АПЛда мўжизавий чемпионликка эришган "Лестер Сити" Чемпионшипдан тушиб кетди

Aslanov Jasurbek
22 апр 2026, 11:42
Бир пайтлар бутун дунёни ўз мўъжизаси билан ҳайратга солган "Лестер Сити" клуби Англия футболида тубликка шўнғишда давом этмоқда.

Гари Роуэтт шогирдлари Чемпионшипнинг 44-турида "Халл Сити" билан дуранг ўйнашди ва мусобақани тарк этиши аниқ бўлди.

Айни дамда "тулкилар" ҳисобида 42 очко мавжуд ва улар турнир жадвалида 23-ўринни эгаллаб туришибди. Мавсум якунилангунига қадар иккита тур қолган бир вақтда, хавфсиз ҳудуд (21-ўрин) билан орадаги фарқ 7 очкони ташкил этмоқда. Бу эса "Лестер" учун назарий жиҳатдан ҳам имконият қолмаганини англатади.

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, "Лестер" кетма-кет иккинчи мавсумда пастки лигага равона бўлмоқда. 2024/25 йилги мавсумда жамоа АПЛда 18-ўринни эгаллаб, юқори дивизион билан хайрлашган эди. Энди эса жамоа Англиянинг учинчи тоифадаги лигасида иштирок этади.

Маълумот учун, "Лестер" охирги марта 2008/09 йилги мавсумда учинчи дивизионда ўйнаган. Жамоанинг энг юқори чўққиси эса 2015/16 йилги мавсумга тўғри келади — ўшанда "тулкилар" Клаудио Раньери бошчилигида Англия чемпиони бўлиб, тарихий натижа қайд этишган эди. Орадан 10 йил ўтиб, чемпион жамоа учинчи лига вакилига айланди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia