"Пахтакор"сиз чемпионат, "Бухоро" ва водийни кўтарса қандай бўлади?
05 may 2020 16:46
News
"Пахтакор"сиз чемпионат, "Бухоро" ва водийни кўтарса қандай бўлади?
Агар “Бухоро“ ТОП-3га кирадиган бўлса, унда ўртача ташриф 16-20 мингга осонликча чиқиши мумкин экан. “Бухоро“нинг аввалги ҳолатига келтириш бошқа вилоятларга нисбатан осонроқ кечиши мумкин. Сабаби легионерларни вилоятнинг чиройи билан жалб қилиш мумкин. Вилоятга қатнов бўйича муаммо йўқ, ҳар куни ҳар қандай кўринишдаги рейслар мавжуд. Вилоят туризм марказларидан бирида. Истеъдодлар етарлича. Агар кучли бошқарувчи топа олса, туризм билан қоришган ҳолда клубни ўзини-ўзи бошқариш даражасига олиб чиқиш мумкин. 2000 нафар хорижлик туристларни мижозга айлантира олса, 1та ўйиндан 20 000, бир ойда 40 000 ишлаши мумкин. 400 000 000 сўм. Бу ҳеч йўғи 10 нафар маҳаллий (агар тарбиялай олса) футболчининг маошини қоплаши мумкин. Маҳаллий футболчи ҳеч қачон катта миқдорда маош олмайди, то юлдуз даражасига етилмагунига қадар. Масалан, Акром Комилов, Достон Ҳамдамов, Рустам Ашурматов каби “Бунёдкор“нинг асосий таркиб футболчилар ўша йиллари 2 млн маошга ўйнашган. Чунки улар 18 ёшда шартнома имзолаётганида шу суммага маъқул кўрилган, вазият ўзгариши билан маошлар ошган. “Бунёдкор“ мисолида улар, “Бунёдкор“да маош ошишини эмас, кўпроқ легионер бўлиш кераклиги ҳақида ўйлашган ва қисман бўлса-да, бунга эришдилар.
Худди шундай ўсишган Фарғона ва Андижонда амалга ошириш мумкин. Андижон ва Фарғона бошқа вилоятдаги футболчиларни Бухоро ва Самарқанд каби жалб қилма олмаслиги мумкин. Лекин улардаги аҳоли сони бўйича устунлик бор. Водийнинг истаган истеъдодини 3та водий гигантлари ўз қўлларига олишлари мумкин. Бухородан фарқли равишда водийда умумий лига ўтказиш имконияти мавжуд ва у ерда 12 млн аҳоли томонидан сараланадиган 66 нафар футболчини танлаб олиш имконияти бор. Лекин бу осон иш эмас. Бунинг учун ҳар бир ҳудуднинг ўз тизимидан ташқари, уларни бирлаштирадиган тизим керак. Нега 90-йилларда “Нефтчи“ ва “Навбаҳор“ навбати билан чемпионликка эришиб келганлар. Аслини олганда улар 80-йилларда ўзаро рақобатни бошлаган ҳолда Собиқ Иттифоқ 2-лигасида ҳам рақобат қилганлар. Улар қаторида Қўқоннинг “Автомобилист“ (Ҳозирги “Қўқон-192)ни ҳам қўшиб ўтамиз. Яна “Спартак“ (Андижон) бор эди. “Косонсой“ ҳам анча яхши жамоа бўлганлигини ёши катта мухлислар яхши эслайдилар. Водийни ютуғи, ўзаро рақобатнинг мавжудлигида. Агар ҳозир ҳам “Нефтчи“ олдингидек бўлганида, “Навбаҳор“ бундан ҳам яхши натижа қайд этишга ҳаракат қиларди ёки аксинча.
Лекин бу ПФЛнинг иши эмас, бу тўлиқлигича маҳаллий менеджерларнинг малакаси ва бу мақола ҳамма нарса пойтахт учун бўлади деганлар учун ҳам эмас. 80-йилларда пойтахт жамоалари бўлмаган “буффер зоналарида“ аммо ўша пайтдаги футбол, ҳозиргисидан кучли бўлган. Сабаби, у даврларда ҳар бир пулни тўғри ишлатиш, янгидан янги ёшларни кашф қилиш талаби юқори бўлган.
“Пахтакор“ни ОЧЛдаги муваффақиятсизлигига сабаб, лиганинг кучсизлигида. Агар лигада “Пахтакор“дан кучлироқ яна 4та жамоа бўлганида, улардан кучли бўлишга уринган ва бу ОЧЛда қийинчиликка учрамаслигига сабаб бўларди. 2008-2010 йиллардаги натижалари замирида айнан “Бунёдкор“дек рақибни чиққанлигида эди. “Насаф“ 2011 йили ОФК Кубогини осонлик билан қўлга киритган. Тўғри, 1-2та ўйинларда интрига бўлган. Лекин ҳозир Ўзбекистонни учинчи клуби ОФК Кубогининг гуруҳидан чиқишига “гарантия“ йўқ. Агар қўшнимиз Тожикистон ёки Қирғизистон ҳеч бўлмаса бизнинг бугунги савиямизга чиқиб олса, биз улардан ўтишга ҳаракат қиламиз, тўғрими? Шунинг учун рақобат бўлмас экан, ҳеч қандай ўсиш ҳақида ўйлашимиз керак эмас.
Бир қизиқарли маълумотга кўз югуртирдим. Ёзаётган хотираларимда, гўёки, “Пахтакор“ни мақтаётган эканман. 2010 йилдан кейин турнир жадвалидан “Пахтакор“ни олиб ташладим. Яъни, “Пахтакор“ иштирокидаги барча ўйинларни бекор қилдим ва кейинги 9 йилдаги турнир жадвалидаги совринли ўринлар қуйидагича кўринишга келди:
Жадвал шуни кўрсатяптики, "Насаф"ни инобатга олмаса, "стабильный" совриндор жамоа йўқ.
Кўряпсизми. “Насаф“, “Навбаҳор“ ё бошқа клубни чемпион бўлмаслигига асосий сабаб “Пахтакор“ эмас. “Пахтакор“ улардан 6 очко олиб қўйди дейлик. Ўйинни сотиб олди, ҳакам билан келишди ё бошқа ишни амалга оширди. Лекин яна 24та тур бор, 24та тур бу 72 очко дегани тўғрими? Хотиржам каллага бир ўйлаб кўринг, нима учун унда қолган жамоаларни ютиш мумкин эмас. “Пахтакор“ ҳам ҳамма ўйинни ютмайди, 6та очкосиз ҳам уларни ортда қолдириш мумкин. “Пахтакор“ энг яхшиларини олиб кетиб қолади дейишингиз мумкин, сўнгги 2 йилда фақат “Насаф“ билан бу ишни амалга оширди. Фақат “Насаф“дагина имконият бўлиши мумкин, “Пахтакор“сиз чемпионатда чемпионликни қўлга киритишда. Айни пайтда пойтахтнинг барча уч клубини дейлик битта МДҲ лигаси очилиб, ўша ерга қўшиб юборсак. Бизда "Насаф" эраси бошланади. Лекин қолган жамоалар ҳақида бундай деб ўйламаймиз. "Насаф" ютавергач, пойтахт сўзи воҳага алмашади, бўлди! Лекин қолганлардачи? Афсуски уларга нисбатан бундай фикр билдира олмаймиз. Тағин ҳам ПФЛ сўнгги йилларда қаттиқ қўлликни ошириб, футболчилар олдидаги қарзларга барҳам бера олди. Аслида муаммони мухлислар клуб раҳбарларидан қидиришлари керак. "Пахтакор"да Бабаян даврида ишлаганман. уни ёнини олаётган кўринишим мумкин, лекин бугунги "Пахтакор"да менга ёқмайдиган инсонлар ҳам етарлича ва ҳудди шундай улар ҳам мени маъқул кўрмайди. Лекин мен "Пахтакор" ҳақида ёзяпман. Чунки бу клуб, бир икки инсонни қинғир қилиғи билан обрўсизланиши керак эмас. Унинг тарихи бор ва қинғир ишни ҳам, тўғри ишни ҳам шахслар қилади. Бу эса бренд! Ҳудди шундай, ҳозир ҳеч ким Саркисян, Атоян, Фёдоровни эмас, "Нефтчи"ни қўмсаётгандек. "Нефтчи", "Навбаҳор", "Пахтакор" булар бренд. Сўнгги йиллардагина улар қаторига "Насаф" қўшилди. "Навбаҳор" ва "Нефтчи" 90-йиллардаги ютуғи билан бренд бўлиб қолмади, уларни тарихи анча йил аввал бошланган.
Владимир Фёдоров, Михаил Ан ва Геннадий Красницкий "Пахтакор"ни Собиқ Иттифоқ чемпионатида чемпион бўла олмаслигини билсада, умид билан яшаган. Шунинг учун ҳам 10-ўринда юрадими, тушиб кетадими ёки 6-ўрига чиқадими, мухлиси бўлган, стадионга одам кирган. Ҳозир футболчилар, қачон менга "Пахтакор"дан таклиф бўлар экан дейди. Сал аввал "Локомотив" таклифини кутишди, ундан аввал "Бунёдкор"ни. Йўқ, пул эмас, чет эл ёки фақат ўзимнинг жамоам дейдиганларни айта оласизми? (Уларни ҳам тўғри тушунамиз, бўш қоғозга қўл қўйдириб, олмаган пулларини ўзлаштириб юборадиган ўғрилар етарлича топилади футболимизда). Бундайларни чиқариш учун клубнинг ўз фалсафаси бўлиши керак. "Барселона" академиясининг биринчи қиладиган иши клубга бўлган муҳаббатни уйғотиш. Месси, Иньеста, Пике, Пуйол, Хави, Бускетс кантерада ўқиётганларида, "Барселона" топ клуб бўлмаган. Улар клубни топ қилишди. Ҳудди шундай менеджементни юрита оладиган раҳбарларга муҳтож клублар.
Хуан Лапортани эслайсизларми? У қандай қилиб сайловда ютиб чиқди? Биринчи навбатда Роналдиньони олиб келишга, кейин академияни кучайтиришга ваъда берди ва бу ишларни амалга оширди ҳам. Перес доимий равида “Реал“ни тахтда ушлаб туришини айтиб сайловларда ютади. Бизнинг боқиманда клубларнинг раҳбарлари, аслида оддий мухлис томонидан сайланиши керак. Ҳозирги ҳолатдаги таниш-билишчилик қилиб эмас. Дастурини намойиш этсин ва рўйхатдан ўтилган мухлислар клуби томонидан ўз лойиҳасини ҳимоя қилсин, мухлис ўзига маъқул келганини танлаб олсин ва унга 4 йил имконият берсин. Мана шунда ўсиш бўлади. Муаммони “Пахтакор“дан қидириш орқали, ўз клубингиз раҳбарларини муаммосини ҳал қилиб бераётганлигингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Фикр билдиришдан олдин, яна бир бор ўйлаб кўринг, балки гапларим тўғридир?
Comments