Latest news

22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  2 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  10 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  22 17:24Расман: Оскар Бразилияга қайтди  3

"Рональд Куманнинг ҳар бир шартномасида "Барселона" ҳақидаги банд бўлган, "Пахтакор" Каталония клуби билан ўйнаши мумкинми?" Шота Арвеладзе билан интервью News

"Рональд Куманнинг ҳар бир шартномасида "Барселона" ҳақидаги банд бўлган, "Пахтакор" Каталония клуби билан ўйнаши мумкинми?" Шота Арвеладзе билан интервью

Шу ҳафтада нидерландиялик Рональд Куман "Барселона" бош мураббийи этиб тайинланди.

Айни пайтда "Пахтакор"да фаолият олиб бораётган Шота Арвеладзе ўз вақтида "АЗ Алкмаар" клубида Куман билан бирга ишлаган. Арвеладзе ва Куман ҳозиргача яхши муносабатларни сақлаб қолишган. Биз "шерлар" устозидан Рональд Куман ҳақида интервью олишга қарор қилдик.

- Рональд Куман қандай одам?

- Биринчи навбатда жуда катта шахс. Ёшлигимда "Реал", "Барселона" ўйинларини томоша қилардим, Ван Бастен, Гуллит, Райкаард, Куман авлоди учрашувларини кўриб келажакда улар билан гаплашиш, кўришиш ва ёнма-ён ишлашимни тасаввур ҳам қилмасдим. Бунинг учун биринчи навбатда Яратганга шукур қиламан. 2009 йил Рональд Луи Ван Гал "Бавария"га кетганидан сўнг АЗ бош мураббийи бўлганди ва мен унга ёрдамчи бўлгандим. Биргаликда ЕЧЛда, Нидерландия чемпионатида иштирок этдик. Кейинроқ адашмасам "Фейеноорд"га кетганди.

У замонавий, ўқимишли европалик мураббий. Футболчи ва мураббий сифатида жуда катта тажрибага эга бўлган кучли шахс. У жамоада ажойиб футбол муҳитини ярата оладиган мураббий.

Айтганча у доим "Барселона"да ишлашни орзу қиларди. Ҳар бир шартномасида шундай банд бўларди: "Агар "Барселона"дан таклиф бўлса, раҳбарият уни Каталония клубига ҳеч қандай қаршиликсиз ва товон пулларисиз қўйиб юборади". Рональд бир кун келиб барибир Каталония клубидан таклиф бўлишини сезарди ва мана ўша кун келди.

Рональд билан сўнгги бор 2017 йил "Пахтакор"га келишимдан олдин учрашгандик. Ўшанда у "Эвертон" бош мураббийи эди. Кечки овқатни бирга қилгандик, ёшлик даврларимизни, бирга ишлаган пайтларни ёдга олгандик.

Бир воқеани айтиб бермоқчиман. Икки ҳафта олдин "Хоффенхайм" мураббийи Алфред Схрёдер билан гаплашгандим. У Бундеслигада мавсум тугагач клубдан кетишга қарор қилганини ва Туркия клубларидан таклифлар бўлаётганини айтди. Мендан қайси клубни танлаш борасида маслаҳат сўради. Шунда унга бироз кутишини, шошмаслигини ундан яхшироқ таклиф бўлишини айтдим. Куни кеча менга қўнғироқ қилиб "Шота сен айтгандек бироз кутдим ва "Барселона"да иш бошладим" деб кулди. У Куманнинг биринчи ёрдамчиси бўлиб ишлайдиган бўлди. Иккинчи ассистент сифатида машҳур Хенрик Ларссон ишлайди. Швециялик бу футболчини кўпчилик яхши эсласа керак. Унинг ўғли Жордан айни пайтда "Спартак"да ўйнамоқда.



- "Барселона"да Месси бор. Кийим алмаштириш хонасида Куман энг биринчи шахс бўла оладими?

- Куман "Барселона" билан Европа чемпионлар кубогини ютган футболчи. Унинг 1992 йил финалда "Сампдория"га урган тарихий голини эсласангиз керак. Месси ҳам клуб базасига, стадионга келганида Куманнинг кўплаб расмларини томоша қилган бўлса керак. Рональд клубда каттагина авторитет ҳисобланади. Унинг болалари Каталонияда туғилган, катта бўлишган. У испан тилини яхши билади. Айтиш мумкин бўлса Рональд Каталония учун бегона эмас. "Барселона" футбол ўйнашни унутиб қўйган деб ўйламайман, Рональд клубга келиб ички муҳитни яхшилашга ва олдинги ғалабаларни қайтаришга ҳаракат қилади.

Кройф, Марадона, Шустер, Роналдиньо, мураббий Гвардиоланинг даврлари бўлди, ҳозир Месси даври. Келажакда мураббий Куманнинг даври бўлишига ҳам ишонаман. Рональд клуб фалсафасини ўзгартирмаслиги аниқ. 100 йилдан буён клуб фалсафаси бир хил. "Барселона"га янги мураббий келгач фалсафаси ўзгарадиган клуб эмас.

- Ҳозирги "Барселона" ҳақида нима дея оласиз?
- Бугунги кундаги "Барселона"нинг ҳолати ҳақида кўп нарса айта олмайман. "Бавария"га қарши ўйинда нима учун шунчаки "ерга йиқилишганини" тушунмадим. Футболчиларда ғалаба учун истак етишмади деб ўйлайман. Ўша ўйинда агар жамоа бўлмаса ҳатто Мессининг ҳам ўйинни ўзгартиришга имконияти нолга тенг эканлигини кўрдик.



