Latest news

14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  2 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  0 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  5 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   21 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  12 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  3 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  9 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2

Улуғбек Мирзаев: «Бир масалада жиддий хавотирдамиз» News

Улуғбек Мирзаев: «Бир масалада жиддий хавотирдамиз»

Шу кунларда Суперлига ва Про-лига жамоалари Осиё футбол конфедерациясининг клубларни лицензиялаш тизими бўйича бу йилги ишларни якунлаш арафасида.

Бу борада «Бунёдкор»даги ишлар қай даражада битказилаётганлигини билиш мақсадида, клуб бош директори Улуғбек Мирзаев билан суҳбатлашдик.

- Маълумки, ОФК талабларига кўра, ўзбек клублари ҳар йили лицензиялаш жараёнидан ўтишади. Хўш, «Бунёдкор»да бу йил мазкур жараён қандай кечди?


- Жамоамизнинг лицензиялаш менежери - узоқ йиллик бой тажрибага эга ходимимиз Айниддин Ғиёсов ҳисобланади. Ушбу мутахассисимиз билан доимо алоқадамиз. «Бунёдкор» тузилмасидаги барча бўлимлар ОФК талаб қилган ҳужжатларни А.Ғиёсовга топширишган. Ўз навбатида, у мазкур ҳужжатларни ОФКнинг лицензиялаш бўйича электрон тизимига деярли киритиб бўлди. Ўйлайманки, «Бунёдкор», ҳар йили бўлгани сингари, бу сафарги лицензиялаш жараёнини ҳам яхши ўтказади. Жамоамиз ҳар йили ўз олдига Осиё Чемпионлар лигасига чиқиш вазифасини қўяди. Ушбу мавсум ҳам бундан мустасно эмас. Яъни бу йил ҳам Суперлигада юқори ўринларни эгаллаш ва бу орқали Чемпионлар лигасига йўлланма қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Барчага маълумки, лицензиялаш жараёнидан муваффақиятли ўтмаган клуб, Суперлигада қандай натижа қайд этишидан қатъий назар, Чемпионлар лигасида қатнаша олмайди. Биз нафақат майдондаги, балки ташкилий йўналишдаги ишларимизни ҳам аъло даражада бажариб, икки томонлама ҳам халқаро мусобақада қатнашишга лойиқ эканлигимизни кўрсатмоқчимиз. Аслида бу Суперлиганинг барча клубларига тегишли.

- Куни кеча ОФК ўзбек клублари узоқ танаффусдан сўнг кейинги йилдан бошлаб ОФК кубогида яна қатнашишларини маълум қилди. ПФЛ Бош директори Диёр Имомхўжаев клубларимиз ОФК кубогида ғолиб чиқиш орқали 1,5 миллион доллар ишлаб олишлари мумкинлигини эслатиб ўтди. ОФК кубоги «Бунёдкор» учун қўшимча имконият. Шундай эмасми?


- ПФЛ апрель ойида клублардан ўз бюджетларини яна қандай қўшимча маблағлар эвазига кўпайтиришлари мумкинлиги бўйича маълумот сўраган эди. Ўшанда биз ОФК кубогида иштирок этиш орқали маблағ ишлаш мумкинлигини билдиргандик. Очиғини айтганда, «Бунёдкор» ҳозирги пайтда Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиши мушкул масала. ОФК кубогида ғолиб чиққан тақдирда 1,5 миллион, финалгача етиб борганда эса 750 минг АҚШ доллари миқдорида пул ишлаб олса бўлади. Қолаверса, финалга етиб келган жамоа ҳар босқичдан ўтгани учун ҳам маълум сумма эгасига айланади. Бу ўз олдига юқори мақсадларни қўйган барча клубларимизга қўшимча имконият яратади. Лекин бизни хавотирга солаётган бир жиҳат бор...

- Бу қандай жиҳат экан? Нима ҳавотирга солиши мумкин?


- 2019 йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинган эди. Ўша фармонда Суперлиганинг 10 ва Про-лиганинг 3 жамоаси таъсис ҳужжатлари Давлат активларини бошқари агентлигига ўтказилиши масаласи белгиланди. Йил бошидан бери жамоаларнинг таъсисчилари ўз улушларини Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳисобига ўтказиб келишмоқда. Барча ишлар якунланганидан сўнг Давлат активларини бошқариш агентлиги клубларимизнинг ягона таъсисчисига айланади. Лекин ОФКнинг клубларни лицензиялаш талабларига кўра, бир мусобақада иштирок этаётган икки ва ундан ортиқ клубларнинг таъсисчиси битта ташкилот бўлиши мумкин эмас. Бу хоҳ юридик шахс бўлсин, хоҳ жисмоний. Бир сўз билан айтганда, барча жамоаларнинг таъсисчилари бошқа-бошқа, алоҳида-алоҳида бўлиши шарт, яъни манфаатлар кесишуви бўлмаслиги керак.

