“Турғунбоев сериалидаги кулминация”: Агент тилга кирди, Турғунбоевни катта жарималар ва дисквалификация кутиши мумкин
26 jan 2019 15:54
News
“Турғунбоев сериалидаги кулминация”: Агент тилга кирди, Турғунбоевни катта жарималар ва дисквалификация кутиши мумкин
Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси янги йилнинг илк кунида янги харид - Азиз Турғунбоевни трансфер қилганини эълон қилди. Унга кўра, Турғунбоев "Пахтакор" билан 2 йиллик битимга имзо чеккани айтилди.
Орадан кўп ўтмасдан "Навбаҳор" вазиятга тушунтириш бериш мақсадида футболчи билан амалда шартнома узайтирилгани ҳақида бонг урди.
Ўртада футболчи аслида кимга тегишли деган ўринли савол пайдо бўлди.
Ўша кунни ўзидаёқ Азиз Турғунбоев наманганлик мобил мухбиримизга уни "Пахтакор" раҳбарияти тўғри тушунишидан умидворлигини маълум қилди. Аммо юраги "Навбаҳор"дагилиги таъкидлаб, фаолиятини Наманганда давом эттирмоқчилигини эълон қилди.
Орадан маълум вақт ўтди. Лекин ҳозиргача Азиз Турғунбоевни айнан қайси жамоа вакили эканлигини ҳақиқати буткул очилгани йўқ.
Яқинда ОЧЛда ўйнайдиган жамоаларимиз ПФЛга янгиланган таркибни расмий рўйхатдан ўтказиш жараёнини амалга оширишди. Унга кўра, "Пахтакор" амалда шартномаси мавжуд бўлган футболчиси Азиз Турғунбоевни ОЧЛ-2019 учун расман рўйхатдан ўтказгани ПФЛ расмий сайтида эълон қилинди.
Расман Турғунбоев билан шартномаси мавжуд бўлган агент Александр Митрофановнинг иддао қилишича, мижози наманганликлар билан битимни узайтирганидан хабари йўқ ва Турғунбоев ФИФА регламентини ҳурмат қилишига ишонмоқда. Агентнинг ишонч билан таъкидлашича, Турғунбоев барча ҳужжатларга асосан расман "Пахтакор" тегишли.
Қуйида Митрофанов ва Турғунбоев ўртасидаги битимни ҳавола этамиз:
Мазкур чигал ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида биз Турғунбоевнинг агенти Александр Митрофанов билан боғланиб, баъзи саволларга жавоб изладик.
- Александар, дастлаб қандай қилиб Турғунбоевнинг агентига айланиб қолганингизни сўзлаб берсангиз?
- Мен анчадан буён агентлик бизнеси билан шуғулланаман. Асосий фаолиятим Россия ва Қозоғистонда кечади. Аммо Ўзбекистонда ҳам кўплаб дўстларим борлиги сабаб мазкур чемпионат ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларини кузатиб бораман. Азиз Турғунбоев ўйинини биринчи марта 2017 йил кўрганман ва ўша йилнинг 15 декабрь куни шартнома тузган эдик.
- "Навбаҳор" раҳбарлари билан суҳбатлашганмисиз?
- Ҳа, Азиз билан дастлабки ҳамкорлигимиз "Навбаҳор" билан шартномани узайтириш бўлган. Аммо ҳамкорлигимиз фақат шу билан чегараланиб қолмаган. Биз доим Азиз билан алоқада бўлганмиз, унинг ўйинларини муҳокама қилардик. Бундан ташқари, Азизни нафақат маънан, балки молиявий томонлама ҳам қўллаб-қувватлардим. Сир эмаски, "Навбаҳор" билан дастлабки шартнома жуда кичик шартлар асосида тузилган. Шу боис Азизга ўша вақтда молиявий ёрдам зарур эди. Масалан, зарур пайтда мен унга энг сўнгги моделдаги бутсалар сотиб олиб берардим. Яна бошқа ҳолатлар ҳам бўлган, аммо ҳозир уларни айтишни хоҳламасдим. Айтмоқчиманки, бизнинг ҳамкорлигимиз фақат клублар ўртасидаги музокаралар билан чекланиб қолмаган. Ҳақиқий агентлар ўз мижозларини фақат футбол оламида эмас, балки оддий ҳаётда ҳам олға бошлашлари лозим.
- Азизнинг "Пахтакор"га трансфери қачон ва қандай содир бўлди?
- ФИФА регламентига кўра, футболчининг шартномаси тугашига 6 ойдан кам муддат қоладиган бўлса, унда у бемалол бошқа клуб билан музокара ўтказишга ҳақли. Шу сабабли биз мижозим билан янада машҳурроқ бўлган клубга ўтиш ишларини бошлаб юбордик. Чунки Азизнинг ўзи кучлироқ клубга ўтишни истаганди. Мен унга бир қатор вариантлар тақдим этдим, улар орасида хориж клублари ҳам бор эди. Лекин Азиз "Пахтакор"га ўтишни хоҳлади. Мазкур трансфер борасида мен билан "Пахтакор" спорт директори Жаъфар Ирисметов боғланди. Ирисметов билан бирга Махачқалъанинг "Анжи" клубида ўйнаганмиз ва яхши алоқаларимиз сақланиб қолган. Мен "Пахтакор"га ўз мижозим билан шартнома тузиш борасида эксклюзив ҳуқуқни бердим. Чунки ўша вақтда мени ўзим Тошкентга бора олмадим. Бунга эҳтиёж ҳам сезмадим, чунки Жаъфарга тўлиқ ишонардим. Тез орада Азиз "Пахтакор" билан шартнома тузди. Бу ёз фасли охири куз фасли бошида рўй берди. Бу трансферни расмийлаштириш учун трансфер ойнаси очилишини кутдик. Кейин трансферни рўйхатда ўтказишда қандайдир муаммо келиб чиқдик, биз "Пахтакор" билан қайтадан шартнома туздик. Шундай экан, Азизнинг Тошкент клубига ўтиш истаги декабрь ойида ҳам йўқолмади.