- Куман билан ишлаганда қизиқарли воқеалар ҳам бўлгани аниқ. Улардан баъзиларини айтиб бера оласизми?

- Қизиқарли ва ёдда қоларли воқеалар кўп бўлган. Дейлик футболчилар бир нечта гуруҳга бўлиниб "квадрат" ўйнашади. Шу гуруҳлардан бирига мен қарашим керак, футболчилар "квадрат" ўйнаётганида ҳазил қилишади, кимдир тўпни шеригининг оёғи орасидан ўтказади, шунда мен ёш мураббий сифатида қаттиққўллик билан тўхтатинглар буни деб машғулотни тўхтатиб қўяверардим. Куман шунда ёнига чақириб, қўявер ҳазил қилишсин, завқ олишсин дерди. Ўзингни футболчи пайтингни ёдга ол, сен ҳам шундай эдингку деб айтганди. Кейинроқ тушуниб етдимки, бу футболчилар учун ўзига хос завқли ҳолат экан.

Яна бир ҳолатни эслайман, АЗ Чемпионлар лигасида ўз майдонида Бельгиянинг "Стандард" клубига қарши ўйнаётганди. Бизнинг жамоа беш ҳимоячи билан ҳаракат қилаётганди. Шунда Куманга қанот ҳимоячилари бироз бошқачароқ ўйнашлари керак дедим. Рональд менга қарадида, шуни футболчиларга танаффусда 3 дақиқа ичида аниқ қилиб тушунтириб бера оласанми деди. Шундай қилиб танаффусда менга, 35 ёшли мураббийга 4 дақиқа вақт берилди ва мен бор билимимни ишга солиб ўйлаган тактикамни тушунтирдим. Ўша ўйинда адашмасам 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эдик. Бу тажриба мен учун катта мактаб эди.

- Дунёда энг катта ўйин бор бу - "Эль-Классико". Нима деб ўйлайсиз Куман Зиданни тўхтата оладими?

- Агар "Эль-Классико"лар тарихига эътибор қилсангиз қайсидир ўйинда "Барселона" 5:0 ҳисобида ютади, қайсидир баҳсда "Реал" 3:0 ҳисобида ғалаба қозонади. Айтмоқчи бўлганим бу жамоалар ўртасидаги баҳслар кетма-кет битта клуб ғалабаси билан тугайвермайди. Дейлик "Барселона" кетма-кет 10та ўйинда ютмаган, "Реал" ҳам шундай. Энг асосийси Куман "Эль-Классико" нималигини жуда яхши билади. Ундаги муҳит, Каталония учун бу баҳс қандай аҳамият касб этишини тушунади. Бу ўйинда футболчи сифатида ўйнаган, энди мураббий сифатида ишлайди. Бу борада у омадли инсонлардан бирига айланади.



- Рональд Куман "Эвертон"да ишлаганида унга ёрдамчи бўлишингиз мумкинмиди?

- Йўқ, бундай таклиф бўлмаган. Лекин ўз вақтида Дик Адвокаат мени Россия терма жамоасида ишлаганида ёрдамчи сифатида чақирганди, кейинроқ Луи Ван Гал мени "Бавария"га чақирган. Бироқ немис тилини билмаганим боис, афсуски унга рад жавобини бергандим. Бу ажойиб тажриба бўларди деб ўйлайман. Ҳозир Рональд Куманга испан тилини жуда яхши билишим ҳақида ёзиб юбордим (кулади).

- Келажакда "Пахтакор" "Барселона" билан мавсумолди йиғинлардан бирида назорат учрашуви ўтказиш эҳтимоли қандай?

- Афсуски "Барселона"нинг ўртоқлик ўйинлари ва турнелари 5-6 йил олдин режалаштирилади. Буларнинг барчаси коммерция, пул ишлаш. Бизда афсуски коммерция деярли ноль. Телевидения, реклама, чипталар сотуви буларнинг барчаси бизда йўқ. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз нима учун Европа топ клублари ва Лотин Америкаси клублари АҚШга бориб турнеда иштирок этишади ва ўйинлар ўтказишади? Сабаби АҚШда испанлар, италияликлар ва бошқа миллат вакиллари жуда кўп. Улар ўз клублари иштирокидаги ўйинни жонли кўришни исташади. Буларнинг барчасидан клублар пул ишлашади.

Туркияда ишлаганимда кўплаб клублар ҳар ёзда Германия, Швейцарияда ўртоқлик ўйинлари ўтказишарди. Ҳатто икки турк клуби ўзаро ўйнаган пайтлар ҳам жуда кўп бўлган. Сабаби Германияда 10 миллиондан ортиқ турклар яшайди. Улар "Галатасарой", "Фенербахче" ва бошқа турк клуби ўйинини кўриш учун Туркияга чипта сотиб олиб у ерга бориб меҳмонхонага пул тўлашлари керак. Клублар Германияга келишса шунаки чипта олишади ва стадионга кириб томоша қилаверишади. Чипталар сотувидан эса клубларга пул берилади.

"Барселона" билан ўйинга келсак, насиб қилса бир кун келиб "Пахтакор"нинг ўзи клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этади ва ўша ерда "Барселона", "Реал Мадрид", "Ливерпуль", "Бока Хуниорс", "Ривер Плейт" ва бошқа клубларга қарши ўйнайди. Ўйлашимча бунинг учун истак юқори даражада бўлиши ва меҳнат қилишдан тўхтамаслик зарур.



Жасурбек Асланов суҳбатлашди

Rating: +71   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика