"Пахтакор"нинг шов-шувли голи қоидаларга мувофиқми? Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган ҳакамлик фаолияти таҳлили
13 sep 2022 13:30
News
"Пахтакор"нинг шов-шувли голи қоидаларга мувофиқми? Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган ҳакамлик фаолияти таҳлили
«Бунёдкор» - «Нефтчи»
Умумий нуқтаи назардан қараганда, пенальти юзаки бўлиб кўринади - қўллар орқали алоқа унчалик юқори эмас, бундай вазиятда пенальти белгиланмайди. Оёқлар билан эса ҳеч қандай тегиниш рўй бермаган. Қайд этиш жоиз, ҳакам унчалик яхши нуқтада жойлашмаганди - футболчилар унинг олдини тўсиб қўйишди. Ҳакам бу вазиятда хатога йўл қўйди.
«Бунёдкор» - «Нефтчи»
Дастлабки эпизодда тўп ҳимоячининг қўлига тегмади, балки кўкрагига урилди. Ундан сўнг қўполлик ишлатилди. Қоидабузарни сариқ карточка билан жазолаш керак эди. У тўпни олиб қўйишга улгурмади ва рақиб томон гавдасини ташлади.
«Бунёдкор» - «Нефтчи»
“Нефтчи” ҳужумчисининг ҳаракатларида симуляция йўқ – ҳимоячи оёқ ташлаган, сўнгра оёғини олиб қолишга уринган, бироқ рақибга тегиниш ҳолати бор эди, йиқилиш табиий ҳолда кўринмоқда. Тўғри қарор - бу карточкасиз пенальти, чунки ҳимоячи тўпга ўйнамоқчи бўлган. Ҳакам тўғри қарор қабул қилди.
«Бунёдкор» - «Нефтчи»
Қийин эпизод. Катта эҳтимол билан, кичик офсайд ҳолати бўлган, аммо ВАР чизиқларисиз буни тўлиқ ишонч билан айтиб бўлмайди. Россияда бундай вазиятда бош ҳакам ассистентнинг қарорини қўллаб-қувватлайди, чунки у қулай нуқтада турганди, камера эса айнан ўйинчиларнинг қаршисида эмас.
«Қизилқум» - «Олимпик»
Менимча, “Қизилқум” ҳужумчиси чиройли йиқилиб берди. Ҳа, тўқнашув бор эди, лекин катта эмас. Бу тўқнашув рақиб ҳаракатини тўхтатиш учун етарли эмас. Кўпгина Европа чемпионатларида бундай вазиятда ўйин давом этарди.
Агар потенциал тўқнашув жойи ҳақида гапирадиган бўлсак, мен ҳакамнинг фикрига қўшиламан. Тўқнашув жарима майдончасигача бўлган ҳудудда содир бўлди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бир қатор ҳакамлар бундай йиқилишни симуляция деб талқин қилишади, яъни ҳужумчи симуляция учун сариқ карточка олиш хавфи бор эди.
«Қизилқум» - «Олимпик»
Ҳакамлар жамоаси тўғри қарор қабул қилди. “Қизилқум”нинг 33-рақамли футболчиси жамоадоши томонидан зарба берилган вақтда офсайд ҳолатида эди. Дарвозабоннинг сейви офсайдни бекор қилолмайди. Бу офсайд. Эслатиб ўтаман, бу вазиятда офсайд чизиғи дарвоза чизиғидаги ҳимоячидан эмас, балки дарвозабон турган нуқтадан белгиланади, чунки айнан дарвозабон охирги ҳимоячи вазифасини бажарган.
«Қўқон-1912» - АГМК
"Телевизион" пенальти тоифаларидан бири. “Қўқон” ҳимоячиси ўйламасдан курашга киришади: АГМК ҳужумчилари бир-бирлари билан узатмалар амалга оширгач, у ҳовлиққанча рақиб оёғининг болдир қисмига ташланади. Модомики тўп ўйинда экан, пенальти белгилаш ва қўпол ўйин учун сариқ карточка кўрсатиш лозим эди.
«Пахтакор» - «Металлург»
“Пахтакор” ҳимоячиси таваккал қилиб, тўпга подкат ташлади, аммо ушбу ҳаракатни эҳтиёткорлик билан моҳирона тарзда амалга ошириб, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Қўполлик ҳақида гапиришга ҳожат йўқ - ҳимоячи ўйламасдан туриб тўпга ташланмади, балки бутсасининг учи билан тўпни тепиб юборди. Тўғри қарор - бурчак тўпи. Ҳакам вазиятни яхши англади.
«Пахтакор» - «Металлург»
Мен бу пенальтини қўллаб-қувватлайман. Ушбу пенальти учун дарвозабонга сариқ карточка кўрсатилмайди, чунки у тўпга ўйнашга ҳаракат қилди. "Металлург" ҳужумчисида симуляция элементини кўрмаяпман. У тўпни олдинга ташлайди ва орқасидан югуради, шундан сўнг дарвозабон билан тўқнашув юзага келади.
«Пахтакор» - «Металлург»
Ушбу ракурс тўпнинг дарвоза чизиғини кесиб ўтган ёки ўтмаганлигини 100% аниқлашга имкон бермайди. Бироқ дарвозабоннинг ҳолати, унинг қўллари ва танаси турган нуқта катта эҳтимол билан тўпнинг дарвоза чизиғини кесиб ўтганлигини кўрсатади. Ёрдамчи ҳакам кўпроқ нормал позицияда турганди, лекин у янада яхшироқ позицияга ўрнашиши мумкин эди (ёрдамчи ҳакам бурчак байроғигача яна ярим метрга яқин масофа босиши мумкин эди).
«Сўғдиёна» - «Навбаҳор»
Бурчак тўпи амалга оширилгандан сўнг тўп ўйинчилар ўртасида тўполон юзага келди. "Сўғдиёна" футболчиси дарвозани ишғол қилишга ҳаракат қилди (тўп дарвозага кирмади), тўп "Навбаҳор" футболчисининг сон қисмига тегиб қайтди, шундан сўнг дарвоза томон йўлланган зарба наманганлик футболчининг тирсагига тегди. Унинг қўли табиий ҳолатда эди, у ҳаракат майдонини оширмади ҳамда қўлини четга сурмади, қўл танага параллел равишда пастда жойлашганди. Ҳакам ўйинни давом эттириб, тўғри қарор қабул қилди.
Ҳакамлар бўйича мутахассисимизнинг фикрича, 12 та эпизодда ҳакамлар 4 та хатога йўл қўйишган.
Comments