулай вазиятларни голга айлантиролмаслик энг катта камчиликларимиздан бири эди. Машғулотларда мураббийлар кўрсатмалари асосида дарвозага зарба бериш устида кўпроқ ишладик. Ишимиз бесамар кетмади. Бу ҳаракатларимиз иккинчи давра ўйинларида ўз фойдасини берди. Натижалар фикримни тасдиқлайди. Кўплаб ўйинларда 2-3та тўп фарқи билан ғалаба қозондик.  

- Футболчиларда қайси ўйиндан кейин чемпионлик масаласи ҳал этилганига шубҳа қолмади?
- Шахсан мен «Локомотив» билан ўйиндан кейин чемпион бўлишимизга тўлиқ ишондим. Фақат буни охиригача етказиб қўйиш керак эди. Хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ эди, буни мураббийларимиз ҳар бир машғулотда алоҳида тайинлашди. Жамоамиз менежери Самвел Бабаян ҳам мавсум ҳали якунланмагани, чемпионликни нишонлашга шошилмаслик кераклигини уқтиришдан чарчамади. Бу ҳақда йигитлар билан ҳам алоҳида гаплашиб олдик.



- Сиз бир мавсум Хитой супер-лигасида ўйнадингиз. Хитой чемпионати, у ердаги фаолиятингиз бўйича хулосаларингиз қандай бўлди?
- Хитойда нафақат футбол, балки барча спорт турлари жадаллик билан ривожланяпти. Инфратузилма жуда юқори даражада. Футболга катта маблағ ажратиляпти. Давлат томонидан ҳам, ҳомийлар тарафидан ҳам. Ҳаттоки, биринчи лига клублари стадионлари ҳам жаҳон талабларига тўлиқ жавоб беради. Супер-лига ўйинларига камида 20 минг мухлис тушади. Ўйлайманки, Ўзбекистонда ҳам яқин йилларда шундай футбол муҳити ҳукм суради. Мана, янги стадионлар бунёд этиляпти. Замонавий стадионларда чиройли ўйинлар кўрсатилса, мухлислар аввалгидек футболга қайтишади. Янги академияларга кўпроқ эътибор қаратиш, маҳаллий ёшларни юзага чиқариш лозим. Бизда истеъдодлар жуда кўп. Фақат уларни кашф этишда сусткашликка йўл қўйиляпти. Ёшларга яхши тарбия берилса, кўзланган мақсадга эришилади. Катта пулга легионер харид қилинишига қаршиман. Бу мамлакат футболи ривожига ёрдам бермайди. Ўзимиздаги истеъдодларни тарбияласак, бундан миллий жамоа ҳам манфаатдор бўлади.

Клубда ёши 30дан ошган фахрийлар кўпчиликни ташкил этишарди. Нафақат легионерлар, балки бутун таркиб бўйича энг ёши мен эдим. «Пахтакор»да бундан 3-4 йил аввал бошланган маҳаллий ёшлар сиёсатини энди «Пекин»да ҳам амалда қўллашяпти. Жамоа президенти буни қўллаб-қувватлаяпти. Ҳозир жамоада авлодлар алмашинуви даври кетяпти.

- Англия премьер-лигаси кучли ҳисоблансада, терма жамоаси ҳақида бундай фикр билдиролмаймиз. Хитойда ҳам шунга ўхшаш ҳолат ҳукмрон. Мамлакат термасида бир неча йилдан бери пасайиш кузатиляпти. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Хитой терма жамоасида ҳам авлодлар алмашинуви давом этяпти. Ишончим комил, ушбу жамоа 3-4 йилда ўзини кўрсатади. Кейинги жаҳон чемпионати саралаш босқичидаёқ Хитой термаси қитъамизнинг етакчи жамоаларига бош оғриғи бўлади. Хитойда истеъдодли ёшларни кўп кўрганман. Тўғри, улар ҳали миллий жамоа даражасида ўйнай олишмас, лекин яқин йилларда вазият ўзгариши муқаррар.

- Хитой супер-лигасида бир маромда ўйнаётган ягона легионеримиз  Анзур Исмоилов ҳақида қандай фикрдасиз?
- Жуда кучли ҳимоячи. Буни «Пахтакор» ва «Бунёдкор» жамоаларида ҳам исботлаганди. Осиё Чемпионлар Лигаси баҳслари ва миллий терма жамоа ўйинларида катта тажриба тўплади. Хитой чемпионатида тўп сурган вақтим унинг ўйинларини кўп кузатардим. Кучли ҳимоячи бўлмаганида, шунча йил легионер мақомида ўйнолмасди. Ҳозирда ўз клубининг ҳақиқий етакчисига айланган.



