

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Биринчи таймда ҳар икки жамоа тактик футбол намойиш этди. Тайм охирларида "Сўғдиёна" устунлик қилди. Биз эса бироз ўзимизни йўқотиб қўйдик. Ҳартугул иккинчи бўлимни яхши бошладик, рақиб чуқур ҳимояга ўтишга мажбур бўлди. Менимча, ўйин хатогача давом этди. Биз гол ура олмадик ва шу заҳоти бурчак тўпидан гол қабул қилдик. Битта хато қимматга тушди. Йигитларга ҳимояда ва ҳужумда қандай ҳаракат қилиш кераклигини тушунтиргандик. Лекин тўп киритиш бобида омадимиз келмади.
- Захирадан тушганлар ҳақида фикрингиз қандай?
- Агар совуққонлик билан таҳлил қиладиган бўлсак, Элбек Йўлчиев бир вазиятда нима қилиб бўлса-да гол уриши керак эди. Шу боис уни алмаштириб ўрнига Тома Табатадзени туширдик. Афсуски, Тома ҳам ўзини кўрсата олмади. Иқбол Маликжоновни ўртага қўйдик, қанотда Шоҳруҳ Гадоев ҳаракат қилди. Гол урмадикми демак қаердадир механизм ишламаган. Бугун йигитлар ёмон ўйнади дея олмайман, ҳамма бор кучини беришга ҳаракат қилди. Шунчаки гол ура олмадик. "Сўғдиёна" бугунги баҳсни омадли ўтказди. Битта гол баҳс тақдирини ҳал қилди.



