Рўзиқул Бердиев: "Шуҳрат Муҳаммадиев 36 ёшида ёш футболчилардан ҳам тез югуради"
23 may 23:32
News


Рўзиқул Бердиев: "Шуҳрат Муҳаммадиев 36 ёшида ёш футболчилардан ҳам тез югуради"
- Бугунги ғалаба билан мухлисларни табриклайман. Бугун стадиондаги атмосфера ажойиб бўлди. Устига-устак Ўзбекистондаги энг яхши жамоалардан бирини мағлуб қилиб, барчани хурсанд қилдик. Ўйинга келадиган бўлсак, бу иккала жамоа ҳам очиқ футболни яхши кўришади. Шу сабабли иккала жамоа ҳам ҳужумкор ўйин намойиш қилиб берди, деб ўйлайман. Яратилган вазиятларга қарайдиган бўлсангиз, иккала жамоа ҳам ғалабани ўйлагани кўриниб турибди. Биз қаердадир тартиблироқ ва эхтиёткор бўлишимиз талаб қилинарди, чунки ОКМК жамоаси тўп билан яхши ҳаракат қилади. Балки шулар сабабдир, бугун жамоамда ғалабага бўлган иштиёқ катта бўлди.
- Ғалаба билан табриклайман. Шерзод Насруллаев бугун таркибда кўринмади.
- У учта ўйиндан бери таркибга киритилмади. У касал бўлиб қолганди, ҳозир даволаняпти. Шерзод кейинги ўйинларга тайёр бўлиб қолиши керак. У бизга керак эди, яхши жисмоний ҳолатда бўлиб турганида бизга катта нафи тегарди.
- "Насаф" одатда ўйинни ҳужумда бошларди. Бугун эса ҳимоядан бошланди. Бу тактика билан боғлиқмиди?
- ОКМК жамоасини биласизлар, жуда кўп ҳужум уюштиради ва шу сабабли исталган рақибни ҳимояланишга мажбур қилади. Жамоанинг бу йилги ўйин услуби ҳам ҳужумкор. Шу сабабли ўйин бошида эҳтиёткор бўлиб, ҳимояда яхши ҳаракат қилишимиз керак эди. Иккинчи бўлимда жойлашувимизни ўзгартирдик, чунки биринчи бўлимда ОКМКга бўш ҳудудлар ва имкониятлар бераётгандик. Иккинчи бўлимдаги ҳаракатларимиз рақибларга қийинчиликлар туғдирди.
- Жамоанинг ёш футболчиси Баҳромов ҳақида савол бермоқчи эдим. Унинг ўйинлари ҳақида фикрингиз қандай? Кубокда "Пахтакор" билан ўйинда айнан у майдонга тушганидан кейин жамоанинг ҳужумдаги ўйинлари тезлашиб кетди.
- Тўғри таъкидладингиз, айнан шу сабабли ҳам уни захирадан майдонга туширдик. Биласиз, ОКМК жамоаси ўйинни яхши тугатади. Шу боисда биз кучларни янгилашимиз керак эди. Кўпроқ ҳимояланиб, қарши ҳужумларга тезроқ ўтишимиз керак бўлганди. Иккита ўйиндан бери имконият беряпмиз, Баҳромов ишончни оқлаяпти. Бундан кейин ҳам ёшларга шу йўсинда имконият яратишга ҳаракат қиламиз.
- Олдинда жамоани Суперкубок ўйини кутиб турибди. Бунда таркиб ўзгарадими ёки шу таркиб майдонга тушадими?
- Ўзгаришлар бўлади. Баъзи футболчилар кўп ўйнаётгани учун толиқиши борлиги кўриниб турибди. Таркибимизда уларнинг ўрнини ёпадиган футболчилар бор. Балки ротацияга қўл урармиз. Бу ўйинга барча мухлисларимизни таклиф қилиб қолардик. Бу тарихий ўйин бўлади. Бунда ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз.
- ОКМКнинг қўлида ҳимоячилар суст ўйнади, айнан Умар Эшмуродов ўз қанотидан футболчини қўйиб юборди. Умар ва Чоловичнинг захирага олиниши хатога боғлиқми ёки уларда жисмоний ҳолатга?
- Айтганимдек, биз жойлаштирувни ўзгартиришимиз керак эди. Уч ҳимоячига ўтишимиз керак эди, чунки рақиб ҳам шундай тактикада ўйнаётганди. Рақиблар таркибида Азиз Холмуродов майдонга тушди, у тезкор футболчи. Шу боисдан биз қанотга тезкор футболчиларни туширишимиз керак эди. Шуҳрат Муҳаммадиев 36 ёшида ҳам ёш футболчилардан тез югуради. Уни қанотда ўйнатдик ва бу тўғри бўлди деб ўйлайман.
- Ойбек Бозоров бугун жуда кўп алдади ва тўпни кўп йўқотди. Бу фикрга қандай қарайсиз?
- Ойбек тўп билан бўлишни жуда яхши кўради. Унинг жамоага қандай фойда келтиришини яхши биламиз. Тўғри, техник хатолар кўп бўлади. Лекин меҳнат ҳам катта бўлади. Чунки биз тахлил қилганимизда Ойбекнинг фойдаси катта бўлишини билганмиз. Унга сифатлироқ ўйнаши кераклигини тушунтирамиз. Бироқ унинг ўзига хослиги - бу унинг ўйини. Бу 10 йилдан бери такрорланиб келяпти.
- Исталган футболчи бирор кун жароҳат олиши мумкин. Масалан Абдувоҳид Неъматов жароҳат олиб қолса, дарвозабонликдан муаммо бўлади деб ўйламайсизми?
- Захира дарвозабонимизга ишончсизликка бормаймиз, унга ишонишда давом этамиз, у ҳам тажрибали дарвозабон. Ўшанда фақатгина унинг эмас, бутун жамоанинг хатолари кўп бўлди. Захира дарвозабонини қўрқмасдан ўйинга қўяверамиз. Ўйлайманки, Абдувоҳид билан муаммолар бўлмайди.
Similar news

Comments