Шу ерда бир воқеани эслаб ўтишни лозим деб биламан. 2009-2010 йилларда «Бунёдкор»да лицензиялаш менежери лавозимида фаолият юритганман. Ўша вақтда клуб бош директори Баҳром Давлатов эди. ОФКга лицензиялашга оид барча ҳужжатларни тўлиқ тақдим қилганмиз. ОФКнинг шу соҳадаги мутахассислари, текширувлар натижасига кўра, шуни аниқлаганларки, Давлатов «Бунёдкор»дан бир неча йиллар аввал Муборакнинг «Машъал» клубида ҳам ишлаган ҳамда Баҳром Бойжоновичнинг «Машъал» ФК устав фондида жуда ҳам бир кичик - тахминан 0,5 фоиз улуши бўлган. Шуни ОФК комиссияси аниқлаб, улуш миқдори жуда ҳам кам бўлишига қарамай, битта шахс бир вақтнинг ўзида икки жамоанинг бошқарув тизимида улуш ёки таъсир кучига эга бўлиши мумкин эмас дея, ундан «Машъал»даги улушини топшириш лозимлигини талаб қилишган. Шунда Баҳром Бойжонович ўз улушини ўғлининг номига ўтказиб бермоқчи бўлганида, ОФК мутасаддилари бу ҳолат ҳам лицензиялаш талабларига тўғри келмаслигини, бирор бир клубда раҳбар бўлиб ишлаётган шахснинг ҳатто биринчи даражали қариндоши ҳам худди шу мусобақадаги бошқа бир клубда улушга эга бўлишлиги мумкин эмаслигини маълум қилишган. Шундан сўнг Баҳром Бойжонович ўз улушидан воз кечиб, «Машъал» клуби фойдасига ўтказган.

Ҳозирги вазиятда Давлат активларини бошқариш агентлиги барча клубларимизнинг ягона таъсисчисига айланиб қолади. Тўғри, бу орқали, биринчи навбатда, давлатимиз раҳбари фармонининг ижроси чиройли тарзда амалга оширилмоқда. Аммо, иккинчи тарафда, клубларимизнинг халқаро майдондаги иштироки ҳамда лицензиялаш талаблари ҳам бор. Бу жабҳада қандайдир номутаносиблик борга ўхшайди, гўё. ОФК буни қандай қабул қиларкин? Чунки бу ОФКнинг талабларига зид. «Бунёдкор» Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритса-ю, бироқ ОФКнинг лицензиялаш талабларида камчиликлар кузатилса ва якунда бизга ОФК Чемпионлар лигасида иштирок этишга рухсат беришмаса, нима бўлар экан, деган хавотирларимиз бор. Бу ҳолат нафақат «Бунёдкор»ни, балки Давлат активларига ўтаётган бошқа клубларни ҳам ташвишлантириши табиий.

- Сизнингча, бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин?

- Фикримча, ПФЛ Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда бир тўхтамга келиши керак бўлади. Бундай ҳолатда «олтин ўрталикни» топиш даркор. Яъни юқорида келтириб ўтилган фармоннинг ҳам, ОФК талабларининг ҳам бажарилишини эсдан чиқармаслик лозим. Давлат активларини бошқариш агентлигида кучли мутахассислар ишлайди. Шунингдек, ПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев ҳам футбол бўйича етук салоҳиятга ва билимга эга. Ўйлайманки, ҳар иккала ташкилот бу масалада энг мақбул ечимни топа олишади.



*****



ИЗОҲ. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Лицензиялаш бўйича регламентидан КЎЧИРМА. Регламентнинг L.03 бандида юқорида кўтарилган мавзуга оид қуйидаги талаблар алоҳида баён этилган:

Мулк ҳуқуқи ва клубларни бошқариш

— Лицензия талабгори (футбол клуби) клубни бошқариш механизми ва мулкчилик шакли аниқ кўрсатилган тегишли ҳужжатни тақдим этиши лозим.

— Клуб бошқарувида, маъмуриятда ва/ёки клуб спорт фаолиятида қатнашадиган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс:

а) ушбу мусобақада қатнашаётган бошқа клубнинг қимматли қоғозлари, акциялари ёки улушининг эгаси бўлмаслиги ва улар билан ишламаслиги зарур;

б) ушбу мусобақада қатнашаётган бошқа клубнинг акционерлари ичида кўпчилик овозга эга бўлмаслиги керак;

в) ушбу мусобақада қатнашаётган бошқа бир клубнинг маъмурияти, бошқаруви ва кузатув органидан кимнидир ишга тайинлаш ва ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги лозим;

г) бошқа бир клуб акцияларига (улушларига), гарчи қолган акциядорлар билан келишган тақдирида ҳам, эгалик қила олмайди;

д) ушбу мусобақада қатнашаётган бошқа бир клубнинг вакили бўлмаслиги шарт;

е) ушбу мусобақада қатнашаётган бошқа бир клубнинг маъмурияти, бошқарувида ишламаслиги ва/ёки спорт ютуқларида, фаолиятида қатнашмаслиги зарур;

ж) ушбу мусобақада қатнашаётган бошқа бир клубда ҳеч қандай таъсир кучи бўлмаслиги шарт.

Rating: +9   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика