Пьер-Эмерик Обамеянг: “Жаҳон даражасидаги ҳужумчига айланишни истайман”
15 dec 2015 22:05
News
Пьер-Эмерик Обамеянг: “Жаҳон даражасидаги ҳужумчига айланишни истайман”
У бундесигада 15 ўйинда 17 гол урди. Европа Лигасида 7 ва Германия Кубогида 1 марта дарвозани ишғол қилди. “Экип” нашрига берган интервьюсида Обамеянг Роналду ва Месси даражасига чиқишга уринишини таъкидлади.
– Кайфият қандай?
– Тўғрисими? Баъзида ўзимга гапираман: “Сен барибир футбол ўйнай оласан!” Албатта, бу ҳазил. Лекин ёқимли. Ҳозирча хулоса чиқаришга эрта. Агар Роналду мавсумда 50тадан ортиқ гол ураётган экан, нега буни мен уддалай олмайман?
– Жаҳон савиясида ҳужумчига айланиш орзуси борми?
– Бу мақсадим. Доим айнан шуни хоҳлаганман. Балки, номим кенг тарқалмагандир, лекин ҳозир шундай айта оламан. Аввал кулган бўлишарди. Яратганга ишонаман ва ибодат қилаётганимда жаҳондаги энг яхши ҳужумчилар савиясига етишимни сўрайман. Кўпроқ нарсага қодирлигимга ишонаман. Хатолар устида ишлаб, меҳнат қилишим лозим. Тўхтаб қолмасдан Месси ва Роналду сингари мавсумларни ўтказиш керак.
– Лекин сиз мавсумнинг энг кучли 5 тўпурари сафидасиз.
– Яна уришим керак. Бир неча йиллар олдин мавсумда 40 гол уришимни айтгандим. Ҳозир шу мақсад йўлида катта қадам ташладим. Кўпроқ тажриба ва ишонч билан натижа келади. 26 ёшдаман ва кўп нарсалар ўзгарган.
– Нималар?
– Майдонда эркинроқ ўйнаб, футболдан завқ олишга уриняпман. Яна худди болаликдаги ҳисларни туйяпман. Яна ўзим унутган нарсаларни амалга оширяпман. Баъзида ортиқча саволлар бермасдан ўйинга эътибор беришинг керак. Бу тарафдан ўзимга келдим: олдинга бораман, босим ҳосил қиламан.
– Энди ҳужум марказида ўйнаётганингиз таъсир кўрсатгандир.
– Албатта, ушбу жойда ўзимни қулай ҳис қиламан. Қанотда ўйнаганимда қийинроқ эди, кўп куч сарфлардим. Ҳозир куч гол уришга қоляпти.
– Жуда тез бўлганингиз учун қанотга қўйишганми?
– Айнан шундай. Ёш ва ўйнаш муҳим бўлган пайтда ҳар қайси жойда ўйнашга рози бўласан. Кўпчилик тезкор футболчилар ҳақида улар фақат югура олишни эплайди деб ўйлайди. Буни фаолиятим бошидан бери эшитаман. “Монако”да раҳбарият шундай гапирганини биламан. Ги Лякомбга раҳмат, у менга ишонди ва ўйнашимга имкон берди. У мендан яхши ўйинчи чиқиши ва кўп гол уришим мумкинлигини айтди, фақат меҳнат қилиб, барчанинг овозини ўчиришим керак эди. Шундай қила олганимдан хурсандман.
Ич-ичимдан жойим марказда эканлигини билганман. Ва мени ўша ерга қўядиган мураббий топилди. Аввалги мавсум яхши бошланмади, лекин Юрген Клопп марказий ҳужумда кўпроқ нарса қила олишимни тушунди. Ҳозирги мураббий Томас Тухель ҳам шундай ҳисоблайди. Кескинроқ ўйнаш, ақлни сақлаб қолиш, эътиборни йўқотмаслик, аниқ тўпгагина ўйнамаслик ва тўпни сақлаш каби жиҳатлар устида кўп ишладим. Машғулотларда шунга йўналтирилган машқларни бажардим. Германияда биринчи мавсумда жамоадан кейин алоҳида қолиб, энг кўп ишлардим: зарбалар ва жарима майдони ичида ҳаракатланиш бўйича меҳнат қилардим.
– Отангиз Пьер Габон терма жамоаси учун 80 ўйин ўтказган, ҳозир у “Милан”нинг бош скаути. Ўсишингизда унинг ўрни қандай?
– Габонда уни ва мени етарлича баҳолашмаган. Ҳеч ким нега у мен билан машғул эканлигини тушунмаган. Ҳамма у мени тўхтатиб қўяётгани, ортиқча юклама бераётгани тўғрисида ўйлаган, лекин бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Худди икки дўстдек.
– Ўйинларни бирга таҳлил қиласизларми?
– Агар у ўйинни кўрган бўлса, таҳлил қилади. Акс ҳолда, ўзим буни бажараман. Рўй бераётган нарсалар бизни қаноатлантиради. У нималарга қодирлигимни ўзим ҳам яхши билмаслигим ва қарорларни ўзим қабул қилишим лозимлиги ҳақида гапирган. Майдондан ташқарида ҳам тўғри турмуш тарзини олиб бориш керак. Тушликдан кейин ухлаб, энергияни сақлаш учун тўғри ва кўп ейишим кераклигини таъкидларди. Ёшлигимда кучимни турли фойдасиз нарсаларга сарфлардим, масалан, компьютер ўйинларига.
– Тунгачами?
– Тонгги тўртгача! Энди эса тушундим: ўзингни ўйинларга асраш керак.
– Шундай давом этсангиз ва чемпионатда 20 гол урсангиз, Тухелни гаровда ютган бўласизми?
– Ҳа, мақсадим шундай эканлигини эълон қилгандим. Мураббий ҳам унинг режаларида мен киритишим лозим бўлган тўплар сони борлигини айтди. Менга ўша рақам ёзилган қоғозни берди. Энди ҳар бир учрашувдан кейин гол урганимда унга белги қўйишим керак. Рақам билан қизиқяпсизми? Вақти келганда билиб оласиз.
“Олтин бутса” учун курашда Обамеянг пешқадам
Дортмунднинг “Боруссия” клуби ҳужумчиси ҳозирча “Олтин бутса” учун даъвогарлар рўйхатини бошқариб бормоқда. Кучли бешлик шундай кўринишда:
1. Пьер-Эмерик Обамеянг («Боруссия») – 34 балл (17 гол).
2. Алекс Тейшейра («Шахтёр») – 31,5 балл (21 гол).
3. Роберт Левандовски («Бавария») – 28 балл (14 гол).
4. Жейми Варди («Лестер») – 28 балл (14 гол).
5. Неймар («Барселона») – 28 балл (14 гол).Беҳзод Назаров тайёрлади.
Comments