- "Навбаҳор" сиз билан алоқага чиқдими?
- Йўқ, ҳеч ким мен билан алоқага чиққани йўқ. Шу боис менга унинг "Навбаҳор" билан янги шартномаси борасида ҳеч нарса маълум эмас.
- Азиз билан шартномангизда шундай вазият учун банд бормиди?
- Ҳа, шундай банд бор. Азиз менинг розилигимсиз ҳеч қандай шартномага қўл қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Акс ҳолда у 100 000 евро жарима тўлаши керак бўлади. Аммо гап пулда эмас, шахсан мен Азиз ФИФА регламентини бузишига ишонмайман.
- Конкрет савол: айни пайтда Азиз Турғунбоев қайси клуб аъзоси?
- ФИФА регламенти ва барча қонунларга кўра, Азиз Турғунбоев айни пайтда "Пахтакор"га тегишли футболчи.
Кўриб турганингиздек, Азиз Турғунбоевнинг агенти мижозини "Пахтакор" аъзоси эканлигини таъкидламоқда. Лекин футболчи ҳозирда “Навбаҳор” сафида янги мавсумга тараддуд кўрмоқда. Клуб билан 2020 йилга қадар шартномасини узайтирганини иддао қилаётган наманганликлар ҳозирча мазкур шартномани ҳавола этишгани йўқ ёки расман рўйхатдан ўтказишгани ҳақида эълон қилишмади.
Биз клуб матбуот хизмати билан боғланишга уриниб кўриб, мазкур ҳолат ва футболчининг шартномасини тақдим этишларини сўрашга уриндик. Аммо ҳозирча клуб матбуот хизмати билан боғланишнинг имкони бўлмаяпти.
Бўлиб ўтган воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, Азиз Турғунбоевда айни пайтда иккала клуб билан шартномага имзо чеккан бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда "Пахтакор" ушбу трансферни расман амалга оширган ва ОЧЛ учун рўйхатдан ўтказишга ҳам улгурган. Турғунбоев эса янги мавсумга тараддудни "Навбаҳор" билан давом эттирмоқда. Мазкур воқеалар ривожи Турғунбоевда "Навбаҳор" билан ҳам расман шартнома мавжудлиги эҳтимолини оширади. Агарда шундай бўладиган бўлса, унда Азиз Турғунбоевни катта жарима ва узоқ муддатли дисквалификация кутмоқда.
Қайд этиш керакки, футболчи бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан кўп клуб билан меҳнат шартномасини имзолашга ҳуқуқий жиҳатдан ҳаққи йўқ. Агарда шундай ҳолат кузатиладиган бўлса, унда Азиз Турғунбоев иши автоматик равишда тартиб-интизом қўмитаси томонидан кўриб чиқилиши ҳамда регламентга биноан 500 миллионга қадар жарима ва 6 ойга футболдан дисквалификация қилиниши шарт.
Қуйида ПФЛ регламентининг мазкур ҳолат бўйича банди билан танишасиз:
Азиз Турғунбоевнинг мазкур чигал ҳолати ва қайси жамоа аъзоси эканлигини аниқлашдаги муаммо футболчи томонидан ягона йўл қўйилган хато эмас. Гап шундаки, Азиз Турғунбоев 2017 йилнинг 15 декабрь куни футбол агенти бўлган Александр Митрофанов билан 2027 йилга қадар ўзаро ҳамкорлик шартномасига имзо чеккан. Шартнома шартига кўра, футболчи агенти иштироки ёки розилигисиз бошқа клуб билан меҳнат шартномаси тузса, унда агентликка 100 минг евро жарима тўлаб бериши талаб этилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Азиз Турғунбоевнинг энди гуллаётган фаолиятига мазкур ҳолат путур етказиб қўйиш эҳтимоли йўқ эмас. Агарда "Навбаҳор" ҳозир футболчи билан ўртадаги шартномасини тақдим этадиган бўлса, унда юқорида қайд этилганидек Турғунбоев жарималар гирдобида ва дисквалификация хавфи остида қолади. Чунки "Пахтакор" футболчи билан ўзаро шартномасини ПФЛга тақдим этган ҳолда Турғунбоевни ОЧЛда рўйхатдан ўтказишга улгурган. Расман "Пахтакор" футболчиси саналган Турғунбоев эса "Навбаҳор"да шуғулланиб юрибди.
Клублар ва ПФЛ тезда мазкур ҳолатга аниқлик киритиб, ечим топишмаса, унда ОФК ёки ФИФА аралашишига тўғри келади. Бу эса яхши оқибатларни тақдим этмайди.
Шаҳбоз Беғамов ва Нарзулла Сайдуллаев
Comments