"Хўжанд"даги иккита ўйинда иккита гол урган Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев билан суҳбат
23 feb 2022 12:47
News
"Хўжанд"даги иккита ўйинда иккита гол урган Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев билан суҳбат
Ҳамюртимиз "Сурхон"га қарши дебют учрашувда гол урганди. Кеча "Олимпик" билан ўйинда ҳам Шоҳруҳ гол уришга муваффақ бўлди. Биз ушбу ўйиндан кейин легионер футболчимиз билан суҳбатлашдик.
- "Олимпик" билан баҳсда "Хўжанд" сафидаги иккинчи ўйинда, иккинчи голингизни урдингиз. Учрашув ҳақида нима дея оласиз?
- "Олимпик" билан назорат учрашуви ҳақида гапирадиган бўлсам, яхши ўйин бўлди. Иккала жамоа ғалаба учун курашди. Рақибда ҳам, бизда ҳам кўп имкониятлар бўлди. Тожикистонда янги мавсум Ўзбекистонга нисбатан бироз кечроқ бошланиши сабабли "Хўжанд" йиғинни кечроқ бошлади. Шу боис бизнинг жамоадаги футболчилар энг оптимал спорт формасида эмас. Мавсум бошига қадар барчаси яхши бўлади деб ўйлайман. "Олимпик" ҳам яхши жамоалигини кўрдим. Таркибда барча футболчилар ёш, интилувчан, жамоавий ўйин шаклланган. Бош мураббий Тимур Кападзе ҳақида ҳам фақат ижобий фикрлар билдира оламан. Менимча "Олимпик" Суперлигада кўплаб жамоаларга бош оғриқ бўлади ва юқори ўринлар учун кураша олади.
Урган голимга келсак, футбол жамоавий спорт тури ва жамоадошларимнинг ёрдамисиз гол ура олмасдим.
- Нима учун айнан "Хўжанд"ни танладингиз?
- "Хўжанд"га ўтишимга энг катта сабаб клуб бу йил ОФК кубоги гуруҳ босқичида иштирок этади. Бундан ташқари Тожикистон чемпионатида "Хўжанд" олдига чемпионлик вазифаси қўйилган. Ўтган мавсум клуб кумуш медалларга эга чиққанди.
- Ўзбекистон клубларидан таклифлар бўлмадими?
- Суперлиганинг 2-3та клубидан таклиф бўлди. Аммо ўзимни легионер сифатида синаб кўришни хоҳладим. Тожикистон чемпионатида чемпионлик учун курашиш ва ОФК кубогида иштирок этиш учун ҳам "Хўжанд"га ўтишга қарор қилдим. Бу йил "Навбаҳор" клубига омад тилайман. "Навбаҳор" мухлислари Ўзбекистондаги биринчи рақамли деб ҳисоблайман. Ўзбекистонга қайтадиган бўлсам, худо хоҳласа бундан ҳам кучли бўлиб қайтаман.
- "Хўжанд" бош мураббийи ҳақида нима дея оласиз?
- Бош мураббий Рустам Ходжаев ўз вақтида тожикистонлик яхши футболчилардан бири бўлган. Беларусь ва Қозоғистон чемпионатларида ҳам тўп тепган. Олдин ўзи футбол ўйнаган мураббий футболчиларни яхшироқ тушунади. Машғулотларда ҳам бизга ёрдам бериб, хатоларимизни ўз жойида тузатиб туради.
- "Хўжанд"даги шароитлар қандай экан?
- Клубдаги шароитлар яхши, базаси ва машғулот майдонларини билан танишдим. Асосий стадион 25 минг томошабинга мўлжалланган экан.
Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Comments