

Мухбиримиз Исломбек Рустамбеков легионеримиз билан боғланиб, янги жамоасига мослашиб олиши ва умуман унинг Малайзияда бошланган ҳаёти ҳақида сўради.
- Салом, Дилшод ака, кайфиятлар қалай?
- Раҳмат, ҳамммаси аъло даражада!
- Янги жамоа, умуман янги муҳитга кўникиш жараёнини қандай ўтказмоқдасиз?
- Бу борада жиддий қийинчилик бўлмади. Нолишга ҳожат йўқ.
- “Симе Дарби” футболчилик фаолиятингиздаги илк хориж жамоасидир. У ерда эътиборингизни тортган жиҳат нима бўлди?
- Жамоада ҳамма бир-бири билан жуда ҳам аҳил. Энг муҳими ҳам шу. Футболчилар бир-бирига далда бўлишни жуда яхши уддалашар экан.
- Хабарингиз бўлса керак, яқинда “Шўртан” ҳимоячиси Ярослав Крушельницкий ҳам Малайзия жамоаси бўлмиш “Фелда Юнайтед” билан шартнома имзолади?
- Ҳа, буни биламан. Крушельницкий Куала-Лумпурга келгач, телефон орқали масофадан туриб гаплашдик. Лекин ҳозирча у билан бу ерда кўришиш насиб қилмади.