- Келаси йили тўғридан-тўғри ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этасизлар. Бу мусобақа сиз каби ёш, истеъдодли футболчилар учун яхшигина имконият эшигини очади...
- Буни ҳар биримиз тўғри тушуниб, ҳис қилиб турибмиз. ОЧЛ мавсуми бошланишини ҳозирдан интиқлик билан кутяпмиз. ОЧЛни катта бозорга қиёслаш мумкин. Хориж клублари скаутлари учун Ўзбекистон чемпионати қизиқ эмас. Футболчилар фақат ОЧЛ ўйинлари ёки миллий жамоа таркибида ўзларини яхши маънода реклама қилишлари мумкин. Ўзбекистон чемпионатини кузатиш учун хориждан скаутлар келишмайди, ахир. Шуни инобатга олган ҳолда, ОЧЛда ҳар бир футболчи юқори савияда тўп суришга интилади.

- Мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогар 3 нафар касбдошингизни эътироф этсангиз...
- Футболчи учун бу саволга жавоб бериш қийин. Лекин кузатишларим асносида вариантларимни айтаман. Жамоадошим Александр Мерзляковни бемалол мавсум кашфиёти сифатида таърифлаш мумкин. Чунки Саша аввалги йилларда умуман бошқа савияда ўйнарди. Энди умуман бошқача футбол намойиш этди. Буни мутахассисларимиз, мураббийлар ҳам кўп бор эътироф этишди. Кейин Жамшид Искандеров яхшигина ўсди. Ностандарт футбол кўрсатди. Фаол ўйинлари туфайли Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам таклиф этилди. Ёш бўлишига қарамай, «Пахтакор»нинг етакчиларидан бирига айланди. Майдонни кўра билиши, бир неча футболчилар қуршовидан ёриб чиқиб кетиши, жарима зарбалари, гол уриш қобилияти - ҳаммаси жойида. Терма жамоада ҳам йўқолиб қолмади. Яна бир номзод сифатида «Бунёдкор» ярим ҳимоячиси Сардор Рашидовни айтардим. Сардор ҳам мавсум кашфиётларидан бирига айланди. Унинг устун жиҳатлари - тўпни назорат қилиш, жарима зарбаларини амалга ошириш. Бир неча бор «стандарт»дан чиройли гол урди. ОЧЛда ҳам муҳим голлари билан «Бунёдкор»га ғалабалар келтирди. Асосийси, Ўзбекистон миллий жамоасида ҳам яхши ўйин намойиш этди.

- Мураббийлар триосида кимларни кўришни истардингиз?
- Биринчи галда, бош менежеримиз Самвел Бабаянни. Бизга мураббийлик қилгани учун эмас, ҳақиқатан ҳам, чемпионликни қўлга киритишимизда Самвел Вячеславовичнинг ҳиссаси жуда катта. Кўп меҳнат қилди. Оиласини иккинчи даражага қўйиб, асосий вақтини «Пахтакор»да ўтказди. Бошқалар билишмаса ҳам, биз - футболчилар буни жуда яхши биламиз. Уйига бир неча кун бормаган вақтлари бўлди. Декабрь ойиданоқ бизга «Сифат учун курашамиз, албатта, чемпион бўлишимиз керак», деб уқтириб келди. Иккинчи ўринга Бахтиёр Ашурматовни қўйган бўлардим. «Навбаҳор»га устозлик қилаётган бу мутахассиснинг истеъдоди ва салоҳиятини тўғри баҳолаган ЎФФ уни миллий жамоага ёрдамчи мураббий сифатида таклиф қилди. Бахтиёр Ашурматов худди 10-15 йилдан бери мураббийлик соҳасида ишлаётгандек таассурот қолдирди. У билан Осиё ўйинларида бирга ишладик. Келажакда Бахтиёр акадан яхши мураббий чиқишига ишонаман. Рўзиқул Бердиев ҳам эътирофга муносиб. «Насаф»да худди «Пахтакор»даги каби маҳаллий ёшларга катта эътибор қаратилади. Бу йил жамоа бронза медалини қўлга киритди. Рўзиқул аканинг ўтган йили Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи, деб топилгани бежиз эмас. Шунингдек, менга Сергей Лушаннинг иш услуби ёқди. У «Бунёдкор»да ёшларга катта эътибор қаратиши билан ёдимизда қолди. Жамоа тезкор футбол намойиш эта бошлади.

