"Зидан шарманда!" Бэйл энди "Реал"га керак эмас
22 jul 2019 14:53
News
"Зидан шарманда!" Бэйл энди "Реал"га керак эмас
Гарет Бэйл ва "Реал" ўртасидаги совуқ уруш чўзилиб кетди: Зидан уэльслик клубга керак эмаслиги ҳақида очиқчасига гапирмоқда. "Бэйл тезроқ жамоани тарк этишига умид қиляпмиз, бу ҳамма учун яхши бўлади. Унинг трансфери устида ишлаяпмиз. Гаретга қарши шахсий адоватим йўқ, аммо алмаштириш керак бўлган вақт келди. Мен қарор қабул қилишим, биз ўзгаришимиз лозим" - дейди "Реал" бош мураббийи Монреалдаги матбуот анжуманида.
Бэйлнинг агенти Жонатан Барретт тезда бу сўзларга ўз муносабатини билдирди: "Шарманда Зидан, "Реал" учун кўп ишлар қилган инсонга шундай дейдими?"
Бу қачон бошланди
Зидан баҳорда кетма-кет икки марта Бэйлни қайдномага киритмади, сўнгги турда эса уни 90 дақиқа захирада ушлаб ўтирди. Бу вазият футболчига ёқмади: Ўйин якунланганидан сўнг, барча футболчилар мухлисларга миннатдорчилик билдириш учун трибуна томонга кетишди, фақат Бэйл ҳеч нарса демай кийиниш хонасига кириб кетди.
Матбуот анжуманида Зидандан нега Бэйл майдонга тушмагани ҳақида сўрашди: "Чунки бугун бошқа футболчилардан фойдаланмоқчи эдим. Агар ўйинчи жамоага мос келмаса, иш берадиган вариантларни излашимга тўғри келади".
Гарет ОАВ билан мулоқот қилмади, аммо Radioestadio нашрида унинг интервьюси пайдо бўлди: "Шартнома бўйича яна уч йил бор. Агар улар кетишимни исташса, ҳар мавсум учун 17 млн. евродан тўлашсин. Пул тўлашмаса, шу ерда қоламан".
Зиданнинг режалари бошқача. Унда харид қилиниши ва сотиб юборилиши керак бўлган футболчилар рўйхати бор. Кетиши керак бўлганлар орасида Бэйл номи мавжуд.
"Ғоямиз келаси мавсумгача ҳужум чизиғини кучайтириш. Кўрамиз, нима бўлар экан. Бизга кимлар кераклигини аниқ биламан. Аммо трансферлар фақат менга боғлиқ эмас. Мен мураббийман, клубда президент ва бошқа муҳим инсонлар ҳам бор. Бироқ биз ҳаммасини биргаликда бажарамиз" - деганди Зидан ёзнинг бошида.
Франциялик мутахассис ўшандаёқ Бэйлдан қутилиб, унинг ўрнига футболчи топмоқчи эди, бироқ на агент ва на Бэйл музокара ўтказишни истамади. "Реал" устози уэльсликни Монреалдаги йиғингача сотиб юборишни режа қилганди, аммо муносиб таклифлар йўқлиги ва Бэйлнинг ўзи ҳеч нарса қилишни истамаганлиги вазиятни оғирлаштирди. Кўп жароҳат оладиган 30 ёшли футболчига ким ҳам катта маош таклиф қиларди.
Ҳозир вазият қандай?
Биринчидан, Бэйлнинг нархи ўтган йилга нисбатан 30 млн. еврога пасайди - ҳозир унинг нархи 60 млн. евро. Иккинчидан, Бэйл ва унинг агенти янги вариант излаш билан банд эмас - Барретт унинг мижозини текинга қўйиб юборишларини сўради.
"Реал" Бэйлни Погбанинг 170 млн. евролик келишувига қўшиб юбормоқчи.
Бэйлда қандай таклифлар бор?
"Тоттенхэм". Инглиз клуби Бэйлни қайтиши учун 60 млн. евро таклиф қилди. Маош борасида муаммо бор: "Тоттенхэм" Гарет олаётган маошнинг ярмини тўлашга қодир. Қолганини "Реал" тўлаб бериши таклиф қилинди. Агент ҳозирча бу маълумотни ёлғон деб айтди.
"Манчестер Юнайтед". Metro нашри берган маълумотга кўра, "Реал" раҳбарияти Погба учун 80 млн. евро ва Иско ҳамда Бэйллардан бирини танлаб олишни таклиф қилди. Аммо Манчестер клуби бу трансферга қизиқиш билдирмаяпти ва Полни жамоада сақлаб қолмоқчи. Бироқ Погбанинг агенти Мино Райола ярим ҳимоячи учун жамоа излаётганини бир неча маротаба таъкидлаганди.
Хитой. Номи ошкор қилинмаётган жамоа Бэйлга ойига 1,3 млн. евро тўлашга тайёр. Хитой клуби футболчини текинга олмоқчи эди, аммо Мадрид клуби бу келишувга рози бўлмади.
"Интер". Италия клуби Бэйлни "Реал"дан ижарага олмоқчи эканлиги ва бу борада музокаралар бўлгани ҳақида миш-мишлар юрганди, аммо ҳозирча аниқ маълумот йўқ.
Сериал давом этади.
Comments