- Марказий ҳимояда қайси жамоадошингиз билан ўйнашингиз осонроқ?
- Бу йил Боян Миладинович билан кўпроқ ўйнашга тўғри келди. 6 йилдан бери «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилаётган сербиялик футболчи катта тажрибага эга. Вақтида Европа футболи ҳавосидан баҳра олган. Биз - ёшларга ҳар томонлама ўрнак бўляпти. Тан оламан, Миладиновичдан кўп нарсалар ўргандим. Қолаверса, Камолиддин ака Тожиевдан ҳам. Улар машғулот жараёнида ҳам, ўйинда ҳам керакли маслаҳатлар беришади. Бу йилги мавсумда энг кам гол қўйиб юборганимиз бежиз эмас. Кейин статистикага эътибор берсангиз, 3 нафар ҳимоячи - мен, Боян ва Мерзляков «Пахтакор»нинг 14та голига муаллифлик қилдик. Бу чакки натижа бўлмаса керак (кулади). Келаси мавсум ҳам, айниқса, ОЧЛ баҳсларида янада сермаҳсул ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз.

- Қайси жамоа ҳужумчилари кўпроқ хавф туғдиришди?
- Бу ҳақда ўйламабман. Алоҳида бир ҳужумчини айтолмайман. «Пахтакор»даги ҳимоячилар бир-бирларини қўллаб-қувватлаб ўйнаганликлари учун бу нарса билинмади ҳам. Биримиз хатога йўл қўйсак, иккинчимиз албатта, бу камчиликни ёпишга уриндик. Ҳамжиҳатликда ўйнаганимиз дарвозамиз олдида камроқ хавфли вазиятлар юзага келишига замин яратди.

- «Бухоро»га қарши кечган учрашувда «Пахтакор» чемпионликни расмийлаштирди. Ўша ўйиндан сўнг Самвел Бабаян чемпион таркибни ҳеч ким тарк этмаслиги, жамоа ОЧЛнинг камида финалига чиқишни мақсад қилганини таъкидлади. Футболчиларда ҳам шундай фикр борми?
- Албатта. Буни аниқ айта оламан, келаси мавсум ҳеч ким жамоадан кетмайди. Жамоамиз олдига ОЧЛда муваффақиятли ўйнаш вазифаси қўйилган. Тўғри, таклифлар кўп. Нафақат мен, балки «Пахтакор»нинг ҳар бир футболчисига таклифлар тушяпти. Аммо биз бошлаган ишимизни охирига етказиб қўйишимиз керак.  

- Ўз амплуангиз бўйича қайси футболчиларнинг ўйинларига ҳавас қиласиз?
- Олдинлари «Барселона» афсонаси Карлес Пуйолнинг ўйинларини ўзгача иштиёқда томоша қилардим. Ундан ниманидир ўрганишга интилганман. Пуйоль яқинда футболчилик фаолиятини якунлади. Ҳозир изланишдаман, ўзим учун янги кумир топишим керак (кулади). Европа футболидаги ўйинларни кўриб боряпман. Лекин ҳозирча кўзга яққол ташланадиган кучли марказий ҳимоячи топмадим...



- Қайси жамоага мухлислик қиласиз?
- «Пахтакор»га (кулади). Европадан «Челси»га бефарқ эмасман.

- Бу мавсум «аристократлар» Англия чемпиони бўла олишармикан?
- Мавсумни ёмон бошлашмади. Турнир жадвалида етакчилик қилишяпти. Кўрамиз, ҳали мавсум узоқ давом этади. Бир нечта мусобақада иштирок этадиган клубларга ҳамиша қийин. «Манчестер Юнайтед» билан бўлиб ўтган ўйинда жуда чиройли футбол намойиш этишди. Фақат сўнгги сонияларда Робин ван Персининг суперголи «Челси»ни ғалабадан маҳрум қилди.

- «Челси» муваффақиятларида Жозе Моуриньонинг роли қанчалик катта, сизнингча?
- Жуда катта. У аввал ҳам Лондон клубида ишлаган ва «Челси»да кўп ютуқларни қўлга киритган эди. Фақат Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонолмагани учун жамоадан кетганди. Ўйлайманки, бу сафарги қайтиши жамоага янги совринларни келтиради. Бу йил «Челси»нинг Англия чемпиони бўлишига ишонаман, лекин ЕЧЛда муваффақиятли иштирок этолмаса керак. Чунки бу совринни қўлга киритадиган бошқа даъвогар суперклублар бугунги кунда «Челси»дан кучлироқ. Таркиб бўйича ҳам, ўйин бўйича ҳам. «Реал», «Барселона», «Бавария», «Атлетико» каби клубларни назарда тутяпман.

- «Пахтакор» мухлисларига тилакларингиз...
- Бу йил жамоамизни қўллаб-қувватлаган барча мухлисларга футболчилар номидан миннатдорчилик билдираман. Қўлга киритилган ютуқда мухлисларнинг ҳиссалари ҳам катта. Ўйлайманки, келаси мавсум янги ғалабаларимиз билан уларни янада хушнуд этамиз. Юқорида айтганимдек, асосий мақсадимиз - ОЧЛ финал учрашувини Тошкентда ўтказиш. Бунинг учун барчамиз астойдил курашамиз.


Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика